12:49 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Лондонда ўзбекистонлик маҳбус ёзувчиларнинг иккита китоби нашрдан чиқди

17.01.2014 23:41 msk

Фарғона.Ру

Лондонда (Буюк Британия) Ўзбекистон турмаларида сиёсий сабабларга кўра қамоқ жазосини ўтаётган (ёки олдин ўтириб чиққан) тўрт нафар ўзбек ёзувчиларининг китоблари нашр этилди.

Иккита китобда 2013 йилда 17 йиллик қамоқ жазосидан сўнг колониядан чиққан Мамадали Маҳмуд (тахаллуси Эврил Турон) ва 2001 йилда Ўзбекистон ички ишлар вазирлигининг ертўлаларида жон берган Эмин Усмоннинг прозаси, бугунги кунда панжара ортида қолаётган таниқли журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Дилмурод Сайид ҳамда спорт шарҳловчиси ва диний-маърифий дастурлар муаллифи Хайрулло Ҳамидовнинг шеърлари жамланган.

Биринчи китоб “Бу тоғлар – улуғ тоғлар” деб номланган. Унга Мамадали Маҳмудовнинг советлар даврида бир қисми чоп этилган “Ўлмас қоялар” романи, “Туманли кунлар” қиссаси, шунингдек, Эмин Усмоннинг “Томир” қиссаси киритилди. Икки қисса ҳам илк бор чоп этлмоқда. Китобга кириш сўзини филология фанлари доктори Ботир Норбой ёзган.

“Маҳкумлар қўшиғи” дея аталувчи иккинчи китобда Дилмурод Сайид ва Хайрулла Ҳамидовнинг шеърлари тўпланган. Китобга кириш сўзини айни пайтда Австрияда истиқомат қилаётган ўзбек шоири Ёдгор Обид ёзган. Бу икки муаллифнинг аксарият шеърлари ҳам илк бор чоп этилмоқда.


Ўзбек муаллифларининг китоблари Англия Пен-Клубининг “Маҳбус ёзувчилар” дастурининг тавсияси ҳамда “Очиқ жамият” институтининг молиявий кўмаги билан чоп этилган. Лойиҳа раҳбари – Паҳлавон Содиқ, муҳаррир – Абдулкарим Баҳриддин.

Китобларнинг PDF-версияси тез орада Интернетга қўйилади.

Агар бу китобни сотиб олмоқчи бўлсангиз, марҳамат қилиб ушбу электрон манзилга мурожаат қилишингиз мумкин: uzbekwriters@gmail.com.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги