17:28 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Гулнора Каримовага яқин бўлган кимсалардан бирининг қариндошлари унинг ўғирлангани ва қийноққа солинаётгани ҳақида билдирмоқдалар

07.11.2013 13:57 msk

Фарғона

Илгари Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг жамоасида ишлаган Нурмуҳаммад Содиқовнинг қариндошлари унинг ўғирлангани ҳақида билдирмоқдалар. Содиқовнинг қайниси Ўзбекистондаги янгиликларни ёритувчи бир неча хорижий интернет нашрларига бир вақтнинг ўзида мактуб йўллаган. Унга кўра, “Каримованинг жанггарилари” 2013 йил январидан бери Содиқовнинг қандайдир объектда сақлаб, шавқатсиз равишда калтаклаяптилар.

Ушбу мактубнинг тўлиқ матни келтирилган

“Ҳурматли таҳририят!

Ёрдам умидида барча қариндошларимиз номидан сизга мурожаат қилмоқдаман. Оиламиз бошига тушган мушкулликлар туфайли инсон ҳуқуқларининг ҳимоясига қуруқ сўз сифатида қарамайдиган халқаро оммавий ахборот воситаларига муржаат қилишга мажбур бўлмоқдамиз. Гулнора Каримова ва унинг жанггарилари томонидан амалга оширилган ўтиб кетган бедодликларнинг ошкор этилиши 2013 йил дом-дараксиз йўқолган ҳамда биримизга ака, бошқамизга ўғил ва яна биримизга эр бўлган Содиқов Нурмуҳаммаднинг ҳаётини сақлаб қолинишига ёрдам беради, дея умид қиламиз.

У 2001 йилдан бери Гулнора Каримовага қарашли тижорат тузилмаларида ишлаб келган, Тошкетда уни ҳалол ва инсофли инсон сифатида танийдилар. У Каримованинг барча топшириқларини сидқидилдан бажариб келган ва шу туфайли кўп маротаба унинг мукофотларига сазавор бўлган. Аммо сўнгги вақтда, Швейцарияда Алишер Эргашев ва Шоҳрух Собиров билан чиққан жанжалдан сўнг Гулнора Каримова Нурмуҳаммадга нисбатан муносабатини ўзгартирди. Аввалига Нурмуҳаммад ўзига нисбатан Каримова томонидан кучли босим ва таҳдидларни бошидан кечирди, кейин бўлса йўқолиб қолди.

Нурмуҳаммаднинг қариндошларига унинг йўқолиб қолгани ҳақида овоза қилмаслигимиз кераклиги тўғрисида кўп маротаба огоҳлантириб келган Гулноранинг одамлари бизга доим таҳдид қилиб келадилар. Унинг одамлари бир-мунча вақт ўтганидан сўнг Нурмуҳаммадни қўйиб юборишга ваъда қилгандилар, аммо 11 ой ўтди ва биз уларнинг ўз ваъдаси устидан чиқишига ишонмай қўйдик.

Милицияга мурожаат қилишга уринишларимиз зое кетмоқда. Гулнора Каримова бизнинг муржаат қилганимиз ҳақида билиб қолиши биланоқ унинг одамлари етиб келиб бизни милициядан ҳайдаб чиқаришар, таҳдид ва пўписалар эса аввалгига қараганда янада кучаяр эди. Улар бизга “Агар тинчимасангиз, Нурмуҳаммад ўлади, уни бошқа ҳеч қачон кўра олмайсизлар”, деб айтишарди. Бу жуда даҳшатли, биз нима қилишимизни билмай қолдик...

Нурмуҳаммад бир куни бизга қисқагина мактуб юбориб, Гулнорага қарашли оъектлардан бирида сақланаётгани, мунтазам равишда калтакланаётганини маълум қилди. Хатда ёзишича, ундан қандайдир пулларни талаб қилишаётган, у эса бу пулларни олмаган экан. У биздан милицияга мурожаат қилмасликни сўради, чунки ҳар сафар милицияга мурожаат қилганимиздан сўнг унинг аҳволи баттар оғирлашган.

Бизнинг барча мулкларимиз тортиб олинди, квартираларимиз, машиналаримиздан маҳрум бўлдик, паспортларимизни олиб қўйдилар. Биз барчасига розимиз, фақат Нурмуҳаммад қайтса бўлди. Аммо уни қўйиб юборишмаяпти.

Илтимос бизга Нурмуҳаммадни қайтаришимизга ёрдам беринглар, унинг уч нафар фарзанди, қариб қолган онаси ҳамда тирик эри туриб бева қолган хотини бор.

Нега энди Гулнора Каримова хайрия ҳақида қайғуриши, инсон ҳуқуқларига содиқлиги ҳақида кўп гапиради-ю, аммо ўрта асрларга ҳос бошбошдоқликларга йўл қўяди? Агар унинг даъволари бўлса, қонунга риоя қилган ҳолда, адвокатларни ёллаб судлашмайдими? Нега одам қилмаган иши учун уни зиндонбанд қилиб, қийноққа солади?

Биз ушбу чидаб бўлмас ҳолатга халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини қаратишингизни сўраймиз, чунки юзага келган вазият ошкор этилмаса, Нурмуҳаммадни қайта кўра олмаслигимиз мумкин.

Ёрдамингизга умид билан Муҳатов Анвар Асқарович, Россия, Пенза шаҳри”.

Биз Анвар Муҳатов билан боғландик, у бизга Нурмуҳаммад Гулнора Каримованинг ишончига сазавор бўлиб, унинг қўл остида раҳбар лавозимида ишлаганини, тез-тез хизмат сафарларига бориб турганини сўзлаб брди. Ўз ишининг тафсилотлари ҳақида деярли ҳеч нарса гапирмас, негаки унга кўра, ҳар қандай киши президент қизининг қўл остидаги тузилмаларида иш бошлашидан аввал маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисида тилхат ёзиб берган.

Вақти-соати етиб келган кунда уни ўғирлаб кетдилар. Ўша пайтда Муҳатов Россиядан Тошкетга келган эди. “Опам менга Нурмуҳаммадни танийдиган одамлар олиб кетганини айтди. Мен уларнинг исмини ҳам айтиб беришим мумкин – Олег ва Рафиз”, - дейди Муҳатов.

Унга кўра, шундан кейин Содиқовлар оиласидан ҳамма пуллар, қимматбаҳо буюмлар ва ҳужжатлар олиб қўйилди. Қариндошларига шовқин кўтармасликни ва милицияга мурожаат қилмасликни амр этдилар. “Уларнинг иш олиб бориш услуби ҳудди жиноят гуруҳидаги каби: улар доим бизни бир ёқлама қилиш, Нурикни ўлдириб юбориш тўғрисида пўписа қиладилар”, - дея тушунтиради Муҳатов.

Шунингдек, у опаси ва балоғатга етмаган уч нафар жиянларининг ҳаёти учун хавотирда. “Уларга ҳеч қанақасига ёрдам бера олмаяпман, унинг паспорти йўқлиги боис пул юбориб бўлмаяпти, у ҳатто йўлга ҳам чиқа олмайди, болаларининг ҳам ҳамма ҳужжатлари тортиб олинган”, - дея ҳасрат қилади “Фарғона” суҳбатдоши.

Нурмуҳаммад Содиқов тўғрисида бирор-бир тасдиқланган маълумот олишнинг иложи бўлмади. Унинг ёши 40 атрофида, миш-мишларга қараганда, бир вақтлар у бош вазир ўринбосари Рустам Азимовнинг яширин ишлари бўйича “бухгалтерлари”дан бири бўлган ва шундан сўнг Гулнора Каримова билан ишлай бошлаган ва сўнгги ўн йил давомида унинг қўлида ишлаган. Ўзбекистонлик сирли “сиёсатшунос” Усмон Ҳақназаров маълумотига кўра, Содиқов президент оиласининг бизнес-империясига айнан Рустам Азимовнинг тавсияси билан олинган.

Ўзига зиддиятли репутация ортирган Zamondosh сайти 2013 йил февраль ойида Содиқовнинг йўқолгани ҳақида илк бор хабар берган эди. Манба маълумотига кўра, Содиқов бошқа йўқолиб қолган Шуҳрат Акбаров билан бирга Гулнора Каримованинг компаньонларидан (шерик) бири саналган ҳамда “президент тўнғич қизининг ҳамёнига ҳаммадан кўра яқинроқ бўлишган”. Аввалига Каримованинг атрофидагилар “Нурик” ва “Шурик” Европада Гулноранинг бошига муаммолар ёғила бошлаганидан сўнг қочиб кетдилар, деган ҳаёлга бордилар, аммо кейинчалик Содиқов ва Акбаровни “Г.Каримованинг кўппаклари ўғирлаб кетгани” ҳамда уларни Тошкентдаги қандайдир квартирада сақлаб қийноқлар ёрдамида “Гугушанинг рухсатисиз ишлаб топилган пулларни қаерда сақланаётгани” тўғрисидаги маълумотларни олиш учун қийноқларга солинаётгани тўғрисида миш-мишлар пайдо бўлди.

Бошқа маълумотларга кўра, Содиқов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тергов изоляторида сақланмоқда ва “Рустам Азимовга қарши кўрсатмалар бериб, ўзбек молия вазирининг барча молиявий фирибгарликларини фош қилмоқда”.

Қайд этамиз, Гулнора Каримованинг ўзи сўнгги ҳафталар давомида Твиттердаги микроблогида Миллий хавфсизлик хизматининг иш услубларини танқид қилиб, ўзбекистонлик “чекист”ларни ўзига қарашли хавфсизлик хизмати ходимларини калтаклаётганда айблаб келмоқмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги