15:57 msk, 20 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тадбиркор элчилар ёки Ўзбекистонга қайтиш учун сертификатларни ким сотмоқда?

22.08.2013 18:58 msk

Фарғона.Ру

Фото © Росбалт

Санкт-Петербургнинг ўз “Гольяново”си бор, унинг номи – “Красное село”, бу ерда Чет эллик фуқароларни вақтинча сақлаш маркази жойлашган, манзил: Кингиссепское шоссе, 53. Марказ 176 кишига мўлжалланган. “Фонтанка.Ру” келтираётган расмий маълумотга кўра, Питерда ва Ленинград областида 250 минг нолегал муҳожирлар бор, норасмий маълумотларга кўра эса уларнинг сони икки миллионга бориб қолади.

G20 саммити арафасида Красное селога “аншлаг” кириб келди: айни пайтда бу ерда сақланаётган одамларнинг сони 300 дан ошиб кетди. “Фарғона” маълумотига кўра, бугунги кунда марказда 143 нафар Ўзбекистон фуқароси яшаяпти. “Фонтанка.Ру” Марказдаги бошқа мамлакат фуқаролари бўйича статистик маълумотларни келтирган: 47 нафар тожикистонлик, Туркманистондан - 6 киши ва – Қирғизистондан - 6, Озарбайжондан – 7, Белорусдан – 7, Грузиядан – 5, Украинадан – 8, Молдавиядан – 3, Қозоғистондан – 2 киши. Бундан ташқари, бу ерда биттадан жазоирлик,мисрлик, ҳиндистонлик, покистонлик, камерунлик, уч нафар конголик, ўн олтита хитойлик, ўн иккита суриялик ва кот д'Ивуарлик бир киши бор...

Муҳожирлар регионлараро таълим маркази раҳбари Мақсуд Абдужабборовнинг хом тахминий ҳисобларига кўра, Марказда бир нафар нолегал муҳожирни бир ой давомида сақлаш ва мамлакатдан чиқариб юбориш учун Россия Федерацияси бюджетининг 40-50 минг рубль пули сарфланади.

“Фарғона” агентлигига маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг кўплаб фуқаролари “Красное село”да бир ёки икки ой эмас, ярим йил, баъзан эса ундан ҳам кўп муддат давомида ўтирадилар. Мисол учун, Хурсан Ҳасанов исмли киши у ерда 2012 йилнинг май ойидан бери ўтирибди (!). Баъзилар 2013 йилнинг январидан ёки февралидан бери марказда сақланмоқда. Уларнинг бу ерда қолиб кетишларининг асосий сабаби – Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси суст ишлаётганида.

М. Абдужаббаров ўзининг сайтида Марказда депортация бўлишини кутиб ўтирган ўзбекларнинг рўйхатини осиб қўйган.




“Красное село”да депортация бўлишини кутиб ўтирган Ўзбекистон фуқароларининг рўйхати. Муҳожирларнинг регионлараро таълим маркази сайтидан олинган фотосурат

“Фарғона” агентлиги муҳожирлар нега бунчалик кўп вақт давомида Марказда қолиб кетаётганлари билан қизиқиб қолди. Биз Ўзбекистон фуқароларини, уларнинг қариндошларини сўроқ-саволга тутдик. Маълум бўлишича, уларга кўра, асосий муаммо – элчихонанинг суст ишлашида экан.

Ҳужжатларини йўқотиб Марказга тушиб қолган муҳожирни депортация қилиш учун элчихонадан Ўзбекистонга қайтиш сертификатини олиш лозим. Бундай ҳужжатни олиш учун фуқаро тўлдирилган анкетани, тўртта фотосуратни ҳамда папорт нусхасини ёки Ўзбекистонда яшаш жойи шаҳар (туман) ички ишлар бўлимининг справкасини тақдим этиши шарт.

Агар сертификат Федерал муҳожирлик хизмати (ФМС) ёрдамида расман расмийлаштириладиган бўлса, бунга бир неча ой кетади. Элчихонадагилар тушунтиришича, ТИИБга сўров юбориш ва жавоб олишга икки ой кетади. Дипломатлар бундай ахборотни олиш учун телефон ёки электрон почтадан фойдаланиш мумкинлигига ақллари етмаяпти чоғи. Барча ёзишмалар “Россия почтаси” орқали амалга оширилаётганини ҳисобга олиб, қандайдир ҳужжатларнинг етиб келишини кутилмаган ва жиддий ғалабага менгзаса бўлади.

Одамларчи, одамлар нима қилсин? Улар нолегаллар марказида яшайверсинлар, у ерда уч маҳал овқат берадилар, туалетлар бор. Курортнинг ўзгинаси.

Албатта, бундай вазиятларда ўртачилар пайдо бўлади ва мўмай пул эвазига қайтиш сертификатларини олиб беришни зиммасига оладилар. Паспорт нусхаси ёки ТИИБдан справкани қўлга олинган нолегал муҳожирнинг қариндошлари олиб беришади. Шундан сўнг, агар воситачи ёлғончи бўлмаса, сертификат бир ҳафта ичида қўлга тегади.

“Фарғона” агентлиги ушбу ҳужжатларнинг қалбаки эмас, ҳақиқийлигини эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон элчихонаси консуллик бўлимлари “сертификат бизнесида” фаол иштирок эиб келаяптилар деган жиддий гумонларга эга. “Фарғона” манбасининг айтишича, элчихона фақат муайан, мутлақо ишончга сазавор воситачилар билан ишлайди, холос. Бундайлар оз – ҳар бир регионга битта ёки иккитадан. Сертификатга тўланадиган пул ўртадаги воситачилар сонига қараб олти мингдан ўн минг рублгача баҳоланади (ҳолбуки, сертификатнинг давлат белгилаган нархи 1000 рубль, ундан 600 рубли – консуллик йиғимга).

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари “Красное село”да одамлар тўрт-олти ойлаб ҳужжатларнинг келишини кутиб ўтирганларини яхши биладилар. Элчихона вакиллари қишда Марказга келиб кетдилар, аммо бунинг ортидан сертификат олиш процесси тезлашгани йўқ, кўринишидан, бу аҳвол дипломатларни қониқтириб келади.

Марказда элчихонанинг мамлакат фуқароларига муносабатини яққол намойиш қилувчи ўта кетган тутуриқсиз ҳолатларни кузатиш мумкин. Мақсуд Абдужаббаровнинг айтишича, “Красное село”да ўтган йили декабрдан бери қандайдир Яхъёев исмли Ўзбекистон фуқароси сақланмоқда. Уни (шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз) қўлга олаётганларида, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги суд қарорида уни Юсуф Яхъёев, 1964 йилда туғилган, деб ёзишган. Яхъёевга келган сертификатда эса Имонқул Яхъёев деб ёзилган. Кўринишидан, Яхъёевни қўлга олишаётганда у ёлғон гапирган ёки уни тушунишмаган. Пировардида, Имонқул Яхъёев шу чоққача уйига қайта олмаяпти.

Аммо ҳеч кимнинг иши йўқ.


Ўзбекистон фуқароси Яхъёевнинг ҳужжатларида англашилмовчилик тўғрисда судга мурожаат. Муҳожирлар регионлараро таълим маркази сайтидан олинган фотосурат

Муҳожирларни бу каби марказларда сақлаш ва депортация қилишга Россия бюджетидан қанча пуллар сарфланаётгани тўғрисидаги мунозаралар кучайиб бораётган бир пайтда, биз ноилож қолган ҳуқуқлари топталган муҳожирларнинг аҳволини оғирлаштираётган Ўзбекикстон элчихонасининг саботажи ҳақида эслатишни лозим топдик.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги