07:01 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда “Отчопар” бозорининг маъмурияти ҳибсга олинди

09.11.2013 16:00 msk

Фарғона

Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари олтинчи ноябрь куни эрталаб Тошкентдаги “Чилонзор савдо комплекси” (халқ орасида Ипподром ёки Отчопар номи билан танилган) ОАЖ директори Одил Тошбековни ҳамда унинг тўртта муовинларидан бири Камолиддинни ва ҳайдовчи Дилшодни (фамилиляларини аниқлаб бўлмади) қўлига кишан солиб олиб кетдилар.

Қарғиш теккан пуллар

Бозор маъмуриятига яқин кишиларнинг “Фарғона” мухбирига айтишларича, биринчи бўлиб хавфсизлик бўйича директор ўринбосари Камолиддин (ўтмишда прокуратура органлари ходими) маҳаллий қаҳвахона эгаси Адҳам деган кишидан 1000 доллар пора олаётган пайтда қўлга олинган.

Пуллар маъмурият биносининг биринчи қаватида жойлашган директор ўринбосарининг хонасида берилган. Пулни бериб кетаётган Адҳам гўё “Санга Иноятовдан салом!” деб чиққан ( кўринишидан, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов назарда тутилган – таҳр.изоҳи ). Кейин маълум бўлишича, пулларга кўринмас махсус белги қўйилган экан.

Манбаларга кўра, Камолиддин учун бошқа тижоратчилардан пулларни ишончли одамлари йиғиб келган, аммо Адҳам билан олди- бердини доим ўзининг хонасида амалга ошириб келган. Белги қўйилган пулларни беришни уюштирганлар буни яхши билганга ўхшайди.

“Камолиддин гап нимадалигини тушуниб, шошилинч тарзда эшикни ёпган ва иккинчи қаватга, директорнинг хонасига югурган. Ўн иккига яқин қора ниқоб таққанлар тез орада уни топиб олдилар, - дейди “Фарғона” манбаси. – Содир бўлаётган ишларга қараб, иш буюртма характерга экани ва асосий нишон Камолиддин экани кўриниб турибди”.

Манбалар таъкидлашича, махсус операция давомида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бозор маъмурияти ходимларига ўз жойларида қолишни буюрганлар, ҳеч кимни бинога киритмай, ҳеч кимни чиқармаганлаор. Бино ичида ғала-ғовур кўтарилган. Баъзилар Тошбеков хонасидан кимнидир калтакланаётгани, инграган товушларни эшитганлар. Қўлга олинган одамлар гуруҳини кўчага олиб чиқаётганларида, Камолиддин зўрға юриб чиқди...

Гувоҳларнинг таъкидлашича, директор ва унинг ўринбосари ишчи хонасида катта миқдорда нақд пул топилган. Директор автомашинаси юкхонасининг ярми сўм ва долларларга тўлиб кетган, аммо ҳайдовчи бу пулларнинг қаердан келиб қолганини айтиб бера олмади.

Бу пуллар ҳамда бозор бўйича барча ҳисобот-молия ҳужжатлари мусодара қилинди.

Кузатувчиларга кўра, Камолиддининг очкўзлиги бошига етди. Унинг 9 ноябрдан бошлаб ишдан бўшаши тўғрисидаги аризаси акционерлик жамияти бошқаруви раиси Ботир Тошматовнинг столида ётганига қарамай, у сўнгги бор пул ишлаб олиш имкониятидан фойдаланмоқчи бўлди.

Қизиғи шундаки, пойтахтдаги “Чорсу” бозорининг собиқ директори Тошбеков “Ипподром” бозорида бор-йўғи 27 кун ишлади, холос.

Айёр тулки Тошматов

“ЧСК” савдо комплексининг собиқ директори Ботир Тошматов уч йилдан бери бирга ишлаган Камолиддинни ўзига яқин олиб бўлгуси хавф-хатарлар тўғрисида бир неча бор огоҳлантирганини кўпчилик биларди. Ўзининг тагига сув кетишини сезган бу олигарх кўпчиликни лол қолдириб яширин равишда мамлакатни тарк этди.

Суҳбатдошларимиз Тошматовнинг яқин сафдоши ва шериги Камолиддин собиқ директорни топиш ва унинг қинғир ишларини юзага чиқариш мақсадида қўлга олинган, дея тахмин қилмоқдалар.

Тошматов айни пайтда оиласи билан Жанубий Кореяда истиқомат қилаётгани ва ҳозирча ватанига қайтиш ҳақида ўйламаётгани маълум. Бироқ Тошматов ҳозирча бозор муассислари таркибидан чиқариб ташланмаган. Тошкентнинг ўзида ва пойтахт четидаги даҳаларда “Ипподром” бозорининг собиқ директорига қарашли қимматфуруш ресторанлари, қаҳвахоналар, ёқилғи қуйиш станцияларидан ва савдо комплексларидан иборат қудратли бизнес-империяси ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ.

Миш-мишларга қараганда, Тошматов бир неча йил илгари пойтахт божхона хизматига раҳбарлик қилган даврда божхона орқали наркотиклар етказиб бериш оқимини йўлга қўйиш муносабати билан қўзғалган жанжалдан давлат тузилмаларидаги ҳомийлари ёрдамида қутилиб қолган эди. Ишни босди-босди қилиб юбориш учун меҳри дарё ҳомийлар ўшанда уни шошилинч равишда “Чилонзор савдо комплекси” ОАЖ директори лавозимига ўтқазиб қўйгандилар.

“Фарғона” манбалари ҳайрон: чет элга қочиб кетганига қарамай, ошиғи олчи бўлган бу “чириган” бойнинг фаолиятини ким нишон остига олди? Чет элга у ҳеч қандай тўсиқсиз чиқиб кетган экан, демак кимдир уни ўз вақтида огоҳлантирган эканда?!

Шу билан бирга, 51 фоизи давлат томонидан назорат қилинаётган “Ипподром” бозори мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг назорати остида эканлигини фақат гунглар эшитмаган, холос. Хабардор кимсаларнинг айтишича, Ботир Тошматов бош вазирга ўз акасидек муносабатда бўлган ва бош вазир ҳам унга шундай қараб келган экан. Ўзбекистонлик қочоқ бой Интерполнинг назарига тушадими-йўқми, буни шу ҳиссиётларнинг нақадар чуқурлиги белгилаб беради.

Ёғли жой: “Ипподром”да пуллар қандай топилиши ҳақида

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2011 йил май ойида “ЧСК” ОАЖ да савдо қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш бўйича тендер савдосини ўтказди. Барча савдо майдонларининг тенг ярмини маҳаллий мутасаддилар – асосан, ҳокимиятлар, прокуратура ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари сотиб олдилар.

Дўконларга нархлар уларнинг майдонидан келиб чиқиб белгиланган: олти квадрат метрга – 12 миллион сўм, тўққиз квадрат метрга – 15 миллион сўм ва ҳоказо.

Кейинроқ дўконлар эгалари томонидан ўн баробарига қимматроқ нархда сотилди ёки ҳеч қандай ҳужжатларсиз субарендага берилди.

“Ипподром”даги савдо ўринлари бозорнинг фаолияти давомида бир неча бор ва кўп ҳолларда ўша-ўша кишиларга қайта-қайта сотилганини шу ердаги тижоратчиларнинг ҳар бир жуда яхши билади. Бу ишлардан бюджетга қараганда кўпроқ “тадбиркор” мутасаддиларнинг чўнтаги қаппайган.

“Ипподром” раҳбарияти томонидан даромадларни яширишнинг мукаммал схемаси ишлаб чиқарилгани ҳамда бу схеманинг кўп йиллар давомида бозор ҳудудида амал қилиб келгани туфайли ҳар куни миллиард-миллиард сўм маблағлар давлат ғазнасини четлаб ўтиб “ишбилармон” мутасаддиларнинг чўнтагини тўлдирган.

Бозорда патент олмай (демак, солиқ тўламай) савдо қилаётган тижоратчиларнинг сони 1800-2000 кишини ташкил этади. Уларнинг ҳар бири ҳар ой ўртача 100.000-150.000 сўмдан маъмурият кассасига пул тўлаб келадилар.

Бундан ташқари, бозорда кўп сонли ҳуқуқ-тартибот органлари, солиқ идоралари, ўт ўчирувчилар, СЭС каби бошқа идоралар ходимларидан иборат мундирли “назоратчилар” фаолият юритадилар. Улар “лицензиясиз” тижоратчиларнинг жиловини қўлдан чиқармай турадилар.

Бозор ҳам кечаси, ҳам кундузи ишлайди, демак тижоратчилар битта савдо ўрни учун уч марта – эрталаб, кундузи ва кечқурун пул тўлайдилар. Ҳисобга олинмаган ҳамда “Ипподром” эгалари ва назоратчилари чўнтагини тўлдираётган даромадларнинг кўлами ҳақида фақат тахмин қилса бўлади, холос.

“Абу Саҳий” ҳозирча четлаб ўтилмоқда?

Сўнгги пайтда мамлакат президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаевага қарашли хитой моллари контрабандаси билан савдо қилиб, давлатга бирор сўм солиқ тўламаётган ва кунига миллиард-миллиард сўм савдо айланмасига эга “Абу Саҳий” хусусий савдо комплексининг осмони узра ҳам қора булутлар тўпланаётганга ўхшамоқда.

“Фарғона” суҳбатдошлари маълумотига кўра, шу кунларда бозор атрофида формасиз кишилар – қандайдир тушунарсиз рейдлар ва текширувлар ўтказаётган солиқчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳаракатлари фаоллашиб қолди. Мисол учун, куни-кеча солиқчилар тижоратчилардан бирининг 200 коробкадаги пойафзалини қонунга хилоф равишда мусодара қилдилар ва шу билан бирга бу ҳақда протокол тузмадилар. Кузатувчиларнинг маълум қилишича, сўнгги кунларда “Абу Саҳий” бозори ва “Абу Саҳий” гипермаркети ва “Ипподром” ўртасидаги участкада мол юклаган каттакон фуралар тўпланиб қолган. Номаълум сабабларга кўра, улар юкларини тушириб олиш учун савдо комплекси ҳудудига киритилмаяпти. Кўринишидан, Каримова-Тиллаевага қарашли бизнес империянинг ҳам бошига оғир кунлар келаётганга ўхшайди.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама