22:33 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Журналист Сергей Наумов милиция томонидан қўлга олинган, аммо унинг қаердалиги номаълум

23.09.2013 13:27 msk

Д.Кислов

Сергей Наумов 1963 йил 7 март куни туғилган. “Фарғона.Ру” халқаро ахборот агентлиги, Уруш ва тинчликни ёритиш институти, “Экологическая безопасность и гражданская инициатива” (Ўзбекистон Фанлар академиясининг “Фан” нашриёти, “Экология хавфсизлиги ва фуқаролик ташаббус”) ва “Политжурнал” (Москва, Россия) босма нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келади. Журналистлар ўртасида ўтказилган бир неча халқаро танловлар ғолиби.

Урганч шаҳрида милиция томонидан шанба куни қўлга олинган журналист Сергей Наумовнинг қаерда қолаётгани шу чоққача номаълум бўлиб қолаяпти. Тахмин қилинишича, милиция Сергейни уйидан олиб кетган. Наумовнинг дўстлари барча милиция бўлимларига бориб кўрдилар, прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизматига телефон қилдилар, аммо ҳозирча журналистнинг изини ҳам топа олмадилар. Фаразларнинг бирига кўра, журналистга “ўғирлик” каби тутуриқсиз айбловни осиб қўйиб, шу йўл билан уни мажбурий пахта кампанияси ўтказилаётган муддат давомида “изоляция”га олишмоқчи. Таниқли журналистнинг ҳамкасблари унинг қонун олдида айбсиз эканлигига ишонадилар ҳамда халқаро ташкилотлардан унга зудлик билан ёрдам кўрсатишларини талаб қилмоқдалар.

Журналистнинг йўқолиб қолиши устида ўз текширувини олиб бораётган Ҳивадаги “Нажот” ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг IWPR янгиликлар хизматига маълум қилишича, Наумовнинг қўшнилари “журналистнинг қўлга олингани тўғрисида ҳеч нимани билмайдилар ва ҳеч нарсани кўрмаганлар”.

Наумов билан алоқа шанба куни кечқурун, соат 19 атрофида узилиб қолган. Ўшанда у ҳамкасбларига маҳаллий милиция бўлимида эканлигини маълум қилган. Ўзининг қўлга олиниши сабаблари ҳақида у ҳеч нима демаган. Айни пайтда унинг ҳамма телефонлари узиб қўйилган.

IWPR хабар беришича, маҳаллий милиция шу йилнинг августи охирида Наумовнинг фаолияти билан қизиқа бошлаган. Халқаро нашрлар учун долзарб мавзуларда мақолалар ва ҳисоботлар тайёрлаб келган мустақил журналистни сўроққа тутишган, фаолияти билан қизиқишган эдилар. Ўшанда Наумовни қўйиб юбордилар.

“Наумов Хоразм вилояти далаларида 16 сентябрь куни пахта терим кампанияси бошланиши билан ушбу мавзуга материал тўплай бошлаган. Бир неча кун илгари пахта далаларидаги аҳволни ўрганиш учун вилоятга Тошкентдан қандайдир “комиссия” келгани ҳам маълум. Шунинг учун ҳам расмийлар ушбу масалада реал маълумотга эга бўлган кимсаларни нейтраллаштиришга уринаётганларини ҳамда Наумов шунақа нейтраллаштиришнинг қурбонларидан бири бўлиб қолганини истисно этмаслик зарур”, - дея ёзадилар IWPR мухбирлари.

“Фарғона.Ру” манбаси тақдим этган маълумотга кўра, 21 сентябрь куни соат 17 атрофида Сергей Наумовнинг олдига участка нозири бир неча милиционерлар билан келиб кетган. “Журналистни олиб кетмоқчи бўлганларида, қўшнилар уни ҳимоя қилишга уриндилар. Бу одам уйимиздаги энг хушмуомала инсон, дедилар. Бунга жавобан участка нозири қандайдир аёл гўё Наумов унинг олтин занжирини узиб олмоқчи бўлгани ҳақида даъво аризасини ёзганини билдирган. Қўлга олиниш версиясини на тасдиқлай ва на инкор эта оламан. Аммо бу ишлар жуда тутуриқсиз эканлиги равшан”, - деди манба мухбиримиз билан суҳбатда.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон расмийлари журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилар ва сиёсий мухолифат вакилларига босим ўтказиш учун шунақа “жабрланганлар” ва “воқеа шоҳидлари”нинг ёлғон кўрсатмаларидан тез-тез фойдаланиб турадилар. Мисол учун, 2008 йил кузида журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Солижон Абдураҳманов наркотикларни сақлаш ва тарқатиш бўйича сохталаштирилган айблов билан ўн йилга озодликдан маҳрум этилди. 2009 йилда журналист Дилмурод Сайидов товламачилик ва ҳужжатларни сохталаштиришда айблов билан 12 йилга қамалди. Жорий йилнинг августида эса мухолифатчи Баҳодир Чориевнинг отаси 71 ёшли Ҳасан Чориев 19 ёшли қизни зўрлаганликда айбланиб 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Сергей Наумов атрофида юзага келган вазият хориждаги ҳамкасблар ва халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларини қаттиқ ташвишлантирмоқда. “Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси биринчи бўлиб Наумовнинг ҳимоясига бағишланган прессс-релизини тарқатди. AHRCA бефарқ бўлмаган барча шахсларни, ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларини журналист Сергей Наумовнинг тақдирига эътибор беришни ҳамда тезлик билан унинг озод этилишига ҳиссаларини қўшишларини сўрамоқда.

“Фарғона” ахборот агентлиги Сергей Наумовнинг тақдирини кузатишда давом этмоқда. Агар сизда қандайдир маълумотлар бўлса, бу ҳақда сайтимиз бош муҳаррири Даниил Кислов номига dan@kislov.ru электрон манзилига ёзишингизни илтимос қиламиз.

АЙТГАНДЕК,

Сергей Наумов 2009 йил 26 декабрда Ўзбекистон-Россия муносабатларини ёритиш бўйича ижодий танлов ғолиб бўлган. Танлов “Россотрудничество” ваколатхонаси, Ўзбекистондаги Рус маданий маркази ва “Новости Узбекистана” газетаси томонидан, Россия элчихонаси кўмагида уюштирилган бўлиб, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Иттифоқчилик алоқалари тўғрисидаги Шартноманинг имзоланганига тўрт йил тўлиши муносабати билан ўтказилганди.

Посол России в Узбекистане Владимир Тюрденев вручает награду Сергею Наумову
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев Сергей Наумовга мукофот топширмоқда

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги