07:49 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ташаббус: Малайзияда осишга ҳукм этилган ўзбекистонликлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинми?

11.11.2013 14:27 msk

Дилором Абдуллаева

Сайтимиз 8 ноябрь куни Малайзияда уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг осиш орқали ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар берганди. Малайзия Миллий ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилганидек, Шаҳ-Аллам вилояти суди 54 ёшли Дилбар Назаровани, 39 ёшли Жасур Жўрақуловни ва 58 ёшли Сайёра Нурмуҳаммедовани осиб ўлдиришга ҳукм чиқарди.

Улар 2010 йилнинг 7 сентябрида эрталаб соат 9:30 да Куала-Лумпур аэропортининг келиш залида жами ўн килограмм метамфетаминни сотмоқчи бўлганликда айбдор деб топилдилар. Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда юртдошларимиз томонидан кўп муҳокама этилмоқда: кўпчилик Ўзбекистон ҳукумати уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қандай чоралар кўраётгани билан қизиқмоқда. Кўплаб оммавий ахборот воситалари қатори юртдошларимизга юридик ёрдам кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб олган Ташаббус.Уз сайти ўлимга маҳкум юртдошларимизнинг ҳаётини қандай сақлаб қолиш мумкинлиги мавзусида мақоласини чоп этди. Ушбу мақоланинг тўлиқ матнини ўқувчиларимизнинг эътиборига ҳавола қилмоқчимиз.

Оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Малайзия суди у нафар Ўзбекистон фуқаросини ўлим жазосига ҳукм қилган. Ҳукмга кўра, икки аёл ва бир эрак кишидан иборат ўзбекистонликлар Малайзияга наркотик модда олиб киришда айбдор деб топилган ва мамлакат қонунларига кўра, энг олий жазога лойиқ топилган.

Масалага ҳуқуқий жиҳатдан ёндашамиз ва қуйидаги саволларга жавоб излаймиз:

Бир давлат фуқаросининг бошқа бир давлатда судга тортилишида халқаро ҳуқуқ нормалари амал қиладими? Бундай ҳолатда давлатларнинг қандай мажбуриятлари бор?

Консуллик алоқалари тўғрисидаги Вена Конвенциясига кўра, ўзга давлат фуқаросини судлаётган давлат айбланувчига ўз давлатидан ҳуқуқий ҳимоя олиши мумкинлиги ҳақида маълум қилиши керак. Яъни, биз кўраётган ҳолатда, уч нафар ўзбек фуқароси Ўзбекистон давлатидан юридик ёрдам ва ҳимоя олиш ҳуқуқига эгалиги тўғрисида Малайзия томонидан хабардор қилиниши керак. Малайзия, шунингдек, Ўзбекистон давлатига (Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасига) Ўзбекистоннинг уч фуқароси устидан жиноий очилганлиги ва уларга қўйилган айбловлар тўғрисида хабар бериши шарт. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳам, Малайзия ҳам Консуллик Алоқалари тўғрисидаги Вена Конвенциясига аъзо давлатлар ҳисобланади.

“Tashabbus” huquqiy sayti bir guruh malakali yuristlar tomonidan O’zbekistonda kuchli huquqiy demokratik davlat qurilishi jarayonida fuqarolarning faol ishtirokini qo’llab-quvvatlash va rag’batlantirish maqsadida tashkil etildi.

“Tashabbus” mustaqil nodavlat tashkilot bo’lib, hech bir siyosiy, diniy, mafkuraviy guruh, muxolif partiyalar yoki tashkilotlarga aloqador emas.

Янгиликларда бундай процедурал ҳаракатлар амалга оширилганми ёки йўқми, бу ҳақда ёзилмаган.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисидаги қонунга кўра, Ўзбекистон ўз фуқароларини мамлакат ташқарисида ҳам ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ўз фуқаролари олдида масъул ҳисобланади. Ўзбекистоннинг ўз фуқаролари олдидаги бундай бурчини амалга ошириш Ташқи ишлар вазирлигининг тўғридан-тўғри ваколатига киради. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Низомига кўра, вазирликнинг асосий вазифаси хорижий мамлакатлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг давлат манфаатларини ва унинг фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир.

Вазирлик чет мамлакатлар билан алоқаларда дипломатик ваколатхоналар орқали иш кўради. Юқоридаги Низомга кўра, дипломатик ваколатхоналар ўзлари бўлган давлатда Ўзбекистон Республикаси ва унинг фуқароларининг манфаатларини халқаро ҳуқуқ ҳамда бу давлатлар билан икки томонлама мавжуд шартномалар ва битимлар, шунингдек, ҳар иккала давлат қатнашчи ҳисобланган кўп томонлама шартномалар доирасида ҳимоя қилади.

Дипломатик ваколатхоналарга элчихоналар ҳамда консуллик муассасалари киради. Ўзбекистон Республикасининг Консуллик Уставига кўра, консуллик муассасалари чет элларда Ўзбекистон Республикасининг, Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади. Демак, Ўзбекистон бу уч нафар фуқарога ҳуқуқий ёрдам бериши (яхши адвокат билан таьминлаши) ва уларнинг манфаати учун курашиши керак.

Шу ўринда ҳуқуқий ёрдам масаласига кенгроқ тушунтириш бериш керак. Ҳуқуқий адабиётларда ҳуқуқий ва юридик сўзлари бир хил маънода ишлатилади. Шу маънода ҳуқуқий ёрдам ва юридик ёрдам атамалари бир хил тушунчалардир.

Конституциявий ҳуқуққа оид энциклопедик луғатга кўра, юридик ёрдам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга, ташкилотларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлашга ёрдам беришни англатади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ, судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиши учун барча шароитлар таъминлаб берилиши лозим. Консуллик Уставига кўра, Консул Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқароларининг бузилган ҳуқуқлари тикланиши учун чора-тадбирлар кўриши шарт. Ҳатто агар Ўзбекистоннинг хориждаги фуқаролари баъзи сабабларга кўра ўз манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлмасалар, консулхона жойлашган давлат муассасаларида консул уларнинг номидан ишончномасиз вакиллик қилиш ҳуқуқига эгадир. Ушбу вакиллик улар ўз вакилларини тайинлагунга қадар ёки ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўз зиммаларига олгунга қадар давом этади. Демак, ҳуқуқий ёрдам адвокат ҳимояси билан таъминлаш деган маънони ҳам қамраб олади.

Ўзбекистон давлатининг манфаати – бу фуқаролар ҳақиқатдан айтилган жиноятларни содир этган ёки этмаганлигидан қатъий назар, уларни ўлим жазосидан олиб қолиш бўлиши керак. Чунки Ўзбекистон 2008-йилда ўлим жазосини бекор қилган ва шундан бери Ўзбекистонда энг оғир жазо тури бу умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси ҳисобланади.

Халқаро ҳуқуқда шу мавзуга тааллуқли машҳур "ЛаГранд" иши мавжуд. Унда Германия фуқароси бўлган икки ака-ука (гарчи 3-4 ёшидан буён АҚШда яшаб келаётгна бўлса ҳам) АҚШнинг Аризона штатида қотилликда айбдор деб топилади ва ўлим жазосига ҳукм қилинади. АҚШ Консуллик Алоқалари тўғрисидаги Вена Конвенциясига амал қилмасдан, бу икки Германия фуқаросига уларнинг Германия давлатидан ҳуқуқий ёрдам ва ҳимоя олиш ҳуқуқи борлиги ҳақида хабар бермайди ва Германия элчихонасига ҳам икки фуқаро устидан жиноий иш очилгани ва уларга қўйилган айбловлар ҳақида маълум қилмайди. Бундан хабар топган Германия АҚШ давлатини Бирлашган Миллатлар Ташкилотнинг асосий суд органи - Халқаро Адолат Судига беради. Ўлим жазоси амалга оширилишидан бир неча соат аввал Халқаро Адолат Суди АҚШга ҳукм ижросини кечиктириш тўғрисида ажрим чиқаради. АҚШ судлари эса Халқаро Адолат Судининг ажримини мажбурий деб ҳисобламайди ва ўлим жазосини ижро қилади. Шундан сўнг, Германия АҚШга қарши Халқаро Адолат Судида иш очади ва натижада Халқаро Адолат Суди АҚШ Вена Конвенциясига риоя қилмаган деб топади ҳамда Халқаро Адолат Судининг ажримлари аъзо давлатлар учун мажбурий кучга эга эканлигини расман тасдиқлайди.

Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясига кўра, ҳар бир шахс яшаш ҳуқуқига эга. Аммо бу ҳужжат мажбурий кучга эга эмас. Шунинг учун ўлим жазоси кўплаб давлатларда ўта баҳсли масалалардан бири ҳисобланади. Чунки уни қўлловчи ва унга қарши тарафларнинг ўз қарашлари бор. Аммо инсонийлик принципи юзасидан барча инсон ҳуқуқлари ташкилолари ва инсон ҳуқуқлари қадриятларига асосланган давлатлар ўлим жазосидан воз кечишга бошқа давлатларни ундаб келади. Биз бу мақолада Малайзиянинг ўлим жазосини қўллаш амалиётини баҳолашдан тийиламиз.

Бўлиб ўтган суд ишига доир айрим маълумотларга эътибор қаратсак. Янгиликлардан маълум бўлишича, судланган фуқаролар (ёки уларнинг ҳимоячиси) Малайзияда наркотиклар савдоси учун ўлим жазоси каби қаттиқ жазо берилишини билмаганликларини айтган. Ўзбекистон манфаати ва Ўзбекистон фуқаролари ҳимояси учун курашаётган адвокат агар улар айбдор деб топилганда ҳам, жазони Ўзбекистондаги муқобил жазога алмаштирган ҳолда (умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси) уни Ўзбекистонда ўташларини учун курашиши лозим эди.

Одатда, икки ва ундан ортиқ давлатлар жиноий жазоларни амалга ошириш юзасидан ўзаро келишув ва шартномаларга киришади. Масалан, 2006-йил "Евросиё иқтисодий ҳамжамияти доирасида жиноий жазоларни ижро этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув" имзоланган ва Ўзбекистон ҳам унга қўшилган. Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида жиноий жазоларни амалга ошириш борасида бундай келишув мавжуд эмас, аммо 2008-йилдан 2013-йилгача амал қилган Ҳуқуқий Ҳамкорлик Соҳасида Меморандум мавжуд эди. Гарчи Меморандум, асосан, кадрлар алмашинуви ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқларига оид бўлса ҳам, унда умумий манфаатга доир масалалар юзасидан қонун ҳужжатлари билан алмашиш ҳамкорлик соҳаси ҳам ўрин олган. Ўзбекистон фуқаролари устидан очилган жиноий ишда адолатни топиш иккала томоннинг ҳам умумий манфаатига киради. Демак, Меморандумга кўра, иккала томон ушбу масала бўйича ҳамкорлик қилиши лозим. Шуни таькидлаш керакки, Меморандум 2013-йил август ойида ўз кучини йўқотган бўлса ҳам, уч нафар фуқарога нисбатан жиноий иш 2010-йилда очилган ва мана шу 3 йил давомида иккала давлат ҳамкорлик қилиши учун Меморандум амалда бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳам, Малайзия ҳам БМТнинг Халқаро Адолат Судига аъзо эмас ва натижада Халқаро Адолат Судининг юрисдикциясини қабул қилмайди. Шунинг учун Ўзбекистоннинг Малайзияга қарши Халқаро Адолат Судида иш очиши имконсиз. Аммо шундай бўлишига қарамасдан, иккала давлат ҳам Вена Конвенциясига аъзо давлатлар ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон, миллий қонунларига асосан, ўз фуқароларини қаерда бўлмасин, мамлакат ичкарисидами ёки ташқарисида, ҳимоя қилиши ва уларнинг манфаатлари учун курашиши, бунинг учун ҳам ҳуқуқий, ҳам сиёсий чораларни кўриши лозим.

Дилором Абдуллаева, Tashabbus.Uz