21:58 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижондаги қатлиомга тўққиз йил тўлди. Ҳар бир қабрга тўрттадан майит қўйилган

13.05.2014 16:55 msk

Фотосуратда: Андижондаги Боғишамол қабристони 2005 йил 13 майдан сўнг

13 май куни андижон қатлиомига тўққиз йил тўлди. Ўша кунлари Ғофур Йўлдошев “Озодлик” радиосининг Андижон вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлаган. У асфальтга оққан қонларни, янги қабрларни ва Қирғизистон чегарасида жойлашган Қорасувда қочқинлар тўдаларини кўрган, воқеа шоҳидлари, шифокорлар ва гўрковлар билан суҳбатлашган. Милиция журналистнинг барча фотосуратларини ва диктофон ёзувларини тортиб олган, аммо ўша кунлар хотирасини ўчириб бўлмас экан. “Фарғона” Ғофур Йўлдошев билан суҳбатлашиб, ўша кунларда Андижонда нималарни кўрганини сўзлаб беришни сўради.

* * *

Ўша кунлари Прагада, стажировкада эдим. 13 май куни эрталаб телефон жиринглаб қолди. “Зудлик билан ишга етиб келинг, Андижонда қўзғолон кўтарилди”. Қанақа қўзғолон? Шошилиб офисга етиб келдим ва Андижонга қўнғироқ қила бошладим. Маҳаллий раҳбарлардан бири мени кўриб қолди: “Ким у?” – “Андижондаги мухбиримиз”. “Бу ерда нима қиляпти? Зудлик билан ўша ерга жўнасин!”

Андижонга Андрей Бабицкий билан бирга жўнадик ( Радио Свобода мухбири), аввал Москвага учдик, у ердан Тошкентга. Самолетдаёқ автоматлар билан қуролланган аскарнинг Андижон ҳокимияти олдида турган фотосуратини ва террорчилар тўғрисида ёзилган газеталарни кўрдик. Мен даҳшатга тушиб қолдим. Андижон мен туғилган шаҳар, у ерда оилам, ойим бор...

Тошкентга учиб келганимизда Андрей Бабицкий хавотирга тушиб қолди: юзимда чандиқ бор, шубҳаланиб ушлаб қолишлари мумкин, деб айтди. Менга ўзининг диктофонини берди, паспорт назоратидан ўтиш учун навбатга турдик. Бабицкини ўтказиб юбордилар, аммо паспортимда менинг андижонлик эканимни кўриб, бир чеккага ўтиб туришни сўрашди. Кўринишидан, ҳамма андижонликларни сўроқ қилишга буйруқ бўлганга ўхшайди. Мени сўроққа тута бошладилар: кимсан, қаердан ва нега келдинг?... Бизни Тошкентдаги “Озодлик” офиси ходимлари кутиб олгани аэропортга чиққанлари фойда берди. Улар менинг мухбир эканлигимни тасдиқладир ва ниҳоят мени ўтказиб юбордилар.

14 майнинг эрта тонги эди, Андижонга йўл олдик. Машинага ўтирмоқчи бўлиб автобекатга келдик. Аввалига ҳайдовчилар Бабицкийни ҳеч қанақасига олиб кетишга кўнмадилар. Уни блокпостдан барибир ўтказмайдилар, бизни тўхтатавериб, йўлдан қолдирадлар, дейишди. Чет эллик, боз устига журналист... Сизни олиб кетишимиз мумкин, Ўзбекистон фуқароси экансиз, пропискангиз Андижонда, буни эса – олиб кета олмаймиз.

Аммо кира ҳақига икки баробар тўлашимизни эшитиб рози бўлишди.

Гафур Юлдашев
Ғофур Йўлдошев, 2014 йил, апрель.

Биринчи блокпостга етмай туриб (Андижонга кираверишда бир неча блокпост қўйишган экан) ҳайдовчимиз менга ўзбекчалаб: келинг уни (Бабицкийга ишора қилиб) юк машинага ўтқизайлик, мен келишиб олдим, фақат ҳайдовчига пул бериш керак, деди. Ростдан ҳам ёнимизда КамАЗ турган экан, ҳайдовчи арзимаган пул эвазига Бабицкийни кабинага чиқариб, ҳайдовчи ортидаги ўриндиққа ётқизиб қўйди. КамАЗнинг орқасидан кета туриб, блокпостлардан ўтиб олдик. Биз билан бирга Россияда ишлаётган уч нафар андижонликлар келаётганди, улар Андижондаги воқеалар ҳақида эшитиб қолиб, зудлик билан уйларига йўл олган эканлар. Улар бизга интервью беришга рози бўлишди, биз аввал уларникига, Андижон четида жойлашган Қўшариққа кирдик. Маҳаллага кириб келсак, аёлларнинг уввос солиб йиғлаётганларини кўрдик, шовқин, тўпалон, болалар югурган, қичқириқлар. Бизга кимни ўлдиришгани, кимнинг жасадини олиб келишгани, қайси одамларнинг йўқолиб қолгани, кимни қаерда қидириш кераклиги ҳақида гапира бошладилар. Интервьюни ёзиб олиб Андижонга йўл олдик.

Одамлар эндигина тўпланган Андижон ҳокимлигига боришга қарор қилдик. У ерда ҳаммаси қуршаб олинган экан, аммо ўтиб олармиз, дея ўйладик. Кинотеатр ёнидаги Чўлпон кўчасида, отишма бўлган ерда тротуарда оққан қонни кўрдик, таксист бизга кўрсатди. Тунда ёмғир ёққани билан қон сингиб кетган экан, ювилиб йўқолмабди. Кимдир қон доғи ёнида шиша ичига гул қўйибди. Четроқда эса эркак кишининг бир пой ботинкаси ётарди.

Ҳокимият атрофида қум тўлдирилган қоплардан баррикадалар кўтарилган экан, уларнинг ортида автомат билан қуролланган одамлар ҳудди урушда каби турардилар. Ҳокимликнинг тўртинчи қаватида нимадир ёнаёган шекилли, тутун чиқиб турарди.

Беш қаватли уйда уч хонали квартирам бор эди, уйимга йўл олдик. Уйга келсак, меҳмонхонада 15-20 киши ўтиришибди, ҳуқуқ ҳимоячилар, мухолифатчилар. Бизнинг келаётганимизни эшитиб гаплашгани келишибди. Биз улардан интервью олишга бошладик. Андрей Бабицкийни меҳмонхонага кетишига унамадим. Бу хавфли эди ва у менинг уйимда тунади.

Тунда отишма овози эшитилди. Дераза ёнига борувдим, хотиним эҳтиёт бўлинг, дераза ёнига борманг, дея қичқира бошлади. Эрталаб Бабицкий ҳам тунда ўқ товушларини эшитганини айтди.

Эрталаб шаҳарни айлангани чиқдик. Бир жойда қуролланган аскар турган экан, ёнида турган одамлар бақир-чақир билан унга бир нималарнидир тушунтиришга уринаётган эканлар. Олдига бориб: “Нима гап?” деб сўрадим. Саксонга кирган чолни ўтказмаётган экан, шу ерда яшар экан. Аскарга: “Ука, отани ўтказиб юборсангчи”, дедим. У эса автомати билан ўдағайлаб: “Кет бу ердан, отаман, шунақа буйруқ бор” дея жавоб қатйарди. Ёш, аммо жуда баджаҳл экан.

Лекин одамлар шовқин қилишдан тўхташмади, чолни ўтказиб юбордилар.

ХБКда рейд ўтказилаётгани ҳақида эшитиб қолиб, ўша ерга жўнадик. Автомат билан қуроланган ниқобли солдатлар туришибди. Биттасининг ёнига бориб, мен журналистман, интервью беринг, дедим. У бўлса мени туртиб, қани жўнаб қол бу ердан, бўлмаса сени ҳам қамаймиз, деди. Улар у ерда акромийларни қўлга олаётган экан.

Қоронғи тушганида Бабицкий, кўчага чиқиб кўрайликчи, нима бўляпти экан, деб қолди. У Чеченистонда урушда бўлган ва ҳеч нарсадан тап тортмас эди. Мен ҳам кетдик, дедим. Подъезддан чиқишимиз билан олдимизга солдат келиб “Ётларинг!” деб қичқирди. Ётдик. Иккита машина келгунича бир ярим соат юзтубан кўкрагимизни зах ерга бериб ётавердик. Солдатга тушунтирмоқчи бўлдим, шу уйда яшайман, нима қиляпсан, ахир биз мусулмонлармиз, биродармиз, деб. Аммо у ҳеч қанақасига қулоқ солмай, автоматнинг оғзини икки курагим ўртасига қўйиб, “Ёт!” дейишдан қолмади.

Ниҳоят бизни турғаздилар, қўлларимизни орқага қўйиб уйга олиб кирдилар. Қўшниларим, тўртта болаларим ҳайрон... Тинтув ўтказа бошладилар, аммо ҳеч нарса топа олмадилар. Рация орқали алоқаларини узмадилар: “Ҳеч нарса топилмади, улар журналист экан” – “Бу ерга судраб келинглар уларни!” – “Ҳа... йўқ, уларда ҳеч нарса йўқ, пропискаси бор экан” – “Қидир!” Ҳам русча, ҳам ўзбекчалаб гапирдилар. Ниҳоят бизни ҳеч қаерга олиб кетмай, уйда қолдириб ўзлари кетдилар.

Эртаси куни Қирғизистон чегарасидаги Қорасувга жўнадик. У ерда қочоқлар тўпланган ва Қирғизистон ўз чегаралирини очиб қўйган эди. Ўшанда Қорасувнинг Ўзбекистон томонида тўртта бинога ўт қўйишибди: милиция, солиқ, ГАИ ва яна қанақадир бино. Қўзғолон бўлган экан. Мен одамлардан интервью ола бошладим, нега милицияни ёндириб юбординглар, деб сўрадим. Улар бўлса, “Бизга бунақа милициянинг нима кераги бор?” дейишади. “Агар бирор нарсангизни ўғирлашсачи?” – “Милициянинг ўзи ўғрику!”

Ўшанда Қорасув осмони узра ҳудди уруш тўғрисидаги кинолардагидек иккита катта ҳарбий вертолет учиб юрганди.

Бабицкий кетганидан бир неча кун ўтиб мен яна Қорасувга бордим: у ерда жиддий операция ўтказилаётган экан: қўзғолон бўлиб ўтган, одамлар Қирғизистонга ўтиб кетишмоқчи бўлган. Атрофдаги солдатлар жала ёққанда оққан сув каби кўп. Осмонда эса бешта ҳарбий вертолет. Мен маҳаллий милиция бошлиғининг ёнига келиб: “Интервью беринг ака, мен журналистман. Ахир журналистлар биздан келиб ҳеч нарса сўрамайди, деб шикоят қиласизларку”, дедим. – “Йўқол бу ердан”. Нари кетдим, менга саккиз киши ташланиб, қўлларимни қайирди, фотоаппаратимни, диктофонимни тортиб олдилар. Кейин қайтариб бердилар. Камеранинг фотокартаси йўқ, диктофондан ҳамма ёзувлар ўчирилган, диск ташлаб юборилган. Ҳарбий кўзимга қараб: “Жўна бу ердан, биз сенга ҳеч қандай кафолат бермаймиз”, - дея шундоқ айниб сўкиндики, даҳшатга тушиб кетдим ва ҳар нарса бўлишим мумкинлигини тушундим.

Ўшанда Андижондаги танишимга телефон қилдим – у мухолифатчи, ҳозир турмада. Шунинг учун номини айтмайман, аҳволи бундан ҳам ёмон бўлмаслиги учун. “Ака, - дедим, - қабристонни топишга ёрдам беринг”. “Ҳа, - деди у, - Жўрабой деган болаликдаги дўстим бор, гўрков бўлиб ишлайди”. Боғишамолга йўл олдик, Андижондан беш-ўн километр. Жўрабой яхши инсон экан, содда, кўринишидан собиқ тракторчига ўхшайди. Битта тепаликни кўрсатди, янги кўмилган 90 та қабр бор экан, ҳар биттаси номерлаб қўйилган. “Ҳар биттасида тўрттадан майит қўйилган”, деди Жўрабой.

Ишонмадим. “Ўзбексизларку, ахир биттадан кўмиш керак”, дедим. “Биз ҳам унамадик. Шунда улар ўрис гўрковларни ишга солдилар. Биз ҳаммасини кўриб турдик”. “Буни тасдиқлайдиган одамлар борми?” – “Бор”.

Биз бир одамнинг уйига бордик, у ҳамма гапларни тасдиқлади ва ҳатто интервью берди. Аввалига унамай турганди, аммо биз уни кўндирдик.

Жўрабой баъзан қариндошлар келиб майитларни олиб кетганларини айтиб берди. Қандай билишган экан? Милицияга боришган, йўқолган қариндошининг фамилиясини айтишган, милиция эса ўзларидаги рўйхатга қараган. Агар топилса, ётган қабрнинг рақамини айтган. Аммо қабристонда қариндошларни милиционер кузатиб турган, у бошқа қабр очилиб қолмаслигини назорат қилиб турган.

Қабристондан сўнг биз судмедэкспертизага бордик, аммо бизни у ерга қўймадилар, агар бу ердан жўнаб қолмасанглар қамаймиз, деб пўписа қилдилар. Шундан кейин касалхонадаги шифокорнинг олдига бордик, у номини ошкор этмаслик шарти билан жуда кўп ярадорлар бўлганини айтиб берди.

Кейин махсус рухсатнома билан ўликхонага кириб, йўқолган қариндошини излаган аёл билан учрашдик. Бу аёл бизга айтиб беришича, ўликхонада нафас олиб бўлмайдиган даражада, ўликларни бир бири устига тахлаб солишган, уларнинг ҳар бири оёғига рақам қўйилган биркалар боғлаб қўйилганди, - билишимча, шу йўл билан ўликларни санар эканлар. Биркаларнинг бирида аёл 1019 рақамини кўрган.

Кечқурун менга гўрковни топиб берган мухолифатчи танишим телефон қилди. “Ғофуржон, - дейди у, - Жўрабойни сўйиб кетишибди”. Эртаси куни ўша мухолифатчининг олдига бордим, у бўлган воқеани сўзлаб берди. Жўрабой билан бир одам маршрут таксидан қаттиқ сўкишиб тушди. Бекатда сигарет, резина сақич ширинликлар сотаётган аёл турган экан. Уларнинг ҳамма гапларини эштибди. Халиги одам Жўрабойга: “Нега радиога интервью бердинг?” дея таъна қилган. “Кимга нима дейиш ўзимни ишим”. Улар сўкишиб йўлдан ўтдиларда, тутзор тарафдаги далага қараб йўл олдилар. Шунда аёл бояги одамнинг Жўрабойга пичоқ урганини кўриб қолди. Гўрков бақувват одам эди, кўкрагидан пичоқни суғуриб олиб қотилига урди. Куппа-кундузи.

Мен Прагага телефон қилдим (у ерда Озодлик радиосининг штаб-квартираси жойлашган). “Кеча интервьюси эфирда берилган одам ўлдирилди”, - дедим. “Зудлик билан Андижондан кетинг!”

Шу пайтга келиб менга ҳам телефон орқали пўписа қила бошладилар. Шунинг учун мен ҳам кетдим.

Аммо июлда қайтдим. Прагада менга бормасликни маслаҳат қилишди, аммо мен у ерда онам, оилам қолди, деб айтдим.

Келишим билан мени қўлга олдилар. Мен кўчада интервью олаётгандим, олдимизга формадаги ва беформа милиционерлар ва келишди, ҳар биримизни алоҳида машиналарга ўтқазиб юз метр наридаги милиция бўлимига олиб келдилар. Жуда кўп одамлар турган экан, уларнинг орасидан олиб ўтдилар. Кўринишидан акромийларни қўлга олган эканлар.

Милиция бошлиғи мени кўриб қолиб бақира кетди: “Яна келдингми? Нега? Автоматинг қани? Тағин қон тўкилишини истаяпсанми?” – “Хайрулло ака, қанақа автомат? Мен журналистман, мана диктофоним, текшириб кўринг”. “Агар бугун Андижонда қолсанг, ўзингдан кўр!” Мени тўрт марта тинтув қилдилар, кейин кўчага чиқариб қўйдилар, аммо яна саккиз киши мени яна уришди.

Мен Прагага кетдим, аммо оиламни олиб чиқиш керак эди, уйимга қайта олмасдим. Ўшанда Азимжон Асқаровнинг (умрбодга қамалган таниқли қирғизистонлик журналист) шахсан ўзи Андижонга бориб оиламни Бишкекка олиб чиқди. Бошпана сўрадик, биз билан Москвадан атайлаб учиб келган Канада элчихонаси ходими суҳбатлашди ва бир йил ўтиб Канадага келдик.

Ҳозир анча тафсилотлар унутилиб кетди. Аммо қум тўлдирилган қоплар, автомат билан қуролланган солдатлар, Андижон узра учаётган вертолетлар шу чоққача тушимга кириб чиқади. Даҳшатдан уйғониб кетаман. Деярли эллик йил умрим ўтган қадрдон Андижонимда бу воқеаларнинг содир бўлиши ҳақида ҳеч қачон ўйламагандим.

Мария Яновская ёзиб олди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги