11:25 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жануби бир ойдан бери газсиз яшаяпти. “Газпром” ҳеч қаерга шошмаяпти

18.05.2014 11:23 msk

Шоҳруҳ Соипов

Жанубий Қирғизистон бир ойдан бери табиий газсиз яшаяпти. Россиянинг “Газпром” компанияси 10 апрель куни “Қирғизгаз” очиқ акциядорлик жамиятини сотиб олгани сабабли Ўзбекистон жорий йилнинг 14 апрель куни қўшни мамлакатга газ етказиб беришни тўхтатиб қўйди.

Ўзбекистон билан газ етказиб бериш тўғрисидаги битим муддати 2014 йил 15 апрелигача эди. Ҳужжатда агар ҳаридор етказиб берилаётган ёқилғи учун ўз вақтида пулини тўлаётган ва олишдан бош тортмаётган бўлса, битим автоматик тарзда узайтирилиши қайд этилган. Қирғизистоннинг Ўзбекистон олдида қарзи йўқ. Бироқ икки томонлама қоидаларга кўра, тақсимловчи компаниянинг эгаси ўзгарадиган бўлса, Ўзбекистон бир томонлама тартибда газ етказиб беришни тўхтатиш ҳуқуқига эга.

Қирғизистон ҳукумати газ етказиб бериш тўхтатиб қўйилгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасига бир неча маротаба мурожаат қилди, аммо жавоб олгани йўқ. Ўзбекистон ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бераётгани йўқ. “Газпром” ҳам ҳозирча расмий Тошкентни газ етказиб беришни қайта тиклашга кўндира олмади.

Қирғизистон бош вазири Жўўмарт Ўторбаев маҳаллий телеканалларга интервьюда россияликлар ҳозирча республика жанубини газ таъминоти масаласида ҳеч нарсага эриша олгани йўқлигини қайд этди:

“Шу чоққача расмий жавоб олганимиз йўқ. Шахсан ўзим Ўзекистон ҳукуматига газ таъминотини қайта тиклашларини сўраб хат ёздим. Жавоб йўқ. Бу ерда турли фаразлар билдирилмоқда. “Газпром” компанияси “Қирғизгаз”ни сотиб олди ва энди газ таъминоти учун жавоб бериши керак. Аммо қайд этиб ўтганимдек, ҳатто “Газпром” каби гигант ҳам бу масаланинг ечимини топа олмаяпти. Бошқача қилиб айтганда, биз ҳатто уларнинг таъсири ёрдамида ҳам жавоб олишга эриша олмадик”, - деди Жўўмарт Ўторбаев.

Бош вазир Жўўмарт Ўторбаев 29 апрель куни Москвага бориб “Газпром” ОАЖ раиси Алексей Миллер билан учрашди. Ўшанда Миллер “Газпром” Қирғиз Республикасини тўхтовсиз газ билан таъминлаш бўйича ишончли ҳамкори бўлиб қолади, дея таъкидлаган ҳамда “тўлиқ масъулиятни” ўз бўйнига олганди.

Бироқ қирғиз газ-транспорт тизимининг “Газпром” ОАЖ томонидан хусусийлаштириш жараёни 2014 йилнинг охирига бориб тугайди. “Қирғизгаз” ОАЖ бош директори Турғунбек Қулмурзаевнинг айтишича, газ-транспорт активларининг “Газпром”га ўтказиш жараёни кўп вақт талаб қилади. “Тез кунлар ичида “Газпром” янги компаниянинг низомини тузишни ниҳоясига етказади. Шундан сўнг барча объектларни рўйхатдан ўтказиш учун вақт керак бўлади”, - дея қўшиб қўйди Қулмурзаев.

“Қирғизгаз” матбуот хизмати Риспек Арунов 15 май куни “Фарғона” агентлигига маълум қилишича, Ўзбекистон билан газ таъминотини қайта тиклашга қаратилган музокаралар ҳозирча натижа бергани йўқ.

“Ҳозирча ҳеч қанақа янгиликлар йўқ, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз ҳатто ҳукумат томонидан юборилган расмий сўровномаларга ҳам жавоб бермаяпти, улар билан музокараларимиз ҳам натижасиз қолмоқда. Эслатиб ўтамиз, музокараларга Газпром ҳам қўшилган, аммо ҳозирча фақат оғзаки равишда. Барча ҳужжатлар имзоланмагунига қадар улар ёзма мурожаат қила олмайдилар”, - деди Арунов.

Аруновга кўра, ҳозир нафақат мамлакат жанубига газ етказиб берилиши қачон қайта тикланиши номаълум, балки “Қирғизгаз”нинг Россия компаниясига қачон ўтказилиши муддати ҳам номаълум қолмоқда.

Экспертларнинг тахмин қилишича, газ бериш тўхтатилишининг ортида катта сиёсий ўйинлар турган бўлиши мумкин. Иқтисодчи Жумақадир Акенеевга кўра, ҳукумат воқеалар шу тарзда ривожланишини олдиндан кўра билиш лозим эди:

“Бу ерда Қирғиз Республикаси ҳукумати ва “Қирғизгаз” раҳбарияти катта хатога йўл қўйди. Бу ҳолатнинг олдини олиб, Ўзбекистон билан олдиндан битим тузиб олиш керак эди. Битимнинг амал қилиш муддати 15 апрель куни тугайди. Аммо улар мулкни “Газпром”га ўтказиш 1-2 ойга чўзилишини ҳисобга олишлари керак эди. “Газпром” юридик жиҳатдан Қирғизистон газ таъминоти хўжалигининг эгаси бўлсада, мулкни ўтказиш-қабул қилиш процесси чўзилиб кетишини эътиборга олиш керак эди”, - дейди Акенеев.

ҚР президенти Алмазбек Атамбаев Жалолобод вилоятида 2 май куни мамлакат шимолини жанубий вилоятлар билан боғлайдиган муқобил автомобиль йўли қурилиши очилиши маросимида “Газпром” мамлакат жанубига газ етказиб беришни қандай тиклаш ҳақида бош қотираяпти, деб билдирди.

“Биз қўшниларимизни ҳурмат қиламиз. Аммо қўшниларимиз газ етказиб бериш масалаларини чегараолди масалалари билан боғлашлари тўғри эмас. Нега сўнгги 23 йил давомида бу масалалар ҳал этилмади? Ҳар йили қишда биз қўшниларимиздан газ сўрашга мажбурмиз. Бундан кейин бизда бунақа муаммо бўлмайди, деб умид қиламан”, - деганди Атамбаев.

“Кўникиб қолдик”

Ҳозирча жануб аҳолиси қўлдан келганича кўникишга ҳаракат қиляпти. Ўзига тўқ оилалар ошхонага бориб овқатланяпти.

“Фарғона” мухбири ўшликлар қандай овқат тайёрлаётганларини ўрганди.

Солиева кўчасидаги кўпқаватли 48 уйда истиқомат қилаётганлар ҳар куни овқат тайёрлашда бир-бирларига ёрдам бериб келяпти. Шу уйда яшайдиган Қадиргул Қарипаевага кўра, улар учун бу ўзига хос анъанага айланиб қолди:


Фото © “Фарғона”

“Бир ойдан бери ҳамма қўшнилар кечқурун соат бешдан бошлаб уйимиз ёнида тошлардан ясалган қўлбола ўчоқларда навбати билан овқат тайёрлаймиз. Юкланиш кўтарилиб кетгани боис электр таъминоти узилишлари кўпайиб қолди. Шунинг учун уйимиздаги аёлларнинг кўпчилиги тезроқ овқат тайёрлаш учун бири бирига ёрдам бераяпти. Бири ўтин терса, бошқаса ўчоққа ўт қалайди ва ҳоказо. Бўлмаса, қоронғи тушиб қолиб, овқат тайёрлашга улгурмаслик мумкин”, - дейди Қадиргул


Фото © “Фарғона”

Ҳозир хусусий ҳовлиларда яшайдиган ўшликларнинг деярли ҳаммаси ўчоқларда овқат тайёрлаяптилар. Умида Абдуллаева ҳам улардан бири. Умиданинг айтишича, унинг оиласида уч киши бўлгани учун овқатни кичкина ўчоқда тайёрлашади. У фотосуратга тушишни истамади, аммо ўчоқни фотосуратга олишга ижозат берди.


Фото © “Фарғона”

“Хусусий ҳовлида яшайман. Овқат тайёрлаш учун ўчоқдан фойдаланаман. Мен учун шу қулай. Газ борлигида, доим газ плитада овқат тайёрлардим. Электр плиткасида овқат тайёрлаш қийини бўляпти, кучланиш пасайиб кетган. Айниқса, кечки пайтда, ҳамма овқат тайёрлаётганида”, - дейди Умида.

Талабалар ётоқхонасида овқатни асосан хитой электр плиткаларида тайёрлайдилар. Ётоқхона коменданти Айнура Эсенқулованинг айтишича, сўнгги пайтда кўпчилик талабалар плитка қачон бўшар экан, дея навбат кутмаслик учун кўчада овқатланиб келяпти.

Ўш кўчаларида ошхона ва кафелар кўп, уларга мижозлар оқими тўхтамаяпти. Ошпазлар овқат атйёрлашда электр плиткаси ёки баллондаги газдан фойдаланишмоқда.

Шаҳарда тез-тез электр ва иссиқ сув узилишлари бўлиб туради, ўшанда шаҳарликлар газ йўқлигини унутадилар. Ўшликлар бор-йўғи бир ойдан бери газсиз яшаяптилар, аммо қўшни Тожикистоннинг Сўғд вилояти маъмурий маркази Хўжанд аҳолиси бир неча йиллардан бери табиий газ нималигини унутиб қўйдилар. Ким билади, балки Ўш вилояти аҳолиси ҳам газ йўқлигига кўникиб қолар.

Шоҳруҳ Соипов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама