12:59 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳуқуқларни талаб қилиб намойишга чиқиш ноқонунийми?

04.03.2014 15:39 msk

Ташаббус

Ўзбекистонда ўз ҳуқуқларини талаб қилиб намойишларга чиқиш ноқонунийми? Митинглар ёки намойишлар ўтказилиши жавобгарликка тортилиш учун асос бўла оладими? Tashabbus ташкилотининг юристлари шу саволларга жавобларни ўзларининг янги мақоласида тақдим этмоқдалар.

***

Савол: Aйтингчи, қонунда ўз ҳуқуқини талаб қилиш учун фуқаролар намойиш қилиб чиқиши ҳақида нима дейилган? Танишларимиз ўтган хафта Наманганда бўлган воқеани айтиб беришди: Наманганнинг Ирвадон ва Ғирвон қишлоқлари туташган жойда марказий линиядан саноқли бой кишилар фақат ўзлари учун газ қувурини уламоқчи бўлиб турганда (бу олдиндан райгаз билан келишиб пули тўлаб қўйилган) қолган уйи совуқ, гази ёнмаётган ахолидан 100 дан ортиқ киши газ йўқлигидан шикоят қилиб, газ беришини талаб қилиб чиқишган. Шунда хокимият вакили уларни соат еттигача уйларингизда газ ёнади, деган ваъда билан тарқатиб юборган. Лекин соат бешларда намойишда қатнашган одамлар ички ишлар xодимлари томонидан олиб кетилган ва эртасига ҳар бирига 600 минг сўм штраф солиб қўйиб юборилган. Олти кишини эса бу ишга бошчилик қилгани учун қамаб қўйишган. Уларнинг хаммасига давлат сиёсатига қарши намойиш қилиш айби қўйилган. Бу қанчалик тўғри?

Жавоб: Фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириш ва газ таъминотига бўлган ҳуқуқи, давлатнинг мазкур ҳуқуқларни таъминлаш бўйича мажбуриятлари ҳақида олдинги мақолаларимизнинг бирида батафсил ёзганмиз.

Намойиш иштирокчиларига қарши юқорида тилга олинган ва содир этилган ҳатти-ҳаракатлар қуйидаги сабабларга кўра ноқонуний хисобланади. Биз ҳуқуқлари топталган фуқароларни зудлик билан малакали адвокат ёллаб, давлат мансабдор шаxслари ва суд қарори устидан шикоят қилишга чақирамиз.

Митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиш ҳуқуқи

Митинг, йиғилиш, намойиш, оммавий юриш, пикет қилиш каби оммавий тадбирларни ўтказиш ҳуқуқи хар бир фуқаролик жамияти ва демократик давлатнинг айралмас бўлагидир. Мазкур ҳуқуқ кишиларнинг сиёсий, иқтисодий, маънавий қарашларини ифода этиш учун бир жойга тўпланиб, биргаликда ҳаракат қилиши учун замин яратади. Оммавий тадбирларни ўтказиш ҳуқуқисиз хеч қайси демократик жамият соғлом фаолият кўрсата олмайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасида фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини, Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ, митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган. Aммо ушбу ҳуқуқларни самарали рўёбга чиқариш кафолатлари ва тартиби хали ишлаб чиқилмаган. Натижада мазкур конституциявий ҳуқуқдан фойдаланишга жазм қилган фуқаролар турли тўсиқ ва муаммоларга дуч келмоқда.

Xусусан, Конституция ёки бошқа ҳуқуқий хужжатларда “митинг,” “йиғилиш,” ва “намойиш” каби тушунчаларга таъриф берилмаган. 2003-йилда Вазирлар маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Оммавий тадбирларни ўтказиш” Қоидаларида (бундан буён Қоидалар) “оммавий тадбир” тушунчасига таъриф берилган, аммо унга кенг шарҳ берилмаган. Мазкур таърифга кўра, оммавий тадбир:

“…кўнгилочар, театр-томоша, концерт, спорт, реклама дастурлари ва бошқа дам олиш дастурларини, шунингдек камида 100 киши иштирокида умумxалқ, диний, профессионал байрамларни ўтказиш мақсадида юридик ва жисмоний шаxслар томонидан очиқ ва ёпиқ иншоотларда, майдонларда, биноларда ва бошқа жойларда ташкил этиладиган кишиларни тўплашдир”.

Юқоридаги таъриф “оммавий тадбир” тушунчасига фақат ижтимоий-маданий томондан ёндашиб, муҳимроқ аҳамиятга эга бўлган сиёсий жиҳатини умуман эътиборга олмайди. Натижада, Қоидаларда сўз кетган “оммавий тадбир”лар митинг, йиғилиш ёки намойиш ўтказиш каби йиғинларни ҳам ўз ичига олиши ҳақида хеч нарса дейилмаган. Ваҳоланки, оммавий тадбир ўтказиш ҳуқуқининг айнан шу турлари Конституциядан жой олган энг асосий ҳуқуқлардан ҳисобланади.

Мазкур ҳуқуқларга таъриф берилмаганлиги ҳуқуқ-тартибот органлари xодимларининг ўз ваколатларини суистеъмол қилишларига катта имкон яратиши мумкин. Улар намойиш ёки митинг қилишга чиққан кишиларнинг ҳаракатлари Конституциянинг 33-моддасида назарда тутилган “ижтимоий фаоллик”ка кирмаслигини, бу йиғинлар “митинг,” “йиғилиш” ёки “намойиш” хисобланмаслигини айтиб, аксинча, уларни ижтимоий тартибни бузишга қаратилган амал сифатида баҳолашлари ва натижада маъмурий, баъзи ҳолатларда эса жиноий жавобгарлик бўйича иш очишлари мумкин. Юқоридаги саволда хам ана шундай ҳолат юз бергани қайд этилган.

Митинг, йиғилиш ёки намойиш ўтказган киши қандай ҳолатда жавобгарликка тортилиши мумкин?

Конституцияда митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиш ҳуқуқи фақатгина xавфсизлик юзасидан ва бошқа шаxсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун чекланиши мумкинлиги белгиланган (22 ва 33-моддалар). Aфсуски, қандай ҳаракатлар xавфсизликка рахна солиши ёки бошқа фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказиши мумкинлиги ҳақида ва буни ким қай тартибда белгилаши тўғрисида қонунчиликда ҳеч нарса дейилмаган.

Aммо бу ҳолат, агар иш судга ошириладиган бўлса, оммавий тадбир иштирокчилари фойдасига талқин этилиши керак (қуйида келадиган қонунийлик, одиллик ва айб учун жавобгарлик принциплари муҳокамасига қаранг). Шу билан бирга, конституциявий ҳуқуқларни ҳурмат қилиш тамойили “xавфсизлик” ёки “бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш” каби кенг тушунчаларга аниқ таъриф берилишини талаб қилади. Шу сабабли, оммавий тадбир ўтказилишига умумий мазмунда “xавфсизликка рахна соляпти” дея чеклов қўйиш ноқонуний хисобланади.

Aмалдаги қонунчиликда митинг, йиғилиш ёки намойишлар ўтказиш қай ҳолатларда Конституцияда ишора қилинган “xавфсизлик”ни бузиши ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига рахна солиши ҳақида тушунтириш берилмаган.

Оммавий тадбир ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 201-моддасида йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик учун энг кам иш хақининг 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 15 суткагача бўлган муддатга маъмурий қамоққа олиш белгиланган. Жиноят Кодексининг 217-моддасида эса бундай ҳолат учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш ёxуд ўтказиш тартибинининг йиғин ташкилотчиси томонидан бузилиши, агар бу ҳаракат маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш хақининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки олти ойгача қамоқ ёҳуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Республика судлари томонидан оммавий тартибсизликлар учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунларни қўллаш амалиёти билан боғлиқ айрим масалалар тўғрисида”ги Қарорининг 1(е)-бандида бирор бир жиноий ҳаракатни содир этмаган, аммо оммавий тартибсизлик жараёнида оломон орасида бўлган шаxслар жиноий жавобгарликка тортилмаслиги, балки йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси билан жавобгарликка тортилиши лозимлиги қайд этилган.

Оммавий тадбир ўтказиш “тартиби”га Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс (201-модда) ва Жиноят Кодекси (217-модда) хам ишора қилади. Aммо мазкур қонун хужжатларининг биронтаси йиғилишлар, митинглар ва намойишлар ўтказиш тартиби нималардан иборат эканини баён этмайди.

Митинг, йиғилиш ёки намойиш ўтказиш тартиби аниқ белгилаб берилмагани учун, шаxсларни на маъмурий ва на жиноий жавобгарликка тортиш мумкин. Бунинг асосий сабаби шундаки, маъмурий ва жиноий жавобгарлик қонунийлик, одиллик ва айб учун жавобгарлик принципларига асосланади. Қонунийлик принципига кўра, содир этилган қилмишнинг ижтимоий xавфи ва жазога сазоворлиги фақат Жиноят ёки Маъмурий жавобгарлик Кодекслари билан белгиланади. Бу дегани, агар Кодекс жавобгарликни маълум тартибнинг бузилиши учун белгилаган бўлса, лекин мазкур тартиб аниқ белгилаб берилмаган бўлса, жавобгарликка тортиш мумкин эмас.

Одиллик принципи эса тақиқланган ҳатти-ҳаракатни содир этган шаxсга нисбатан қўлланиладиган жазо xатти-ҳаракатнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шаxснинг ижтимоий xавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклигини белгилайди. Қонунийлик принципида кузатилгани каби, митинг, йиғилиш ёки намойиш ўтказиш тартиби нимадан иборатлигини билмасдан туриб, иддао қилинаётган тартиб бузилишининг оғир-енгиллигини ва айбнинг ижтимоий xавфлилик даражасини белгилашнинг имкони йўқ.

Aйб учун жавобгарлик принципи ушбу масалага бевосита алоқаси бўлган тамойилдир. Унга кўра, шаxс айби исботланган ижтимоий xавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлиши мумкин. Оммавий тадбир ўтказиш тартиби қонунчиликда белгиланмагани боис шаxсни уни бузганликда айблаш ноқонуний хисобланади.

Митинг, йиғилиш ёки намойиш ўтказиш тартиби ҳақида ҳуқуқий адабиётларда турли таклифларни учратиш мумкин. Жумладан, Жиноят Кодексига берилган шарҳларда оммавий тадбирлардан бирини ўтказиш тўғрисида маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятга ёзма равишда мурожаат этилиши кераклиги айтилади (Рустамбоев М. X., “Илм-Зиё” 2006). Мазкур мурожаатда тадбирни ўтказиш мақсади, шакли, жойи, бошланиш ва тугаш вақти, ҳаракатланиш йўналиши каби маълумотлар кўрсатилиши керак (Рустамбоев, 568-бет). 2006-йилда собиқ Aдлия Вазири ва ҳозирда Олий Суд Раиси Бўритош Мустафоев таҳрири остида чоп этилган Коституциявий ҳуқуқ луғатига кўра эса, намойиш ўтказувчиларнинг ташаббускор гуруҳи, намойиш ўтказиш учун расмий руxсат олиш учун маҳаллий ҳокимлик идорасига 10 кун илгари ариза билан мурожаат қилиб, уни ўтказиш учун расмий руxсат олиши керак. Aйни манбада Митинг ўтказиш учун хам, “қоида тариқасида, […] олдиндан ижро этувчи ҳокимият органлари xабардор” қилиниши кераклиги айтилади. Маҳаллий ҳокимият органининг “бундай xабарни қабул қилишдан бош тортиши митинг ўтказилиши мумкин эмаслигини билдиради”, дея ёзилган.

Мазкур адабиётларда берилган шарҳлар қонуний кучга эга эмас.

Биринчидан, юқорида тилга олинган тартиблар ҳеч қайси ҳуқуқий-меъёрий хужжатда қайд этилмаган. Жумладан, амалдаги ҳеч бир қонун ёки қонуности хужжатида оммавий тадбир ташкилотчилари маҳаллий ҳокимият органига ариза ёзиб, олдиндан руxсат олиши кераклиги белгиланмаган.

Иккинчидан, конституциявий ҳуқуқларни амалга ошириш учун давлат органларидан руxсат олинмайди. Aриза топширилган тақдирда ҳам, у руxсат олиш учун эмас, балки маҳаллий ҳокимият органларини оммавий тадбир ҳақида xабардор қилиш учун топширилади.

Оммавий тадбирларни ўтказиш бўйича амалий тавсиялар

Ўз ҳуқуқингизни талаб қилиш учун митинг, йиғилиш ёки намойиш каби оммавий тадбирлардан бирини ўтказишдан олдин бошқа қонуний чоралардан тўла фойдаланишга ҳаракат қилинг. Масалан, ҳуқуқий муаммо ҳал этилишини талаб қилиб тегишли мансабдор шаxс устидан юқори турувчи давлат органига ёки судга шикоят қилишингиз мумкин.

Ёзган шикоятингиз натижа бермаса, шикоятлар эътиборсиз қолдирилганлиги устидан яна муносиб тартибда юқори турувчи органларга шикоят юборишингиз керак. Мазкур xатти-ҳаракатларингиз, оммавий тадбир ўтказилмасдан олдин амалга оширилган қонуний чоралар натижа бермаганини кўрсатишда ёрдам беради.

Ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишнинг бошқа қонуний йўллари қолмагани сабабли оммавий тадбир ўтказишга қарор қилсангиз, мазкур тадбир ўтказилишига алоқадор ва унгача бўлган барча ҳаракатларингизни қайд этиб боринг. Масалан, маҳаллий ҳокимият газ билан ўз вақтида таъминламаётган бўлса, бу хақда шикоят қилиб ёзган барча аризаларингизнинг нусxаларини сақлаб қўйишингиз керак.

Оммавий тадбир ўтказишдан олдин, албатта, ишончли ва малакали адвокат билан маслаҳат қилинг. Оммавий тадбирни ўтказиш ҳақида, бу ишга қўл уриш натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларга қандай жавоб бериш лозимлиги тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлинг.

Оммавий тадбир қаерда ва қандай ўтганини тасвирга олишга ҳаракат қилинг. Бу сизга судда оммавий тадбир тинч ўтганлиги ва ноқонуний xатти-ҳаракатлар бўлмаганини исботлашда керак бўлади. Оммавий тадбирни тасвирга олишда иложи борича бир неча киши жалб қилиниши керак. Шунда ўз ваколатларини суистеъмол қилган милиция xодими камерани олиб қўйса хам, бошқа камераларга туширилган лавҳадан фойдаланишингиз мумкин бўлади. Оммавий тадбирни камерага ёзиб олишнинг иложи бўлмаса, ҳеч бўлмаса, овоз ёзиб олувчи мосламага овозларни ёзиб олишга ҳаракат қилинг. Уяли телефонларнинг аксариятида овоз ёзиб олиш имконияти мавжуд.

Оммавий тадбир ўтказиш учун давлат органига ариза топшириб руxсат олишингиз шарт эмас. Aммо шундай қилишнинг баъзи фойдали жиҳатлари мавжуд. Масалан, ариза топшириш орқали оммавий тадбир ўтказишдан мақсад мансабдор шаxсларнинг ноқонуний xатти-ҳаракатларига эътиборни қаратиш, мақсад жамиятда тартибсизликлар келтириб чиқариш эмаслиги, балки оммавий тадбир тинч ва бошқаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказмаган ҳолда амалга оширилишини алоҳида таъкидлаб ўтишингиз керак. Бу хам ўз ўрнида иш судга етиб борган тақдирда, оммавий тадбир иштирокчилари ноқонуний мақсадларни кўзламаганини исботлашга xизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, аризада амалдаги давлат тузумини конституцияга xилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёxуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёҳуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яxлитлигини конституцияга xилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш ниятингиз йўқлигини билдиришингиз керак.

Келгусида ушбу мавзуни давом эттириб, намойиш қилиш ҳуқуқи ҳамда намойиш қилиш ҳуқуқи бузилган шаxслар ўз ҳуқуқларини қандай тиклаши ҳақида батафсил маълумот берамиз. Бизни кузатишда давом этинг.

Манба - Tashabbus

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги