05:42 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қанақанги эркинлик ёки ЕХҲТ вакилига “Ўзбек масаласи” бўйича савол

02.07.2013 18:46 msk

Д.Кислов

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) ОАВ эркинлиги масалалари бўйича расмий вакили Дунья Миятович “сўз эркинли ривожланиши учун қулай шароитларни яратиб қўйгани” учун Қирғизистон расмийларини мақтади. Афсуски икки инқилобни ҳамда миллатлараро тўқнашувларда қонли фалокатларни бошидан кечирган бу мамлакатда айнан қандай “қулай шароитлар” яратилгани борасида у бир оғиз ҳам гапиргани йўқ.

“Мамлакат сўнгги йилларда ОАВ эркинликларини ва сўз эркинлигини таъминлашда ривожланишга эришганига” Миятовичнинг ишончи комил. Яна бир иқтибос: “Биз Қирғизистон бундан кейин ҳам ОАВ эркинлигини таъминлашда намунали бўлиб қолишидан манфаатдормиз”.

Олий мартабали меҳмон қанақанги “намуна” ҳақида гапираяпти? Бундай баландпарвоз сўзлар спикернинг ҳеч нарсани билмаслигини англатадими ёки унинг иккиюзламачилигиними?

Миятович сўнгги йилларда Қирғизистонда журналистларга бирор марта ҳужум қилинмаганидан хурсанд. Журналистларга нисбатан зўрлик ҳолати бўйича у эслаган ягона ҳолат Алишер Соиповнинг ўлдирилиши бўлди. Наҳотки муҳтарам Дунья Миятович 2007 ва 2010 йиллардан сўнг Қирғизистонда содир бўлган воқеалардан бехабар бўлса?

У ҳаммасини билади. Дунья Миятович 2010 йилда мамлакат жанубида ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари атрофида юзага келган ҳолат учун Қирғизистон расмийларини адолатли ва ҳақли равишда шавқатсиз ва кескин равишда танқид қилган (ўзаро суҳбатда, ошкорасига эмас). Ўшандан бери нималар ўзгади? Наҳотки Ўш ва Жалолободда адолат барқарор топган бўлса? Наҳотки сепаратизм ва тартибсизликларни уюштиришда айбланган ҳамда мамлакатдан сиқиб чиқарилган, сўнг сиртдан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган икки ўзбек телеканаллари раҳбарларининг ҳуқуқлари тикланган бўлса?

Майли, Мирзахўжаев билан Худойбердиевни Худо қўлласин: уларнинг ўзлари ҳам адолатнинг қайта тикланишидан умидларини узиб қўйдилар. Агар вайрон этилган ўзбек телеканаллари ва ёпилган ўзбек газеталари уларнинг иштирокисиз оз бўлсада тикланганида эди, бу икки таниқли журналистларнинг тақдирига кўз юмиб қўя қолинарди.

Мени яна “ўзбек масаласига” урғу бераётганда яна айблашлари мумкин (ва албатта айблайдилар). Сайтимизда ҳар сафар Қирғизистондаги ўзбеклар ҳақида мақола пайдо бўлганида, “Фарғона” таҳририяти ўзларининг миллатчилик кайфиятини яширмайдиган шарҳловчиларнинг кескин ва таҳдидли пўписалар нишонига айланади.

Афсуски, сайтимизда шарҳ қолдираётган мазкур “фаоллар”дан бирортаси ҳам ушбу ўта дардли мавзуда жиддий ва масъулитли мунозара юритишга ботина олмай, рақибларининг оғзини қўполлик билан ёпишни афзал кўрадилар.

Этник озчиликларга тааллуқли масалаларда ОАВ эркинликларининг поймол қилиниши ҳолатларини муҳокама қилиш бугунги Қирғизистонда обрў олиб келмайдиган иш бўлиб қолди. Ҳеч қандай баҳс-мунозара йўқ, бу ҳақда ўзбеклардан бошқа ҳеч кимнинг гапиргиси келмайди. Расмийлар “ўзбек масаласини” айланиб ўтишга ҳаракат қиладилар, индамасликни афзал кўрадилар. Энг қайғулиги эса - “ватанпарварлар”нинг (қирғиз тилида “патриотлар”) таъқиблардан қўрқиб қолган журналистлар ҳам ушбу ўта “нозик” масалани кўтармай қўйганлар.

Марказий Осиё фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул баъзи халқаро мутасаддилар ҳам “ўзбек масаласини” четлаб ўтишга ҳаракат қилиб, “ҳеч нарсани кўрганим йўқ, ҳеч нарсани эшитганим йўқ, ҳеч нима деганим йўқ” қабилидаги позицияни танлаяптилар.

Муҳтарам Дунья Миятович нега энди Азимжон Асқаровнинг озод этилишини талаб қилмай, Қирғизистон ҳукматини мақтаяпти? Ахир қирғизистонлик бу ўзбек айнан журналистик (ва ҳуқуқ ҳимоя) фаолияти учун олий жазога ҳукм қилинганку.

Азимжон Асқаровни нафақат 2010 йил июнь фожиаси воқеаларини видео-суратга туширгани учун, балки асосан олдинги йилларда – “диктаторлар” Акаев ва Бакиев даврида амалга оширган ишлари учун қамадилар. 2005-2006 йилларда у ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан содир этилган қабиҳ жиноятларини фош этиб келган. Бироқ уни ўша даврда эмас, балки ОАВ эркинликлари бўйича ЕХҲТ вакили мақтаётган янги, “инқилобий” ҳокимият даврида қамадилар.

Балки Миятович Асқаров устидан ўтган судни ва унга чиқарилган ҳукмни адолатли деб ҳисоблар? Ахир Қирғизистон расмийлари ҳатто Олий суд ҳам Асқаровга чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирганини, улар эса “мустақил” суд тизимига таъсир ўтказа олмасликларини баҳона қилаяптилар, ЕХҲТ вакили эса улар билан муносабатларнинг бузилиб қолишдан ташвиш чекаяпти.

Бу тизим эса қамоқдан Ахмат Бакиев ва “ўғрибоши” Азиз Батуваевни озод қилишга имкон бермадими?..

“Чегара билмас репортерлар”, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Human Rights Watch, Amnesty International каби халқаро ташкилотларнинг барча ҳисоботларида Қирғизистонда 2010 йилдан сўнг сўз ва фикр эркинлигини изҳор этиш атрофида муаммолар юзага келгани ҳақида гапирилади, аммо Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг оммавий ахборот воситаларини ҳимоя қилишга масъул расмий вакили бу нарсаларни эътиборга олмай қўйди.

Нега?..

Даниил Кислов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги