23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири АҚШ Давлат котибининг ўринбосари билан учрашди

10.12.2013 20:14 msk

Фарғона

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида иккитомонлама консультацияларнинг тўртинчи босқичи 2013 йил 9 декабрь куни бўлиб ўтди. Абдулазиз Комилов бошчилигида ўзбек делегацияси АҚШ Давлат котибининг биринчи муовини Уильям Жозеф Бернс билан учрашди, дея хабар беради UzDaily.uz. Суҳбат давомида ўзбек-америка муносабатларининг долзарб масалалари, шу жумладан, аввал эришилган келишувларнинг бажарилиши муҳокама этилди, халқаро ва минтақавий характердаги алоҳида муаммолар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, томонлар қониқиш билан Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг олға интилиб ривожланаётганини қайд этиб ўтдилар.

Уильям Бернс 2005-2008 йилларда АҚШнинг Россиядаги элчиси, 2008 йилдан бошлаб АҚШ Давлат котибининг ўринбосари бўлиб ишлаган. 2012 йилда Ўзбекистонга ташриф билан келиб, минтақавий хавфсизлик ва АҚШ ва НАТО Афғонистондаги миссиясини муҳокама қилиб олган. Қайд этамиз, Уильям Бернс минтақадаги вазият билан жуда яхши таниш, шунинг учун у билан ўтадиган учрашувлар одатда, умумий масалаларни муҳокама қилиш билан чекланиб қолмайди.

Мисол учун, у 2009 йил 13 июль куни у Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашган. Учрашувда АҚШнинг Тошкентдаги ҳозирги элчиси Майкл Макфол ҳам иштирок этган. Олий мартабали америкаликлар томонидан дипломатик депеша орқали ҳисобот тарзида юборилган ушбу суҳбат тафсилотларини кейинчалик “Викиликс” ўзининг сайтида чоп этганди. КП бўлиб ўтган консультацияларда муҳокама этилган муаммолар доирасини акс эттирувчи ушбу ҳужжатдан баъзи қизиқарли лавҳаларни келтирган эди: “Суҳбат 3 соат давом этди. Президент Каримов Америка-Ўзбекистон муносабатларида янги саҳифа очиб, умумий манфаатлар асосида ишончни тикламоқчи бўлаётгани ҳақида Бернсни ишонтирган. Каримов хавфсизликнинг асосий муаммоси бўлмиш Афғонистон ҳақида гапира туриб, бу мамлакатда барқарорликни тиклаш учун Россияга эмас, балки АҚШга умид қилаётганини билдирди. Каримов Россиянинг Марказий Осиёдаги “империялик амбициялари” ҳақида узоқ мулоҳаза юритган. Шу билан бирга, у бир неча бор “АҚШ унинг ортида Россия билан келишиб олмасин”, деб сўраган”...

Унга кўра, Россия Ўзбекистоннинг ва Марказий Осиё мамлакатларининг Эрон ва Жанубий Осиёнинг портларга ва бозорларига чиқишини истамайди. Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши эса айнан шунга имконият яратади. У, шунингдек, америка инвестцияларининг Афғонистонга бориши Россияга ёқмаслиги ҳақида уқтирган. Бу эса Афғонистонда тинчлик ўрнатилганда имкониятли бўлади, холос.

Каримов АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида Афғонистонга ноҳарбий юкларнинг тижорат транзити тўғрисидаги келишув муҳим мантиқий қадам бўлиб қолганини айтган... Аммо уни АҚШ ва Россия ўртасидаги жангарвор қурол воситаларининг транзити тўғрисидаги келишув ташвишлантирмоқда. У Россия ўзини ёрдам бераётгандек кўрсатаётганини, аммо русларга ишониб бўлмаслигини таъкидлаб ўтди. Амалда Россиянинг ҳиссаси аввал-бошда кутилганидан анча кам бўлиб қолиши мумкин. У 2005 йилда Россия билан истамайгина ҳамкорлик қилишни бошлаган. Андижондаги воқеалар, Ғарб бошлаган “ахборот уруши” уни ёрдам сўраб Москва ва Пекинга мурожаат қилишга “мажбур қилган”.

Каримов русларнинг собиқ СССРдаги мақсадларини қаттиқ танқид остига олган. У Россия ОДКБни (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини) “антиНАТО” ролини бажариш учун яратганда айблади. Унга кўра, ОДКБнинг бор-йўғи учта мақсади бор: Россияннинг постсовет майдонида устунлик қилишига кўмаклашув, Россия кучларининг Грузия ва Украина каби муаммоли мамлакатларга ҳужумини кўпмиллатли ташкилот воситасида амалга ошириш ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида Россия қўшинларини доимий тарзда жойлаштириш.

Шундан кейин у русларни Қирғизистон ҳудудида ҳудкушлар иштирокида терактлар ўтказишни режалаштиришда айблади. Каримовнинг таъкидлашича, Андижонга ҳужум гўё Ўзбекистонга огоҳлантириш бўлган: “агар ОДКБнинг тезкор қўшинларига қўшилмасангиз, бунақанги ҳужумлар кўпаяди. Шунга қарамай, Каримов Ўзбекистон бунга кўнмайди”, дея ишонтирмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама