19:51 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда “пахта зўравонлиги” мавсуми бошланди. ХМТ кузатувчилари келса, бу ерда нималарни кўришлари мумкин?..

17.09.2013 20:25 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистонда сентябрь – шаҳарликларни пахтага жўнатиш кампаниясининг авжига чиққан палласи. Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) маълум қилишича, Тошкентда 200 минг шаҳарлик ихтиёрий-мажбурий тартибда пахта теримига жалб қилиниши режалаштирилмоқда. Биринчи навбатда бюджет ташкилотлари ва муассасалари: касалхона, поликлиника, болалар боғчалари, таълим муассасалари, хизмат кўрсатиш соҳаси, электр энергияси узатиш ва сувоқава корхоналари ходимлари, вазирлик ва маҳкамалар ходимлари, талабалар ва бошқалар сафарбарлик қилиниши режалаштирилмоқда. Бордию, кимдир пахта теримига ўз ҳиссасини қўшишдан бош тортса, уларни ё ишдан ёки ўқишдан ҳайдаш билан қўрқитиладилар.

Ўрта ва кичик бизнес вакиллари: тижоратчилар, банкирлар, ишлаб чиқарувчилар, қурувчилар, новвойлар ва бошқалар ҳам пахта терими учун масъул мутасаддиларнинг эътиборидан четда қолгани йўқ. Туман ҳокимликари тадбиркорлар ўртасида ташвиқот ишларини юргизиб, ё ўзларининг пахтага боришларини ёки бўлса ўринларига бошқа одамни ёллаб жўнатишларини талаб қилмоқдалар. Бунинг натижаси ўлароқ мардикорларга талаб кучайиб кетди, уларнинг бир кунлик иш ҳақи 30 мингдан 50 минг сўмгача кўтарилди ($11 дан $18 гача).

Мисол учун, ЎМҲҲТГ маълумотига кўра, Тошкентдаги деярли етти минг тижоратчи савдо қиладиган энг йирик “Эски Жўва” бозорида йирик дўконлар – супермаркетлар, ресторанлар ва бошқа савдо ва хизмат кўрсатиш пунктлар раҳбарларидан бир ой давомида пахтага бормасликлари учун 1,5 миллион сўмдан ($550) товон пули талаб қилмоқдалар.

Маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари пахтага кетаётганлардан “бегона одамлар” – журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилар ёки чет элликлар билан мулоқотга киришмасликни қатъий туриб тавсия қилмоқдалар. “Агар бордию, бундайлар билан суҳбатлашадиган бўлсангиз, унда мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашга ўз ҳиссамни қўшиш учун пахтани ўз ихтиёрим билан теряпман, деб айтинглар”, - деган йўриқномалар берилмоқда. Давлат муассасалари ходимларидан эса пахтага ўз ихтиёрлари билан кетаётганлари тўғрисида ёзма аризалар олинмоқда.

Андижон вилоятида ҳам ҳудди шундай вазият юзага келган. Мисол учун, вилоят марказида истиқомат қилувчи сайтимиз ўқувчиларидан бири бўлган аёл Андижонда пахта терими мавсуми қандай бошлангани ҳақида ҳикоя қилиб берди.

“Андижонда пахта терими 10 сентябрь куни бошланди. Бу йил вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов коллеж ўқувчиларини пахтага чиқишини бекор қилди, лицейда ўқийдиганлар эса илгари ҳам пахтага чиқишмаган, фақат 2012 йилда чиқишган. Қишлоқ мактаб ўқувчиларини ҳам пахта теримига жалб қилиш қатъий тақиқланган. Болаларнинг ёрдам қўлисиз иш битадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Терим энди бошланяпти. Аммо ўқитувчиларсиз эплай олишмаса керак, уларни пахтага чиқишга мажбур қилишяпти, шунинг учун болаларнинг ўқиши давом этадими-йўқми, номаълум.

Соғлиқни сақлаш тизими ҳам истисно этилгани йўқ: медперсонал пахтага сафарбар қилинди. Поликлиникалар ва қишлоқ шифокорлик пунктлари ҳувиллаб қолди. Бошқа бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимларини ҳам пахтага жўнатишяпти.

Пахта теришга боришни истамаганлардан товон пули талаб қилинмоқда. Пахтага бормаслик учун ишчи-ходимлар ўзлари ишлаётган корхона ёки ташкилот раҳбарига белгиланган миқдордаги пулни тўлашлари ҳамда ўзларининг ўрнига пахта теримига борадиган одамни ёллашлари керак. Раҳбарга 100 доллар, мардикорга 300 минг сўм берилмоқда (кунига 30 минг сўмдан ўн кун ҳисобида). Шундай қилиб, икки баробар миқдорида пул тўлашга тўғри келяпти.


Бўлажак пахтакорларнинг йиғиладиган ери

Бунча пул йиғилишининг сабаби – ҳар бир муассаса ёки ташкилот учун пахта топширишнинг кунлик нормаси белгиланганида: агар бу норма бажарилмаса, ташкилот раҳбари терилмаган пахтанинг ўрнига пул топширади. Бу гаплар кўп ҳолларда баҳона бўлиб, йиғилган пуллар раҳбарларнинг чўнтагига кириб кетади.

Қайд этиш жоиз, маркдикорлар доим ҳам ёлловчиларнинг ишончини оқлаб қўяётганлари йўқ. Уларнинг ҳаммаси ҳам белгиланган нормадаги пахтани тера олмайдилар, шундай ҳолларда еган овқати учун пулни тўлаб қўйишлари керак бўлади ва бу харажатлар ҳам ёлловчининг зиммасига тушади. Шунинг учун пул тўлашни истамаётганлар ёки бунга имконияти йўқларнинг ўзлари пахтага боришга ва кунлик нормани теришга мажбурлар.

Пахта албатта бизнинг бойлигимиз. Бу миллий иқтисодиётни тубдан ўзгартирган қимматбаҳо хом ашё бўлиб, шу сабабдан дунё бўйлаб 80 дан зиёд мамлакатда пахта етиштирилади.

Ўзбекистон давлати пахта етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнини тартибга солишда муҳим ўринни эгаллаган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилари давлатга белгиланган миқдорда пахта етказиб бериш мажбурияни ўз зиммаларига олганлар. “Ўзпахтасаноат” уюшмаси пахтани қайта ишлаб, уни экспортга тайёр қилиб беради. Ўзташқитранс ва давлат савдо ташкилотлари тойланган пахта толасининг экспорти билан шуғулланадилар. Ташқи иқтисодий алоқалар бўйича агентлик контрактларни рўйхатга олиб валюта тушимини мониторинг қилади. Пахта толаси сертификацияси бўйича “Сифат” маркази тойланган пахта толасининг сифатига баҳо беради. Божхона қўмитаси экспорт контрактларини рўйхатга олиб, пахтанинг сифат ва миқдорининг мослигини ҳамда йўл ҳужжатларини текширади.

Яъни, ўзбек пахтаси жаҳон миқёсига аллақачон чиқиб бўлган, шунинг учун ҳосил йиғим-теримини ўзи бўлиб қолади, дея ташлаб қўйиш ақлсизликдир.

Совет иттифоқи даврида ҳам пахта теримига ҳаммани жалб этилган. Мен пахта терими кампаниясини тақиқлаб қўйиш керак демоқчи эмасман. Ҳар бир соғлом ва соғломфикрли одам пахта теримида қатнашишни ўзи учун бурч деб билиши керак. Аммо бу эмизикли аёлларни, балоғатга етмаганларни, қарияларни, касалларни ва ногиронларни пахтага мажбурлаб олиб чиқишни англатмайди. Пахта теримида қатнашаётган одамларга эса вақтинча яшаш учун қулай шароитларни яратиб бериш керак, ахир пахта терим мавсуми кам дегандат бир ярим ой давом этади.


Ҳатто қари аёллар ҳам пахта теримига чиқишга мажбур бўляптилар

Ҳеч нарса қилинмаяпти, деб ҳам бўлмайди. Пахта терими мавсуми бошланишидан олдин расмийлар махсус комиссияларни тузадилар, уларнинг таркибига вилоят бюджет ташкилотларининг раҳбарлари киради. Улар аввалдан фермерлар билан шартномалар тузиб, пахта теримчиларининг яшаш шароитларини белгилаб берадилар. Комиссиялар таркибига санитария-эпидемиология назорати вакиллари ҳам киради, улар яшаш шароитининг яроқлилиги ҳақида хулоса чиқаришлари керак. Бундан ташқари, улар ичимлик сувининг сифатини ҳам назорат остига олишлари керак: водопровод етиб бормаган далаларда тоза ичимлик суви учун махсус цистерналар ўрнатилиши лозим, уларнинг ичида ўткир ошқозон инфекция касалликларини олдини олиш учун хлорли фильтрлар ўрнатилган бўлиши шарт.

Қашқадарё вилоятининг “Ҳилол” фермерлик хўжалигида Агросаноат коллежининг иккинчи курс талабаси 9 сентябрь куни электр токи уриши натижасида вафот этди. Унинг исми Маҳлиё бўлиб, эндигина ўн олти ёшга кирган эди. Воқеа шоҳидларининг айтишича, Маҳлиё бошқа курсдошлари билан бирга “Ҳилол” хўжалигида пахта териб юрган. Унинг ўлимига бахтсиз ҳодиса сабаб бўлди. Маҳлиё қўлини ювмоқчи бўлиб лотокка энгашганида қалқиб кетади. Йиқилмаслик учун қиз шу ерда турган симёғочни ушлаб олади. Унинг қўли теккан жойда эса изоляцияси бузилган электр кабели ўтган экан, қизни ток уради. Маҳлиёни Қашқадарё вилояти Тез ёрдам марказига олиб кетишаётганида йўлда жон беради. Uznews.net

Афсуски, бу нарсалар қилинмаган. Пахтакорлар антисанитария шароитларида яшаяптилар. Овқат ва чой учун сув даланинг ёнидан ахлатлари билан оқётган каналдан олинади. Канал ёнига насос ўрнатиб, водопроводга ўхшаш нарсани ясаб қўядиларда, одамларни “бу ичимлик суви”, деб алдайдилар. Баъзи ерларда бетон қудуқларга сув тўлдириб қўйишган, уларнинг ичидаги ичимлик сувидан эса балчиқнинг ҳиди келиб туради.

Фермерларнинг ёрдамчиларга бўлган муносабати ҳақида ҳам алоҳида гапириш керак. Уларнинг аксарияти теримчиларни ўзларининг қулларидек кўрадилар, қаттиқ назорат остига олиб, секин ишлаётганлари ва пахтани тоза термаётганлари учун дакки берадилар. Ташкилот раҳбарлари фермерларнинг бундай муомаласини қўллаб-қувватлайдилар, холос. Одамлар хўжайинларидан қўрққанларидан кунлик нормани бажаришга ҳаракат қиладилар.

Маҳалла фуқаролари йиғинлари раисларидан иборат штаб ходимлари ҳам ўзларини ҳудди шунақа хўжайинларга ўхшаб тутадилар. Аввалига улар ўз маҳаллаларидаги моддий ёрдам ёки ёш болалар учун нафақа пули олаётган хонадонлардан одамларни пахтага чиқишга мажбур қиладилар. Пахтага мажбуран чиқарилаётгалар орасида қари кампирлар ва ёш болалари оналар бор. Кампирлар одатда нафақа олаётган келинлари ёки қизларининг ўрнига борадилар, ёш болали аёллар эса ноиложликдан чиқадилар.


Баъзи аёллар пахта даласига ёш болалари билан келадилар

Ўтган йили маҳалла фуқаролар йиғинлари тўплаган одамлар Жалалқудуқ туманининг Жанубий Оламушук қишлоғида жойлашган фермерлик хўжалигига жўнатилганди. Уларни “Победа” фермерлик хўжалиги ҳудудидаги №18 ўрта мактабга жойлаштирдилар. Пахта штабига маҳалла фуқаролар йиғинларига раислик қиладиган аёллар тайинланган экан, улар теримчиларга нисбатан жуда шавқатсиз муомалада бўлдилар. Улар ўзларини беҳаёларча тутиб, тез-тез спиртли ичимликлар билан маишатлар уюштиришар, теримчиларнинг ёшига ва касаллигига қарамай таҳқирлашарди. Мисол учун, улар киндигидан сариқ сув чиқаётганига қарамай қари ва касал аёлни сал бўлмаса калтаклайдиган ҳолатда пахта теришга мажбур қилдилар.

Бу йил маҳалла қўмиталари томонидан пахтага тўпланган андижонликларни Олтинкўл туманига жўнатдилар. Уларни 14 сентябрдан бошлаб ёмғир ёғаётганига қарамай очиқ даладаги шийпонга жойладилар.”

* * *

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати бу йил Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) кузатувчилар миссиясига пахта терим кампанияси мониторингини ўтказишига рухсат берган. “ХМТ Ўзбекистонда болалар меҳнати эксплуатациясига йўл қўймаслик мақсадида пахта терим жараёнининг кузатувида иштирок этади”, - дея тасдиқлади ХМТ расмий вакили Ҳанс фон Роланд (Hans von Rohland) 12 сентябрь куни электрон почта орқали Eurasianet веб-сайтига. Мониторинг тез кунлар ичида бошланади.

Бироқ аксарият экспертлар ХМТнинг ушбу ҳаракатларига шубҳа ва ишончсизлик билан қараяптилар, негаки Ҳанс фон Роланднинг маълум қилишича, кузатувчилар Ўзбекистон ҳукуматининг расмий вакиллари билан бирга иш олиб борадилар. Расмийлар эса кузатувчиларга ҳақиқий ҳолат очилмаслиги учун қўлларидан келадиган бор ишларни қилишлари табиий.

Мисол учун, Cotton Campaign коалицияси тахмин қилишича, маҳаллий аҳоли Ўзбекистон расмий идораларининг вакиллари ҳамроҳ бўлган ХМТ кузатувчилари билан очиқ-ойдин гаплашмайди.

“Кузатувчилар гуруҳи таркибига фақат мустақил кузатувчилар киришлари, Ўзбекистон ҳокимият идораларининг вакиллари эса бу гуруҳлар ишига умуман аралашмаслиги жуда муҳим”, - дея билдирди Human Rights Watch ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Стив Свердлоу (Steve Swerdlow). Унга кўра, кузатувчлиар миссияси ҳукумат пойлоқчиларидан мосуво бўлиши жуда муҳим, ўшанда теримчилар ҳеч нарсадан хавотир олмай уларга бор ҳақиқатни гапира оладилар. Ўзбекистонда эса ҳур фикрлилик таъқибланиши кўплаб далиллар билан ҳужжатлаштирилган.

Cotton Campaign коалицияси ҳосил теримига тайёргарлик даврида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш фактларини қайд этиб қўйган. “2013 йилнинг баҳорида Ўзбекистон расмийлари болалар ва катталарни ғўза яганасига жалб этган, пахта ўрнига пиёз эккан фермерлар эса калтакланган”. Коалиция ёзда “ҳамшираларни, ўқитувчилар ва бюджет соҳасининг бошқа ходимларини мажбурий пахта теримига олиб чиқишга тайёрланаётганини” қайд этган.

ЎМҲҲТГ маълумотига кўра, бу йил Ўзбекистон расмийлари бутун мамлакат бўйлаб пахта теримига 2,5 миллион кишини жалб этишни режалаштирмоқда. Пахта терим кампаниясига 45-60 кун ажратилган. Шу давр мобайнида 3,5 миллион тонна пахта хом ашёси териб олиниши керак.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги