23:17 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Нодавлат ташкилотлари “тозалов” остида қолдилар

06.12.2013 09:31 msk

Фарғона.Ру

“Фарғона” агентлигига маълум бўлишича, Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари (НТТ) ёпассига текширила бошланди. Уларни Адлия вазирлигидан бошлаб солиқ инспекциясигача бўлган барча назорат органлари текширяптилар. Нима сабабдан НТТларга эътиборнинг кучайгани ҳақида фақат фол очиш мумкин, холос. Баъзилар бунинг сабабини бўлажак парламент (2014) ва президент (2015) сайловлари бўлса керак, деб ҳисобласалар, бошқалари текширувларни Гулнора Каримова бошқарган Фонд Форумнинг ёпилиши билан боғлаяптилар (кўплаб НТТлар ФФ орқали молиявий ёрдам олиб келган). Эҳтимол расмийлар НТТлари устидан назоратни кучайтирмоқчи ҳамда уларни қўрқитиб, шу йўл билан халқаро ташкилотлар билан камроқ мулоқот қилишга мажбур қилмоқчидирлар. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ходимларига ҳатто таътил пайтида ҳам чет элга чиқишлари тақиқлаб қўйилди.

Текширувчилар олдига НТТ фаолиятида арзимас бўлса ҳам қонун бузилишларини топиш ҳамда суд орқали жаримага тортиш вазифаси қўйилган. Эҳтимол, ушбу маъмурий жарималар жилғаси қандайдир йўл билан бюджетни тўлдириш имкониятини бериб, бу ҳолат ёппасига текширувларнинг муҳтамал сабабларидан бири бўлиши мумкин.

Бугунги кунда “энтете”чилар суҳбатларида текширувлар асосий мавзу бўлиб қолди, аммо ҳозирча ҳеч ким бу ҳақда ошкора гапиришга, исмларни ва ташкилот номларини очиқ айтишга ботина олмаяпти. Бироқ “Фарғона” агентлиги қўлига судларнинг жарималар тўғрисдаги қарорлари, солиқ текширувларининг натижалари келиб тушган: уларни кўриб ўта тутуриқсизлигига ҳайрон қоласиз. Сўзимизнинг исботи сифатида бир неча мисоллар келтирамиз.

Бўшлиқ учун солиқ

Қашқадарё вилоятидаги жамоатчилик ташкилотларидан бири солиқ текширувидан сўнг 2013 йилнинг биринчи ва иккинчи чораклари учун 527,5 сўм (расмий курс бўйича $240) тўлаши лозимлиги тўғрисида кўрсатма олди (гап бюджетдан ташқари пенсия фондига тўланмай қолган суғурта бадаллари ҳамда Ягона ижтимоий солиқ ҳақида кетмоқда). Солиқ қўмитаси Ўзбекистон қонунчилигининг “иш ҳақи иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланиши ва унинг миқдори минимал иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак”, деган бандига таянган.

Шунинг учун ҳам, дея ёзадилар солиқчилар, “агар ташкилот нотижорат тоифасига кирадиган бўлса, қонунчилик белгилаган минимал иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда маош белгилаши, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ жисмоний шахслар даромадига солиқни, шунингдек, ягона ижтимоий тўлов ҳамда Песия фондига суғурта бадалларини ушлаб қолиши керак”.

Аммо гап шундаки, текширув ўтказилган нодавлат-нотижорат ташкилотида ойлик маош оладиган ходимларнинг ўзи йўқ. Унда фақат волонтерлар, яъни кўнгилли ёрдамчилар ишлайдилар ва бу ҳолат шартномаларда таъкидлаб ўтилган: иш кўнгиллилик асосида бажарилади ва бунинг учун меҳнат ҳақи тўланмайди.

Бугун НТТ раҳбари қарзни қоплашга пулни қаердан олишига боши қотган ва энг асосийси у нега пул тўлаши кераклигини тушунмаяпти: “Менда умуман иш ҳақи фонди йўқ бўлса, солиқни қайси пулдан олиб тўлашим керак? Ёки бугунги кунда ҳар қандай жамоатчилик ва волонтерлик фаолияти тақиқланганми? Демак, одамлар бирлашиб текинга ишлашлари, бир-бирига ёрдам беришлари мумкин эмас эканда? Демак, шундай қилсак, биз қонунни бузиб қўяр эканмизда? Агар бизда кўнгиллиларимизга энг кам иши ҳақини тўлашга пулимиз бўлмаса ҳам , яхши ишларни қилиш бўйича ғояларимиз, бўш вақтимиз ва кучимиз бўлсачи?” “Энди нима қилмоқчисиз?” деган саволга у: “Ташкилотимизни тугатиш вақти етиб келганга ўхшаяпти”, - деб жавоб берди.

Имзолар, билдириш хатлари ва жарималар

Биз ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз иккинчи НТТни текширувлар билан қийнаб юбордилар. Аввалига Адлия вазирлигидан келган назоратчилар барча молиявий ҳисобот ҳужжатларини титкилаб чиқиб, кассирни “Касса операциялар қоидаси” билан таништириб қўл қўйдириб олинмагани ва бошқа бир неча камчиликлар борлигини аниқладилар. Мисол учун, баъзи “чеклар талаб қилинганидек тўлдирилмагани”, касса китобининг бир неча саҳифаларида бош бухгалтер имзоси йўқлиги (аммо кассир имзоси бўлган) маълум бўлган. Аммо булар оғир қонунбузарликларнинг ҳаммаси эмас.

Мазкур НТТ рўйхатга олувчи органнинг розилигисиз тадбир ўтказишга журъат қилган. Яъни, раҳбар органларга тақдим этишга мажбур бўлган ҳар бир чорак учун тадбирлар режасида қўққисдан юзага келган ва ўтказишга қарор қилинган тадбир йўқ бўлган. “Биз бу тадбирни ўтказмоқчи эмасдик, - дейди НТТ директори, - шунинг учун ҳам режага киритмадик. Ишимизда шунақаси ҳам бўлиб туради”.

Текширув натижалари жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман судига келиб тушди. Суд НТТ тадбирни юқори органдан маъқуллатиб олмаганликда ҳамда “рўйхатга олувчи органнинг вакилига ўтказилаётган тадбирда иштирок этишига йўл қўймаганда” айбдор, деб топди ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотини 159.180 сўм (73 доллар атрофида) жаримага тортди. Суд директорнинг чин кўнгилдан айбига иқрор бўлганини ҳамда унинг аввал жавобгарликка тортилмаганини эътиборга олди.

“Судья менга: нега бунча куюнасиз, ахир жарима аттиги икки минимал иш ҳақига тенг, холоску! – дея ҳасрат қилади НТТ директори. – Бу модда бўйича жарима 50 дан 100 минимал иш ҳақигача тенг бўлиши мумкин экан. Аммо мен барибир жуда ҳафа бўлдим: мени айбим бўлмаган нарса учун суд қилдилар”.

Бу ерда биз жарима чиндан ҳам каттами ёки арзимасми, таҳлил қилиб ўтирмаймиз. Муаммо бошқа нарсада. Адлия вазирлигидан келган текширувчилар ўзаро суҳбатларда “Тошкетдан шунақа буйруқ келган: иложи борича кўпроқ НТТларни маъмурий жавобгарликка тортиш вазифаси қўйилган бизга”, - дейишмоқда. Яъни,“сизга нисбатан ҳеч қандай шахсий ғаразимиз йўқ, аммо ҳужжатларингизни бир кўриб қўямиз”. Шундан кейин ҳамма икир-чикирларга бурниларини суқиб, тирноқ остидан кир қидиришга киришмоқдалар. Уларга арзимаган камчилик топилса бўлди, шундан кейин улар: а) албатта жаримага тортяптилар; б) назорат остига олиб, бу ерда ким хўжайин эканини кўрсатяптилар; в) “энтете”чиларнинг асабига тегиб, бу соҳада фаолият юритишдан безитяптилар.

НТТ раҳбарларидан бирининг айтишича, текширувчилар ажратилган грант миқдорини кўриб қолиб (бу пуллар бир йил фаолият юритишга ажратилганига қарамай) кўзлари косасидан чиқиб кетай деган: “Уларнинг юзи бўзариб кетди. Шу заҳотиёқ саволлар ёғилиб кетди: қани бу пуллар? Нималарга сарфланди?” Вилоятлардан бирида Адлия вазирлиги текширувчиси эса аччиқланиб: “НТТларнинг ҳаммаси – боқиманда, ҳеч нима қилмайсизлар, фақат биров пул берармикан, дея кутиб ўтирасизлар” деган.

Валюта излаяпсизми?

Республика миқёсидаги НТТларни, яъни йирик ассоциациялар ва бирлашмалариниш текшириш учун тузилган Адлия вазирлиги текширувчилари гуруҳи таркибига киритилган Тошкент шаҳар адлия бошқармаси НТТларни рўйхатга олиш бўлими бошлиғи Феруз Мирзараҳимов сўнгги вақтларда текширувларда анча жонбозлик кўрсатди. “У ўзини ярамас сурбет каби тутди, - дейдилар НТТ ходимлари. Нуқул қанақадир валюта ҳақида савол бериб келди, гўё уимдир уни нақд кўринишда олиб келган экан. Умуман олганда, у НТТга берилган пулларни кимдир ўзининг шахсий чўнтагига ўзлаштиргандек тутди ўзини”.

Аслини олганда, халқаро донорлар томонидан НТТларга ажратаётган валюта атрофида Ўзбекистонда катта муаммолар мавжуд.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, халқаро донорлар томонидан НТТлар учун ажратилган барча пул маблағлари Ўзбекистон резидентларига Ўзбекистон Миллий банк ва “Асака” банкининг бўлимларида очилган грант ҳисоб варақалари орқали ўтади. Махсус комиссия лойиҳани кўриб чиқиб унинг амалга оширилишини маъқуллагунига қадар грант ҳисоб варақасига келиб тушган пуллар музлатиб қўйилади. Донор ташкилотдаги манбанинг “Фарғона” агентлигига айтиб беришича, мазкур комиссиянинг иши мутлақо ношаффоф, баъзида пуллар бир неча ойгача ва ҳатто ярим йилгача ҳисоб варақаларида “осилиб” қолади. “Шундан кейингина сизга бу пуллардан фойдаланишга рухсат берадилар ёки бўлмаса ҳеч қандай изоҳларсиз донорга қайтарадилар”, - дейди у.

“Фарғона” агентлигига тушунтириб беришларича, халқаро ташкилотлар баъзи ҳолларда айнан шунинг учун ҳам қонунни бузишга мажбур бўлиб, нодавлат ташкилотлариннг фаолиятини қўллаш мақсадида тўсиқларни айланган ҳолда НТТга нақд валюта бериб турадилар.

Ўзбекистонда қанча НТТ борлигини билишга имконият йўқ. Ўша манбанинг қайд этишича, давлат мутасаддилари ўз нутқларида 6500 рақамини келтирадилар, аммо бу рўйхатга кимлар кирганини аниқлашнинг иложи йўқ, бу рўйхат маҳфийлаштириб қўйилган. Мамлакатда бор-йўғи 300 дан 500 тагача (спорт бирлашмаларини ҳисобга олмаган ҳолда) нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаолият юритаётган бўлиши мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги