12:23 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Стив Свердлоу: Чехия президенти Каримовнинг Прагага ташрифини бекор қилиши керак

11.02.2014 09:38 msk

Мария Яновская

Ўзбекистон президенти 2014 йил 21 февраль куни икки кунлик расмий ташриф билан Прагага боради. Европалик ҳуқуқ ҳимоячилар Ислом Каримовни норозилик акциялари билан кутиб олишга тайёрланмоқдалар: “Ўтюраклар клуби” етакчиси Мўътабар Тожибоева барча сиёсий маҳбусларни озод этилишини, қўлга олинганлар ва маҳбусларга нисбатан қийноқларни тўтатишни, андижон воқеасининг халқаро текширувини ўтказилишини, ННТ фаолияти учун шароит яратиб берилишини ҳамда сўз эркинлигига кафолат берилишини Каримовдан баралла овоз билан талаб қилмоқчи.

“Фарғона” Human Rights Watch ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердлоу (Steve Swerdlow) билан Ислом Каримовнинг Прагага ташрифи тўғрисида фикрлашди.

- Нима деб ўйлайсиз, нега айнан Прага? Баъзиларнинг ўйлашича, ушбу ташклифда умумевропа қарорининг аломатлари бор: гўё Европанинг пешқадам давлатлари диктатор билан учрашишни ўзларига эп кўрмаганлар, шунинг учун учрашув Европанинг четида, ими-жимида ўтса бўлаверади, деган фикрлар бор...

- Менимча, бу қарор умумевропа ёки умумчех негизида қабул қилинган эмас. Билишимизча, ушбу ташриф Чехия президенти Милош Земаннинг шахсий ташаббуси амалга оширилади. Ҳозир Чехия ҳукумати таркибида Каримовнинг Прагага таклиф этилиши тўғри-нотўғрилиги тўғрисида турли фикрлар билдирилаётгани тўғрисида далиллар пайдо бўлмоқда. Чехиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Карел Шварценберг ҳам яқинда бўлажак ташрифни танқид қилмоқда.

Стив Свердлоу
Стив Свердлоу, Human Rights Watch
Чехия президентини ушбу ташрифнинг нимасига қизиқмоқда? Унга Каримов нега керак бўлиб қолди?

- Икки ой олдин биз чехия делегациясининг Тошкентда бўлиб қайтганини кузатган эдик. Ўшанда савдо, иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилганди. Кўпинча бу каби саммитлар ва ташрифлар қандайдир қтисодий келишувларга эришиш зарурияти билан изоҳланади.

Аммо президент Ислом Каримов анчадан бери, айниқса андижон воқеаларидан сўнг ғарб сиёсатчилари билан энг юқори даражада учрашувлар имкониятини излаб юргани маълум. Ўзбекистон томони доим энг юқори даражадаги шунақа иккитомонлама учрашувларга қизиқишини намойиш этиб келганини биламиз.

- Ушуб ташрифдан Прага қандай зарар кўриши мумкин?

- “Свобода” радиосида яқинда эълон қилган мақоламизда ушбу ташриф Марказий ва Шарқий Европада демократик мамлакат сифатида намуна бўлиб келаётган Чехиянинг обрўсига қарата урилган қаттиқ зарба бўлади, деб ёзгандик. Демократик қадриятларнинг ҳимоячиси сифатда Чехиянинг роли шубҳасиз муҳим.

Кўпчиликнинг назарида Каримовнинг Прага қалъасига ташрифи салбий характерга эга бўлади.

Чехия 2005 йилда Тошкентга нисбатан санкциялар киритиш тўғрисидаги қарорни Европа иттифоқининг бошқа мамлакатлари қаторида қўллаган. Ўзбекистондаги кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилар Чехия элчихонасини инсон ҳуқуқлари соҳасида энг фаол деб биладилар, элчихона эшиги ўзбек фуқаролик жамиятининг фаоллари учун доим очиқ бўлиб келган. Каримовнинг Прагага ташрифи ҳам фуқаролик жамиятига бир ишора бўлиб қолади.

Эсингизда бўлса, Чехия 2005 йил 13 май қонли фожиадан жабрланган андижонлик қочоқларга сиёсий бошпана берган мамлакатлардан бири. Бу ердаги одамлар учун ўзларини ўққа тутишга буйруқ берган одамни кўриш нақадар оғриқли ва қўрқинчли эканини тасаввур қилиш қийин.

Агар 21 февраль куни ташриф амалга ошса, унда Милош Земан Европадаги демократик мамлакатлар орасида Каримовни шунчалик юқори даражада қабул қилган биринчи мамлакат раҳбари бўлиб қолади.

Ўзбекистон раҳбари яқинда Латвияга бориб келгани ҳам рост, аммо бу мамлаканинг даражаси Чехия каби эмаслигини биласиз. Чехия – демократиянинг рамзи, обрўси.

- Аммо Каримов ўтган йили Брюсселга борди, уни энг юқори даражада қабул қилдилар...

- Қиёсингиз диққатга сазавор. Бир неча манбалардан биламизки, Каримовни Брюсселга давлат раҳбари эмас, балки НАТО таклиф этган. Бу ҳолат НАТО қўшинларининг Афғонистонда ўтказаётган операцияларида Ўзбекистоннинг роли билан боғлиқ. Қизиғи шундаки, Каримов Брюсселга келганида Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик бўйича вакили Кэтрин Эштон ҳам, Бельгия қироли ҳам, Бельгиянинг ташқи ишлар вазири ҳам ўта бандлигини баҳона қилиб Каримов билан учрашмадилар. Каримов билан ҳатто Европа Иттифоқи раиси Ҳерман Ван Ромпей ҳам учрашмади. Ўзбекистон президентини фақат Европа комиссиясининг раиси Жозе Мануэль Баррозу қабул қилди, холос. Ўша ташриф туфайли Баррозу қаттиқ танқидлар остида қолиб кетди.

Иржи Юст
Иржи Юст Чехиянинг “Актуалне” газетасининг Россиядаги мухбири Иржи Юстнинг айтишича, Каримовнинг Чехияга ташрифи журналистларнинг орасида катта норозиликлар туғилишига сабаб бўлди. “Чехияда Каримовнинг номи фақат салбий қабул қилинади. Ўн йил олдин Чехия Ўзбекистонга қурол-аслаҳа сотаётгани ошкор бўлиб қолганида ҳам жанжал кўтарилганди. Ўшанда нодавлат-нотижорат ташкилотлари қаттиқ ғазабланган эдилар ва натижада қурол етказиб бериш тўхтатилди. Кейин эса Муҳаммад Солиҳ бошидан кечирган “саргузаштлар”... Каримов Чехияга нега керак бўлиб қолди? Ҳа, президентимиз Ўзбекистон терроризмга қарши курашга қўшган ҳиссасини қадрлаймиз, деб расман билдирди. Яъни, Афғонистон бўйича шериклик масалалари. Яна ўйлашимча, Россиянинг интеграциявий лойиҳалари Ўзбекистонга хуш келмаётгани, Каримов минтақада гўё ўзига хос сиёсат олиб бораётгани АҚШ ва Европа учун ёқимли ҳолат бўлиб қоляпти. Прага шаҳар сифатида Ислом Каримов ташрифи билан боғлиқ тадбирларда иштирок этмайди, деб умид қиламан. Ахир пойтахтимиз мэри Януковични қабул қилишдан бош тортган эдику. Аммо буларнинг бари менинг тахминларим, бу ҳақда ҳеч қандай расмий фармойишлар бўлгани йўқ”.

Баррозу Каримов билан учрашганида, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилинишига оид бир неча саволларни кўтарганди. Аммо бу талаблар ҳозиргача бажарилмади.

Земан бўлса Европа давлати раҳбари номидан Каримовни таклиф эта туриб Ўзбекистон президентининг Европа билан муносабатларида янги саҳифа очмоқда.

Чехия президенти ушбу таклиф билан алоқадор бугунги манзарани яққол тассавур этадиган бўлганида, унга нафақат Чехия Республикасининг демократик қадриятлари ва Праганинг демократия ривожланишига қўшган ҳиссаси тўғрисида жавоб беришга тўғри келади. Унга Чехиянинг 2001 йил тажрибаларини эслашга ҳам тўғри келади.

Милош Земан Каримовни қабул қилмоқчи бўлаётган саройда Чехиянинг бошқа президенти Вацлав Гавел 2001 йилда бошқа ўзбекистонлик меҳмонни қабул қилган. Ўшанда ўзбек расмийларининг талаби билан Прагадаги аэропортда “Озодлик” радиоси таклифига биноан Норвегиядан келган таниқли ўзбек мухолифатчиси Муҳаммад Солиҳ қўлга олинган эди. Солиҳ журналистлар билан учрашиши ва радио тингловчилари олдида сўзга чиқиш учун Прагага келган эди.

Солиҳни қўлга олишганида Human Rights Watch ва бошқа ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари уни Тошкентга бермасликни Прагадан талаб қилишган.

Бир неча кун ўтиб президент Вацлав Гавел чехия расмийларининг хатосини тан олиб, Прага Солиҳни Ўзбекистонга қайтармайди, деб билдирган ва бир неча кун ўтиб уни Пражский градга таклиф этганди.

Солиҳнинг ҳибс этилиши Прага учун шармандали ҳолат бўлгани билан чех расмийлари ўз хатоларини тузатиб олдилар ва яна бир бор демократик қадриятларни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига риоя этилмаётганига эътибор беришга чақирдилар. Ўша эпизод Праганинг обрўсига доғ бўлмади, балки аксинча, уни кучайтирди, холос.

Биз ҳам президент Земан имкониятдан фойдаланиб, Каримовнинг ташрифини бекор қилиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Агар Ўзбекистон президенти Европа билан тўлақонли иккитомонлама муносабат ўрнатмоқчи бўлса, дунёга ва халқаро ҳамжамиятга Андижон воқеаларидан сўнг қўйилган талабларни бажаришга тайёрлигини исботлаши лозим. Бу талаблар ҳаммага жуда яхши маълум.

Сиёсий маҳбусларни зудлик билан озод этиш. Зудлик билан халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларига, шу жумадан, Human Rights Watch ташкилотига Тошкентда ўз фаолиятини бошлашга имконият яратиш. Халқаро ва маҳаллий журналистларга Ўзбекистонда ҳеч қандай тўсиқларсиз ишлашга имконият бериш.

Мисол учун, инсон ҳуқуқларининг турли соҳалари бўйича 11 нафар махсус воизларни Ўзбекистонга таклиф этишни кўзда тутувчи БМТ бўлинмалари билан ҳамкорликни тартибга солиш, болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тўхтатиш, Қизил Хоч ташкилотининг қамоқхоналарга киришга рухсат бериш зарур.

Мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилишни белгилайдиган ушбу омилларнинг барини матбуотда эълон қилиш лозим. Президент Земан уларни 2010 йилда бошқа европалик раҳбарлар билан бирга имзолаган.

Ўзбекистон президенти ушбу талабларни бажарганида, Чехия президенти Каримовни ўз саройида бемалол қабул қилса бўлаверади.

Мария Яновская суҳбалашди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги