11:24 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: "Эрк" – шундай партия бор?

07.12.2013 11:34 msk

Тоҳир Йўлдошев

2013 йил 3 декабрь куни Тошкентда “Эрк” партиясининг олтинчи қурултойи ўтиши керак эди. Аммо қурултой иштирокчилари тўпланиши керак бўлган қаҳвахона кутилмаганда газ таъминотида узилгани учун ёпилиб қолди, делегатларнинг кўпчилиги Тошкентга етиб бора олмадилар. Расмийлар 1991 йилда президентлик сайловларида Муҳаммад Солиҳ номзодини кўрсатган “Эрк” партиясидан нега бунчалик қўрқадилар? Бу партия қанақа ўзи, унинг қурултойида қандай масалалар муҳокама этилиши керак эди? Тошкентлик шарҳловчимиз бу ҳақда ўз мақоласида ҳикоя қилади.

* * *

Танишларимдан бирининг “Эрк” париясига аъзо эканлигидан хабарим йўқ экан. Бу ҳақда тасодифан билиб қолдим. Уни уйга кетаётганда учратиб қолдим, қўлида унчалик катта бўлмаган ташриф карточкаси, кўриниши паришон эди. “Тинчликми?” дея аҳвол сўрадим, “Ҳаммас жойида” дея бепарво жавоб берди у. Одамларнинг ичини топишга қизиқувчилар тоифасидан эмасман, ёнида индамай кетавердим. Айтайми ёки айтмайми, дея бир неча бор менга қараётганини сезиб қолдим. Ҳозир ўзи ёрилса керак, дея ўйлагандим, шундай бўлди. Яна ўн қадамча одимладик, у жимликни бузди.

- Бугун бизнинг қурултойимизни ўтказишга йўл бермадилар, - деди у паст овозда. – Омадим бор экан, уйимга қайтяпман. Баъзи ўртоқларимизни эса милиция олиб кетди.

-

Шундан кейин у менга бор гапни тўкиб-сочди.

“Эрк” партиясининг навбатдаги Олтинчи Қурултойи 2013 йил 3 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтиши керак эди. Форумга Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан юзта делегат келиши кутилаётганди. Ўзбекистондаги бўлажак сайловлар ҳамда сиёсий ҳаётидаги бугунги тарангликни ҳисобга олган ҳолда ташкилотчилар қурултойнинг қуйидаги кун тартибини белгиладилар: 1 “Эрк” партиясининг янги дастурини қабул қилиш. 2 “Эрк” партияси низомига тузатишлар киритиш. 3. Марказий Қўмитанинг янги таркибини сайлаш. 4. Партиянинг янги резолюциясини қабул қилиш.

Албатта кун тартибида уруш бошлашга, амалдаги ҳокимиятни зўрлик билан ағдаришга, миллатлараро низоларни келтириб чиқаришга чақириқлар бўлмаган. Ўзбекистонда одатда ҳар қандай мухолиафатдаги партиялар ва ҳаракатларга шунақа айбловлар қўйиш одат бўлиб қолган.

Танишимга кўра, қурултой ташкилотчилари бугун барча ўзбекистонликларга сиёсий ўзгаришлар зарурлигини эслатишнинг айни вақти етиб келди, деган хулосага келдилар. “Эрк” фаоллари Ўзбекистон ҳаётида муҳим бурилиш ва синовлар онлари яқинлашаётганини англаган ҳолда, қурултой чақиришга ва ўзларининг сиёсий режаларини муҳокама қилиб олишга қарор қилдилар. Режада Ўзбекистондаги диктаторлик тизимини демонтаж қилиш, адолат ва ҳақиқатга асосланган бошқарув шаклини яратиш вазифаси урғуланган.

Партиянинг Ўзбекистонда ошкора кўчмас мулки йўқ, шунинг учун қурултой аввалдан ижарага олинган қаҳвахонада ўтиши керак эди. “Эркчилар” қаҳвахона маъмурияти қўйган барча молиявий ва интизомий шартларни тўла-тўкис ҳажмда бажардилар. Иккинчи томоннинг зиммасидаги мажбуриятларнинг бажарилиши кутилаётганди, холос. Аммо қурултой бошланишига йигирма соат қолганида, қаҳвахона маъмурияти узрли сабабни рўкач қилиб (айнан шу мавзеда, айнан шу куни ва айнан шу соатда газ ўчириб қўйилди) учрашув ўтказилишини рад этди.

Кўпчилик делегатлар вилоятлардан Тошкентга етиб кела олмадилар. Самарқандлик Равшан Содиқов ўша куни уйидан умуман чиқарилмади. Шунингдек, бошқа ўн нафар самарқандлик делегатлар ҳам уй қамоғида қолдилар.

Сурхондарё делегатлар бундан-да ёмон аҳволда қолдилар. Шуҳрат Самиев ва Маматмурод Соатов бошчилигидаги ўн олти кишидан иборат делегация ўз уйларидан чиқиб Тошкенга қараб жўнадилар, аммо шундан кейин йўлда улар билан алоқа узилиб қолди. “Биз ушбу ҳодиса юзасидан милицияга мурожаат қилдик, аммо ҳеч қанақа жавоб олмадик”, - дедилар сурхондарёлик эркчилар. Бошқа делегатлар аҳволи ҳақида ҳам хабар йўқлиги эркчиларни хавотирга солди. Тошкентдаги келишилган жойда йигирма кишит атрофидаги одамлар тўпландилар. Аммо буни кворум дея атаб бўлмас эди.

Танишим партия ва унинг аъзолари 3 декабрь куни бошидан кечган муваффақиятсизликлар ҳақида сўзлар, мен бўлсам бу қанақа кучли партия эканки, аттиги юз киши тўпланадиган тадбирга қарши махсус хизматларнинг катта кучларини сафарбар қилинган бўлса, дея ҳаёлга бордим. “Эрк” партиясининг кучи нимада экан, расмийлар ундан шунчалик қўрқсалар?

“Эрк” Демократик партияси Мустақил Ўзбекистон тарихида расман рўйхатга олинган биринчи сиёсий партия бўлиб, унинг низоми Адлия вазирлигида рўйхатга олинган, бу ҳақда 1991 йил 3 сентябрь куни берилган 039 рақамли гувоҳнома бор. Гувоҳномани бекор қилиш, демак партия фаолиятини тақиқлаш тўғрисида суд қарори борлиги ҳақида маълумотлар йўқ. Демак, партия мамлакат ҳудудида расман фаолият юритиши мумкин экан.

1991 йилда ўтган биринчи президент сайловларида мамлакатнинг энг юқори лавозими учун Ислом Каримовга қарши “Эрк” партияси номидан Муҳаммад Солиҳ кураш олиб борди. Сайлов натижалари ҳақида ҳар хил маълумотлар бор. Сайловчилар овозини ким ҳисоблаганига қараб, уларнинг ўртасида катта фарқни кўриш мумкин. Мисол учун, марказий матбуот нашрлари чоп этган маълумотларда айтилишича, у 12,7% овоз олган, олдинроқ Ўзбекистон радиоси эълон қилган маълумотларда эса 33%. Бироқ кўплаб мустақил кузатувчилар ва партия номзодининг ишончли вакиллари таъкидлашича, Муҳаммад Солиҳ сайловларда кўпчилик овозларга эга бўлган.

“Эрк” Демократик партияси Ўзбекистон “Мустақиллик Декларацияси” қонун лойиҳасининг муаллифи, шу қонунни Ўзбекистон Олий Совети Сессиясида кўриб чиқиб, депутатларнинг кўпчилик овози билан қабул қилиниши ва тасдиқланишининг ташаббускоридир.

“Эрк” партияси фаолият юрита бошлаганидан бери беш марта қурултой ўтказган. Тарқатилган партия билетлари ва бошқа ҳисобларга қараганда, биринчи қурултой ўтказиш олдидан партия аъзоларининг сони эллик тўрт минг кишини ташкил этган. Мажбурий муҳожирликка чиқиб кетган партиянинг лидери Муҳаммад Солиҳ унинг фаолиятида самарали иштирок этиб келяпти. У амалдаги ҳокимиятнинг асосий рақиби саналади.

Кўпчилик фикрига кўра “президентлик тахти”нинг асосий ворисларидан бири саналган Гулнора Каримова роли ва таъсирининг заифлашгани мухолифатдаги кучларнинг сайловчилар орасида ўз таъсирини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун фаоллашувига сабаб бўлиб қолди. Кимдир “шаҳар кўчаларида оқ либос кийиб қўлда Конституция билан фотосуратга тушиш” акцияларини ўтказса, бошқалари ижтимоий тармоқлар орқали компроматлар урушини бошлаяпти. “Эрк” партияси Тошкентда навбатдаги қурултойини чақиришга ҳамда сайловчиларнинг кўнглини топа олиш учун кураш концепциясини ишлаб чиқаришга ва шундан сўнг бу концепцияни ҳаётга татбиқ этишга қарор қилди.

Аммо ўйлаган ишлар амалга ошмади. Расмийлар мамлакатда мухолифатнинг ҳар қандай фаоллашуви устидан назоратни бўшаштирмаяптилар. Қурултой ўтказишга йўл берилмагани бунга яққол далил бўлиб турибди. Сайловлар йилида ҳокимият тизимидаги ўзгаришлар оғриқсиз ўтиши мумкин эмас, деб ўйлайман. Расмийлар қаршилик кўрсатиши муқаррар ва ҳаёт учун курашда барча воситаларни ишга солиши ва шу жумладан, ҳатто ғирромлик қилиши турган гап. Аммо ҳар қандай ҳолатда тинч аҳоли ўртасида қон тўкилишига йўл қўйилмаслик лозим.

Тоҳир Йўлдошев (Тошкент)

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама