20:40 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қаюм Ортиқов, Британия элчихонасининг собиқ қўриқчиси: “Жим туриш ҳеч кимни қутқариб қолмайди”

03.05.2014 07:04 msk

Мария Яновская

Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси собиқ қўричқчиси Қаюм Ортиқов хотини Моҳира ва болалари билан “Бирдамлик” ҳаракатининг АҚШда бўлиб ўтган қурултойига келди: Ўзбекистон расмийлари томонидан Буюк Британия фойдасига жосусликда айбланган, одам савдосида айбланиб турмага ташланган ҳамда халқаро босим остида озодликка чиқарилган одамнинг оиласига Америка сиёсий бошпана берди. “Фарғона” Қаюм Ортиқов билан суҳбатлашиб, Америка Қўшма Штатларидаги ҳаётдан қандай таассуротда эканини сўради.

- АҚШнинг қаерида яшаяпсиз?

- Ҳариссбург (Harrisburg) шаҳрида, Пенсильвания пойтахтида яшаяпмиз. Бу ерга 20 февраль куни тунда келдик, бизни кутиб олдилар, 13 қаватдаги уч хонали квартирага жойлаштиридлар, ҳамма қулайликлар бор, деразадан сой оқиб тургани кўриниб турибди, кишига таскин берувчи манзара. Болаларимнинг учтаси мактабга қатнашни бошлашди, кенжам Камронмирзо етти ёшга энди тўлади, у сентябрда боради. Уйимизнинг ижарасига, озиқ-овқатимизга яна керакли нарсаларни сотиб олишимизга пул ажратиб беришяпти. Ҳаммаси яхши.

- Медицина кўригидан ўтишни бошладингизми?

- Ҳа, мен билан психолог ва психиатр ишлаяпти, сеанслар ҳафтасига бир марта. Кўпгина қилиб дори ёзиб беришган, ҳаммасини ичяпман, баъзида эса ичмаяпман. Кўп ҳолларда дори фойда бермаяпти. Тунлари босинқираб чиқаман, баъзида васвасага тушиб қоламан. Асабийлаша бошлаганимда, ўзимни бошқаролмай қоламан. Шифокорларнинг айтишича, ўзимга келиш учун кўп вақт керак бўлади.

- Сиз АҚШда стажировкадан ўтгансиз ва бу сизни жосусликда айблаш учун сабаб бўлган. Бу стажировка ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз.

- Ҳарбий стажировка: мен кўпчилик талабалар қатори Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳамкорлик дастури бўйича, йўлланма билан келганман. Ўқишни тамомлаб уйга қайтдик. Ана ўшандан кейин ҳаммаси бошланди: мени чақиртириб, мен билан бирга ўқиган болаларга қарши кўрсатма беришни талаб қила бошладилар. Бу иш жуда кўп марта қайтарилди. Кейин улардан иккитасини қамашганини биламан: биттасини ваҳҳобийлик учун 159 модда билан, иккинчисини эса – давлат сирини ошкор этгани учун. Улар мен билан ўқишган, мен уларни тўғри инсон сифатида билардим, уларга қарши туҳмат қилишдан, ёлғон кўрсатма беришдан бош тортдим. Мен бундай қила олмасдим.

- Ахир сизни жосуслик учун эмас, одам савдосида – трафикда айблаб қамадиларку?

- Ҳа. Мени сохталаштирилган иш бўйича қамадилар. Ҳукм ўқилиб мени Тоштурма ертўласига олиб тушганларидан сўнг ҳеч ким мендан бирор марта бу “трафик” ҳақида – кимни кимга ва нега сотганим ҳақида сўрамади. Суд тамом бўлиши билан менга босимлар бошланди: биз сени огоҳлантиргандик, бекорга кўрсатма беришдан бош тортдинг. Энди бўлса, биз сенга қарши кўрсатма берадиган одамларни топамиз, дейишди. Менга “сен британия жосусисан” дея бошладилар. Мен эса аччиқланиб: “оғзингизга қараб гапиринг, қўлингизда ҳеч қандай исбот йўқ, мен элчихонада оддий қўриқчи бўлиб ишлаганман”, деб айтардим, холос.

Ўшандан кейин менга нисбатан қийноқ қўллашни бошладилар ва бу қийноқлар ярим йилгача тўхтамай давом этди. Хотиним ҳамма жойга ариза ёзиб, журналистлардан, Британия элчихонасидан, ҳуқуқ ҳимоячилардан ёрдам сўрай бошлаганидан сўнг қийноқлар тўхтади. Августнинг ўрталарида қийноқлар қўққисдан тўхтаб, мени яхшилаб парвариш қила бошладилар. Кейин кутилмаганда Навоий шаҳридаги колонияга жўнатдилар.

Навоийда ўн ой, деярли бир йилгача менга ҳеч ким тегмади. Апрелда Қизил Хочнинг комиссияси келиб бир ҳафта давомида зонада маҳкумларнинг шароитини, соғлиғини текширди. Аммо комиссия кетиши билан зона бошлиғининг муовини мени чақиртириб, “кимга ахборот бердинг, гапир”, дея гап бошлади. “Нима деяпсиз, лўнда қилиб тушунтириб бера оласизми?” - “Қизил Хоч келди, улар сендан маълумот олиш учун келганларини аниқ биламиз”.

Зонада мен чойхонада ишлардим, 400 кишига чой тайёрлардим. Мен дам оладиган вақтда кимдир самоворлар турган хонага Қуръон суралари ёзилган қоғозни суқиб қўйибди. Ўзим номоз ўқишни билмайман. Бу хона қулфланади ва қоғозни қўйган кишида ўзининг калити бор. Энди мен ишга чиққанимда, икки войсковик кириб келдида, оятлар ёзилган қоғозни чиқариб мени олиб кетишди. Опергруппа бошлиғи менга қараб: “Ана, ваҳҳобийларга қўшилиб қолибсанку. Сени анчадан бери кузатяпмиз, энди сени ваҳҳобий қиламиз”, - деди. –“Ҳа, - дедим, - ишонаман, қўлингиздан ҳамма нарса келади”.

Улар этигимни ечиб товонимга ура бошладилар. Кейин беш суткагага карцерга қамадилар. Ҳужжатларда эса амнистияга тушиб қолмаслигим учун мунтазам равишда ички тартибни бузиб келади, деб ёзиб қўйдилар.

- Кўпчилик, агар сенга яқин бирор кишини қамасалар, шовқин кўтармаслик керак, акс ҳолда аҳвол баттар бўлади, деб ўйлайдилар. Одамлар қўрқиб қолишган.

- Мен ҳам турмада ўтирган пайтимда оилам учун, хотиним учун хавотир олдим. Моҳирага (хотинимга), илтимос қилардим, ҳеч қаерга ёзма деб. Улардан хавотир олардим, чунки мени қийнаган одамлардан ҳар нарсани кутса бўларди.

Ҳозир эса аниқ биламанки, жим туришлик фойда бермас экан. Ёзиш керак, ҳаммага гапириш керак. Мени бошимдан ўтган қийноқлар дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида йўқ. Улар Тоштурма ертўласидаги камералар йўқ қилинган дея таъкидлашмоқда. Йўқ! Ертўла бор ва у ерда ҳозир ҳам одамларни қийноққа солишмоқда.

Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинган, аммо бу ертўлаларда одамларни, агар улар керакли кўрсатмаларни бермасалар, ўласи қилиб қийнайдилар. Жим туришимиз мумкин эмас, журналистларни ишонтириш учун бор гапни айтиб беришимиз керак.

Мохира и Каюм Ортиковы
Моҳира ва Қаюм Ортиқовлар

- Сизга китоб ёзишни таклиф этишдими?

- Ҳа, таклиф этишган. Аммо шифокорлар ҳозирча ўтган нарсаларни эслашни маън қилишган, аҳволимга салбий таъсир кўрсатиши мумкин экан. Эслаш мумкин, аммо тафсилотларни эслаш ҳозирча мумкин эмас.

- Врачлар реабилитацияга қанча вақт кетади, дейишди?

- Айтишларича, икки йилгача чўзилиши мумкин.

- Бунга энди муҳожирлик ғурбати ҳам қўшилади. Аммо буларни енгиб ўтсангиз, Пенсилваниядаги энг бахтиёр одамга айланасиз.

- Раҳмат, жуда умид қиламан. Яна, мени қутқариш ишида иштирок этган барча инсонларга ва ташкилотларга, оиламиз ҳақида ёзган, бизни эътиборсиз қолдирмай кўмак берган журналистларга ва ҳуқуқ ҳимоячиларга каттакон раҳматимни айтмоқчиман. Сизлардан жуда миннатдорман.

Мария Яновская суҳбатлашди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги