05:26 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Сафар Бекжон: “Ўзбек мулозимлари ва олигархлари пулларни Ўзбекистон халқига қайтариб берсин”

26.12.2013 09:39 msk

Фарғона

Фотосуратда: Гулноора Каримованинг Женевадаги ҳашаматли уйини эгаллаб олган Сафар Бекжон. Фото © “Фарғона.Ру”

Душанба куни эрталаб Гулнора Каримованинг Женевадаги уйига ноқонуний равишда кириб олган одам – таниқли ўзбек ёзувчиси, Халқаро Пен-клубнинг аъзоси, диссидент, тўрт йил турмада азият чекиб, муҳожирликка чиқиб кетган Сафар Бекжон бўлади. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида у Ўзбекистон президенти билан бир неча бор учрашган, ўшанда Ислом Каримов сиёсатчи ва жамоат арбобига турли юқори амалларни эгаллашни таклиф этган ва мухолифатчи бу таклифларни рад этганди. Ҳозирги кунда эллик икки ёшга кирган Сафар Бекжон саксонинчи йилларда Ўзбекистон Ёшлар ҳаракатининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган ва айни пайтда фаолияти республикада тақиқланган “Бирлик” Халқ ҳаракати ва “Эрк” партиясининг ташкилотчиларидан бири бўлган эди. Ислом Каримов 2011 йилда Европага ташриф қилганида у телекамералар олдида рамзий “режимнинг тобути” тасвирланган плакатларни кўтариб чиққанди.

Сафар Бекжон ўн беш йилдан бери Швейцарияда истиқомат қилиб келаётганига қарамай, рус тилида яхши сўзлашади. Биз Ўзбекистон президентининг қизига қарашли уйни ишғол этиш билан боғлиқ ушбу ғайриоддий акциянинг сабабини аниқламоқчи бўлиб у билан боғландик. У биз билан “Скайп” орқали Гулнора Каримовага қарашли Женеванинг Колони даҳасида жойлашган уйнинг фақат темир сейфлар ва кўзгулар турган бўш хоналардан хоналарига ўтиб гаплашди, унинг ортида турган буюм ва жиҳозларда эса полициячилар қолдирган инвентар рақамлари кўриниб турарди.

“Фарғона”: - Сиз ҳозир уй ичида юрибсизми?

- Ҳа, сигнализация бор бўлиши мумкин, деб қараб юрибман... Муаммоларга тоқатим йўқ.


- Уйга қандай қилиб кириб олдингиз?

Калитларни (бир боғлам калитларни кўрсатиб) илгари Гулнора билан ишлаган одамлардан олдим. Бунинг учун кўп ойлар давомида ўз текширувимни ўтказишга тўғри келди.

Гулнора Каримованинг уйини ишғол қилиш ғояси қачон пайдо бўлди сизда?

-Швейцарияда яшаётганимга ўн беш йил бўлди. Шу давр мобайнида мен Ўзбекистон муаммолари билан шуғулланиб келаман, шунинг учун у ерда содир бўлаётган ишлардан хабардорман. Гулнора Каримова бу ерда 19,5 миллиион швейцария франкига участка сотиб олганини эшитганимда, бу 20 миллион доллардан кўпроқ бўлади (швейцария матбуоти маълумотига кўра, Ўзбекистон президентининг қизи бу уйни 2009 йилнинг январида 18,2 миллион долларга сотиб олган), мен ўзимга ўзим савол бердим: у бу пулларнинг келиб чиқишини исботлай оладими? Мен ўзимнинг Uzdemfundsuisse.blogspot.ru блогимда бу пулларнинг келиб чиқиши ноқонуний деб ёздим. Бир кун албатта суд бўлади. Аммо у қулоқ солмади ва шу уйни қурди. Қанча пул сарфлаганини билмайман. Кейин уй ичининг дизайнини бажаришди, бунга қанча миллион доллар сарфладилар? Бир мунча вақт мен индамай юрдим, унинг дипломатик дахлсизлик мақоми тугашини кутдим. Дахлсизлик тугаганида у болаларининг ўқишига қарамай шошилинч равишда кетди. Мен ўшандаёқ уйни ишғол қилишни режалаштиргандим, аммо қарасам, бу ерда прокуратура ва тергов органлари текширув бошлаб юбордилар. Текширувлар узоқ давом этди, бу ердаги нарсаларнинг ҳаммаси муҳрлаб қўйилган (қизил рангли бўйи тахминан бир метрли сейфни кўрсатмоқда).


Женева кантони кўчмас мулки реестрига мувофиқ, 7 Chemin de la Prévôté, Cologny, Geneva манзилида жойлашган умумий майдони 2473 квадрат метрга тенг ҳамда ўз таркибига икки уй ва учта ёрдамчи хоналарни ўз ичига олган иншоотлар ва ер участкасига 1972 йил 8 июль куни туғилган Goulnora Karimova эгалик қилади.

- Уйда сейфлардан бошқа қимматбаҳо буюмлар борми?

- Бу кичкина сейф. Уй тўрт қаватли. Ҳар бир қаватда ва ертўлада каттароқ сейфлар бор. Ичи тўла. Уларнинг баъзилари муҳрлаб қўйилган, бошқалари бўшлиги учун очиқ қолган. Мен ҳаммасини фотосуратга олдим, бир бутун фильмга етадиган материал тўпладим. Уй ҳашаматли – ҳатто кинозали ҳам бор... Буюмларнинг ҳаммасини прокуратура ва тергов органлари рўйхатга олиб рақамлаб кетган. Менимча уларни баҳолаб, ҳужжатлаштиришган бўлса керак. Уларга қарши жиноят ишларини очиш учун далилий ашёлар излашган. Аммо тергов ишлари охиригача етгани йўқ. Барибир болалари кела олмайди. Ҳеч ким бу ерда яшай олмайди. Чунки суд хали тугамаган.

Ўзбекистоннинг Швейцариядаги элчихонаси индамадими? Улар полицияга мурожаат қилдиларми? Полиция сизнинг олдингизга келдими? Умуман олганда, улар сизга эътибор бердиларми?

- Ҳа, Ўзбекистоннинг расмий органлари маҳаллий жандармерияни бу уй дипломатим мақомга эга, бу Ўзбекистон ҳудуди бўлгани учун бу одамни зудлик билан чиқариб юбориш керак, деб алдадилар. Расмийлар келиб менга шундай-шундай экан, дейишди. Мен улар ёлғон айтибдилар, дедим. “Агар уй чиндан ҳам дипломатик мақомга эга бўлганида, бизнинг прокуратура бу уйда тинтув ўтказа олмаган, терговчиларимиз эса ҳафталаб ўтирмаган бўлардилар”, - дедилар полициячилар. Мен уларга БМТнинг Женева бўлимига мурожаат қилиб, дипломатик мақом ҳақида сўров юборинглар деб маслаҳат бердим. Улар ўша заҳотиёқ шундай ариза бердилар. Каримова дипломатик мақомга эга эмас, деган жавоб келди.


- Ушбу акциядан қандай натижаларни кутяпсиз? Гулнора судга беришиними ёки Ўзбекистон судга беришиними? Сиз судда қатнашишга тайёрмисиз? Бироқ агар улар индамай тураверсалар, полиция ҳам ҳеч қанақа чора кўра олмайдику, дипломатик миссия ҳам ҳеч нима қилмаса, Гулнора Каримова ҳам ҳеч нима қилмаса, оқибатда бу уй сизники бўлиб қоладими? Ўша ерда яшайсизми?

- Биз бу бинога вақтинча менинг UzDemFundSuisse фонди, яъни мен раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг офисини шу ерга кўчирамиз. Агар бу вилладан узоқ вақт давомида ҳеч ким фойдаланмаган бўлса, шу ерда диктатура билан узоқ вақт давомида курашиб келган мухолифатчи бўлса ва унинг пули ҳам, офиси ҳам бўлмаса, унинг ҳақи йўқми? Диктатурани қулатмагунимизча, бундан вақтинча фойдаланиб турамиз. Агар бирор киши халқаро аренада туриб менга “бу ишинг ноқонуний”, деб айтса, унда менга шу ернинг бирор жойида офис қилиб берсин ва унинг пулини тўласин, ўша ерда туриб одамларни тўплайман ва ўша ерда диктатурага қарши курашаман. Агар “диктатурага қарши куршама”, деб айтсалар, унда менга диктатуранинг тарафдорларимиз деб айтишсин. Бу ҳатто Швейцария учун ҳам ҳал қилиниши қийин бўлган нозик масала. Мен бу ерда 15 йилдан бери яшайман. Уларга ҳам ҳаммасини исботлаш қийин. Мен ҳам осонгина ташлаб кета олмайман. Диктаура қанча давом этади, Каримов кетмагунича суд процесси бўлмайди. Мен Гулнора бу ерга келиб суд процессида иштирок этади, деб ўйламайман. У қўрқади. Унинг номидаги пуллар боис.

Мен давлат одамиман. Муҳожиротда бўлганим боис сиёсат билан шуғулланишга мажбурман. Агар Ўзбекистонда бўлганимда, мен давлат ишида ишлардим, маслаҳатчи бўлишим ёки давлат қурилиши бўйича дарс берардим. Аммо мен шундай дедим: агар ишни давом эттирсангизлар, бу ерда ҳисоб рақамларини очган 700 кишига қарашли ноқонуний пулларни музлатиб қўямиз.


700 та одам эканлигини қаердан билдингиз?

- Швейцария прокурори айтди. 724 та ҳисоб счетлари бор экан, хусусий, фирмалар ва бошқалар.

Фақат Кока-Колага қарашли ҳамда Гулнора Каримованинг қандайдир яқинларига қарашли ҳисоб рақамалари ҳақида гапирилганиди...

- Бу ерда менинг ҳам ҳисоб рақамим бор, ойлик маошим ўтказилади унга. Менинг ҳисоб-варақам ҳам текширувдан ўтказилди, чунки Ўзбекистон фуқаролиги билан боғлиқ одамлар пул ювиш билан боғлиқ деган гумон бор. Дўстларим олдида ўнғайсиз ҳолат бўлди. Бу ерда 10-15 йиллардан бери яшаб келаётган бошқа ўзбекистонликлар ҳам шу аҳволга тушдилар.

Гулнора ва унинг шериклари чин кўнгилдан пуллари ноқонуний эканлигини тан олишлари керак. Ҳамма пулларни тўплаб, Ўзбекистоннинг кейинги, янги ҳукуматига топшириш керак. Ҳозирги ҳукуматга пуллар қайтарилмайди.

- Бошқа мухолифатчилар билан алоқангиз борми?

- Ўзбекистон мухолифатидан ҳеч ким билан алоқам йўқ. Аввал “Эрк”, “Бирлик” аъзоси эдим, раҳбарлик ҳам қилдим. Ҳозир ҳеч ким билан алоқа қилмай қўйдим, улар учун нейтралман, швейцария ва бошқа сиёсатчи мутахассислар учун ҳам шундай. Бу ердаги ассоциацияга раҳбарлик қиламан, холос. Уларнинг орасида швейцарияликлар ва Ўзбекистон демократияси учун кичкина фонд бор. Гулнора Каримова мени турли махсус хизматлар, ташкилотлар билан алоқада айблаган экан. Қайтариб айтаман, мен ҳеч ким билан алоқада эмасман. Бизнинг асосий сиёсий мақсадимиз – ўзбек мулозимлари ва олигархларини Ўзбекистон халқига пулларни қайтариб беришга мажбур қилиш.

-Бу уйда қачонгача қоласиз?

- Бу ерда сафдошларим билан ишлайман, мен билан ишлаётган одамларни халқаро ҳамжамиятга танитаман. Бу ерда Ўзбекистон иқтисодиётини, халқаро юрсдикцияни яхши биладиган мутахассислар бор. Улар мен билан бу ерда режимнинг кирдикорларини фош этадилар. Бу уй бизга штаб-квартира бўлади. Ўзбек мулозимларига қарши. Уларнинг аҳволи бундан-да ёмон бўлади, мен уларни фош қилишга мажбур бўламан. Бу ерда пулларини сақлаётган ўзбек мутасаддилари ҳақида шунчалик кўп маълумот бор менда. Аммо мен бу ўғри-мутасаддиларни отиб ташлашларини истамайман. Одамлар айбини бўйнига олиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлсинлар, шу керак менга. Одам учун руҳий жазо – энг катта жазодир.

- Тунни қаерда ўтказдингиз? Гулноранинг ётоқхонасидами?

- Бу саволни сиз биринчи бўлиб бераётганингиз йўқ. Мен целофанда тунадим деб жавоб қайтардим. Мен бировнинг ётоғига, оилавий қадрланадиган буюмларига тегмайман. Гулнора бирор кишини юбориб олиб кетиши мумкин, агар бу ерда яшаш ҳуқуқини исботлай олса. Кейин, мени таҳқирламаслигини истайман. Аввалига у мени (Твиттерда) сўкди, кейин бўлса ҳаммасини олиб ташлади. Аммо мен уни ҳеч қачон сўкмаганман, ҳақорат қилмаганман.


Даниил Кислов суҳбатлашди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги