02:24 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда хусусий гаражлар бузиб ташланганидан кейин машиналардан ўғирлашлар кўпайиб кетди

28.01.2014 15:58 msk

Фарғона

Тошкентда автомашиналарни тўнаш ёппасига авж олмоқда, шаҳарнинг барча даҳалари – айниқса аҳолиси зич Чилонзор ва Юнусобод туманларида ўғирликлар кўпайиб кетган, дея маълум қиладилар “Фарғона” агентлигининг Ўзбекистон пойтахтидаги манбалари.

“Ўғрилар жуда устамонлик билан тез ҳаракат қиляптилар. Бирданига икки-тўртадан машиналарни очяптилар, саноқли дақиқалар ичида. Эшикларни, капотни бузяптилар, дераза ойналарини синдириб, машинада нима қолиб кетган бўлса, ҳаммасини ўғирлаб кетяптилар”, - дейишади жабрланганлар.

Тошкентликлар авваллари жиноятчилик даражаси паст саналган шаҳарда ўғирлик кўпайганини бир неча омиллар билан изоҳлаяптилар.

Биринчидан, ёппасига гаражларни бузиш. “Расмийлар бизни яна бир марта алдадилар. Янги жиҳозланган стоянкалар қуриб беришни ваъда қилиб, гаражларимизни буздилар. Баъзи кварталларда ростдан ҳам қуриб бердилар – уйлардан бир ярим километр узоқликда. Баъзиларда эса бўшаб қолган участкалар жиҳозланмаган ҳолда қолди. Шунинг учун машиналаримизни деразаларимиз тагида қолдиришга мажбур бўляпмиз”, - дейди Тошкент даҳаларидан бирида истиқомат қилувчи киши.

Иккинчидан, дея қайд этадилар шаҳарликлар, эълон қилинган амнистия билан қамоқхоналардан ўғирлик ва талончилик каби жиноятлар учун қамалганларни ёппасига чиқарилаётгани ортидан автомобиль ва хонадонларга ўғри тушаётганининг кўпаймоқда (қайд этамиз, диний ёки сиёсий сабаблар билан қамалганлар одатда амнистия билан чиқарилмайди). “Шаҳарда иш йўқ, таржимаи ҳоли “тоза” бўлган одамларнинг ишга жойлашишиши қийин бўляпти, собиқ маҳбусларга йўл бўлсин! Уларни ишга олмайдилар, шунинг учун эски ҳунарини ишга солишга мажбур бўладилар”, - дея тахмин қилади тошкентлик.

Учинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатсиз қолаётгани ҳам жиддий роль ўйнамоқда. “Милиция ўғирликлар тўғрисида аризаларни олишни истамайди, баъзилари ёзилган аризани қайтариб олишни сўрашади. Гоҳида эса милицонерларнинг ўзи ўғирланган нарсанинг ўрнига бошқасини олиб беришни, бошқа қулф ўрнатиб беришни таклиф этадилар. Уларга ҳисоботда очилмай қолган жиноятлар сони камайса бўлди”, - дейди “Фарғона” суҳбатдоши.

Бошқа тарафдан олиб қараганда, ички ишлар органлари ходимларини уларга мутлақо ҳос бўлмаган ишлар билан машғул қилиб қўйдилар. Мисол учун, ўтган йилнинг декабрида хорижга чиққан ҳар бир фуқарони рўйхатга олиш тўғрисида маҳфий фармойиш чиққан.

“Истаган ТИИБга кириб кўринг, коридорларда туппа-тузук одамларнинг тўпланиб турганини кўрасиз. Улар ТИИБ бошлиғининг ҳузурига “суҳбатга” келишган. Бошлиқ билан суҳбатдан сўнг уларни антитеррор бўлимига жўнатишади. У ерда оператив ходимлар хорижга чиққан одамларнинг қаерда бўлганларини, қайси манзилда яшаганларини, кимлар билан учрашганларини, бирор-бир террорчилик ташкилоти ёки диний сектага аъзоми-йўқлиги тўғрисида сўраб қандайдир қоғозларни тўлдирадилар. Фуқарони фотсуратга туширадилар, паспорт нусхасини оладилар. Биометрик паспорт ёки ОВИРдан виза олмоқчи бўлганлар ҳам шунақа сўроқларга жавоб беришлари шарт бўлиб қолди”, - дейди бошқа суҳбатдошимиз.

Бундан ташқари, пойтахт милиционерлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ишга кетаётганида ёки Дўрмондаги қароргоҳига қайтаётганида эрталаб соат 8.30 дан 10.00 гача ва кечқурун 18.30 дан 21.30 гача “трасса”га бориб туришлари керак. “Шу вақтда шаҳардаги барча участкавойлар трассани фуқаролардан тозалаш ва қўриқлашга жўнайдилар. Албатта бу вақт ўғрилар учун жуда қулай бўлиб қолади”, - дея мулоҳаза қилади манба.

Участка милиционерлари ва МФЙ раислари ҳам чет элга чиқиб келганларни “овлаш” билан банд. “Маҳалла фуқаролари йиғинига справка олгани боргандим, паспортимдаги чегаралардан ўтганда босилган штампларни кўриб қолдилар. Ваҳимага тушиб, “бу қанақаси? Чет элга чиқиб юрар экансиз, албатта РОВДга бориб рўйхатдан ўтинг, деб қайтариб юбордилар”, - дейди суҳбатдошимиз.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги