12:23 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Талончилар қўлга олинди, аммо бегуноҳ қамалган оқланармикан?

10.01.2014 17:07 msk

Фарғона

“Фарғона”ахборот агентлигига маълум бўлишича, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратураси бўлинмалари томонидан ўтган йили Тошкентда ёлғиз пенсионерларга нисбатан содир этилган қатор талончилик ва қотилликлар бўйича қўлга олинган икки гумонланувчилар ишининг тергови ниҳоясига яқинлашмоқда. Айни пайтда қўлга олинганлар Тошкентдаги тергов “ертўлаларидан” бирида сақланмоқда.

Шерше-ля-фам?.. (Аёлни изланг?..)

“Айни пайтда Қосимов ва Ўрозованинг айби деярли исботланган, улар 180 та жиноий эпизод бўйича иқрорлик кўрсатмаларини бериб бўлдилар, тез орада суд ҳукми эълон қилиниши билан уларнинг ҳар бири умрбод қамоқ жазосини ўтайдиган турмага алоҳида-алоҳида этап қилинади, - дейди Тошкент ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манба номи сир қолиш шарти билан. “Менга қўйса, бунақаларни тергов ҳам суд ҳам қилиб ўтирмай отиб ташлардим...”, - дейди орган ходими.

Тергов давомида маълум бўлишича, икки кишидан иборат жиноий тўда 2010 йилдан бери ўзининг жиноий ҳаракатларини яшириш учун балоғатга етмаган ёш болани ҳам ишга солиб келган. Талончилар нафақат Тошкент шаҳрида ва пойтахт вилоятида (асосан Чирчиқда ва Ангренда), балки республиканинг бошқа вилоятларида ҳам “иш олиб боришган”. Буни қўлга олинганларнинг ўзлари тергов давомида айтиб бердилар. Улардан авиачипталар ҳам топилди.

“Фарғона”суҳбатдошининг айтишича, бутун мамлакатни даҳшатга солган жиноий “саргузаштлар” уч йил давом этган бўлиб(матбуотда фақат икки йил деб хабар берилган). Милиция ўтган йилнинг сентябрида пенсионер аёллардан бирининг хушёрлиги туфайли талончиликда гумонланганларнинг изига туша олди.

Гумонланувчилар қўлга олинганига уч ой бўлганига қарамай, уларнинг бирорта қариндоши тергов изоляторига келиб хабар олиш истагини билдиргани йўқ. Ўрозованинг 12 ёшли қизи тергов ҳаракатларидан сўнг бобоси ва бувисининг қўлига топширилди.

“37 ёшли Қосимовнинг Зангиота қишлоғида яшайдиган ота-онаси шу чоққача ўзларига келолмай ўтирибдилар, - дея давом этади суҳбатдошимиз. – Улар бунақа ўғлимиз йўқ, дейишяпти. Салкам қирқ ёшни уриб қўйган жиноятчи ҳурматли оиланинг фарзанди. Қосимов учта боласи билан хотинини ташлаб яширин равишда ўз тақдирини янгийўллик беодоб ва шавқатсиз аёл билан боғлаганида унинг ота-онаси қаттиқ қаршилик қилганди. Кейинроқ маълум бўлишича, Ўрозова олдин ҳам маълум доираларда жиноятга мойиллиги билан танилган, биринчи турмушидан балоғатга етмаган фарзанди борлигига қарамай, бир неча бор маҳаллий милициянинг назарига тушган. Қосимовлар оиласи ўғлининг бошига тушган ҳамма бало шу маккора ва виждонсиз аёл туфайли деб ҳисобламоқда”.

Қосимовнинг ота-онаси айтишича, иродаси бўш, ишёқмас ўғил Ўрозова билан танишган пайтда ишсиз бўлгани ҳам кейинги жиноий воқеаларнинг амалга ошиши учун туртки бўлган, дейди суҳбатдошимиз. Ўғил ота-онасининг уйига борган сари кам келадиган, ота-онасининг “нима иш қилиб юрибсан?” деган саволига ижирғаниб, гапни бошқа томонга бурадиган бўлиб қолганди.

Сўнгги талончилик

Чилонзор тумани 6 квартал №17 уйнинг қари бекаси Галина Браилчукга қарши 2013 йил 26 сентябрь куни амалга оширилган босқинчилик ҳужуми криминал дуэт биографиясидаги сўнгги эпизод бўлиб қолди.

Гувоҳларнинг берган кўрсатмаларида айтилишича, ўта дадил босқинчилик ҳужуми кундузи амалга оширилган. Жабрланган аёл яшайдиган хонадон эшигини 10-12 яшар қиз тақиллатди. Эшик очилиши билан қизча “менинг Кешам (тўтиқуш) сизникига учиб кирибди”, дея балконга қараб чопади. Ҳеч нарсадан бехабар кампир унинг ортидан эргашади ва турган гап, ортидан хонадонга кириб келаётган эркак ва аёлнинг кўрмайди...

Шундан кейин одатдагидек, кампирни бошига уриб ҳушидан кетказдилар (баъзида қурбонларни бўғишган), қўл-оёғини боғлаб, оғзига скотч ёпиштирдилар. Тергов давомида аниқланишича, жабрланганларнинг аксарияти олинган жароҳатлардан эмас, кутилмаган ҳужумдан саросимага тушиб, юрак ва қарилик билан боғлиқ муаммолар туфайли жон таслим қилдилар.

Аммо бу сафар кампирнинг омади келган экан, бир қават қуйида яшайдиган қўшни аёл дугонасидан хабар олгани чиқаётганида хонадонни шошилинч равишда тарк этаётган бегона одамларга юзма-юз тўқнашди. У ўша заҳотиёқ ҳодиса содир бўлган жойга милиция ходимларини чақирди.

Уйнинг ёнида турган машиналардан бирининг эгаси видеорегистраторни ўчирмай кетгани қўл келди: милиция жиноятчиларнинг видеотасвирини қўлга киритишга муваффақ бўлди, аммо видеёзувда улар ўтириб кетган машинанинг давлат рақами тўлиқ кўринмади. Автомобилнинг русуми, ранги маълум бўлгани учун изқуварлар уни қийналмай топдилар.

“Фарғона”суҳбатдошига кўра, Қосимов ва Ўрозаванинг уч йил давом этган жиноий фаолияти давомида ўзини ҳимоя қилишдан ожиз ва асосан аёллардан иборат қарияларга деярли 200 марта ҳужум қилинган. Шундай босқинчилик ҳолатларининг йигирматасида жабрланганлар ҳалок бўлдилар.

Проскурякованинг ўлдирилиши ҳам Ўрозова-Қосимовнинг ишими?

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими“Фарғона”мухбири билан суҳбат давомида Ўрозова ва Қосимов содир этган деярли 200 та жиноятларнинг баъзилари учун бегуноҳ айбланиб қамалганлар ҳам бор. Унинг баъзи ҳамкасблари ҳам бу фикрга қўшилмоқда.

63 ёшли бувиси Людмила Проскуряковани шавқатсизлик билан ўлдиришда айбланиб қамалган 18 ёшли тошкентлик Илья Проскуряков ҳам шундайлардан бири. Ўтган йили пойтахтнинг ТТЗ массивида гўё “ҳали совимаган излар ортидан” фош этилган жиноят бўйича терговчилар ҳеч нарсадан бехабар ўспиринни биргина бувисининг бошига урилган ҳайкалчада йигитчанингн бармоқ изларини топганлари сабабидан қотилга чиқариб қўйдилар.

Шу ерда савол туғилади: ёш йигитча бувисиникида деярли доим яшаб келаётганини, хонадондаги буюмларни доим ушлаб юргани ҳисобга олинса, бошқача бўлиши мумкинмиди? Терговчилар Илья онаси ва опаси билан қотиллик содир этилган 6 апрель куни Тошкент вилоятининг Бектемир поселкасидаги қариндошлариникида бўлганига ҳам эътибор бермадилар.

Ильянинг “пўлат” каби мустаҳкам алибиси ва бетондек далиллар суд томонидан эътиборга олинмади ва Проскуряков қотилллик содир этилган куннинг эртасигаёқ ўта хавфли жиноятчи сифатида Тоштурмага ташланди.

Пировардида, суд Илья Проскуряковни 18 ёшида ўзининг қадрдон бувисининг қотили сифатида айбдор дея тан олди ва 16 йилга озодликдан маҳрум этди. Онаси Антонина Проскурякованинг билдиришича, ўспирин милиционерларнинг шавқатсиз босими ва қийноқлари туфайли ўзи содир этмаган жиноятга иқрор бўлган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларга кўра, йигитчани камерада дўззах азобларига менгзаган қийноқларга солиб, ўласи қилиб қўрқитишган. Ҳуқуқ ҳимоячиларннг таъкидлашича, маҳаллий милиция ҳақиқий жиноятчиларни ушлашдан манфаатдор эмас: уларнинг мақсади - иложи борича очилмаган жиноятлар бўйича кўрсаткичларни камайтиришдан иборат.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг бу каби ҳаракатларининг натижаси ўлароқ, бегуноҳ одамларга нисбатан жиноий ишлар сохталаштирилмоқда ва узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилмоқда. Бу одамлар қийноқлардан, яқинлари ва қариндошларига нисбатан босим ўтказилишидан қўрқиб, ўзлари содир этмаган жиноятлар учун айбни бўйинларига олишмоқда...

Мисол учун, Илья Проскуряков онаси билан учрашув чоғида погон таққан кишилар томонидан қўлланаётган даҳшатли қийноқлар ва калтакланишлар тўғрисида кўп нарсаларни айтиб беришга улгурди. Онасининг: “нега ўзингни айбдор деб тан олдинг, ахир ўлдирмагансанку?” деган саволга хўрсиниб: “Ойи, мен яшашни истайман!”, дея олди, холос.

Муштипар она ҳозиргача идорама-идора юриб, ишни қайта кўриб чиқишни талаб қиляпти, аммо шу чоққача бирорта маъноли жавоб ололгани йўқ.

Илья ноябрь ойида Қаршидаги умумий тартибдаги колонияга этап қилинди, Uznews.Net хабар беришича, умидини узган аламзада она декабрь ойининг бошида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига мактуб йўллади.

Хатоларни тан олиш – мундир шаънига доғ туширишми?

“Кўпчилик Илья Проскуряков чиндан ҳам ўз бувисини ўлдирмаган, деб ҳисоблаяпти, ҳақиқий жиноятчилар топилиши билан буни исботлаш қийин эмас, - дея давом этади суҳбатдошимиз. – Боз устига, бегуноҳ боланинг суди октябрда бўлиб ўтди. Гумонланувчилар ҳам ўша пайтда қўлга олинганди. Икки-уч марта юзма-юз учрашув ўтказилганида, ҳақиқий жиноятчиларни “сайратиш”, терговни қизиқтирган барча керакли саволларга жавоб олиш мумкин эди”.

Бироқ, мутахассисга кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва тергов органларида хизмат давомида йўл қўйилган хатоларни тан олмаслик одат тусига кириб қолган. Акс ҳолда, хатога йўл қўйган ходимларга нисбатан жазо чораларнинг кўрилиши, погонлардаги юлдузчалар сонининг камайтирилиши, берилган мукофот пулларининг қайтарилиши етмаганидек, бутун тизимнинг обрўсига футур етказиш мумкин. Орган ходимлари ўзларини оқлашининг мантиқи жўн: ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверсин, эски ишларни титкилашнинг нима кераги бор? Энг асосийси, содир этилган жиноят бўйича ўз вақтида ҳисобот берилди, боз устига, айбдорнинг ўзи гуноҳларини тан олди...

Шундай обрўли идораларнинг ходимлари ўз хатоларини тан олиши яхши эмас, жиноят “совумаган изларортидан” очилди: операцияни амалга оширган ўнлаб одамларни мукофотларни қайтариб беришга мажбур қилиб бўлмайдику!

Аммо суд-тергов ҳаракатларидаги чигалликлар ортидан ёш йигитнинг тақдири вайрон бўлаётганиҳеч кимни ташвишга солмайдими?

“Тергов-суд тизими алғов-далғов шароитида “проскуряков” ишининг қайта кўрилишига умид қилмаса ҳам бўлаверади, - дея хулоса қилади суҳбатдошимиз. - Энг аввало, тергов-назорат доираларининг каттакон амалдорлари “ем тўла охур”дан маҳрум бўлиб қолмаслик учун бунга тиш-тирноқлари билан қаршилик қиладилар. Проскуряков каби ёш бола бунақанги катта ўйинда ҳеч нарса эмас...”

Ўз ахб.

“Фарғона”халқаро ахборот агентлиги