05:26 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Бирдамлик”нинг ўн йиллиги: Ғояларга қараганда шахс жозибалироқ кўринганида

15.05.2014 11:22 msk

Мария Яновская

Бирдамлик ҳаракатининг Сент-Луисда (АҚШ) 2014 йил апрелида ўтган қурултойи бизни қизиқтириб қўйди. “Фарғона” олдин ҳам ҳаракатга асос солган Баҳодир Чориев, унинг Ўзбекистонда нозўравонлик йўли билан ҳокимиятни ўзгартириш ғояси ҳақида кўп ёзган, биз “Бирдамлик”нинг дастурини ҳамда Чориевнинг Ўзбекистонда бахмал инқилобини бошлаши тўғрисидаги баёнотини чоп этганмиз. Буларнинг бари кишида табассум уйғотар эди. Жиддий эмасга ўхшарди. Ўзбекистонда қанақасига бахмал инқилоби бўлиши мумкин? Аммо Баҳодир Чориев “Бирдамлик”нинг ўн йилигига АҚШда қурултой ўтказди, унга ҳаракатнинг Россия, Қозоғистон, Европа, Канада ва АҚШда яшовчи тарафдорларини таклиф этди. Нозўравонлик йўли билан қаршилик кўрсатиш мавзуси жиддий янгради ва биз яқинроқ танишишга қарор қилдик.

Суҳбатни Баҳодир Чориевнинг ўзи билан бошладим.

- Дастурингизда айтилишича, Каримов истеъфога чиқиб кетиши керак. Сиз бунга ишонасизми?

- Каримов ўзича ҳеч қачон кетмайди. Аммо ҳокимият ўз ҳолича алмашувини ҳам кутиб ўтирмаймиз: инсон қудратда туриб, ҳокимятни эгаллаб турганда дарров кетиб қўя қолмайди. Аммо одамлар эркинликни, ўзгаришларни истайдилар ва шу ўзгаришлар амалга ошиши учун одамларнинг онгини ўзгартириш керак, уларни нозўравонлик йўли билан курашга ундаш керак.

- Сиз бахмал инқилоби ҳақида сўз юритяпсиз. Аммо бунинг учун талаблари бажарилмагунига қадар майдонни тарк этмайдиган жуда кўп одамлар бўлиши керак. Ўзбекистонда ҳеч ким талабларни бажариб ўтирмайди – тўпланган одамларни эса ўққа тутадилар ва Андижондан кейин бу ҳақда ҳамма билади. Шунинг учун улар чиқмайдилар – жон ширин.

- Ҳатто АҚШда ҳам Мартин Лютер Кинг нозўравонлик ҳаракатини бошқарганида, одамлар қаттиқ қўрқишган, сеграцияни енгиш мумкин эмас, деб ўйлашган. Ҳозир эса қаранг, АҚШ президенти – афроамерикалик. Эллик йил аввал бу ҳақда орзу ҳам қилиб бўлмасди.

Ёки Ҳиндистонни оладиган бўлсак, у ерда ҳам Андижондаги каби отишган. Аммо одамлар охиригача бордилар. Улар бойкот уюштирдилар, инқилобчиларга Моҳатма Ганди раҳбарлик қила бошлади. Нозўравонлик йўли – энг қийин йўл, у фақат мардлар учун. Ганди ташқи кучларга қарши курашган, инглизларга қарши. Ўзбек армияси билан биз битта халқмиз. Биз қуролсиз ҳолда қуролланганларнинг онгини ўзгартиришга уринамиз. Одамлар буйруқларга турлича муносабатда бўладилар. Кўпилик бола-чақасини боқиш учунгина хизмат қилади. Уларнинг қариндош-уруғлари бор ва улар майдонга чиққанларнинг орасида бўлиши мумкин.

Баходир Чориев
Баҳодир Чориев агитация материаллари намуналари билан

Баҳодир Чориев – мухолифатдаги “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатининг лидери. 1969 йил 31 октябрда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида туғилган. 1986 йилда Томск политехника институтининг кечки бўлимига ва Томск №17-ПТУсига ўқишга кирган ва бир йил ўтиб, билим юртини тамомлаган. 1987-1999 йилгача Томскнинг “Контур”радиомонтаж заводида ишлаган, армияда хизмат қилган. 1999 йилда Ўзбекистонга қайтиб Калинин номли собиқ чорвачилик хўжалиги базасида ташкил топган “Кеш” Очиқ акциядорлик жамиятини бошқара бошлади. 2001 йилда иқтисодий жиноятларда айбловлар билан олти йилга озодликдан маҳрум этилган. 2002 йилда амнистия билан озодликка чиқарилган. 2005 йилда ўтказилган пикет милиция томонидан тўзитиб юборилганидан сўнг, Чориев ва унинг бир неча қариндошлари Ўзбекистондан қочиб кетдилар. Айни пайтда у оиласи билан АҚШда яшаяпти. Узоқ масофаларга юк ташийдиган ҳайдовчи бўлиб ишлаяпти. Ўша ерда юк ташиш бўйича “Кеш” фирмасини тузган, ҳамфикрларни излаб деярли барча штатларни ва Канада чегараолди шаҳарларини кезиб чиққан. 2007 йилда Чориев Ўзбекистонда тинч намойишларини, 2009 йилда эса Қашқадарё вилоятида “Бирдамлик” ҳаракатининг қурултойини уюштиришга уринган.

Каримов мамлакатни бошқара бошлаганида 17 миллион аҳоли бор эди. Ҳозир 30 миллиондан ошиб кетди, сиёсатда ҳеч нарсани тушунмайдиган ва ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ёшлар улғайди. Биз интернет, ТВ ва газеталар орқали шу ёшларга тўғри ахборотни етказа олишимиз керак. Ўзбекистонда бизга тўсиқ қўйишган, бемалол ишлашимизга йўл бермайдилар. Биз пул ишлаш учун чет элларга чиқиб кетган муҳожирлар билан ишлай оламиз, бунинг учун бизга ахборот кўмаги керак. Биз Mulkdor.com сайтини очдик, унда Ўзбекистон тарихи, маданияти, олдимизга қўйилган вазифалар ҳақида кўплаб мақолалар қўймоқдамиз, “Бирдамлик” сайтини ҳам янгиладик.

Ҳозирча ҳамма ишларни ўз маблағларимиз эвазига бажаряпмиз, аммо бир кун келиб, бизни қўллашларига ишонаман. Энди кутишимизга тўғри келяпти: ҳозирча Афғонистон тугамаган, АҚШ учун Ўзбекистон билан муносабатлар муҳим, биз эса шу муносабатларнинг яхши бўлиб кетишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни келтириб турибмиз.

Бирдамликнинг қанча аъзоси бор?

-Бутун дунё бўйлаб 4,5 минг, Ўзбекистонда илгари 3000 киши эди, ҳозир 2500 киши қолди. Одамлар таъқиб ва қатағонлар туфайли сафимизни тарк этяпти. Биз маҳфий ташкилот эмасмизку, одамлар “Бирдамлик” аъзоси эканликларини эълон қилишлари билан улар билан прокуратура, милиция қизиқа бошлаяпти, фотосуратга олиб, рўйхатга тиркаяпти, сўроққа тута бошлаяпти...

- Сиз чиндан ҳам маърифат йўли билан онгни ўзгартиришга ишонасизми? Агар одамга яхши таълим бериб, унга демократия нима, очиқ жамият нима эканлигини тушунтирилса, у тўғри ишлай бошлайдими ёки ўз фойдасига ишлайдими?

- Ҳа.

- Сиз мутасаддиларга ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига тадбиркорлик қилишга рухсат бериш йўли билан коррупция муаммосини ҳал қилмоқчимисиз?

- Мен ўзим мутасадди бўлиб ишлаганман. Маош арзимаган, харажатлар эса катта. Пулни қаердан олай? Ойлигимни оширинг, деб бошлиқни олдига кириб бўлмаса. Биз Ўбекистонда мулдорлар мамлакатини яратмоқчимиз. Ерни ваучерлар орқали хусусийлаштирамиз, чегараларни очамиз, давлат буюртмаларини бекор қиламиз. Олишсин ерни, ишлаб бойлик ортиришсин.

- Россияда қандай бўлганди? Тадбиркорларга йўл очиб бердилар, аммо мутасаддилар, бюджет ходимларини арзимаган маош билан қолдирдилар. Бу биринчи катта хато эди. Биз мутасаддилар ҳам пул ишлаш имкониятига эга бўлишини истаймиз. Инқилобдан сўнг биз Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказадиган Либерал иқтисод партия мутасаддининг ўзини ёки унинг оила аъзоларидан бирини тадбиркорлик асосларига ўргатади, бемалол ўз бизнесини очишсин. Аммо мутасадди лавзимини эгаллаб турган давр мобайнида бизнеснинг 51 фоизи партиямиз қўлида бўлади. Лекин даромадларнинг ҳаммаси мутасаддининг оиласига тегади. Мутасадди пенсияга чиққанида эса уни катта тантаналар билан кузатамиз ва 51 фоиз улушини қайтариб берамиз.

- Бунинг нимаси коррупцияга қарши кураш экан, агар мутасадди ўз бизнесига эга бўлиб, ўз манфаатларини илгари сурадиган бўлса? Маъмурий ресурслардан фойдаланиб, рақобатчиларини эзмайдими?

- Албатта бизнинг партия буни назорат қилади – ўша 51 фоиз ёрдамида. Пора олдими – бизнесини ҳам йўқотади.

- Аммо кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва мутасаддилар ҳозир ҳам ўз бизнесига эга, фақат бизнес уларнинг қариндошлари номида. Жуда ҳам муваффақиятли иш олиб боряптилар...

- Ҳозир бу яширин иқтисод. Бизда эса очиқ бўлади, фақат солиқларини тўласалар бўлди. Биз ҳаммасига амнистия берамиз, легаллаштирамиз, солиқ ставкаларини камайтирамиз, ҳеч кимга тегмаймиз – ишлаб бойисин, ривож топсин. Албатта биз инқилобдан сўнг қонунбузарларни жазога тортамиз. Айбдорми – турмада ўтиради. Аммо на бизнесни ва на пулларни тортиб олмаймиз. Ўзи турмада ўтирсин, аммо ўғирлаган пулларини ўзига қолдирамиз, фақат уларни хориждан Ўзбекистонга қайтарилишини шарт қиламиз. Пул республикада айланиши керак.

-Жуда зўрку дастурингиз. Аммо бунинг учун сизнинг Либерал иқтисод партиянгиз КПССга ўхшаб жамиятда ягона йўналтирувчи кучга айланиши керак бўлади. Бордию, шунча овоз тўплай олмасангиз, нима бўлади?

- Демак, биз ниманидир қўлдан қўлдан бой берган, хато қилган бўламиз. Ишлаймиз.

- Сиз ўзингиз бошқармоқчи бўлаётган идеал жамиятнинг манзарасини тасвирлаб бердингиз.

- Шунақа жамият яратиш учун ишлаш керак, инсонларнинг онгини ривожлантиришга ҳисса қўшиш керак. Ҳозир мамлакатимиз коррупция ботқоғига ботиб кетди, назорат йўқ. Мен ҳамма мутасаддилар ёмон демаяпман. Яхшилари ҳам бор. Бизнинг жамоада, биз билан ишласинлар. Биз кўпроқ ҳалол, маълумотли одамларни оламиз ва уларнинг ҳаммаси бизнинг партиявий назоратимиз остида бўлади. Мен доим атрофимга ҳалол одамларни тўплашга интилиб келганман. Албатта мени алдаган вақтлар ҳам бўлган...(жилмаяди). Аммо ҳечқиси йўқ. Агар одам ёлғончи бўлса, у билан ишламай қўяман, бошқасини топаман.

Баходир Чориев
Баҳодир Чориев қизи билан

-Баҳодир, хусусийлаштириш, ваучерларни Россияда кўрганмиз. Бу дастур ўзининг жозибадорлигини йўқотиб бўлган. Сиз Ўзбекистонда ўрнатмоқчи бўлаётган парламент республикаси ҳам қўшни Қирғизистонда мавжуд, ҳеч ким ундан ҳозирча завқланаётгани йўқ. Нега энди сиз одамлар айнан шу ислоҳотларни талаб қиладилар ва ҳатто ўлиб кетишдан қўрқмай, майдонни тарк этмайдилар, деб ўйлаяпсиз?

- Россияда хусусийлаштириш бошланганида, одамлар бозор иқтисодиёти нималигини билишмаган. Шок терапия эди у, сал шошилганлар ўшанда. Аввалига одамларга тушунтириш керак эди, кейин бўлса ислоҳотлар ўтказса бўларди. Аммо ўшандан бери 20 йил ўтди, халқ шу чоққача капитализм нима, бозор иқтисодиёти нима, мулк нималигини билмайди. Ҳозир эса ҳаммаси бошқача бўлади.

Биз Ўзбекистонни бутунлай хусусий мулк тизимига ўтказамиз. Жамоамизда қатъий тартиб ўрнатилади, халқ бу ишларнинг адолатдан эканини кўради. Агар париямиз аъзолари бирор ёмон ишга йўл қўйсалар – қаттиқ жазолаймиз. Мақсадимиз – адолатли жамият яратиш. Ерни хусусий мулкга берамиз, чегараларни очамиз, тадбиркорликка эркинлик берамиз. Пора олишга уяладиган бўлади ўшанда, чунки ҳамма нарсани порасиз ҳал қилса бўлади.

- Сиз идеалистсиз. Нега энди барча муаммолар борасида хабардор бўласиз, деб ўйлаяпсиз? Нима, ҳамма нарсани назорат қила оласизми? Сизга бу ҳақда ҳеч қанақа ҳисобот беришмайдику.

- Ҳисобот берадилар. Мен “Кеш”ни (Ўзбекистондаги хусусий хўжалик) сотиб олганимда, ҳалол ишлаганман, одамлар менга ишона бошладилар. Аммо расмийлар менинг корхонам ривожланишини истамашмади. Мен давлат буюртмасидиан воз кечдим, пахта билан буғдой экишдан бош тортдим...

- Ва шунинг учун қамалдингиз.

- Ҳа, расмийлар агар одам хусусий мулк эгаси бўлса, узоққа етиши мумкинлигидан қўрқдилар. Мутасаддиларнинг қўлидан келмайди бу. Корхонамни ёпиб қўйдилар, бизнесимни тортиб олдилар. Мен сиёсат билан шуғуллана бошладим. 2004 йилда Хамза тумани милицияси бошлиғига “Бирдамлик” ҳаракатини тузаётганимни ва мухолифатга ўтиб кетаётганим тўғрисида ариза ёздим. Аввалига ёлғиз эдим. Ўн йил ичида анча кўпайдик. Одамлар юракдан ишлаётганимни кўряптилар ва менга ишоняптилар. Энг қийини – ишончни оқлаш.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда ҳокимиятни қўлга киритганимизда ҳамма нарса йўлга тушади деб ўйлайман. Ўғирлик бўлмайди, чунки балиқ бошидан сасийди. Агар мен ўғирлик қилишни бошласам, атрофимдагилар ҳам ўғирлик қилишга бошлайдилар, ахир поранинг ярми юқорга қараб кетадику. Агар мен ҳалол бўлсам, улар ҳам пора олишдан қўрқадилар.

Мен доим одамлар билан мулоқотдаман. Қанча юқори ўтирсанг, шунча ёмон кўринади. Илгари халифалар халқ орасига чиқиб юрган, бу ерда ҳам, Америкада ҳам президентлар халқ билан кўришиб турадилар. Коррупциялашган ҳокимият халқ билан гаплашиб ўтирмайди.

Баходир Чориев
“Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистондаги акциялари фотосуратлари стенди

- Бу ердаги ҳаётингиз ҳақида сўзлаб беринг

- Уйим бор, ўз қўлим билан томигача тўлиқ таъмирлаганман. Жуда ҳароб аҳволда эди. Бир қааватли, энг арзон, 30 йилга кредит олганман. Тўлаб турибман. Икки фарзандим коллежда (биттаси медицинага, бошқаси бизнесга ўқияпти), учинчиси ҳам бу йил коллежга боради, ҳозир ўйлаяпти, қайсига боришни. Кенжам ҳозирча мактабга қатнаяпти, бу йил 10 ёшга тўлади. Улар Америка фуқаролари эмас, аммо бўладилар. Мен эса йўқ, мен Ўзбекистонда президент сайловларида қатнашмоқчиман, инқилобдан сўнг. Инқилобсиз сайловлардан яхшиликни кутиш бефойда.

Аммо Ўзбекистонда режим ўзгарганида, биз катта авлод муҳожирлари ватанимизга қайтамиз. Бу ерда бизга бир оз қийин. Бошқа маданият, ҳаёт тўғрисида бошқача тасаввурлар.

“Кеш” бугунги кунда ҳам катта компаниями? (Бир неча ой аввал Баҳодир Чориевнинг бир неча траклардан (катта юкли машиналари) иборат юк ташиш фирмаси бор эди. – таҳр.)

- Бу йил уни қоидалар бузилгани боис ёпиб қўйдилар. Тракларимизни тез-тез тўхтадиган бўлдилар. Бу ерда бизни яхши кўришмайди.

Сиёсат туфайли деб ўйлаяпсизми?

-Ҳа, шундай туюлаяпти менга. Мен ҳозирги уйимда 2007 йилдан бери яшайман, ҳозиргача трак уйим ёнида турган. Энди бўлса машинани уй ёнига қўйиш мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантириш хатлари келяпти. Аммо ҳеч қандай янги қарорлар чиқарилгани йўқ. Уларнинг вазифаси – менинг ишимга ҳалақит бериш, пул топишимга йўл қўймаслик...

-Энди нима қилмоқчисиз?

- Яна қайтадан оддийгина, ҳайдовчилик қиламан. Фирмани ёпиб қўйганларидан кейин “Бирдамлик” қурултойини ўтказдик, маблағим қолмади, ҳисобида. Аммо мен қайта бошлайман, яна пул топаман. Бунақа вазиятларнинг кўпини кўрганман, бундан бадтар ҳам бўлган. Мисол учун, мени ҳибсга олишган. Ҳафа бўлмайман мен. Худога шукур, соғлигим яхши...

* * *

Чориевнинг ўзи гапираётган гапларига чин дилдан ишонади. У агар Мартин Лютер Кинг ва Моҳатма Ганди бу ишларни амалга оширган бўлсалар, унинг қўлидан ҳам келади, майли бирданига бўлмаса ҳам, дейди. У олдин ҳам бир неча бор бизнесини нолдан бошлаб келган, у Америкада яшашни ва пул ишлашни ўрганиб олди, у бошқариб бораётган ҳаракат кундан-кунга ўсиб боряпти. У хотиржам олға қадам ташлаш керак, кичик қадамлар билан бўлса ҳам олға юриш керак, мақсадни йўқотмаслик, ёшлар маърифати билан шуғулланиш керак, деб ҳисобламоқда. У янги тинчлик акцияларини ўйлаб топиш ҳамда одамларни қўрқмасликка ўргатиш ҳақида ўйлайди. Бирдамликнинг Ўзбекистонда истиқомат қилаётган аъзоларига компьютерлар, фотоаппаратлар совға қилиш, уларга катта бўлмаган миқдорда пул жўнатиш ҳақида ўйлайди. У 2005 йилдан бери Ўзбекистонга пул жўнатиб келади, энг кичик жўнатма миқдори 100 долларга тенг. Баъзида 200 доллар ҳам юборади ва 300 доллар жўнатган пайтлар бўлган.

“Бирдамлик” фаолияти бошланганидан бери у ҳаракатни режалаштириш ва қўллашга ўзининг шахсий жамғармаларидан 235 минг доллар сарфлаган. Донорларнинг берган хайрия пулари билан бирга жами ярим миллион доллар пул сарфланган. “Ўзбекистонликлар тирикчиликларини ўтказиш учун эрта тонгдан қаро ҳуфтангача тинмайдилар. Агар аъзоларимиз учрашувлар уюштириб, одамлар билан гаплашсалар, бунга пул сарфлайдиагн бўлсалар, уларнинг бу ҳаражатларини қоплашимиз керак”, - дея изоҳ беради Баҳодир.

Баходир Чориев
“Бирдамлик” ҳаракатининг 2014 йил апрелида Сент-Луисда ўткан қурултойида

Баҳодирда ҳамма нарса ҳужжатлаштирилган. Акция ўтказиш учун (мисол учун, “Оммавий шикоят” ёки Вашингтонда элчихона ёнида пикет), Ўзбекистонга юборилган пул жўнатмаларини тасдиқловчи чеклар бор. Ҳар йилги чеклар алоҳида папкаларга тиркаб қўйилган. “Шунга ўрганиб қолганман. Ҳар кунги ишларимни режалаштириб оламан, нима қилиш керак, қаерга бориш керак. Ҳаётимнинг мароми шу”.

“Бирдамлик” ҳаракатининг бошқа ўзбеклар учун қандай жозибадорлиги бор? Дастурнинг соддалигими? Мақсаднинг олислигими? Ҳокимиятни қуролли йўл билан ўзгартириш тўғрисидаги қатъий чақириқлар йўқ бўлган сиёсий жараёнга жалб этилиш ҳиссиётими?

“Мен Ўзбекистондаги диктатор режимига қарши фаолият юритаётган ҳамма лидерларни қўллайман, - дейди Андижондаги 2005 йил воқеаларидан сўнг Канадада яшаётган Озодлик радиосининг собиқ мухбири Ғофур Йўлдошев. –“Бирлик” деярли йўқ бўлиб кетди, Абдураҳим ака Пўлатни (“Бирлик” лидери) олим сифатида ҳурмат қиламан, аммо у Чориев ҳақида ёмон гапларни ёзади, сўкади. Бу менга тўғри келмайди. Мен уни шахсан танимайман, Муҳаммад Солиҳ (Ўзбекистон Халқ ҳаракати лидери) билан ҳам учрашмаганман. Баҳодир Чориев билан ҳам кеча биринчи бор кўришдим, бунгача телефонда гаплашиб юргандим. Мен Солиҳга бир неча бор интернет орқали мурожаат қилиб, Чориев билан гаплашишини сўраганман. Солиҳ истамаяпти. Чориев учрашувга доим тайёр.

Мен Канадада яшайман, шу ерда инглиз тилини ўргана бошладим, жуда қийин экан. Бу ерда тирикчилик ўтказиш нақадар оғирлигини биламан. Баҳодир бўлса одамларга ўз пулларини юборяпти. Андижон воқеаларидан сўнг мен оилам билан Бишкекда яшаб қочоқ мақомини кутаётганимда, бизга ва бошқа бир неча оилаларга пул жўнатган. Ўшанда Баҳодирнинг кимлигини билмасдим. У “Бирдамлик”нинг Ўзбекистондаги бўлимларига 37 та компьютер ва 19 та фотоаппарат сотиб олганини айтяпти ва мен унга ишонаман. У ўз курашини олиб бориши учун ҳеч қанақа грант олмаган, сарфлаётган пулларнинг ҳаммаси ўзиники. Ўзбекистонга шунақа лидер керак. Мен уни қўллайман. Отаси Ҳасан Чориев амнистия бўйича турмадан чиққанидан кейин вафот этганида мен унга таъзия изҳор этиб, “Ислом Каримов диктатор, у одамларни ўлдиряпти, энди курашнинг нозўравон усули тўғрисидаги фикрингиз ўзгаргандир?” деб сўрадим. Аммо Чориев “мен бошқа йўлни билмайман. Ўзбекистонда нафақат менинг, бошқаларнинг ҳам яқинлари, қариндошлари бор. Улар оддий одамлар. Уларга қарши қандай қилиб қурол кўтариш мумкин?”, деб жавоб берди”.

“Нега Чориевга эргашдингиз?” саволи билан мен Gold Mining Corp.раҳбари Аброл Қаҳаровга мурожаат қилдим. “Аброл ака” Навоий тоғ-металлургия комбинатининг собиқ директори. “Одатда мен сиёсий масалалар муҳокама этилаётган йиғилишлардан ўзимни олиб қочаман: йўқ қилиш, четлатиш, диктатура ва ҳоказо, деган гапларни ёқтирмаман. Савобнинг кети тешик, эҳтиёт бўлиш керак. Украинада содир бўлаётган воқеаларга қаранг. Муҳожирликка чиқиб кетганимга 15 йил бўлди, Канадада ишлаяпман. Бу ерда ўз хўжалик ҳисобида иш юритаётганини исботлаган ўзбеклар бирлашмасини биринчи бор учратдим. Улар ўз меҳнатлари билан пул ишлаяптилар, грантлар эвазига, туҳмат қилиш имкониятига эга бўлиб, ғарб майдончаларида рақсга тушмаяптилар. Улар одамларнинг ҳаражатларини қоплаяптилар, муваффақиятларга эришяптилар ва бу ҳолат мамлакатимиздаги кўпчиликнинг ривож топишига кўмак беряпти. Чориев ишлаяпти. Мен ишлаган одамни яхши кўраман, ўзим етти ярим йил ер остида, шахтада ишлаганман. Мен одамларни олтин-руда ишига ўргата оламан ва буни бир доллар эвазига бажараман. Менга ойлик керак эмас, мен ўзимга тўқ одамман”.

“Чориевнинг дастури сизга содда туюлмаяптими?” деб сўрадим мен Абдуфаттоҳ Маннаповдан. Бу одам “Бирдамлик” ҳаракатининг сиёсий платформаси учун масъул. “Билсангиз, мен олдин бунга шубҳа билан қарагандим. Аммо ўтган йили Чориевнинг “Ўзбекистон фуқаролари учун эркинлик, инсон ҳуқуқлари ва демократия” деб аталувчи Сент-Луис-Вашингтон маршида иштирок этдим. Ушбу маршда Бирдамликнинг 40 нафар фаоллари қатнашдилар, биз юк ва енгил машиналарда бордик. Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига етиб келганимизда, унинг атрофда жуда кўп полициячилар тўпланган экан...Элчихона қуршаб олинганди. Баъзи сафдошларимиз иккиланиб қолдилар, элчихона ёнида тўхтамасликни ва унинг атрофида тўхтамай айланиб юришни таклиф этдилар. Аммо Баҳодир қатъий туриб: йўқ, тўхтаймиз ва чиқамиз, деди. – Ахир сизни ҳибсга оладиларку!” – Майли, мен тайёрман.

Биз тўхтадик, олдимизга полициячилар келди. Баҳодирнинг қўлига кишан солиб олиб кетдилар. У қўрқиб кетгани йўқлигини, думини ликиллатмаётганини, мардлигини кўрдим. Шунда бу ҳаракатни қўллашни истаётганимни тушундим.

“Бирдамлик” дастури утопия эмас. 1989 йлда Тошкентда талабалар намойишга чиққани эсимда, ўшанда Каримов махсус қўшинларни чақиртирган ва уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаган эди. Ўша оммавий чиқишлар тўғрисидаги хотиралар одамлар бугун ҳам кўчага чиқа олиши мумкин, деяпти ва шунга ишонаман. Одамларимизда қуллик менталитети ҳукмрон деган гаплар ёлғон. Каримовда порахўрлик менталитети бор дейиш тўғри”.

Мухолифатнинг бирлашувига умид йўқ

“Бирдамлик” қурултойида вақти-вақти билан мухолифатдаги бошқа партиялар: “Эрк” ва “Бирлик” билан бирлашиш мавзуси кўтарилиб турди. Сўзга чиққанлар мазкур партия лидерларини қаттиқ танқид қилдилар. “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатни қурултойга таклиф этмадилар.

“Пўлатов билан бирлашасизми?”, - сўрадим Чориевдан. “Йўқ”. - “Нега?” – “У мен ҳақимда ёмон гапларни ёзяпти. У олдимга келган, мени қўлла деб сўраган. Мен: “Ўзбекистонга қайтмоқчимисиз?”, деб сўрадим. – Йўқ. – Унда нега сизни қўллашим керак? – деб айтдим. “Бирлик” бор эди, ундан нима қолди? “Эрк”дан нима қолди? Биз бормиз. Биз нолдан бошладик, ўн йил давомида анча меҳнатимиз синди, ўз тарихимиз, ўз йўлимиз бор”.

Аммо қурултой ишида “Эрк” билан “Бирлик” вакиллари ҳам қатнашдилар. Мен бирликчи Ўткир Жўраевдан бирлашиш бўйича ушбу чақириқларга қандай муносабатда эканини сўрадим. “Ҳамманинг ўз демократияси бўлиши керак, ўз нуқтаи назари ҳам, бу яхши. Танқидий фикрлар ҳам яхши. Аммо сўзга чиққанлар “бирликчилар” дея “Бирлик” партиясининг ҳамма аъзоларига баробарига балчиқ чапласа, бу тўғри эмас. Балки, партия лидери қандайдир нотўғри гапларни айтгандир, билмадим, балки бўлиб ўтгандир бу гаплар, балки йўқ. Абдураҳим Пўлат Каримов режимига қарши биринчи бўлиб курашганлардан бири, у бу курашга салмоқли ҳисса қўшган ва “Бирлик” партияси ҳозиргача фаолият юритяпти. Аммо унинг гапи бутун партиянинг фикри эмас.

Баходир Чориев
Баҳодир Чориев ва Ўткир Жўраев

Мен бирлашиш тарафдориман. Агар “Бирлик” ва “Бирдамлик” ва “Эрк” бирлашса, катта кучга айланади, ҳар бир лидернинг ўз тарафдорлари бор. Рақибни ағдаргандан сўнг бошқа рвожланган мамлакатлардаги каби лавозимларни тақсимлаб олса бўлади. Президент битта партиядан бўлса, бош вазир - бошқа партиядан, учинчисидан эса молия вазири. Партияларнинг оддий аъзолари, мен билган ва таниган кўплаб эркчилар ва бирликчилар бир-бири билан яхши муносабатда, дўст. Оддий аъзолар ўртасида зиддият йўқ. Аммо тор доирадаги одамлар борки, улар глобал масалалар ечими бўйича ўзаро ҳеч келиша олмаяпти”.

Хорижий мамлакатларда қўним топган ўзбек мухолифати партияларининг бирлашиши ҳозирча амри маҳол иш: Ўзбекистонда ҳокимият алмашуви ҳам узоқ истиқболли, мавҳум иш бўлиб катта маблағ талаб қилади (донорлар афғон муаммоси ҳал бўлмагунича пул бермайдилар). Ўзбекистонда ҳокимият устига келиш бўйича реал имкониятлар йўқ экан, мухолифат лидерлари ўз амбицияларидан воз кечиб ўтирмайдилар. Рақиблар билан эса қисқа муддатга ярашиш мумкин, холос.

Балки бу нотўғридир, аммо дунёвий характердаги мухолифат ҳаракатларининг жозибадорлиги уларнинг лидерларига кўп боғлиқлиги бор. Харизмаси эвазига ҳеч ким ўз шахсий амбициларидан воз кечиб ўтирмайди.

Мария Яновская, Сент-Луис - Москва

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги