05:31 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Сўз ўзбек мухолифатига: Таназзулми ва инқирозми ёки бирлашув ва ривожланиш?

23.07.2013 15:26 msk

Нигора Ҳидоятова

Фотосуратда - Нигора Ҳидоятова, Ўзбекистон демократик мухолифати лидери

Ўзбекистон демократик мухолифати лидерларидан бири Нигора Ҳидоятова Ислом Каримов режими мухолифларини тадбиркор Баҳодир Чориев атрофида бирлашишга чақирмоқда. Нигора Ҳидоятованинг “Бирдамлик”. ҳаракати сайтида чоп этилган “фавқулодда шахснинг ибрати” ҳақидаги мақоласида собиқ фермер, айни пайтда АҚШда истиқомат қилаётган диссидент билан қандай танишгани ҳақида ҳикоя қилинади.

* * *
2004 йилда мен билан “Озод Деҳқон” партиясини тузишда иштирок этган сафдошларимдан бири ўз ҳуқуқлари учун расмийлар билан кураш олиб бораётган бир ёш фермер ҳақида сўзлаб берди.

Ўшанда мен деҳқонлар билан иш олиб бораётган пайт, ўзбек ҳукумати уларни ташвиқот мақсадида фермер деб аташга бошлаган эди. Ўзбекистон маъмурий қўмондонлик тизими маҳаллий деҳқонни тил-забонсиз қулларга айлантириб қўйгани менга жуда яхши билардим. Бунақа шароитларда расмийларнинг ўзбошимчалигига қарши тура оладиган одамлар жуда кам эди. Турган гап, мен Чориев билан танишишга шошилдим.

2004 йил май ойида у яшаб турган кварталга келдим: Баҳодир уйининг атрофида формасиз ўзбек милиционерлари навбатчилик қилиб ўтиришган экан. Чориевнинг кварирасига кўтарилдим. Эшикни забардасть, ғайратли ёш йигит очди. Баҳодир экан, бизни бир-биримиз билан таништирдилар, у шу заҳотиёқ менга бошидан кечирганларини сўзлай бошлади.

Баҳодирнинг тарихи эса қисқача шундай: Чориевлар оиласи 1999 йилда “Кеш” акциядорлик жамиятининг 60,5 фоиз акцияларини сотиб олди. Баҳодир ушбу жамиятга раис бўлди, унинг оиласи “Кеш”га 18 миллион сўмдан зиёд сармоя киритди. ишбилармонлик, қаттиқ меҳнат туфайли тез орада хонавайрон бўлган колхознинг ўрнида барпо бўлган жамият даромадли ва намунали хўжаликка айланди.

Буни кўрган вилоят ҳокимлиги “Кеш”ни Чориевлардан тортиб олмоқчи бўлди ва ревизия тайинлади. Текширувлар натижасида Баҳодир ўғирликда айбланиб қамалди. Аммо 2002 йилда амнистия бўйича озодликка чиқди. Унинг ўзига қарашли хўжаликни қайтариб олишга ҳаракатлари натижа бермади. Қонуний йўл билан адолатга эриша олмаган Чориев мухолифат фаолиятини бошлаганини эълон қилди. Ушбу қадам унинг лидерлик фазилатларини намоён этди.

Таъқиблардан қўрқиб яшаётган ўзбек тадбиркорларидан фарқли ўлароқ Баҳодир расмийларга хусусий мулк муқаддас ва дахлсиз деб ҳисоблашини ҳамда ўз шаъни ва мулки ҳимояси учун қаршилик кўрсатишга етарли жасорат ва журъатга эга эканлигини кўрсатиб қўйди.

Баҳодир менга ўзининг норозилик акциялари тўғрисида ўйлаб юрган режаларини кўрсатди. Партиямиз сиёсий кенгаши уни қўллашга қарор қилди.

Айтгандек, француз инқилоби пойдеворида давлат олдида ўз ҳуқуқларини ҳимоя этаётган ўн минглаб тадбиркорлар турган. Аммо Ўзбекистонда бунақа одамлар кам. Баҳодир Чориевга ўхшаганларни тарихчи олим Гумилев пассионарийлар, яъни ўз фаравонлигидан ва ҳатто ҳаётидан воз кечиб жамиятни ўзгартиришга интилувчи одамлар деб атаган.

Бугунги кунда ўзбек мухолифатини яхлит, бирлашган деб бўлмайди, лидерларни жиддий сиёсий қарама-қаршиликлар ва шахсий амбициялар ажратиб қўйган. Мухолифатнинг нуфузли ва обрўли намояндалари сифатида Муҳаммад Солиҳни (Ўзбекистон Халқ ҳаракати), Баҳодир Чориевни (“Бирдамлик”), Санжар Умаровни (Серқуёш коалицияси), Абдураҳим Пўлатовни, Нигора Ҳидоятовани, Мўътабар Тожибоевани ва кўплаб бошқаларни кўриш мумкин. Ушбу муҳитда бирлашиш ғоялари тез-тез янграб туради, аммо шу чоққача бу чақириқлар ҳеч қандай натижага олиб келмади. Мисол учун, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей 2013 йилда мухолифатни Муҳаммад Солиҳ атрофида бирлашишга чақирганди.
2004 йилда Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг фаоллашуви кузатилган эди. Ўша пайтларда одамлар хали Росия ва Қозоғистонга оммавий равишда жўнамаётган, мамлакатда “Фридом ХАус”, АҚШ Демократик институти ва бошқа қатор халқаро ва ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари фаол ишлаб турган эди. Буларнинг ҳаммаси АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган мамлакатда демократияни ривожлантиришни кўзда тутувчи стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома билан боғлиқ эди. Турли тренинглар ўтказила бошланди, чекка вилоятлардан келган одамлар Тошкентга келиб демократиянинг асосларини ўрганиб, инсон ҳуқуқлари тўғрисида тушунчаларга эга бўла бошладилар. Одамларда некбинлик, келажакка ишонч бор эди.

Ислоҳотлар ўтказилиши ҳақидаги декларация қилиниши мамлакатда мулкчилар синфининг туғилишига ва ўз-ўзидан ўрта синфнинг шаклланишига олиб келди. Меъёрдаги ўрта синф эса мамлакатнинг самарасиз бошқарилаётганидан норози бўлиб келади. Шундай гуруҳлар орасида албатта мақсад сари оғишмай жасорат ила интилиш каби муайян сифатларга эга бўлган ўз лидерлари пайдо бўлади. Бундай лидерлар ўз сафдошларини ишонтириш қобилиятига эга ҳамда уларга некбинлик кайфиятини бағишлай оладилар ҳамда умумий ишни ривожлантиришда катта фоллик кўрсатадилар.

Ушбу сифатларнинг ҳаммасини Баҳодирда кўрдим. Сиёсатда муваффақият қозониш учун албатта жамият томонидан тан олиниш зарур. Аммо обрў дарров келавермайди. Бунинг учун ишлаш керак, қатъиятлик керак,, жасорат ва омад керак. Ўзбекистон жамиятининг осмонида бундай юлдузнинг пайдо бўлиши расмийларнинг юрагига ғулғула солиб қўя оладиган ҳамда республика фуқаролик жамиятини қувонтирадиган ҳодиса бўлди. Ўзга фикрловчилар билан кураш олиб бораётган Ўзбекистон расмийларининг зуғум ва босими туфайли Баҳодир Чориев ватанини тарк этишга ва АҚШда сиёсий бошпана излашга мажбур бўлди.

Афсуски, фуқаро некбинлиги даври узоқ чўзилмади ва тез орада бутунлай йўқ бўлиб кетди. Режим энди туғилаётган демократияни мағлуб қилди ва ўз ғалабасини Андижон қўзғолонини бостириш чоғида оқизилган қон ранги билан безади. Ўша куни нафақат тинч аҳоли ўққа тутилди, балки халқнинг ёрқин, адолатли келажакка умиди ҳам ўлдирилди.

Доимий қатағонлар ўз ишини қилмай қолмади, аҳолининг энг фаол табақалари умидсизликдан мамлакатни тарк эта бошлади. Кетганлар орасида биринчи навбатда сиёсий арбоблар ва ҳуқуқ ҳимоячилар, журналистлар, тадбиркорлар, диндорлар кўп эди.

Ўшандан бери анча йиллар ўтди, аммо Ўзбекистонда ўрта синф шаклланмади. Ўрта синфга устихон бўла оладиган одамлар ўзга юртларда ҳаёт кечиришни афзал кўрмоқдалар ёки ислоҳотлардан воз кечган ҳолда расмийларга бўйин эгаяптилар. Қолганлар эса ижтимоий тармоқларда ўтириб, виртуал воқеликни афзал кўрмоқдалар.

Баҳодир Чориев мамлакатни тарк этиб орзуларидан воз кечгани йўқ. Унда ўз фаолиятини бошлашга яна бир имконият туғилди. Шуни қайд этиб ўтишим жоизки, у бу ишларни катта ғайрат ила бажармоқда. Камдан-кам учрайдиган ҳолатми? Албатта. Бугунги кунда Ўзбекистонда сиёсий ва ижтимоий ўзгаришлар учун зарур бўлган критик масса йўқ.

Менимча, агар шу бугун, шундай масъулиятли дамларда барча фаол мухолифат Баҳодир Чориевга ўхшаган лидерларни қўллаб-қувватламаса, эртанги кунда авторитар режим бошқараётган Ўзбекистонга демократия ва тараққиёт кириб келиши ўрнига инқироз ва мутлақ таназзул эгаллаб олади.

Нигора Ҳидоятова

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги