23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Гулнора Каримова: “Эътибор беринг, мен демократия сўзини ишлатмаяпман”

10.01.2014 13:35 msk

Умида Ниязова блоги

Ўзбекистонлик чекистлар билан президентнинг тўнғич қизи ўртасидаги “уруш”да Гулнора Каримова ғалаба қозонса, нима бўлади? Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форумининг раҳбари Умида Ниязовага кўра, мамлакатда Ислом Каримов яратган ҳокимият тизимининг ўзгаришига олиб келмаслиги аниқ...

* * *

Президент оиласидаги инқироз Ўзбекистонни мамлакатдаги ҳақиқий аҳволдан бехабар, холис, объектив ахборотдан ажратиб қўйилган одам бошқараётганини кўрсатиб қўйди.

Мана бир неча ой бўлибдики, одамлар Гулнора Каримова билан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ўртасидаги тортишувни қизиқиш билан кузатиб бормоқда. Президентнинг тўнғич қизи хорижий нашрларга тўхтамай интервью бериб, СНБ ва прокуратура ходимларини коррупцияда, ҳокимият учун курашда, фитналарда ва бошқа кўплаб жиноятларда айблаб келмоқда.

Унинг айтишича, ҳаммаси синглиси Лола Каримова-Тиллаеванинг Би-би-си нашрига отасининг обрўсини тўкувчи интервьюдан бошланди. Нега энди анча эҳтиёткорлик билан берилган интервью Гулноранинг тақдирида шундай бурилиш ясади?

Ахир унинг отаси – деярли чорак асрдан бери мамлакатни бошқараётган Ислом Каримовнингдиктатор сифатида танилганига анча бўлдику.

Гулноранинг айтишига кўра, унинг отаси оиласида бўлаётган ишлардан бехабар эмиш. Демак, юртбоши бутун мамлакат аҳолиси ўртасида муҳокама бўлаётган гаплардан бехабар эканда. Шу ерда ўринли савол туғилади: Ислом Каримов амалда мамлакатни ўзи бошқаряптими? Уч қатор қўриқчилар қуршовида, ахборот изоляциясида қолган ёши бир жойга бориб қолган инсон мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга холис баҳо беришга қодирми? Президентнинг қабулига кимни киритиш мумкину, кимга тақиқлангани тўғрисида қарор қабул қиладиган одамлар ким ўзи?

Сарой деворлари ортида аслида нималар бўлаётгани раъият учун номаълум бўлиб қолаётгани билан Ислом Каримов ўзи барпо этган тизимнинг асири бўлиб қолгани кўриниб турибди.

“Ҳаммаси Лоланинг интервьюсидан бошланди...”, дейди Гулнора. Йўқ, ҳаммаси анча олдин бошланган. Интервьюгача сиёсий мухолифат йўқ қилинди, матбуот устидан ёппасига назорат ўрнатилди, барча ўзгача фикрловчилар таъқиб остига олинди. Гулнора Каримованинг таъкидлашича, у ўз лойиҳаларига қаттиқ берилиб кетганидан мамлакатда нималар содир бўлаётганини англай олмай қолган. Бу гапларга ишонса бўладими? Наҳотки Андижондаги қўзғолоннинг шавқатсиз равишда бостирилишини, оммавий коррупцияни ва ёппасига цензурани кўрмай бўлади?

Гулнора ўзининг фош этувчи твитлари билан анчадан бери пишиб етилган йирингли чипқонни очиб ташлаганига шубҳа йўқ.

Каримова хоним босар-тусарини билмай қолган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига қарши ўзининг курашидан қандай манфаатларни кутмоқда? Авторитар тузумни яратган отаси бошқаруви остидаги Ўзбекистон қонунлар тан олинмайдиган, адолат судларни кундузлари чироқ билан ҳам топиб бўлмайдиган ва мустақил журналистлар таъқиб этиладиган мамлакатга айланганини тан оладими? Сиёсий рақибларни мунтазам равишда йўқ қилиш каби кўплаб жиноятлар учун айнан Ислом Каримов масъул. Ҳокимият тизгини айнан унинг қўлида бўлган ва у демократия йўлидан бориши, сиёсий ислоҳотларни бошлаши мумкин эди, аммо бунинг ўрнига у ҳар қандай йўл билан тахтга маҳкам ўрнашиб олишни мақсад қилиб олди, холос.

Ўзбекистон реал сиёсий ислоҳотларга муҳтож бўлган ҳолда мамлакатда нормал ривожланиш учун зарур бўлган демократик институтлар барпо этилгани йўқ. Эркин оммавий ахборот воситалари, мустақил суд, чинакам сиёсий мухолифот, кучли фуқаролик жамияти – бу механизмлар на диктаторга ва на уни қуршаб турган ўғри мулозимларига керак эмас.

Гулнора Каримова эса “The Telegraph” сайтига интервьюда “ривожланган ва маърифатли жамият” учун курашаётганини таъкидлаб, “демократия” сўзини ишлатмай келаётганини алоҳида қайд этмоқда.

Аммо жамиятни зўравонликдан ва коррупциядан ҳимоя қилиш учун, уни ривожлантириш учун демократик институтлар зарур. Агар бугунги Ўзбекистонда эркин матбуот ва мустақил суд мавжуд бўлганида мазкур механизмлар Гулнора Каримовага твиттер-лентага қараганда анча самаралироқ ёрдам берган бўларди. Унга қарашли телеканаллар мамлакатда содир бўлаётган ҳақиқатни оз бўлса ҳам одамларга етказишга ҳаракат қилдими? Афсуски, бундай эмас.

Гулнора Каримова чиндан ҳам қийин аҳволга тушиб қолди. У ўзининг тижорат фаолияти тўғрисидаги жиддий саволлардан қўрққани боис журналистлар билан бевосита мулоқотга чиқишдан қўрқади. Гулнора МХХ дея ном олган ёвузлик тизимига қарши курашаётганигқ қарамай унинг ўзига бериладиган саволлар жуда кўп. Мисол учун, Швециянинг TeliaSonera телекоммуникация компанияси нега Гулнора Каримовага яқин бўлган одамнинг номига Гибралтарда рўйхатга олинган фирмага 320 миллион доллар ўтказди? Хайрия ва ижтимоий лойиҳалар устида ишлаб Швейцарияда вилла сотиб олиш учун 18 миллион доллар пул топишнинг иложи борми? Нега энди унинг собиқ эри “Кока-Кола” компаниясининг мамлакатдаги шўъбасига раҳбарлик қилганда, бутун мамлакатни фақат “Кока-Кола” ичимлигини истеъмол қилишга маҳкум бўлди?

Бунақа саволлар кўп ва уларга жавоб бериш осон эмас.

Сўнгги йиллар давомида халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари Гулнора Каримованинг жамоатчилик фаолиятини кўп танқид қилиб келдилар. Аммо тан олиш керакки, Ўзбкистондаги мафиялашган, коррупциялашган ҳокимият тизимини Гулнора яратмаган. У фақат отасининг фамилияси ҳимоясида ушбу тизимнинг барча моддий бойликларидан фойдаланган, гарчи лойиқ бўлмасада давлат лавозимларини ва мансабларини эгаллаган. Энди роллар ўзгарди, ҳозир бошқалар мамлакатни талон-тарож қилиш ҳуқуқидан фойдаланмоқда.

Шу ерда Гулнора Каримованинг омади келсин, дегинг келади. Агар унинг сайъ-ҳаракатлари ортидан Рустам Иноятов истеъфога чиқиб кетса, кўплаб ҳалол одамлар у билан бирга қувониши муқаррар.

Аммо кейин нима бўлади?

Иноятовнинг истеъфога чиқиши унинг отасига таянч бўлиб турган тизимнинг ўзгаришига олиб келмайди.

Умида Ниязова

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама