19:23 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Нусрат Раҳмат: Кўча гаплари

09.09.2013 18:20 msk

Нусрат Раҳмат

Биз томонларда (Самарқанд тумани) совуқ тушиши билан газ ва электр таъминотининг оқсоқлиги асосий мавзуга айланади. Чойхоналар, маъракаларда бор газнинг Хитойга берилаётганлигига урғу беришади, ҳеч чўчимай, “таппи ёққан ўзбегим” деган мисраларни такрорлашади.

‏‎

Публицист, ёзувчи ва журналист Нусрат Раҳмат Самарқанд туманидаги Қўшмачит қишлоғида туғилган. “Ленин йўли” газетасида ишлаган, “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари буйича мухбири бўлган. Кейин Тошкентга кўчиб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “ Меҳнат” нашриёти, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида хизмат қилган, 1975 йили “Агар табиатни севсангиз” деган илк китобчаси нашр этилган. “Чанқовуз”, “Олис-олис сўқмоқлар”, “Дашт”, “Замондош ўйлари”, “ Селексия муъжизаси”, “Сўқмоқлар ва сабоқлар” сингари йигирмадан кўпроқ ҳикоя ва очерклардан иборат китоб ва китобчалари босилган. “Тақдимот” шеърлар, “Фожиа” деб номланган ҳикоялар тўплами, шунингдек, “Мен мухбирман”, “Мен редакцияданман”, “Энг ашаддий каллакесар“, “Асқад Мухтор дедилар” сингари китоблари; газета, журнал ва Интернет сайтларида юздан ортиқ мақолалари чоп этилган. 2004 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини олган.

Шу кеча-кундузда эса турли-туман ва ғаройиб ўғриликлар ҳақида гап сотадиган бўлишган. Фалон жойда ундоқ бўлибди, бундоқ бўлибди, эҳтиёт бўлиш керак ва ҳакозо...

Аслида, “кўча гаплари”га ҳам нописанд бўлмаслик керак, зеро, улар бежизга айтилмайди ва батамом тўқима эмас.

Бизга қўшни Қозиқўрғон қишлоғида Илҳом милиса деган биродаримиз яшайди. Узоқ йиллар милицияда хизмат қилган, эндиликда маҳалла қўмитасининг раиси. Илҳом ака хотини билан санаторияга кетган экан. Қайтиб келса, уйи шип-шийдим, кийим-кечак, жиҳозлар...Сейфи бор экан денг, унинг қулфи арраланган. Шунча йиллар давоми ўзи билан хотинининг топган- тутганидан ташқари, қизи АҚШга кетатуриб, олтин буюмларини келтириб, шу сейфга яширган экан... Милицияга хабар беришади, албатта. Исковуч ит роса ҳид олиб, қабристон томон йўл олади. Қизиқувчан халойиқ ҳозир муъжиза рўй берадигандай унинг ортидан эргашадилар. Овчарка катта дарахт тагига бориб сийади ва одамларга қараб, тилини чиқариб тураверади.

Қўшни туманда Ҳоживой деган ўпка овсар мардикорчилик қилиб кун кўраркан. Бола пақир ногаҳонда бойиб кетабошлабди. Қасрмонанд иморатлар қурибди, ресторанларда таниш билишларга зиёфат берабошлабди. (Кўрмаганни кўргани қурсин) Милиция қизиқса...аниқроғи андак сиқувга олса, Илҳом милисаникидан ташқари ҳам ўттиз кишининг уйини урганини бўйнига олади, бояқиш, бориб ўша даргоҳларни кўрсатади ҳам. Терговда у, Илҳом милисаникида ҳожатхона учун чуқур қазиганини айтиб, унинг набирасидан бор гапни, жумладан, яқинда эр-хотин санаторияга кетишаётганини ҳам сўраб олганини айтиб беради.

* * *

Биздан нарироқдаги қишлоқда бойгина оилага айни туш маҳали ҳижоб ўраган (бизда уларни “монашка” дейишади) икки жувон кириб келишади. Қуюққина салом-аликдан кейин кампирга мурожаат қилиб, шу даргоҳда пешин намозини ўқиб олишга рухсат сўрашади.

Хонадонга яқинда келин тушган экан. Онахон келинни чақириб, меҳмонларга жойнамоз тўшашни буюради. Улар келинни жиҳозланган хонасига киргач, ҳалиги “монашка”лардан бири, кутилмаганда мезбонга пичоқ ўқталиб, олтин буюмларнинг жойини сўрайди. Қўрқиб кетган келин итоат этади, албатта. Кейин келинни ётқизиб, оғзига латта суқишади ва кўрпага ўраб қўйишади. Уйдаги бор бисотни сумкага солгач, улардан бири кампирни овунтириб туради, дугонаси ҳамиша намозни икки карра кўп ўқишини айтиб, нолиган бўлади. Шу орада иккинчи “монашка” юкларни уйдан олиб чиқади. Улар қуюққина хайр-хушлашиб кетгач, шундай хушфеъл ва художўй меҳмонларни кузатиш учун чиқмагани сабаб келинни койигани уйга кирса... Бечора келиннинг нафаси қисилиб, ўлиб қолган бўлади. Одамлар тўпланишади, милиция деганларидек... Исковуч ит бу гал катта кўчага чиқиб изни йўқотади.

Бу жиноятнинг содир бўлганигаа бир неча ой бўлди, аммо у очилганича йўқ. Сиз томонда қандайлигини билмайман, аммо бизда ички ишлар идораларида хизмат қиладиганлардан маълумот олиш мушкул. Ҳатто суддан кейин ҳам ўзларини мулоқотдан четга олишади. Гоҳида кўрсатгич бармоқлари билан сирлигига юқорига ишора қилишади, холос.

Бундай пайтда “Яшасин, батамом эркин фикрли − кўча гаплари”, дейсан ва уларга таянасан киши.

Тағин бир латифанамо гап. Икки жўқчи гап сотиб боришаётган экан. “Абдурайим, дебди улардан бири, шу уври дегани сапсем жўғолди-я?” “Жўғолгани жўқ, дебди шериги, увриларди бари идарага кириб кетган”. Кўп идораларда “сокрашение” бўлаябди. Улар тағин аввалги касбларига қайтишмадимикин, деб ўйлайман гоҳида. Ёки амнистия туфайли озодликка чиқиб, эски касбни давом эттиришаябдимикан?

Ўзимиз ҳушёр эмасмизми? Ёки милиция лакаловми? Билмадим, билмадим...

Нусрат Раҳмат