11:32 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Vox populi: Жамият ўз мамлакати келажагига ишонмайди

14.09.2013 18:18 msk

Марям Ибрагимова

Мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориев бошлаб берган “Ўзбекистонда “рангли инқилоб”ни бошлаш имконияти ҳақидаги мавзу “Фарғона” агентлиги сайтида кенг муҳокама этилмоқда. Тошкетлик социолог ва сиёсатшунос-педагог Марям Ибрагимовага кўра, Ўзбекистонда “бахмал” инқилобнинг имконияти йўқ, унинг оқибати фақат ҳарбий диктатура ёки фуқаролик уруши ва хунрезлик бўлиши мумкин, холос. “Мен гўзал, аммо толеи паст мамлакатимга прогнозларимнинг рўёбга чиқмаслигини тилайман, холос”, - дея ёзади М. Ибрагимова.

* * *

Профессионал сиёсатшунос сифатида мен ушбу мунозарада иштирок этишим шарт.

Менинг фикрим: Ўзбекистонда “бахмал” инқилоб бўлмайди! Мамлакатни парчалашга олиб борадиган қонли тўқнашувлар ёки узоқ вақт давом этадиган фуқаролик уруши бўлади.

Фикримни изоҳлаб беришга уриниб кўраман. Биринчидан, Ўзбекистон раҳбарияти либерал мухолифатни йўқ қилиб жуда катта хато қилган. Либерал мухолифат ўзининг ҳур фикрлари ва танқидлари билан ҳокимиятни таҳликали хатолардан тийиб қўйиши мумкин эди. Танқидга нисбатан калтафаҳмларча чидамсизлик оқибатида зиёли табақанинг энг яхши қисми – истеъдодли, ғайратли, соғлом фикрловчи одамлар мамлакатни тарк этдилар. Уларнинг ўрнини очкўз, манфаатпараст, узоқни кўзлай олмаган маргиналлар эгалладилар. Бу ҳудбинлар агар уларнинг манфаатига тўғри келмаса, ўзларига ёқмаган ҳокимиятнинг ҳар қандай қарорини саботаж қиладилар. Улар мамлакат манфаатига туфуриб қўйишган! Пировардида эса, мамлакатда ўз манфаатларини унутиб илғор ўзгаришлар учун жон куйдира оладиган фидокор ва жасур инсонлар қолмади. “Бахмал” инқилоблардан мақсад - ислоҳотлар. Аммо жамиятда туб ислоҳотларни қўллашга тайёр одамларнинг сони жуда оз қолган.

Иккинчидан, мамлакатда замонавий сиёсий ва иқтисодий таълим бера оладиган институтлар пайдо бўлгани йўқ (анъанавий таълим тизими ҳам чуқур таназзулда). Шу билан бирга мутасаддиларнинг ҳамда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг порахўрлиги ва назоратсиз қолаётгани мамлакатда бошбошдоқлик, нафрат ва умидсизликнинг пайдо бўлишига олиб келди. Оддий одам муаммоларини кўтариб кимнинг олдига боради? Фақат Худонинг олдига! Натижада Исломнинг таъсири кучаймоқда. Расмийлар ҳар қанча ҳаракат қилмасинлар, исломий ҳаракатлар борган сари кучаяверади (бир тоифадаги ақлдан озганлар бошқа тоифадаги ақлдан озганларни яратади).

Учинчидан, қанчадан-қанча легал ва нолегал муҳожирларнинг Россияда ишлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ўзларини ҳор қилиш эвазига қулларча меҳнат билан топилган пуллар мамлакат иқтисодиётини кўтариб турибди. Бу эса Россияни бизнинг ички сиёсатимизда асосий роль ўйинчисига айлантириб қўйди. Россия расмийлари (мен айнан расмийлар ҳақида гапираман, бу гап рус халқига тааллуқли эмас, мен бу халқни истеъдодли ва қаҳрамона ҳислатлари учун жуда ҳурмат қиламан) Ўзбекистоннинг ривожланган ва мустақил бўлишини истамайди. Ҳозирги Россия ҳукумати Ўзбекистонни нўноқ ва порахўр мулозимлар бошқараётганидан жуда ҳам манфаатдор.

Тўртинчидан, прокуратура, суд, милиция органлари шунчалик коррупция ботқоғига ботиб кетганки, амалда ҳаракатсиз бўлиб қолаяпти. Қонунларга риоя қилмаслик одатий ҳол бўлиб қолди. Жиноятларнинг саксон фоизи очилмаяпти, жиноий ишлар сохталаштирилмоқда. Қоғозбозлик ва кўзбўямачилик – тизимнинг шиори бўлиб қолди. Жамоат тартибининг асосий таянчи бўлган ушбу органларнинг аксарият ходимлари фақат ўзларининг манфаатини кўзлаб ҳаракат қиладилар. Улар халқни ҳимоя қилмайдилар, агар бирор ҳодиса содир бўлса, тартибни сақлашга ожизлик қиладилар. Бир томондан коррупция, иккинчи томондан эса ҳокимият идораларининг тўхтовсиз аралашуви туфайли адлия органларининг иши жойидан силжимай қолди. (Прокуратура ва суд идораларининг кўплаб ходимлари ўзаро суҳбатларда ҳокимият идоралари ва Миллий хавфсизлик хизмати уларнинг норозилигига қарамай, доим қандай қарор чиқариш тўғрисида кўрсатма бериб келиши ҳақида шикоят қиладилар).

Бешинчидан, МХХ органлари жуда катта, улкан ваколатларга эга бўлиб, улар кўп ҳолларда ушбу ваколатлардан ўзларининг корпоратив манфаатлари йўлида фойдаланадилар. Мен ҳеч бўлмаса шу миллий хавфсизлик хизмати органларида соғлом фикрловчи одамлар бор, дея умид қиламан. МХХ – жамиятда юзага келган реал аҳвол ҳақида ҳақиқий ахборотга эга бўлган ягона ташкилот. Амо бу ташкилот ходимларининг қандайдир қисми коррупцияга берилиб жуда катта пул ишлашдан бўшамаяпти. Яъни, ҳокимиятнинг мазкур органи ҳам яхлитлик ва жамоатчилик манфаатлари йўлида садоқатнинг намунаси бўлмай қолди.

Шундай қилиб, жамиятимиз мамлакат келажагига ишонмай қўйди. Миллатнинг фаол қисми мамлакатни тарк этган ёки ўзга юртларга кетиш тараддудини кўриб юрибди (албатта, унчалик катта бўлмаган ватанпарварлар гуруҳи ҳам бор, улар бир нарсаларни қилишга уриниб юришибди). Аҳолининг қолган маргинал қисми эса “нон ва томоша” шиори остида яшаб, ҳеч нарсага интилмаяпти. “Бахмал” инқилоб ҳамманинг фаравонлигини йўлида бирлашишни кўзлайди, яъни жамият қандай ислоҳотларни кутаётганини, қандай муайан ўзгаришларни истаётганини англатади. Бундан ташқари, инқилобнинг етакчилари бўлиши керак ва бу етакчилар ҳамфикрларни бирлаштира олиши ҳамда жонларини фидо қилиб ўз ғоялари учун кураша олиши керак. Бу доҳийлар қаерда ҳозир? Озгина бўлса ҳам обрўга эга бўлаётган ёки сиёсий салмоғи ошиб бораётган ҳар қандай одамлар тезлик билан обрўсизлантирилмоқда ва мамлакатдан сиқиб чиқарилмоқда.

Юқорида айтилганлардан келб чиқилса, бизни энг ёмон сценарий кутаётгани аниқ ва равшан! Токи ҳокимият ўзининг порахўр мутасаддилари ва маргиналларини боқиб семиртиришга тайёр турар экан, бу мусибатли кунлар давом этаверади. Қачонки ҳокимият ўз имкониятларини ниҳоясига етказганида (иқтисод таназзулда, табиий бойликлар талон-тарож қилинмоқда ва сотилмоқда) жиноятчилик даражаси ўсиб кетади ва тартибсизликлар бошланади. Шунда бизни иккита вариант кутади: биринчиси – МХХ ва армия бирлашиб ҳарбий диктатура ўрната олади. Маргиналлашган жамият бу ҳолатни яхши кутиб олади: ҳар ҳолда анархияга қараганда тузукроқ. Иккинчи вариант – МХХ ва армия ички коррупция важидан фалаж ҳолатга тушиб қолади. Алғов-далғовлар натижасида фуқаролик уруши бошланади. Мамлакатнинг парчаланишидан манфаат кўрадиганлар, яъни сепаратистлар, исломчилар, наркомафия, Россия, Хитой, АҚШ ва ҳоказо ҳоказолар бу ёнғинга албатта “ўтин” ташлаб туришлари аниқ.

Шахсан мен ўзим гўзал аммо толеи паст мамлакатимга прогнозларимнинг рўёбга чиқмаслигини тилаб қоламан.

Марям Ибрагимова

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама