07:01 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Бизнес кафолатлари: Ўлай агар ва онам ҳаққи, қасам ичаман

24.07.2013 12:21 msk

Сергей Ежков

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси депутатлари 19 июль куни тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилишни янада рағбатлантириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Мутахассисларнинг якдиллик билан билдирган мулоҳазаларига кўра, гарчи бу ҳужжат президентнинг чет эл капитали келмай қўйганидан хавотирлангани туфайли ишлаб чиқилган бўлса-да, аслида тамоман ташвиқий (пропагандистик) характерга эга бўлган ҳужжатдир.

Бундан фақат Ўзбекистоннинг табиий ва инсон заҳираларини ўз тупроғини ўғитлаш учун гўнг сифатида кўраётган хитойликларгина мустасно.

Мутахассислар аввал ҳам хорижий сармоялар учун давлат кафолатларини ҳамда чет эл капитали бўлган корхоналар учун солиқ имтиёзлари берилишини кўзда тутувчи Ўзбекистон қонунчилигидаги жузъий ўзгаришлар эҳтимолий инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган салбий муносабатини тубдан ўзгартиришга қодир эмас, деган ишончдалар.

Муваффақият билан фаолият юритиб келган ва Ўзбекистон ғазнасини тўлдириб бораётган чет эл ширкатлари турли баҳоналар билан ёпилгани ва хонавайрон қилинганига оид фактлар сўнгги йилларда жуда кўп кузатилган.

2009 йил. Ўзбекистонда сут маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган Вимм-Бил-Данн ширкати ўз фаолиятини тўхтатди.

2012 йил. Марказий Осиёдаги энг йирик тўқимачилик корхоналаридан бири, юз фоиз ҳинд сармояси ҳисобига ишлаган Spentex Toshkent Toytepa корхонаси олти йилга бормай фаолиятига нуқта қўйди.

Тошкент вилоят Хўжалик суди қарори билан Spentex банкрот деб топилди. Банкротликнинг формал сабаби ўлароқ харид қилинган активлар учун тўлов мажбуриятларининг тўлалигича бажарилмагани ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пастлиги кўрсатилди.

Ўша йилнинг ўзида “Ўздунробита” ширкати тимсолидаги Россия мобил алоқа оператори иши тўхтатиши муносабати билан замонавий Ўзбекистон тарихидаги энг катта жанжал бошланиб, поёнига етди. 8 миллион мижоз бир зумда ҳам алоқадан ҳам пулларидан маҳрум бўлди.

Булар дафъатан хаёлга келган, фақат сўнгги йилларда содир бўлган ва Ўзбекистондан ташқарида катта шов-шувларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган воқеалар, холос. Биз келтирган воқеаларни бир-бири билан боғлаб турувчи яна бир жиҳат бор.

Ҳар уччала инвесторнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган сармояси давлат томонидан кафолатланган эди. Бироқ солиқ тўлашдан бўйин товлаш ёки шунга ўхшаш бошқа қонун бузилишлар бўйича гумон билан жиноий иш қўзғатилиши бу кафолатларни автоматик равишда бекор қилиб қўяди. Чет элликларнинг мамлакатдаги фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳам ана шунда.

Ҳаётда кўриб турилганидек, қонунбузарликларни исталган пайтда ва исталган жойларда учратиш мумкин. Ўзбекистонда мутлақ ҳалол бизнеснинг ўзи йўқ – қонунчилик ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар шундай тузилганки, уларни бузмай ишлашнинг иложи йўқ.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги асосий муаммо шундаки, бу ерда маълум бир эътиборли шахслар манфаатидан келиб чиққан ёки арзимаган фойдани кўзлаган ҳолда, давлат манфаатларига тупириб қўйиб, кўп ҳолларда ғазнани тўлдириш баҳонасида - моҳиятан давлат бюджетини қасдан ақчасиз қолдириб, ҳечам ўйламасдан (ва асосийси, ҳеч қанақа жазога тортилмаган ҳолда) “тухум туғиб турган товуқни сўйиб қўядилар”.

Мисол учун, аввалда зикр этилган Вимм-Бил-Данн ширкати ўзининг Тошкентдаги завод ҳисоб рақамида миллиардлаб сўмларга эга бўлган, кунига 65 тонна сутни қайта ишлаб келган.

Қарийб уч йил давом этган турғунлик ва Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви остида ишлаб чиқаришга ўтилганидан кейин бу ерда зўрға 5 тонна сут қайта ишланаяпти, бу эса аввалги ишлаб чиқариш ҳажмнинг 7 фоизини ташкил қилади, холос. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати, маҳсулот турлари, қадоқлаш, юмшоқроқ қилиб айтганда, унчалик яхши эмас.

Миллиардлаб сўм даромад ва давлат бюджетига миллионлаб сўм тўлаш ўрнига корхона тамоман зарарга ишлаяпти. Бу матн ёзилаётган пайтда корхона кўрган зарар 800 миллион сўмни ташкил қилган (350 миллиони ўтган йилнинг уч ойи ичида ва 450 миллиони шу йилда). Бир пайтлар гуллаб-яшнаган корхонани ҳозир сотувга қўйишга тайёргарлик кўраяптилар.

Шу ўринда “уни ким оларкин?” деган савол туғилади. Чамаси, ҳеч ким сотиб олмайди. Худди Spentex Toshkent Toytepa текстил корхонаси ёки МТС патронати остида ишлаган “Ўздунробита” мобил алоқа оператори активларини ҳеч ким сотиб олмагани каби.

Юзага келган вазиятдан чиқиш йўли борми? Экспертларимиз бундай йўл бор, деб ҳисоблаяптилар. Боз устига, улар фикрича, Ўзбекистон барча муҳтамал инвесторлар томонидан салбий қабул қилинишини тубдан ўзгартириш учун ҳатто қонунчиликка ўзгартиш киритиш шаклидаги қўшимча ташвиқий акцияларга ҳам ҳожат йўқ.

Бунинг учун бор-йўғи молия назорати, ҳуқуқ-тартибот ёки суд тузилмаларида ишловчи у ёки бу юқори лавозимли амалдор ишининг мамлакат иқтисодиётига етказаётган зарари нуқтаи назаридан баҳоланиши кифоя. Бунақа хатти-ҳаракатлар ортидан келадиган зарар миқдорини ҳисоблаш чиқишдан эса осони йўқ.

Бошқа ҳаммаси беҳуда валақлашдан ўзга нарса эмас. Худди “Ўзбекистонга маблағ киритинг, ўлай агар, онамни ўртага қўйиб қасам ичаман, ҳамма ишингиз жойида бўлади”га ўхшаган гаплар каби...

Сергей Ежков

Озодлик таржимаси

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама