06:29 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон: Армия хизматини ўтаётган аскар “томоғига нон тиқилиб қолишдан” ўлиб қолиши мумкин

05.05.2014 13:07 msk

Gulnora Ravshan

Тожикистон Республикаси Қуролли кучлари сафида мажбурий ҳарбий хизмат ўтаб турган Акмал Давлатовнинг жасади 19 апрель куни ота-онасига қайтарилган. Бу ҳақда апрель ойининг охирида марҳумнинг отаси Аъзам Давлатов маҳаллий матбуот орқали маълум қилган. Тожикистон жанубидаги Ҳамадоний туманига қарашли Дашти гулҳо қишлоғигача 20 яшар аскар жасадини кузатиб борган ҳарбийлар унинг “бўғзига нон тиқилиб ўлгани”ни маълум қилдилар.

Аммо Аъзам Давлатов ўғлининг томоғига айнан тиқилиб қолган нон бўлагидан ўлганига ишонмаслигини айтган.

Маҳаллий журналистлар билан суҳбатда Ҳамадони туман фуқароси Аъзам Давлатов ўғлининг ўлими билан боғлиқ бу тиббий ташхисга шубҳа қилишини, ишонмаслигини ва олти ой аввал ўғлини ётган тўшагидан ушлаб армияга олиб кетган туман ҳарбий комиссарлиги устидан судга шикоят қилишини билдирди. “Боламнинг тобутини олиб келишганида мен ҳамма нарсани унутиб, уйимга келган ўша ҳарбийлар билан яхшироқ гаплаша олмадим. Мен албатта шикоят қиламан, токи боласини армияга юборган кишиларнинг бошига ҳам шу қора кун тушмасин”, - дейди фарзанд доғида куйган ота.

Унинг айтишича, у ўғли Акмал билан унинг ўлимидан икки кун аввал телефонда гаплашган, ўшанда у соғ-саломат бўлган.

Акмал Давлатов Тожикистон чегара қўшинларининг Мастчоҳ туманида жойлашган 2850 - ҳарбий қисмда икки йиллик муддатли хизмат ўтаётган бўлган. Бу ҳарбий қисм Тожикистоннинг Ўзбекистон билан шимолий чегара ҳудудида жойлашган.

Яқинларининг айтишича, Акмал Давлатов бундан олти ой аввал “облава”, оддий тил билан айтганда ҳарбийлар қуршовида мажбурий ҳарбий хизматга олиб кетилган.

Ўзбекистон қуролли кучларида хизмат қилишни орзу қилаётган ўзбекистонлик ёш йигитлардан фарқли ўлароқ тожикистонлик ёшларнинг деярли аксарияти ҳарбий хизматга мажбурий равишда олиб кетилади. Ҳар йили илк баҳор ва кузакда республика туман ва шаҳар ҳарбий комиссариати вакиллари балоғат ёшига етган ёш йигитларни “овлаш”га сафарбар қилинади. Ғафлатда қолиб кўчада ёки уйида ҳарбийларнинг қўлга тушиб қолган тожикистонлик йигитлар махсус автобусларига босиладида, армияга олиб кетилади.

Исми ошкор бўлмаслигини шарт қилган маҳаллий ҳокимият органлари вакилининг айтишича, “облава”да армияга олиб кетилган ёшлар орасида саломатлиги ҳарбий хизматга яроқсизлари ҳам бор. Аммо шунга қарамай, уларни армияга олиб кетишяпти.

“Ҳарбий хизмат давомида улардаги сурункали дардлар қўзғаб қоляпти, баъзи дардга чидамаганлар ўз жонига суиқасд қилаяпти, бундай ҳолат бир неча бор қайд этилган”, - дейди Рудакий туманидаги Алибой қишлоқ кенгашининг исми сир тутилган ходими.

Шу қишлоқда яшайдиган Хосият ая икки ўғлини ҳарбий хизматга юбормаганини яширмайди. Унинг айтишича, ҳарбий хизмат қилиб келганлар армияда ёш солдатларни у ернинг катталари эшшак қилиб миниши ҳақида сўзлаб юришар экан. “Мен болаларимни шунга катта қилганим йўқ. Ана, қўшнимиз Эшматнинг бир ўғли армиядан чап кўзи кўр бўлиб қайтди, бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ, бировнинг боласига ичлари ачимайди. Мен ўғилларимни тунлари уйимнинг томига яшириб армиядан олиб қолганман”, - дейди айни пайтда Россияда мардикорлик қилаётганини эслатган Хосият ая.

Мухбиримиз мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида марҳум аскарнинг яқинлари билан боғланишга уринди, аммо бундан бир натижа чиқмади. Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара қўшинлари Бош бошқармаси матбуот хизмати аскар Акмал Давлатовнинг ўлимидан хабарсизлигини билдирган.

Кузатувлар сўнгги йиллар Тожикистон Қуролли Кучларида ҳарбий хизмат ўтаётган аскарлар ўлими билан боғлиқ ҳолат тез-тез қайд этилаётганини кўрсатмоқда. Мустақил таҳлилчилар бунга тожик армиясида шўролар замонидан мерос қолган “дедовшчина” анъаналари йўқ қилинмаганини сабаб қилиб кўрсатишмоқда.

Тожикистонлик мустақил кузатувчи Маҳди Собирга кўра, бугун дедовшчина деярли ҳамма ҳарбий қисмларда учрайди. “Шўро армиясидан мерос қолган бу ноинсоний муносабат армияда умуман йўқ дейиш ёлғон, - дейди Маҳди Собир. - Расмийлар ҳисоботида “ҳарбий қисмлардаги вазият аввалги йиллардагидан анча яхши”, дея таъкидлангани билан ҳарбий хизматга янги борганларни “рандалаш” усулларининг янгича шакллари кузатилмоқда. 22 йил аввал мустақил бўлган Тожикистон ўз Қуролли кучларида бирор марта ислоҳот ўтказганини эслай олмаймиз”.

Тожикистон оммавий ахборот воситалари шу йилнинг апрель ойи бошида 6593-ҳарбий қисмда ўзаро жанжаллашиб қолган икки аскардан бири Калашников русумли автомат ўқидан ҳалок бўлганини хабар қилганди. Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати ҳам бу маълумотни тасдиқлади. Адлия вазирлиги қошидаги республика Жазони ижро этиш муассасаларини назорат қилиш бош бошқармасининг расмий шарҳига кўра, воқеа Норак туманидаги аёллар қамоқхонасида содир бўлган.

“Шу қамоқхонада хизмат ўтаб турган икки аскар ўзаро жанжаллашиб қолгани ортидан Панжакент шаҳар фуқароси, ёш аскар Хуршед Кенжаев ўз хизматдоши томонидан отиб ўлдирилган. Ўзаро жанжал сабаблари, умаман юз берган бу мудҳиш воқеа 6593-ҳарбий қисм командирлари ва Адлия вазирлиги томонидан ўрганилмоқда” - дея баёнот берган эди тожик расмийлари.

Шундай қилиб, жорий йилнинг биргина апрель ойи давомида Тожикистон Қуролли кучлари сафида хизмат ўтаб турган икки аскар ўлими қайд этилди. Бундан ташқари, шу йилнинг март ойида Душанбе шаҳри яқинидаги 2026-ҳарбий қисмда хизмат ўтаб турган 23 ёшли аскар Шаҳбол Мирзоев хизматдошларининг зўровонлиги туфайли ногирон аҳволга тушиб қолди

Ҳарбий қисм фельдшери томонидан шавқатсизларча калтакланган Шаҳбол бўйин умуртқаларининг бешинчи ва олтинчи дисклари синиб, орқа мияси жароҳатланган. Унинг тўлиқ шифо топиши учун Германияга олиб бориш ва клиникага 63 минг евро тўлаш керак.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги томонидан моддий ёрдам ажратилишига ишончи қолмаган ота - Нўъмон Мирзоев ўғлини даволатиш мақсадида Сўғд вилоятининг Ашт туманидаги ҳовлисини сотишга мажбур бўлди.

Тожикистон армиясидаги ўлим ҳодисалари Фейсбук ижтимоий тармоғида ҳам муҳокама этилмоқда. Акмал Давлатов ўлими билан боғлиқ ҳодисага муносабат билдирган фойдаланувчиларнинг аксарияти армиядаги мавжуд ҳолатни кескин қоралаяптилар.

“Фикримча, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара қўшинлари бош бошқармаси ва Мудофаа вазирлиги мулозимлари истеъфога чиқишлари керак. Аскар Давлатов, қолаверса шу кунгача хизмат чоғида ўлган аскарлар хизмат қилган ҳарбий қисм командирларининг ҳаммаси судга тортилиши ва қонун доирасида жазоланиши шарт. Зеро, уларнинг қилмишлари бошқаларга ибрат бўлсин. Акс ҳолда, ҳар ҳафта бир аскарнинг жасади ота-онасига қайтарилаверади”, - дея фикр билдирган баҳс иштирокчиларидан бири.

Фейсбук фойдаланувчиларидан яна бири Тожикситон президенти Имомали Раҳмонни мамлакат армиясида ислоҳот ўтказишга чақирган ва “агар бу иш шундай давом этаверса, мамлакатда иккинчи марта фуқаролар уруши бошланиб кетиши турган гап”, - дея мулоҳаза билдирган.

Мунозара қатнашчиларининг аксарияти ҳарбий хизмат ўтаётган аскарларнинг кўпи айнан ноинсоний муносабат қурбони бўлаётганига шубҳа қилмаётганларини ёзадилар.

Тожикистон Қуролли кучлари сафига чақирилаётган йигитларнинг хавфсизлиги давлат томонидан таъминланмагани ва улар икки йиллик мажбурий хизматни ўтаб бўлгач яқинлари бағрига соғ-саломат қайтишлари умуман кафолатланмагани ҳукумат мулозимларини ҳам ташвишга солиб қўйган сезилади, лекин бу очиқланмайди.

“Бугун Тожикистон армияси сафини фақат кам таъминланган оилалар, оддий фуқаролар фарзандлари тўлдириб келаётгани, давлат мулозимлари фарзандлари умуман ҳарбий хизматга жалб этилмаётгани кўриниб турибди”, - дейди тожикистонлик жамиятшунос Шамсия Қодирова.

Қодировага кўра, Тожикистонда ҳарбий хизмат учун қўшни Ўзбекистондаги каби имтиёзлар берилмагани сабабли ёшлар армияга боришга ошиқмайдилар. “Масалан, Ўзбекистонда бир йиллик армияда бўлганларга ўқишга кириш учун имтиёз берилади, - дейди Шамсия хоним. Хизматдан қайтганлар МХХ ёки Ички ишлар вазирлиги таркибида хизмат қилиш имкониятига эга бўладилар ва ҳоказо. Тожикистон армиясида хизмат қилганлар учун ҳеч қанақа имтиёз йўқ”.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда ҳар йили 16 мингдан ортиқ йигит икки йиллик мажбурий хизматда бўлиб қайтади. Айни пайтда тожикистонлик йигитларни муддатли ҳарбий хизматга олиш ва жойларига юбориш баҳорги мавсуми давом этмоқда.

Гулнора Равшан

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги