22:00 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон президентининг кенжа қизи АҚШда 58 миллион долларга қаср сотиб олди

04.07.2013 17:38 msk

Фарғона

Ўзбекистон президентининг кенжа қизи, 34 ёшли Лола Тиллаева-Каримова Беверли-Ҳиллзда (Калифорния, АҚШ) қиймати 58 миллион долларга тенг бўлган “Le Palais” қасрини сотиб олди, дея хабар беради The Real Estalker.

Нашрнинг қайд этишича, “Le Palais” юридик шахс – Калвер-ситидаги савдо маркази номига рўйхатга олинди, бироқ манбаларнинг таъкидлашича, вилланинг ҳақиқий хўжайини – “Ўзбекистоннинг золим президенти бўлмиш Каримовнинг кенжа қизи” бўлади. Ушбу қаср қанча пулга сотиб олингани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, 47 миллионга сотилган деган тахминлар бор, аммо бу уй 2012 йилда очиқ савдога қўйилганида 58 миллион доллар сўралганди.

Майдони 48 минг квадрат метрга тенг данғиллама уй унинг собиқ эгаси – асосий бойлигини “Ritz Carlton” меҳмонхоналар қурилишида орттирган девелопер (девелопер – кўчмас мулк объектларини яратиш ёки реконструкция қилиш билан шуғулланувчи мутахассис. – таҳр.изоҳи) Муҳаммад Ҳадид томонидан ўта ҳашаматли услубда, француз қасрига ўхшатиб қурилган. Уй “Hotel Beverly Hills” осмонўпар биноси рўпарасида жойлашган бўлиб, унда еттита ётоқхона ва ўнбитта ваннахоналари бор.


Лола Каримованинг Беверли-Ҳиллздаги уйи. РБК-Недвижимость
фотоси

Уйда, шунингдек, кутубхона, ишчи кабинети, кинозал, арт-галерея, улкан меҳмонхона, бар, қирқ киши ва ундан зиёд одамларни сиғдира оладиган кинозал, рақслар ва спорт машқлари учун катта заллар, 30 метрли бассейн, буғхона ва сауна, туркча ҳаммом, турли ёрдамчи хоналар, хизматкорлар учун апартаментлар ҳамда 10-12 та машина сиғадиган қўриқланадиган ерости гаражи бор.


Лола Каримованинг Беверли-Ҳиллздаги уйи. РБК-Недвижимость
фотоси

Уйга ёндашган ҳудудда ҳайкаллар билан безалган тўртта боғ, оққушлар сузиб юрган кўл, бир нечта фавворалар, магнолияли ҳиёбон, 18 метрли бассейн ва 20 кишига мўлжалланган спа-марказ (спа - сув билан боғлиқ физиотерапия услуби) жойлашган. Ҳаммасини санаб адо этиб бўлмайди.

Ууман олганда, Беверли-Ҳиллзда оддий уйларнинг ўзи йўқ. Лос-Анжелеснинг ғарбий қисмида жойлашган ушбу қасаба дунёдаги энг ҳашаматли ва элита даҳалари қаторига киради. Usaproperties қайд этишича, бу ерда “ҳар бир уй, вилла, поместье ёки ранчо – ғайритабиий бойликларнинг кўргазамсидир. Беверли-Ҳиллз нафақат у ерда истиқомат қилувчи миллионерлар ва миллиардерлари билан, балки ўзига ҳос, нодир ландшафти билан бутун дунёга машҳур бўлиб кетган”.


Лола Каримованинг Беверли-Ҳиллздаги уйи.РБК-Недвижимость
фотоси

Америкаликлар Лола Тиллаева-Каримова ҳақида билмасликлари мумкин, аммо у, дея қайд этади The Real Estalker , “улкан бойликларга эгалик қилувчи таниқли оиланинг аъзоси, шунинг учун унинг дабдабали ҳаётга мойиллиги кишини ҳайрон қолдирмайди”.

Лола Тиллаева-Каримова 1978 йилда Тошкентда туғилган, Тошкент Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида халқаро ҳуқуқ бўйича бакалавр ва магистр даражасини эгаллаган. Кейинроқ Тошкент Давлат университетида психология фанлари номзоди диссертациясини ёқлаган. Темур Тиллаевга турмушга чиққан, уларнинг икки қизи ва ўғли бор. Опаси Гулнора билан бирга Швейцарияда яшайдиган 300 нафар энг бой одамлари рўйхатидан ўрин олган. Опа-сингилларнинг бу мамлакатда ҳам кўчмас мулклари бор: 2009 йилда Гулнора 18 миллион долларга уй сотиб олган бўлса, бир йил ўтиб Лола ҳам Женева четидаги қароргоҳни 43 миллион швейцар франкига (41 миллион доллар) сотиб олди.


Лола Каримованинг Беверли-Ҳиллздаги уйи.РБК-Недвижимость
фотоси

Тиллаева-Каримова шунча пулларни қандай ишлаб топди? У расман Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО қошидаги доимий вакили лавозимини эгаллаган, “Sen Yolg’iz Emassan” Республика жамоат болалар жамғармаси Васийлик кенгашининг раиси, миллий Гимнастика федерацияси президенти ва Осиё Гимнастика уюшмасининг фахрли президенти.

У ўзига ҳос тарзда дунё ҳамжамиятининг назарига тушишга ҳаракат қилиб келади. Мисол учун, у хайрия кечки овқатига машҳур актриса Моника Белуччи таклиф қилиб, тўрт соат ўтказилган вақт учун 190 минг евро тўлаган. У отасини диктатор деб аташларини тақиқлаш учун француз судига даъво аризаси билан мурожаат қилган, аммо судда ютқазиб қўйган.


Лола Каримованинг Беверли-Ҳиллздаги уйи.РБК-Недвижимость
фотоси

Лола кунларининг аксар қисмини Ўзбекистондан ташқарида ўтказади, аммо унинг отаси бу ҳолатни шармандали деб ҳисобламаётганга ўхшайди: ахир унинг қизи хорижда дабдабали ҳаёт кечирмоқда, у Ўзбекистон ҳукумати ватанида муносиб иш билан таъминлай олмаганидан бегона юрлартда, оғир шароитларда оиласига нон топиш учун меҳнат қилаётган ҳамда Каримовнинг эътирофига кўра миллионлаб “дангасалар” каби ишламаяпти.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги