23:10 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Баҳодир Чориевнинг Вашингтондаги норозилик намойиши: Акция иштирокчиси ҳикоя қилади

05.07.2013 06:53 msk

Абдуфаттоҳ Маннапов

Жорий йилнинг 27-29 июнь кунлари “Бирдамлик” Халқ ҳаракати томонидан “ Ўзбекистон фуқаролари учун эркинлик, демократия ва инсон ҳуқуқлари!” дея аталувчи сиёсий норозилик акцияси ҳақида баҳс-мунозаралар тўхтагани йўқ (тафсилотлар бу ерда).

Баъзилар ушбу акцияда “Бирдамлик” ҳаракатининг АҚШда истиқомат қилаётган ўғли Баҳодир Чориев ва унинг олти нафар укаларининг Ўзбекистонда 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг ҳибсга олинишига жавоб чорасини кўраяптилар, холос. Аммо бу каби нуқтаи-назар ҳақиқатдан йироқ, чунки ушбу акция ака-укалар томонидан оталарининг ҳибсга олинишидан анча олдинроқ режалаштирилган эди.

Чикагода (2012 йил май), Тошкентда (2012 йил декабрь) ва Вашингтонда (2012 йил декабрь) муваффақиятли ўтган сиёсий норозилик акцияларидан сўнг “Бирдамлик” ҳаракати аввалгига қараганда кўламлироқ ва кенгроқ акция ўтказишни режалаштириб келганди. Кўринишидан, Тошкет расмийлари режалаштирилган акция ҳақида яхши маълумотга эга бўлган ҳамда унинг ўтказилишига ҳалақит бериш, “Бирдамлик” ҳаракати ва унинг етакчиси фаолиятини тўхтатишни истаганлар. Ҳасан Чориевнинг ҳибсга олиниши оловга керосин сепган билан баробар бўлиб, норозилик ҳаракатларининг самарасини кучайтириб қўйди, холос.

Сўқир маҳлуққа менгзаган каримов режими ўзига фақат мақтов ёғилишини истайди ва оддий ҳақиқатни кўра олмайди: режим ҳатти-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон барча соҳаларда энг қолоқ позицияларини эгаллади. Аммо бу ҳақда ким ошкора гапирадиган бўлса, бу одам қаерда яшашидан қатъий назар режим томонидан душман сифатида кўрилади.

Баҳодир Чориев мухолифат ҳаракатини тузиб уни бошқаргани ва тилига эрк бериб каримов режими ҳақида аччиқ ҳақиқатни гапиргани учун расмийлар яқинда унинг отаси Ҳасан Чориевга қарашли тўлиб-тошган фермасини тортиб олдилар. Ўзбеклар қаерда яшамасин, уларнинг оғзини тикиб қўйиш махсус хизматларнинг, милициянинг, прокуратуранинг, судларнинг, дипломатик муассасаларнинг ҳал қиладиган вазифаси бўлиб қолди. Бордию, кимдир мазкур режимнинг кирдикорларини фош этиш, боз устига, одамларни сиёсий ҳаракат остида бирлаштиришга катта маблағ сарфлайдиган бўлса, унда у икки карра душман бўлиб қолади!

Акция бошланиб, сиёсий шиорлар билан безалган еттита улкан “трак”ни кўрган кезда шу фикрга келгандим. Ундаги плакатлар Ўзбекистондаги оддий одамларнинг аянчли ҳаёт кечиришлари: расмийлар, милиция ва махсус хизматларнинг бошбошдоқлиги, ўзгача фикрловчи даҳрий ва диндорларнинг ҳибсга олинишлари, мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишлари ҳақида ҳикоя қиларди.


Эркинлик карвони иштирокчилари Американинг шаҳар ва поселкаларни кесиб ўтар экан, овоз кучайтириш мосламаларидан фойдаланиб ушбу сиёсий акциянинг мақсади – Ўзбекистонда ҳукм сураётган репрессив –коррупциявий режим моҳиятини фош этишлигини маълум қилиб келдилар. Улар Ўзбекистонда эркинлик, демократия йўқлигини, инсон ҳуқуқлари поймол этиб келиниётгани ҳақида гапирдилар.

Ўзбекистонда 7 мингдан зиёд бегуноҳ фуқаролар қийноқларга чидай олмай қилмаган жиноятларга иқрор бўлганлари ёки сохта гувоҳларнинг туҳмати, уйларига, иш жойига ёки машинасига мухолифатчиларга оид ва диний варақалар, наркотиклар, бир неча ўқ ёки қуролларни махсус ташлаб қўйилгани туфайли озодликдан маҳрум этилган.

Қайси шаҳар ёки поселкаларда тўхтамайлик, бизнинг муаммоларимизга хайрихоҳ бўлган кўплаб америкаликларга дуч келдик. Биринчи куни кечқурун палов тайёрладик ва барча акция иштирокчиларни ва меҳмонларни тўйдирдик.


Вашингтонга келганимизда Ўзбекистон элчихонаси рўпарасига катта юк машиналарни тўхтатиб қўйиш энг қийин вазифа бўлиб қолди. Элчихона рўпарасида икки томонда икки полосали йўл ўтганини билардик. Бизга акциямизни ўтказишга ҳалақит бериш мақсадида биринчи линия полицияга ва элчихонага қарашли машиналар билан банд қилинишини кутгандик.

Шундай бўлди ҳам, йўлнинг биринчи полосаси банд экан. Акция иштирокчиларидан бири таҳдидларга бўйсуниб, машиналарни тўхтатмай элчихона атрофида айланиб юришни таклиф этди. “Бирдамлик” лидери Баҳодир Чориевнинг машинаси колонна бошида келаётганди, мен ҳам унинг машинасида ўтиргандим. У машинасини элчихона рўпарасига келиб тўхтатди. Колоннанинг секин ҳаракатланаётганини кузатиб турган полициячилар келиб, уни бу ерда тўхташ мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантирдилар.


Баҳодир машинасини тўхтатиб йўлдаги ҳаракатга тўсиқ қўйди. У ҳибсга олинишдан, жаримага тортилишдан ёки транспорт воситасининг мусодара қилинишидан чўчимади. У хотиржамлик билан машинасидан тушди-да, полициячиларга: “Бизга Ўзбекистондаги диктатурага қарши норозилик акциясини ўтказиш учун икки соат керак; биз виждон қонунига бўйсуниб ҳаракат қилаяпмиз, бизнинг виждонимиз халқимизнинг қулларча ҳаёт кечиришига рози бўлмайди”, деб билдирди.

Ўша заҳоти Баҳодирнинг қўлига кишан солинди. Полициячилар уни бир соат ўттиз минут ушлаб турдилар. Кейин полицияга олиб кетдилар.


Норозилик акцияси фаолларидан бири бўлган яна бир аёл ҳам ҳибсга олинди.


Ўзбекистон элчихонаси рўпарасига келинганидан сўнг норозилик пикети бошланди. Унинг иштирокчилари Ўзбекистонда ҳукм сураётган диктатурага, зўравонликларга нисбатан нафратларини фаол равишда изҳор этдилар.

Уларнинг кўплари қўлларида сиёсий маҳбусларнинг портретларини ҳамда “Ўзбекистон фуқаролари учун эркинлик, демократия ва инсон ҳуқуқлари!”, “Сиёсий маҳбусларга озодлик!”, “Йўқолсин Каримовнинг диктаторлик режими!”, “Ҳасан Чориевга, Мурод Жўраевга, Самандар Қўқоновга, Муҳаммад Бекжонга, Дилмурод Сайидга, Солижон Абдураҳмановга, Исроилжон Ҳолдаровга, Ғайрат Миҳлибоевга, Меҳринисо Ҳамдамовага, Аъзам Фармоновга, Аъзам Турғуновга, Носир Исоқовга, Рустам Усмоновга, Исоқ Абдуллаевга озодлик!” деб ёзилган плакатларни кўтариб олдилар.


Пикет иштирокчилари, шунингдек, жўр овозда “Биз Американи севамиз! Биз Америкага ишонамиз! Биз Америкага умид қиламиз! Америка, диктатор Каримовни жазола! Америка, Ўзбекистон халқига ёрдам бер!”; “Ўзбек халқига эркинлик!”; “Йўқолсин Каримов диктатураси!”; “Жаноб Барак Обама, Ўзбекистонга ёрдам беринг!”; “Биз Американи ва Ўзбекистонни севамиз! Америка, бизга ёрдам бер!” деб қичқирдилар.

Биз бир неча бор элчихона вакиллари билан учрашмоқчи бўлдик, аммо полициячилар Ўзбекистон томони буни хоҳламаётганини айтди.

Пикет режалаштирилганидек икки соат давом этди. Ҳибсга олинган лидер ва ҳаракат фаолини уч соатдан кейин қўйиб юбордилар. Уларни “Бизнинг қаҳрамонларимиз!” деган ҳайқириқлар билан кутиб олдилар.


Кимдир қаттиқ ёмғир бошлангани туфайли пикет иштирокчилари тарқаб кетдилар деб ёзган экан. Бу гап ҳақиқатдан йироқ. Пикет ўтказилаётган пайтда ҳеч қандай ёмғир ёққани йўқ, кун очиқ эди. Сиёсий пикет муваффақият ила ниҳоясига етганида эса енгил ёмғир ёға бошлади. Сиёсий акциядан сўнг уч соат ўтиб қаттиқ жала қуйиб берди.

Шу вақт ичида ушбу мақола муаллифи Бобур Чориев билан бирга Америка ҚЎшма Штатлари Сенати ва Конгрессига бориб келдилар.


Кўчага чиққанимизда қаттиқ шамол эсиб, жала қуйиб турган экан. Ўша кезда мен Вашингтонда эсаётган шамол ва ёмғир бизнинг диктатурага қарши ўтказган сиёсий акция ҳақидаги хабар сингари Ўзбекистонга етиб боришини ҳамда одамларга адолатсизлик, зўравонлик ва коррупциядан тозаланишга ёрдам беришини хоҳлаб қолдим.

Абдуфаттоҳ Маннапов – ҳуқуқ ҳимоячи, олим, дунёвий мухолифатчи, “Бирдамлик” ҳаракати аъзоси

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама