03:03 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия: Халқ бирлиги кунида Петербургда ўртаосиёлик уч киши ўлдирилди

07.11.2013 13:46 msk

Фарғона

Фонтанка.Ру хабар беришича, куннинг иккинчи ярмида “Рыбацкое” метроси ёнида 51 ёшли ўзбекистонлик ишчининг жасади топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, у соат 16.00 да завод дарвозасидан чиққанида Караваев кўчаси 31 уй ёнида унга ўн кишидан иборат ўсмирлар галаси ҳужум қилган. Меҳнат муҳожири олинган жароҳтлардан ҳалок бўлган. Мутахассислар унинг жасадида ҳар хил пичоқлардан қолган 14 та жароҳат борлигини аниқлаганлар. Ушбу ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 105-1 моддаси бўйича (Одам ўлдириш) жиноий иш қўзғатилди. Ўсмирлар жиноят содир этилган жойни тарк этганлар, аммо ушбу ҳужум видекузатув камераларида ёзилиб қолган. Видеоёзувларда ҳужум қилган ўсмирлар миллатчиларга ҳос кийимларда бўлгани кўриниб турган.

Комсомольская правда хабар беришича, ўша Караваев кўчаси 33 уйнинг ёнида яна бир ўзбекистонликнинг жасади топилган. Воқеа гувоҳларига кўра, бошига капюшон тортиб олган уч кимса ўзбекнинг олдига келиб пичоқ ура бошлаганлар. Тергов Қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича Бош тергов бошқармаси раҳбари ушбу ишни ўз назоратига олган. Жиноят иши ўша 105 модда бўйича қўзғатилди. Жиноят миллатчилик негизида содир этилгани бўйича тахминлар ўрганилмоқда.

“Оперативное прикрытие” хабар беришича, ўша куни эрталаб соат олтига яқин Рихард Зорге кўчаси 4 уй ёнида 36 ёшли Қирғизистон фуқаросининг жасади топилган. Унинг икки сонига пичоқ уришгани ва қон йўқотгани боис ҳалок бўлган. Жиноят иши “оғир тан жароҳати етказиш” моддаси бўйича қўзғатилди, бу ерда миллатчилик сабаблар эътиборга олинмаяпти. “Маиший негизда жанжал чиққан”, - дея хулоса қиладилар терговчилар.

ЭхоМосквы маълумотига кўра, Виборг районида икки меҳнат муҳожирига травматик қуролдан ўқ узишган ва шундан кейин тўнаб кетишган.

Ижтимоий тармоқларда 5 ноябрга ўтар тунда “Удельная” метро станциясида ёш миллатчиларнинг ҳужумини тасвирловчи видеоёзув пайдо бўлди. “40 кишидан иборат миллатчилар гуруҳи “Удельная” станциясида кўриниши славян миллатига мансуб бўлмаган кимсани платформада ва поезд вагонида калтаклади. Жабрланганлар бор. Фуқаролар саросимада бошқа вагонларга қочиб кетдилар”, - дея ҳикоя қилади содир бўлган ҳодисанинг гувоҳларидан бири.

Метродаги ҳужум тўғрисидаги хабардан сўнг миллатчилар Удельний бозорида ҳам савдо расталарини остин-устун қилиб юборганлари ҳақида маълумотлар келиб тушди. Бозор ходимлари Фонтанка.Ру нашрига айтишларича, соат 16.00 атрофида 50 кишига етиб-етмаган ўспиринлар гуруҳи пайдо бўлди, уларнинг орасида қизлар ҳам бор эди. Улар таёқлари билан расталарни остин-устун қила бошладилар, сотувчилардан бирини урмоқчи бўлдилар. Бунга жавобан сотувчилар гўё осмонга қарата ўқ уза бошладилар. Полиция келганидан сўнг жанжал кўтарганлар қочиб кетдилар, воқеа шоҳидларининг маълум қилишича, тўрт киши қўлга олинган, аммо полиция бу хабарни тасдиқлагани йўқ.

Бундан ташқари, Халқ бирдамлиги куни Петербургда иккита оммавий муштлашувнинг олди олинди. Ёш йигитлар “Проспект Просвещения” метроси ёнида, Симонов, Шостакович, Хошимин кўчаларида ва Просвещение шохкўчасида можаро чиқаришга уриндилар. Метро хабар беришича, воқеа шоҳидлари бу ҳақда “02” телефонига хабар бердилар. Ўша заҳоти етиб келган полиция наряди 15 кишини майда безорилик учун қўлга олди. Иккинчи жанжалга уриниш шаҳарнинг жанубий қисмида қайд этилган: Ленин проспекти №128 уй ёнида агрессив кайфиятдаги йигитлар ўткинчиларга озор бераётган эдилар. 9 киши қўлга олинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги