14:38 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик собиқ маҳбус: Колонияда ҳамма нарса одамларни йўқ қилишга йўналтирилган

14.01.2014 07:22 msk

Елена Урлаева тайёрлади

Неъматжон Сиддиқов қамалишидан олдин. Uznews.net фотоси

Фарғона вилоятининг Бувайда туманида истиқомат қилувчи Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг (ЎҲҲА) фаоли Неъматжон Сиддиқов ҳуқуқ ҳимоя фаолияти учун кўп маротаба таъқибларга учраган. Уни ўлдирмоқчи ҳам, уйига ўт қўймоқчи ҳам бўлдилар, ёлланган безорилар унинг оиласига бир неча бор тажовуз қилишган. Ўтган йилнинг 5 февралида юзга яқин одамлар машиналарда келиб Сиддиқовнинг Бувайда туманидаги уйини тошбўрон қилдилар, оила аъзоларини калтакладилар ва шундан сўнг Неъматжонга ва унинг уч нафар ўғлига қарши сохталаштирилган жиноий айблов қўйдилар.

Мазкур ҳужумдан бир неча кун олдин Сиддиқов ўғиллари билан бирга маҳаллий ҳокимият идораларига Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида контрабанда билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ ҳақида хабар берганди.

Неъматжон Сиддиқов ва унинг уч ўғли 6 февраль куни туҳмат (Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 моддаси) ва қасддан оғир тан жароҳати етказишда (104 модда) айблов билан ҳибсга олинди. Суд 2013 йил май ойида оила бошлиғини ва ўғилларидан бирини олти йилга озодликдан маҳрум этди, икки ўғил шартли уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Неъматжон Сиддиқов 2013 йил 31 декабрь куни кутилмаганда амнистия билан озодликка чиқди. 12 январь куни у ЎҲҲА етакчиси Елена Урлаеванинг олдига келиб, ўзбекистонлик маҳбусларнинг оғир аҳволи ҳақида сўзлаб берди. Шу билан у турмадаги маҳбусларнинг ҳаётида енгиллик бўлишини умид қилмоқда.

Елена Урлаева маҳбусликнинг биринчи кунлари ҳақида сўзлаб беришни сўради.

- Аввалига мени ўғилларим билан Бувайда тумани ички ишлар бўлимида ушлаб турдилар. Уччовимиз эни бир метр ва бўйига бир ярим метрли камерада, цемент полда ўтирдик. Ўтириб ухлаганимиздан танамизда қон юрмай увишиб қоларди. Бир кеча-кундуз давомида бизга егани овқат, ичгани сув беришмади.

Тергов давомида Қўқондаги тергов изоляторида сақладилар. Қўқон хонининг отхонаси бўлган бу турмада камералар “кенгроқ” экан – энига 2,5 ва бўйига 3 метр. Баъзида шундай камераларда ўн кишигача ўтирдик. Ёғоч полда иккита эски матрас тўшалган бўлиб, пахтаси деярли қолмаган экан. Бир кунда бир марта овқат беришарди. Камерада ўтирганимизда сўроқ давомида қийноққа солинаётган бошқа маҳбусларнинг дод-войларини тез-тез эшитиб турардик.

Шу изоляторда бизни етти кун ушлаб турдилар. Бу ерда милиционерлар қишга, қаттиқ совуқ бўлишига қарамай, маҳбусларнинг устига совуқ сув қуйишарди. Одамлар совуқ камераларда хўл кийимларда ўтиришга мажбур бўлардилар.

- Сизга нисбатан қийноқлар қўлландими?

- Йўқ, на менга ва на менинг ўғилларимга нисбатан қийноқлар қўлланмади.


Неъматжон Сиддиқов қамоқдан чиққанидан сўнг. Фотосуратни Елена Урлаева юборди

- Яна қаерларда ва қандай шароитларда бўлишингизга тўғри келди?

- Қўқондан мени ва уч ўғлимни Фарғонадаги турмага ўтказдилар. У ердаги камераларда бир неча маҳбуслар сақланар экан, одамлар увадаси чиқиб кетган кўрпа-чойшабларда ухлашар экан. Овқати эса фақат ҳайвонларга бергани ярайди, холос.

Бу ерда мен қийноққа солинган маҳбусларни кўрдим. Уларни ҳушидан кетиб қолган ҳолда камераларга кўтариб келишарди, қаттиқ калтаклардан баданлари кўкариб кетгани кўринарди.

Текширув ўтказилаётган пайтда маҳбусларни бир неча соат давомида чўккалаб ўтиришга мажбур қилишади, чидамай туриб кетган ёки йиқилганларни шавқатсиз калтаклашарди. Мен одамларнинг боши ва елкаларида синган таёқларни кўрдим.

Мен СНБ ва ИИВ ходимларининг зўравонликлари ҳақида Ўзбекистон президентига шикоят ёздим, аммо мактубларим турмадан ташқарига чиқарилмади. Шу муносабат билан мен очлик эълон қилдим.

Шундан кейин мени Тошкент шаҳридаги турмага этап қилдилар, у ерда 252-камерада ўтирдим. Тоштурмага рухини синдириш учун келганларни биринчи навбатда қаттиқ калтаклаб тепкилашар экан.

Ёзда жуда иссиқ бўлганди. Бир сафар назоратчилар битта камеранинг ичига 60 нафар маҳбусни қамадилар, тиқилинчда бир неча киши ҳушидан кетиб қолди. Бу жуда даҳшатли манзара эди.

- Сиз жазони ўтаган колония ҳақида сўзлаб берсангиз.

- Мен жазони Қарши яқинидаги Шайхали поселкасида жойлашган №61 колонияда ўтадим.

Бу колонияга маҳбуслар олиб келинганида, уларни биринчи навбатда “ломка”дан ўтказиб синдирадилар. Одамларни калтаклайдилар, бошини ва қўлларини нажосат билан булғаш учун унитазга тиқадилар. Яна маҳбусларнинг қўлига борона бериб, ер ҳайдашга мажбур қиладилар, бу жуда ҳам оғир иш.

Бу колонияда янги келган маҳбуслар учун уч ой карантинда туриш тартиби мавжуд. Шу муддат давомида уларни Ўзбекистон мадҳиясини ва бошқа қўшиқларни куйлашга, офицерлар билан саломлашишга, ғоз каби ўтириб юришга (гусинний шаг) ва бошқа ғайри оддий ҳаракатларга ўргатадилар.

Колонияда ҳамма нарса одамларни йўқ қилишга йўналтирилган: шавқатсиз шароитлар, тартибни бузмасангиз ҳам”сен тартибни буздинг”, дея таҳқирлашлар кенг тарқалган.

Мен кўрган маҳбуслардан бирининг товони калтаклардан йиринглаб кетган экан, уни операция қилдилар, акс ҳолда оёғини кесиб ташлашга тўғри келарди. Турма жарроҳи беморга ҳақиқатни гапиришни тақиқлаб қўйди: “Эсингда бўлсин, сени ҳеч ким урмаган, оёғингдаги яра эса ботинканг қисиб, қавариб кетганидан чиққан”.

Баъзи маҳбуслар ўз жонига суиқасд қилиб, ҳаётига нуқта қўярдилар.

- Неъматжон ака, нега Сиз маҳбуслар ва маҳкумларнинг турмада сақлаш шароити муаммосини кўтариб чиқяпсиз? Ахир озодликка чиққанларнинг кўпчилиги қайта қамалишдан қўрқиб, бу ҳақда индамасликни афзал кўрадиларку...

- Колонияда жазони ўтаётган пайтимда шу муассаса бошлиғи Фарҳод Одиловга маҳкумларнинг аҳволини яхшилаш талаби тўғрисида ариза ёздим, аммо бунга жавобан ўғилларимнинг қамалиши ва мени халқ душмани деб эълон қилишлари тўғрисидаги таҳдидларини эшитдим. Шунинг учун мен маҳбуслар ва маҳкумларнинг чидаб бўлмас шароитларда сақлаётганларига, уларга нисбатан системали тарзда қийноқлар қўлланаётгани ва таҳқирланаётганларига мансабдор шахсларнинг эътиборини қаратмоқчиман.

Мен шикоятларим махсус прокурорга, омбудсменга, Олий суд раисига ва мамлакат президентига етказилмаётгани учун бу колонияда уч марта очлик эълон қилдим. Аммо маҳкумларнинг шикоятларини ҳеч қаерга юборишмайди...

Мен Ўзбекистонда маҳбусларнинг аҳволи яхши томонга ўзгаришини истайман.

Елена Урлаева тайёрлади

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги