23:11 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик журналист Муҳаммад Бекжон Матбуот эркинлиги халқаро мукофотини олди. Турмада ўн бешинчи йил...

03.12.2013 09:10 msk

Фарғона

Ўзбекистонлик журналист Муҳаммад Бекжон “Чегара билмас репортерлар” халқаро ташкилотининг 1992 йилдан бери ҳар йили бериладиган Матбуот эркинлиги мукофотининг шу йилги лауреати бўлди. Мукофот 2013 йил 27 ноябрь куни “Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари” ассоцациясининг етакчиси Надежда Отаевага топширилди.

Мукофот, одатда, “Чегара билмас репортерлар”нинг марказий офиси жойлашган Парижда топшириларди, аммо бу йилги мукофот топшириш маросими Страсбургда, “Чегара билмас репортерлар” томонидан уюштирилган Европа Кенгашининг Демократия Жаҳон Форумининг тадбирлари доирасида ўтди.

Матбуот эркинлиги мукофоти ҳайъат қарорига кўра, матбуот эркинлигининг ривожланишига ва ҳимоясига салмоқли ҳисса қўшган бир журналистга ва янгиликларни ёритувчи битта оммавий ахборот воситасига берилади.

Мукофот лауреати Муҳаммад Бекжоннинг ўзи сохталаштирилган жиноят иши бўйича Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида жойлашган турмада ўтирганига ўн беш йил тўлай деб қолди. Халқаро ҳамжамиятнинг Бекжонни озод қилишга қаратилган барча уринишлари самарасиз қолди. Аксига олиб, 2011 йилда Бекжонинг қамоқ муддати узайтирилди, оиласи эса у билан қайта кўришиш умидини ҳам узиб қўйди.

“Эрк” газетасининг бош муҳаррири Муҳаммад Бекжонов (Бекжон) 1999 йил 16 февраль куни Тошкетда содир бўлган портлашларга алоқадорлик бўйича айбловлар билан ҳибсга олинган. Бекжонов барча айбловларни инкор этди. Тергов давомида уни қаттиқ қийноққа солдилар, бу ҳақдаги унинг ёзма аризаси яширин равишда суд залидан олиб чиқилди. Ўшанда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор турмаларда қийноқлар қўлланиши ҳақидаги ахборот кенг жамоатчиликка етиб борди.

1999 йил август ойида суд Бекжонни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158 (Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз), 159-3 (“Ўзбекистон Конституциясига тажовуз”), 216 (Тақиқланган жамоатчилик бирлашмалари ва диний ташкилотларни тузиш), 223-2 (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш), 227-2 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш), 228-2,3 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 242-1 (Жиноий уюшма ташкил этиш) моддалари билан 15 йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди.

Бекжоновнинг қамоқ муддати 2003 йилда амнистия билан 3 йил 8 ойга қисқартирилди ва уни 2012 йил февралида озод қилишлари керак эди. Аммо 2011 йилнинг декабрида унга қарши 221 (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) моддаси бўйича айблов билан жиноят иши сохталаштирилди ва 2012 йил январида Муҳаммад Бекжон яна беш йилга озодликдан маҳрум этилди.

“Мен Муҳаммад Бекжондек ватандошим борлигидан ғурурланаман, - деди Надежда Отаева мукофотни топшириш маросимида. – У халқаро жамиятнинг ҳурматига лойиқ инсон. 1990 йилда Бекжон Ўзбекистондаги биринчи мухолифатдаги сиёсий партиянинг матбуот органи – “Эрк” газетасининг бош муҳаррири этиб тайинланди. Ушбу нашр саҳифаларида биринчи кундан бошлаб Ўзбекистонда шу бугунгача муҳокама этилиши тақиқланган масалалар кўтарилган. Булар – ерни хусусийлаштириш, иқтисоднинг демонополизацияси, мажбурий меҳнат практикасидан воз кечиш, аёлларнинг ўзига ўт қўйиш сабаблари, Орол экологик ҳалокатининг оқибатлари каби мавзулар эди.

Муҳаммад Бекжон раҳбарлиги остида нафақат таниқли ёзувчилар ва шоирлар, олимлар ва ҳуқуқ ҳимоячилар, балки вилоятлардаги оддий одамлардан иборат мухбирлар тармоғи яратилди. Маслакдош одамларни бирлаштирган “Эрк” газетаси республикада содир бўлаётган воқеаларнинг объектив манзарасини тақдим этиб келди. Кўплаб ўзбек фуқароларининг уйларида “Эрк” газетасининг сонлари шу чоққача сақланиб келмоқда ва бу ҳақиқат тўғрисида очиқ ёзиш мумкинлигининг исботидир!”

Надежда Отаева Бекжон икки марта сохталаштирилган айбловлар билан озодликдан маҳрум этилганини ва кўп маротаба қийноқларга солинганини таъкидлаб ўтди. У турмада шунча йиллардан бери қийноқларга ҳос шароитларда яшаб келаяпти,узоқ йиллардан бери оғир формадаги сил касаллигига чалинган, аммо унга зарур медицина ёрдами деярли кўрсатилмайди, турмадаги дори-дармонлар унинг соғайишига олиб келмаяпти.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси ва Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг лидери, Ислом Каримов режимининг ашаддий рақиби Муҳаммад Солиҳ Бекжоннинг акаси бўлгани ҳам унинг умидсиз аҳволини янада оғирлаштириб қўйган. Муҳаммад Солиҳ бир неча бор укаларига нисбатан амалга ошрилаётган репрессиялар унинг сиёсий фаолиятдан воз кечишга мажбур қила олмайди, деб билдирган. Солиҳ ҳозир Туркияда истқомат қилмоқда.

Муҳаммад Бекжоннинг рафиқаси шу йилнинг мартида эрининг олдига бориб келди. Ўшанда у хотинига, умри оз қолганини айтди. “Унинг аҳволи жуда оғир, - дейди Нина Бекжанова. – Унинг даббаси бор, сил касали кучайган. Уни зудлик билан врач кўриши ва турма касалхонасига ётқизиши керак. Шу чоққача у бирор марта ҳам соғлиғи борасида шикоят қилмаганди. Энди бўлса: “Умрим оз қолди”, деяпти”. Ўшанда Нина Бекжанова бундан кейин қариндошларидан ва халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўрамаслигини, фақат маҳаллий расмийларга мурожаат қилажагини билдирганди.

Муҳаммад Бекжоннинг аҳволи бугунги кунда қандайлиги номаълум. “Репрессив система ўз фикрини эркин изҳор қилмоқчи бўлган ҳар бир кишини қўрқитиш учун Муҳаммад Бекжоннинг соғлиғига футур етказмоқда, - деди Надежда Отаева тантанали маросимда. – Бунақа аҳволга ҳамма ҳам тоқат қила олмайди. Муҳаммад Бекжон синовларни муносиб равишдан бошидан кечирмоқда. “Чегара билмас репортерлар”нинг мукофоти нафақат унга, балки унинг яқинларига ва “Эрк” газетасининг ўқувчиларига ҳам руҳий далда бўлиб қоляпти. Бекжоннинг иши сўз эркинлиги хавф остида қолган ҳолатда халқаро ҳамжамиятнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолишини кўрсатмоқда”.

Надежда Отаева Ўзбекистонда узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган журналистларнинг номини айтиб чиқди:

Юсуф Рўзимуродов, “Эрк” газетаси мухбири, 15 йилга озодликдан маҳрум этилган;

Дилмурод Сайидов, коррупция ишларини текширувларида ихтисослашган мустақил журналист, 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилган, сил дардининг оғир формасидан азият чекмоқда;

Ғайрат Миҳлибоев, “Ҳидоят” газетаси мухбири. 12 йил. Тергов давомида қийноқлар қўлланган;

Солижон Абдураҳманов, “Узньюс.Нет” онлайн-нашрининг мухбири. 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. С. Абдураҳманов оғир касал ҳолатда;

Ўзбекистон телевидениеси спорт шарҳловчиси, “Чемпион” газетасининг журналисти ва “Наврўз” радиоси олиб борувчиси Хайрулло Ҳамидов, “Ирмоқ” диний-маърифий журнали мухбирлари Равшанбек Вафоев, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов турмаларда қамоқ жазосини ўташмоқда.

Кўплаб журналистлар бугунги кунда Ўзбекистонда чиқиб кетишга мажбур бўлдилар, акс ҳолда уларни ватанда жиноий жавобгарликка тортишлари мумкин. Елена Бондарь, Виктор Кримзалов мамлакатдан чиқиб кетдилар. Журналистларни тутуриқсиз ва ёлғон айбловлар билан ҳибсга олишлар одатий ҳолга айланмоқда. Яқинда хоразмлик журналист Сергей Наумов 12 суткага маъмурий ҳибсга олингани ўқувчиларимизга маълум.

“Ушбу нуфузли мукофотнинг Муҳаммад Бекжонга берилиши барча инсонларни бефарқ қолдирмайди ҳамда уни ва бошқа маҳбусларни озодликка чиқариш йўлидаги курашда янги туртки бўлиб қолади дея ишончим комил”, - деди Надежда Отаева тантанали маросимда.

Маросим қатнашчилари “Freedom” (“Эркинлик”) плакати остида ўз имзоларини қўйдилар: ушбу автографлар ва мукофотнинг фотосурати буюртма мактуб билан Муҳаммад Бекжонга, колониянинг ўзига юборилади.

Мукофот топширилганидан сўнг ушбу воқеа ҳақида Европа иттифоқи, АҚШ ва Канада элчихоналарига маълум қилинади, дипломатлардан бирдамлик ва миннатдорлик рамзи сифатида колонияга Муҳаммад Бекжонни бориб кўриб келиш сўралади. Бу йилги ҳайъат аъзолари орасида Ширин Ебади, Таслима НасринРобэр Бадинтер, Адам Мишник, Златко Диздаревич, Воле Сойинка бор.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама