05:32 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Каримов ҳокимияти заифлашиб қолгани йўқ

24.02.2014 13:22 msk

Даниил Кислов

17 февраль душанба куни Гулнора Каримованинг жисмига ва ҳамёнига яқин бўлган уч нафар сафдоши, шу жумладан, унинг Ўзбекистон ичкарисида ва хорижий мамлакатларидаги бизнес-активларининг қоғоздаги эгаси бўлмиш норасмий эри Ўзбекистон Бош прокуратурасига мажбуран келтирилди. Ўтган йилнинг кузидан бошлаб фаолияти тергов органларнинг диққат эътиборига тушиб қолган Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг атрофидаги воқеаларнинг ривожи шундай ва баъзилар ушбу жараёнда Ислом Каримов режимининг заифлашаётгани аломатини кўряптилар. Аммо менимча, асло бундай эмас. Ўйлашимча, Тошкентда содир бўлаётган воқеалар президентнинг сиёсий саҳнани тарк этиши олдидан амалга оширилаётган сарой фитнасидан бир лавҳа эмас.

Менимча, қандайдир “Гулнора гуруҳи” билан “ҳуқуқ муҳофаза органлари гуруҳи” ўртасида қандайдир қарама-қаршиликлар тўғрисидаги гплар чўпчакка ўхшаяпти. Каримов йигирма йил аввал барпо этган “вертикал ҳокимият” тизимида ҳам ҳеч қандай кўзга кўринарли парокандалик ва беқарорликлар кузатилмаяпти. Токи деярли чорак асрдан бери тахтни эгалаб турган “бобой” соғ-саломат экан, ҳамма унга бўйсунади. Унинг бардам-бақувватлигига эса шубҳа қилмаса ҳам бўлаверади, Сочидаги Олимпиада очилишида унинг қандай юрганини эслаш кифоя.

Отасининг тахтини эгаллашга бел боғлаган рақибини президентга билдирмай, яширин равишда йўқ қилишга интилувчи ҳеч қандай “махсус хизматлар” фитнаси ҳам йўқ, деб ҳисоблайман. Рақибнинг ўзи ҳам мавжуд эмас. Гулнора – бор-йўғи “подшоҳ” қизи: унга ҳамма нарса – хоҳлаганини гапириш, зиёфат ва байрамларни уюштириш, сиёсатшунос, сиёсатчи, дизайнер, каратист бўлишга, ўзгаларнинг бизнесини тортиб олишга ижозат берилган. Айтгандек, унинг ушбу нопок ишларини амалга ошришда айнан ўша ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кўмак берганлар. Бир оғиз гап билан айтганда – Ўзбекистон каби давлатда тахтни эгаллашга ҳуқуқи йўқ малика.

Гулноранинг ҳозирги “йиқилиши” Каримов ҳокимияти режимининг заифлиги аломати эмас, балки унинг ақл-заковати ва қудратига ишорадир. Каримов ўз хонлигида ҳозир ҳам барча содир бўлаётган ишларнинг жиловини қўлида маҳкам ушлаб турибди. Қизи Гулнорага қарашли ҳар томонга илдиз отиб тарқалган яширин бизнес-империясинини вайрон қилишга ҳам фақат унинг ўзи буйруқ берган. Хўш, у нега шундай қилди?

Омиллар бир неча. Аммо энг асосийси, менимча, Каримов ниҳоят қизининг фаолияти Ўзбекистоннинг давлат сифатидаги обрўсига қанчалик жиддий зарар етказаётганини тушуниб етганида.

Ўтган йигирма йил давомида расмийларнинг босими остида у ёки бу тижорат ширкатлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани ҳақида кўп маротаба гапирилди. Кутилмаган ҳолатларда америка, ҳиндистон, турк, россия завод ва фабрикалари расмийлар томонидан ёпиб қўйилар ва ўша заҳотиёқ бошқа, гапга осон кўнадиган ҳаридорларга сотилар эди. Шунга қарамай, ўша Америкадан, Россиядан, Европа ва Осиё мамлакатларидан мамлакатга оқиб келаётган инвестициявий ва молиявий ёрдамлар тўхтамас эди...

Бироқ бу жанжаллардан сўнгги иккитаси Ўзбекистоннинг хорижий шерикларини саросимага солиб қўйди. Мен Ўзбекистон билан Швеция-Финляндия ҳукуматларига қарашли TeliaSonera компанияси ўртасидаги жанжални ҳамда “МТС-Ўзбекистон” (“Ўздунробита”) уяли алоқа операторини мамлакатдан сиқиб чиқарилишини назарда тутяпман.

Бу жанжалларнинг иккови ҳам Гулнора номи билан тўғридан-тўғри боғланган. Унисида ҳам, бунисида ҳам давлат мулозимлари эмас, балки айнан унга қарашли одамлар қовун тушириб қўйгани маълум. Пора ва ”откатлар”га аталган пуллар ўтказилган ҳисоб рақамлари республика вазирлар маҳкамасига ёки президент аппаратига эмас, тўппа-тўғри Гулноранинг олдига етаклаб келмоқда.

Европа банкларида сақланаётган унинг шахсий пуллари ҳамда унга қарашли бўлган, аммо бошқа одамларнинг номига қўйилган пуллар ҳибс этилди. Шу воқеалар билан боғлиқ газеталарда чоп этилган юзлаб мақолаларда ва ТВ орқали намойиш этилган ўнлаб телевидение сюжетларида “Ўзбекистон президентининг қизи”, дея унинг номи асосий гумонланувчи сифатида келтирилган. Гулнора токи ўз таъсирини сақлаб қолар экан, Ўзбекистон обрўсига футур етиб, иқтисоди таназзулга юз тутаверади.

Президент қизининг ифлос пуллардан ҳазар қилмаслиги ва унинг қуюшқондан чиқишига панжа ортидан қаралиши Ўзбекистонни шарманда қилмоқда, инвесторлар эса бу мамлакатга сармоя келтиришдан безиб қолдилар.

Эҳтимол Каримов буни ўзи англаб етгандир. Балки, президент атрофида Гулнорадан узоқ вақт давомида ўч оладиган вақт етишини орзу қилган одамлар қулай имкониятдан фойдаланиб, “отани” қатъий қарор қилишга ундагандирлар.

Ислом Каримов бугун ўз ҳатто фарзандларига нисбатан қаттиққўл туришини намойиш эта туриб, ўзини ҳақиқий “ватанпарвар”, “давлат миқёсида фикр юритувчи” инсон сифатида кўрсатмоқда. Давлат обрўси ва манфаатлари учун ҳатто ўз қизини хам жиловини тортиб қўйишга тайёр. Ваҳоланки, куни-кеча бу қиз учун барча имтиёзларни туҳфа этиб келган эди.

Ўзбекистон раҳбари сўнгги ўн беш йил давомида мамлакатда инсон ҳуқуқларининг аҳволи тўғрисидаги танқидларни мутлақо писанд қилмаслиги аён бўлди. Дунё ҳамжамияти Ўзбекистон турмаларида қийноқлар қўлланаётгани, туғруқхоналарда аёлларни мажбуран бичилаётгани, болаларни пахта теришга мажбур қилинаётгани тўғрисида гапираётгани ҳам уни асло ташвишга солмаяпти.

Аммо хорижий капитал фойдасига фармонларни кетма-кет имзолашига қарамай инвесторларнинг бюджети мутлақ нолга интилаётган мамлакатнинг иқтисодиётига сармоя киритишни истамаётгани уни жуда ҳам ташвишлантирмоқда.

Гугушанинг фирибларига нуқта қўйилишини ғарб мамлактлардаги шерикларга ишора сифатида тушуниш керак деб ўйлайман: “мана, қараб қўйинглар, президент ўз салоҳиятини йўқотмаган, у билан ҳозир ҳам келишиб олса бўлади”. Шунингдек, бу мамлакат ичидагилар учун ҳам “ота”нинг нақадар адолатпарварлиги ва қатиққўллиги тўғрисида ўзига хос ишора бўлиб қоляпти. Гулноранинг отаси миллатнинг ҳам “отаси”дир.

Гулноранинг ота тахтига меросхўрлик даъволарини ҳисобдан чиқариб бўлмайди. Умуман олганда, Ўзбекистон раҳбари учун тахт масаласи ихорижий инвестициялар масаласидан муҳимроқ туради. Кўринишидан, Каримов қизини тахтга меросхўр сифатида ҳеч қачон ҳисобга олмаган. У мутлақо бошқа фигурани меросхўрликка танлаган ва ҳокимиятни топшириш схемасига ҳалақит бериши мумкин бўлаётган Гулнорани четлатаяпти, дея фараз қилиш мумкин. Барча ресурсларидан ва энг асосийси – президентнинг ҳомийлигидан маҳрум бўлган Гулнора президентлик курсисини эгаллашдан энди умидини узса бўлаверади.

Аста-секин Гулнора панага ўтиб кетади. Халқаро тадбирларда камроқ қатнашади, дунё бўйича саёҳатларини ҳам камайтиради ва вақти келиб унинг твиттердаги саҳифасига ҳеч ким эътибор бермай қўяди. Отаси дорул-фанодан дорул-бақога риҳлат қилганида эса уни унутадилар. Чунки гулнорани Гулнора қилиб турган президент отаси, унинг меҳри ва қaҳридир. Отасиз у ҳеч ким эмас.

Даниил Кислов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги