07:36 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Медицина ходимлари далага чиқдилар – “йўқ деб бўлмайди”

04.07.2013 13:27 msk

Фарғона.Ру

Инсон ҳуқуқлари учун Ўзбекистон-Германия форуми (Uzbek-German Forum for Human Rights) Ўзбекистон пахта далаларида мажбуран яганага олиб чиқилган медицина ходимларининг мажбурий меҳнатига бағишланган янги видеороликни тарқатди.

“Жорий йил май ойининг ўрталаридан бошлаб Ўзбекистонда аҳолини ғўза яганасига сафарбар қилиш бошланди, - дейди лойиҳа муаллифи журналист Умида Ниязова. – Коллеж ўқувчилари, ўқитувчилар, врачлар, бюджет ташкилотлари ходимлари дала ишларига ҳайдаб чиқарилди”.

Видеоматериалда фермерларга “оқ олтин” ҳосилини йиғиштириб олишга текинга ёрдам беришга мажбур қилинган медицина ходимларининг гувоҳликлари тўпланган.

Бироқ республика ҳукумати мамлакат далаларида мажбурий меҳнатдан фойдаланаётганини тан олмай келади.

“Халқни эксплуатация қилишдан воз кечишдан кўра, Ўзбекистон расмийлари учун ҳуқуқ ҳимоячиларни ушбу реал муаммога сиёсай тус беришда айблаш қулайроқ. Ҳолбуки, мажбурий меҳнат амалиёти бутун дунё бўйича номақбул ва ғайритабиий иш саналади”, - дейди фильм муаллифи.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги