23:19 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўшда шаҳар мэри лавозимига сайловлар қандай вазиятда ўтди?

15.01.2014 11:49 msk

Фарғона

Қирғизистон маҳаллий ахборот воситаларидан ҳамда Фейсбук ижтимоий тармоғидаги хабарлардан маълум бўлишича, бугун эрталаб маҳаллиф вақт билан соат 9.00 да Қирғизистоннинг жанубий пойтахти саналмиш Ўш шаҳрида халқ депутатлари шаҳар кенгашининг 45 нафар аъзоси шаҳарнинг янги ҳокимини сайладилар. Марказий ҳукумат тарафидан қўлланаётган Айтмамат Қадирбаев кенгаш аъзоларининг 25 та овозига эга бўлиб Ўшнинг янги ҳокими этиб сайланди. Қирғизистоннинг АКИpress ахборот агентлиги хабар беришича, унинг рақиби, шаҳарнинг собиқ ҳокими Мелис Мирзақматов учун 19 депутат овоз берди, битта сайлов бюллетени бузилган, дея тан олинди. Ўшлик мухбиримиз Шоҳруҳ Соипов шаҳардаги сайлов арафасида юзага келган аҳволни таҳлил қилишга уриниб тайёрлаган қуйидаги материалини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

***

“Эртага Бишкек ва Ўш шаҳарлари ҳокимлари сайланади. Сайлов яқинлашгани сари Ўш шаҳри аҳолиси орасида турли ваҳима гаплар кўпайиб, одамларни саросимага сола бошлади. Марказий ҳукумат ҳам, маҳаллий ҳокимият ҳам ўз қўлларидаги имкониятларни фойдаланиб, ютуққа эришмоқчи. Хозирги кунда олиб борилаётган сиёсат ўйинларидан чарчаган аҳоли ким сайланса ҳам шаҳар ривожи, аҳоли равнақи учун иш олиб борса, дея умид қилмоқда.

Сайлов яқинлашгани сари Ўшнинг собиқ ҳокими Мелис Мирзақматов билан Марказий ҳукумат ўртасидаги муносабат тобора таранглашиб бораяпти. Иккала тараф бир-бирларини қоралаб, турли правокацияларда айблашмоқда.



Кеча марказий бозорда Ўш шаҳар кенгашидаги ўзбек миллатига мансуб депуптатларининг фотосуратлари ва манзиллари кўрсатилган варақалар тарқатилганди, шаҳар ИИБ матбуот котибининг айтишича, бу иш сайлов олдидан ўзбекларни қўрқитишга йўналтирилган экан.

15 январ куни шаҳарнинг марказий майдонида собиқ ҳоким Мирзақматовни қўллашга йўналтирилган намойиш ўтказилиши режалаштирилган. Таҳлилчилар фикрича, бу каби митинглар марказий ҳукуматга босим ўтказиш учун уюштирилмоқда.

Бунга жавобан давлат идоралари, бюджет муассасалари ва ташкилотларда шошилинч мажлислар ўтказилиб, ходимларга 15 январ куни марказий майдонда бўладиган митингида қатнашмаслик тўғрисида кўрсатма берилмоқда.

Ўшлик медиа эксперт Бакит Ибраимовга кўра, сўнги пайтда марказий ҳукумат билан маҳаллий ҳукумат ўртасида ўзаро ахборот уруши олиб борилаяпти.



“Марказий ҳукумат Мирзақматов қайта сайланмаслиги учун ўзига қарашли КТР, ЭлТР, 5-канал ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали собиқ хокимнинг тўрт йиллик фаолиятидаги камчиликларини юзага чиқариб жамоатчиликка тақдим этаяпти. Мирзақматов ҳам ўзига қарашли ЎшТВ телеканали ва “Ўш Шаами” газетаси ёрдамида ўзига қўйилаётган айбларни рад этиб ўзини оқламоқда” - дейди Бакит Ибраимов.

Мирзақматов 2009 йилнинг бошида Ўш шаҳар ҳокими бўлиб тайинланганидан сўнг шаҳар ободончилиги ва ривожланиши учун кўзга кўринарли ишларни амалга оширди, дея унинг фаолиятига ижобий баҳо берадиганлар ҳам оз эмас. Ўшлик Илҳом Қасимовнинг таъкидлашича, Мелис Мирзақматовни ҳокимлиги даврида шаҳарда кўчалар асфальт қилиниб, ободанлаштирилди, шаҳар бюджетидаги маблағлар бир неча баробарга ўсди. “Унинг бажарган ишларини тан олиш керак, унгача ҳоким бўлиб ишлаганлар бундай ишлар қилмаган”.

Ўшдаги “Ди груп” таҳлилий марказининг раҳбари Муножот Тошбоеванинг фикрича, Мирзақматовнинг ишларини мақтаб, уни қаҳрамон қилиб кўрсатиш нотўғри. Чунки шаҳар ҳокими бўлгандан кейин бу ишларни бажариш унинг вазифаси эди. “Жаноб Мирзақматов бу ишларни бажариш учун чўнтагидан харажат қилгани йўқ. Уни мақтамай, бу жараёнларни оддий бир ҳол, дея қабул қилиш керак. Сайлов жараёнини ҳам одатий ҳолат. Бўлажак шаҳар ҳокими сиёсатчи эмас, кўпроқ “хозяйственник” бўлиши керак. “Шаҳарни қандай қилиб ривожлантириш мумкин?” деган савол устида бош қотирадиган, ўз олдига аниқ режа қўйиб иш юритадиган одам бўлиши керак. Олдимизда қанчадан-қанча ечилмаган муаммолар мавжуд” - дейди Муножот Тошбоева.



2010 йилнинг июнида содир бўлган қонли воқеалардан сўнг Ўш ва Жалолободни қайта тиклашда, жабрланганлар учун янги уйларни қуриш ишларида маҳаллий ҳокимият билан бирга қатор ҳалқаро нодавлат ташкилотлари ҳам қатнашган. Ўшдаги “Интербилим” нодавлат ташкилотининг раҳбари Гулгаки Мамасалиеванинг айтишича, шаҳарга янги ҳоким сайланса, бир қатор ноқулайликлар юзага келиши мумкин. “Шаҳар ҳокимиятининг ҳозирги таркиби билан ишлаш биз учун қулай. Агар сайловда Мелис Мирзақматов эмас, Айтмамат Кадирбаев янги ҳоким этиб сайланса, ҳокимиятнинг бўлажак янги ходимлари билан киришиб кетгунимизгача вақт ўтади ва бу ҳолат бизга ноқулайликлар туғдиради. Ҳар ҳолда биз эски ходимлар билан 4 йил давомида ҳамкорлик қилганмиз, уларни ўқитдик, кўмак кўрсатдик. Янги ходимларни ўқитиб, ўргатгунча вақт керак бўлади”, - дейди Гулгаки Мамасалиева”.

“Фарғона” агентлигига етиб келган сўнгги маълумотларга кўра, айни пайтда Ўш шаҳрининг марказий майдонида Мелис Мирзақматовнинг тарафдорлари митинги ўз ниҳоясига етмоқда. Бу ерга 4 мингга яқин одамлар ва шу жумладан, 60 нафар отлиқ чавандозлар тўпланган бўлиб, шаҳар ҳокимлиги биносини ишғол қилиш масаласини муҳокама қилишмоқда. Митингда сўзга чиққан Мелим Мирзақматов: “шаҳар ҳокимлигини эгаллаб олганингиз билан ҳеч нарса ўзгармайди, қайтанга мени ноқулай аҳволга солиб қўясизлар”, дея тўпланганларни бу ишдан қайтарди. “Бинони милиция қўриқлаяпти, улар бировга ўғил, бошқасига ака ёки ука бўлади. Уларга тегманг! Уларнинг айби йўқ. Балиқ бошидан сасийди, ҳаммаси юқорида ҳал бўлган. Биз провокатор эмасмиз. Баҳор келсин. Вақти келсин. Мен сизлар билан биргаман, сизларни сотмайман”, – деди Мирзақматов ва чавандозлар қуршовида машинада майдонни тарк этди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги