00:39 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Бензин тақчиллиги чайқовчиларнинг чўнтагини қаппайтирмоқда

20.11.2013 17:10 msk

Фарғона

Сунъий тарзда яратилган бензин тақчиллиги баъзи “тадбиркорлар”га қулай имконият туғдирди. Улар бензин чайқовчилиги ортидан катта фойда кўра бошладилар.

“Фарғона” аниқлаган маълумотларга кўра, Тошкетдаги баъзи заправкаларда савдо тунда ҳам кундузи каби тинмаяпти. Аммо бу пайтда бензин фақат улгуржисига ва фақат вилоятлардан келган таксичиларга сотилмоқда.

“Вилоятлик мижозлар заправкаларда ўз одами бўлиб қолишган, уларни одатда тунда телефон орқали чақирадилар ва бирваракайига бир неча миллион сўмлик бензин сотиб оладилар, - дея ҳикоя қилади “инсайдер” (кенг оммага номаълум маълумотла эга бўлган гуруҳ аъзоси) - Улар кам деганда ҳажми 500 литр сиғимли иккита аваканистрларга бензин қуйиб кетадилар. Шундан кейин бензинни икки баробар қимматига сотадилар”.

Суҳбатдошимизга кўра, пойтахт заправкаларида кундузи ҳар бир литри 1650 сўмдан сотиладиган бензин тунда “мижозларга” 2000 сўмдан ўтказилади. Вилоятга етиб борган бу бензиннинг ҳар литрига 2000-3000 минг сўм устама баҳо қўйилади ва пировардида, ҳар литри баъзан 4500-5000 сўмгача сотилади.

“Бензин қироллари” бепоён мамлакатнинг исталган бурчагига ёқилғи етказиб беришга тайёр: “пул бўлса – чангалда шўрва!”

Одамлар эса ноилож қимматига сотиб олишга мажбур – вилоятдаги заправкаларнинг аксариятида сотувда бензин йўқ.

Вилоятлардаги бу ҳолатнинг пайдо бўлганига бир неча йил бўлди.

Шу билан бирга, кундузлари пойтахт заправкаларида “тошкентлик машиналарга бензин етишмаяпти” деган баҳона билан вилоятдан келган машиналарга хизмат кўрсатишдан бош тортиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Ҳудди шундай воқеа Сирғали туманида ТИИБ ёнидаги “Ипак йўли” заправкасида қайд этилган.

Аммо бунинг йўлини ҳам топса бўлади: чойчақангизни берамиз десангиз кифоя, ишингиз битмай қолмайди.

Баъзи заправкаларда битта машинага 30 литрдан зиёд бензин қуйилмаяпти, аммо шунда ҳам навбат кутишга тўғри келмоқда.

Мисол учун, узун-қулоқ хабарлар орқали Миробод туманида “Рисовой бозори” ва “Электроаппарат” ёнида жойлашган заправкада навбат кутишга кўп вақт кетмаётгани, ёқилғи эса чекланмаган миқдорда қуйиб берилаётгани маълум бўлди.

Шу билан бирга, бензобакка ёқилғи қуяётган заправка ходими ҳар бир машина эгасининг қулоғига “услуга” учун 200 сўм тайёрлаб туришни эслатаётган экан. Автозаправка шунақа қилиб кунига 200-300 та машинага хизмат қилишга улгурмоқда…

Пойтахт таксичилари ҳам “бензин талвасаси”дан фойдаланиб қолдиларда, заправкаларда узоқ навбат қилаётганларини баҳона қилиб, бир зумда кира ҳақини икки ва ҳатто уч баробарига кўтариб юбордилар.

Мисол учун, бир ой аввал Оқтепадан Чорсугача беш минг сўмга бориш мумкин эди, ҳозир эса хусусий киракашлардан деярли ҳеч ким 10 мингдан камига кўнмайди.

Август ойининг ўрталаридан бошлаб республикани қамраб олган бензин тақчиллиги бугунги кунда бензин коллапсига айланди. Иш шунчаликка етиб бордики, бир неча заправкаларда бир машинага 5 литрдан ортиқ бензин чотмай қўйдилар, натижада ҳайдовчилар қайта-қайта навбатга туришга мажбур бўлдилар.

“Ўзнефтмаҳсулот” мутасаддилари ёқилғи таъминоти атрофида юзага келган инқирозни инкор этиб, ҳамма айбни автомобиль эгаларининг ўзларига ағдардилар: гўё бензин танқислиги ёки унинг нархи кўтарилиши тўғрисидаги ёлғон-яшиқ миш-мишлар таъсирида шунақа вазият юзага келган эмиш (айтгандек, деярли барча заправкаларда бензин нархи ўзгармагани тўғрисидаги эълонларни кўриш мумкин).

Кўпчилик аҳвол бундан яхши бўлмайди, дея ишончи комил – улар Ўзбекистон ботиб қолган иқтисодий бўҳронни ҳисобга олиб шунақа фикрга келган бўлсалар керак.

Аммо “Ўзнефтмаҳсулот” қошидаги “Энергиятежамкорлиги” илмий-таълим марказининг бўлим мудири Беҳзод Норматов бошқа фикрда. “Иқтисодиётдаги ўсиш ортидан нефть маҳсулотлари истеъмолининг ўсиши келиб чиқади, бу табиий жараён. Нефть истеъмолининг ўсиши иқтисодиёт ўсиши билан, нефть қазиб чиқаришнинг камайиши эса углеводородлар захирасининг чеклангани билан изоҳланади. Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги энг саноатлашган мамлакат, ундаги ўртача иқтисодий ўсиш йилига 8 фоизни ташкил этади. Ўзбекистон орқали жанубни шимол билан боғловчи транспорт коридори ўтган, ундаги ҳаракат йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Ўз-ўзидан, ушбу омил ортидан ёқилғи-мойга бўлган эҳтиёж ҳам ўсиб бормоқда…” – дейди Норматов “Экономическое обозрение” журнали келтирган иқтибосда.

Жаноб Норматов ва унинг “Ўзнефтмаҳсулот” ширкатидаги ҳамкасблари одатдагидек, ҳайдовчиларни тинчланишга чақиришмоқда: гўё “бензин таъминотидаги вақтинчалик узилишларни глобал фалокат сифатида кўриш ярамайди. Ҳукумат кўраётган чоралар ушбу муаммони мақбул муддатлар ичида ҳал қилишга имконият беради”.

Бироқ нашрда келтирилган маълумотлар мутасаддининг гапларига зид келмоқда. Мисол учун, хабар берилишича, “2012 йилда Ўзбекистонда нефть ва конденсат қазиб чиқариш тарихий минимумгача – 3,17 миллион тоннага тушиб кетган, республика эҳтиёжи эса 4,4 миллион тоннани ташкил этади .”

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги