19:00 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Фазлиддин Қурбонов иши”, ёки АҚШда Ислом Каримовнинг рақиблари қандай таъқиб этилаётгани ҳақида

28.05.2013 19:02 msk

Д.Кислов

Америка Қўшма Штатларида терроризмга кўмаклашув бўйича гумон билан навбатдаги ўзбекистонлик муҳожир – Фазлиддин Қурбонов қўлга олинди. Ҳозир уни қамоқда сақлашаяпти, бир ярим ойдан кейин унинг суди бўлиб ўтади.

Ф. Қурбоновга қўйилган расмий айблов CNN сайтида ( PDF форматидаги файл )

Ф. Қурбоновнинг иши одатдаги ишларга ўхшайдими ёки унда қандайдир ғайритабиийлик унсурлари борми? Унинг ишига қараб, қандайдир тенденция ҳақида гапирса бўладими? Нега ўз юртида таъқиблардан паноҳ излаб келган қочоқлар дунёдаги энг эркин саналган мамлакатда расмийларни шубҳалантириб қўймоқда? Уларга нисбатан қўйилаётган айбловлар нақадар жиддий? Агар айбловлар рост бўлса, унда уларни жиноят йўлига нималар ундаяпти? Ким бу одамлар – террорчиларми, ўз халқи озодлиги учун курашатган инқилобчиларми ёки ватанидаги махсус хизматларнинг қурбонларими?

Афсуски, ҳозирча бу саволларга узил-кесил жавоблар йўқ.

КИМ МАНФААТДОР?

Google қидирув тизими 23 май куни Фазлиддин Қурбонов номига инглиз тилидаги янгилик сайтлари бўйича трех тысяч результатов 3 мингдан зиёд натижа чиқариб берди. Бу дегани, ўнлаб ва юзлаб америка ва жаҳон оммавий ахборот воситалари айдахолик террорчи ҳақида ёзган, муаллифлик блоглари ва ижтимоий тармоқларда бу йигит ҳақидаги янгиликлар кенг тарқалган. Айтгандек, рус тилида янгиликлар ёритувчи сайтлар бўйича ихтисослашган Яндекс қидирув тизими ҳудди шу мавзуда 150 дан зиёд ишоратларни бераяпти.

Бу каби кўп сонли эслатмаларга қараб, қўлга олинган шахсга нисбатан жамоатчиликнинг қизиқиши жуда ҳам кенг тус олган ёки бўлмаса, аниқ мақсадга йўналтирилган ахборот кампанияси бошланибди, деган хулосага келиш мумкин. Чиндан ҳам АҚШ ҳудудида терактлар ўтказишга уринишлар тўғрисидаги ҳар қандай хабарларга бугунги кунда қизиқишлар катта. Бостондаги фожиали воқеадан сўнг янгиликлар дастурларида келиб чиқиши россиялик ёки собиқ совет иттифоқилик шахсларнинг номи келтирилса, қизиқиш янада кучаймоқда.

ҚУРБАНОВДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИШМОҚДА?

Ахборот урушига ихтисослашганлари замонавий меди-воситалари ҳар қандай хабарни ўз фойдаларига талқин этиб тарқатишга устаси фаранг бўлиб кетган. Мисол учун, АҚШ миллий хавфсизлик тизимини мукаммалликдан йироқлигини урғулаган Россиянинг пропагандистик Russia Today каналининг турткиси билан Қурбонов иши шунақанги тус олиб кетди .

Махсус уюштирилган ахборот сиёсати ҳақида сўз юритиладиган бўлса, баъзи бировларнинг фикрига кўра, бу ҳолатни истисно этиб бўлмайди. “Ўйлашимча, бу ички фойдаланувга қаратилган навбатдаги сохта ахборот бўлиши мумкин. Бир томондан қаралса, Америка Қўшма Штатлари ўзининг Марказий Осиёда туришини, Ўзбекистондаги коридорни оқлаши лозим... Бошқа тарафдан олиб қараганда, бу Обама сиёсатини обрўсизлантириш бўйича кенг кўламли кампаниянинг давомига ўхшаяпти. Обаманинг рақиблари амалдаги президентни заиф, ҳеч нарсага ярамайдиган сиёсатчи сифатида кўрсатмоқчи бўлаяптилар ҳамда уни аллақачон Буш ёки Маккейнга ўхшаш ўнг радикал президентга алмаштириш зарур, деган фикрни илгари суришга уринаяптилар”, - дейди номи сир қолишини истаган ўзбекистонлик сиёсий муҳожир “Фарғона” билан суҳбат давомида.

Таниқли тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячи Сурат Икрамов Uznews.Net сайтига шарҳ бера туриб, ўзбек террорчиларини АҚШ ҳудудида топиб зарарсизлантиришдан нафақат америка расмийлари, балки Ўзбекистон ҳукумати ҳам манфаатдорлиги ҳақида гапиради. Унга кўра, Ўзбекистоннинг собиқ фуқаролари Фазлиддин Қурбанов ва Улуғбек Қодиров ўзларини ислом мужоҳидлари сифатида тақдим этган ўзбек махсус хизматининг агентлари тўқиган тўрга тушиб қолган бўлишлари мумкин.

Икрамов Ғарбга бориб қолган “ўзбекистонлик террорчиларни” кўпинча экстремистик ташкилотларга моддий ёрдам кўрсатишда айблаб келаётганига эътибор қаратади. “Бу каби айбловлар кулгили, - дейди ҳуқуқ ҳимоячи, - чунки айбланувчиларнинг ўзлари моддий ёрдамга муҳтож”. “Ўзбекистон махсус хизматларига бу каби ортиқча дахмазанинг нима кераги бор эди?”,- деган саволга Икрамов: бу ишлар республика ичида мусулмонларга қарши репрессияларни оқлаш учун олиб борилмоқда, дея таъкидламоқда.

КОНСПИРОЛОГИЯНИНГ БУНГА АЛОҚАСИ ЙЎҚ

Нью-Йоркда истиқомат қилаётган Ислом ва Марказий Осиё бўйича мутахассис Гулноза Саидазимова (Gulnoza Saidazimova, Ph.D.) америкага келиб қолган баъзи бир ўзбекларнинг радикаллашувидан, шунингдек, полициянинг бунга муносабати ва оммавий ахборот воситаларида қандай ёритилаётганидан мутлақо ҳайрон қолаётгани йўқ. Унга кўра, Қурбонов ишида ҳеч қандай “фитна” йўқ.

“Америка системаси бошқача ишлайди. Биринчидан, шунга ўхшаш кўргуликлар фақат ўзбеклар билан эмас, мусулмонлар мамлакатидан келиб қолган ҳар қандай одамнинг бошига тушиши мумкин. Гап шундаки, АҚШнинг барча шаҳарларида ва штатларида мусулмонлар қатъий назорат остига олинган. Масжидлар доимий кузатув остида, одамларнинг фаолияти ижтимоий тармоқларда назорат қилиб борилади, электрон почтаси текширилади. Агар кимнингдир радикал кўзқарашларидан гумонлана бошласалар, уни яқиндан кузатишга бошлайдилар, бирорта лақма илинармикан деган илинжда “қармоқ ташлаб” кўрадилар... Айтандек, Нью-Йоркдаги мусулмон ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари шу муносабат билан кўп маротаба очиқдан-очиқ норозилик билдириб келганлар, митинг ва намойишлар уюштирганлар”.

Гулноза Саидазимова Фазлиддин Қурбонов ҳақида бевосита фикр юрита туриб, АҚШда ҳар қандай одамнинг кўз қарашлари радикаллашуви жараёнини аниқ тасаввур этади. “Гап шундаки, кўкларга кўтариб мақталган “америка орзуси” ҳамма учун ҳам эмас. Кимдир [муҳожирлардан] жамият билан киришиб кетиб, ўзини топа олмайди. Шундай ҳолатларда тўпланиб қолган саволларга фақат дин (Ислом бошқа динларга қараганда аниқроқ) жавоб бера олади”.

Тадқиқотчига кўра, АҚШдаги мавжуд эркинлик муҳити кўз қарашларнинг радикаллашувига (“экстримга қараб кетишга”) имконият беради. “Мисол учун, Америкага келиб янги уй, бошпана, иш ва ҳоказоларни топишдан ташқари ватанида ҳукм суриб келаётган мустабид тузумга нисбатан адолатли ҳукмни топишга умид қилган, Вашингтондаги сиёсий доираларнинг Каримов режимига нисбатан кескин ва танқидий позицияни эгаллашини орзу қилган муҳожир бу ерда ўйлаганларини топа олмайди. Ахир АҚШ ҳукумати ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти эмаску! Бу давлатнинг ўз манфаатлари бор, шу жумладан, ҳукуматнинг иккиюзламачиликка асосланган қўшалоқ стандартларини жуда яхши биламиз. Шунинг учун ҳам бунақа одамнинг ихлоси қайтиши ёки умидсизланиши ёки бошқа йўларни излашга бошлаши кишини ҳайрон қолдирмайди. Кимдир қурол сотиб олади ва Обамани ўлдириш ниятига тушиб қолади. Бошқа биров эса адолат ўрнатишга қодир бўлган ягона ташкилот - Ўзбекистон Исломий ҳаракати, дея ишонишга бошлайди”.

Қурбонов тўғрисидаги билвосита ва узуқ-юлуқ маълумотлар Г. Саидазимова хонимнинг фикрларини тасдиқлаяпти. Америка оммавий ахборот воситалари хабар беришича, тўрт йил давомида АҚШда ҳаёт кечирган бу одам шу чоққача инглиз тилини ўргана олмади, демак янги воқеликни ўзлаштира олмади. Айтишларича, Айдахо штатида истиқомат қилаётган кўпчилик ўзбекларнинг тақдири шунга ўхшаш. Бу штатда эса жами 650 нафар ўзбеклар истиқомат қилади.

ҚАРАМА-ҚАРШИ МАЪЛУМОТЛАР

Тармоқда Қурбоновнинг бир нечта фотосуратлари чоп этилган. Уларнинг ҳаммасида президент Каримовтарафдорларининг бола-чақасини қўрқитадиган серсоқол мусулмоннинг “классик” сиймоси акс этган. Фазлидин Қурбоновнинг Фейсбукдаги саҳифасида ҳам деярли шунга ўхшаш фотосурат жойлаштирилган.

Қизиғи шундаки, CNN компаниясининг мусаввири судда чизган суратларида Фазлиддин мутлақо бошқа одам сифатида гавдаланади. Соқоли ҳам ҳурпаймаган, кўринишидан ҳам 30 ёшдан ошмайди.


Чапдаги фотосуратда ОАВ ҳибсга олинганидан сўнг тарқатилгани, ўнг томондагиси – фотосуратга олиш тақиқланганг суд залидан. Уларнинг қайси бирида ҳақиқий Қурбановнинг сиймоси акс эттирилгани борасида фақат тахмин қилиш мумкин

Қурбановнинг Бойси шаҳридаги қўшниси Шуҳрат Аҳмаджонов ҳам унинг портретига бир неча чизгиларни қўшиб қўйди. Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати веб-сайтига йўллаган мактубида айтилишича, Бойси шаҳрида икки йил давомида Қурбоновнинг оиласи билан қўшни бўлиб яшаб, уни бирор марта бунақа соқол билан кўрмаганин экан. “Балки бу фотосурат Ўзбекистонда олингандир. Кўринишдан, махсус хизматлар унинг компьютерини мусодара қилиб олганларида, айнан ўша фотосуратни топиб ОАВ орқали тарқатган бўлсалар керак”.

“Ўзбек террорчиси”нинг қўшниси таъкидлашича, у билган Қурбоновда диндорлик аломатларини кўринмаган, чунки у бирор марта ҳам Бойси шаҳридаги масжидга на жума номозига ва на ҳайит номозларига борган.

“ОДАТИЙ ҲОЛАТ”?

Америка Қўшма Штатларига келиб соқол қўйган “мужоҳидлар”дан яна бири – ҳозирга келиб унутилаёзган Жамшид Мухторов бўлади. Уни 2012 йилнинг охирида ҳибсга олдилар ва унга қарши Фазлиддин Қурбонов билан деярли бир хилдаги айбловлар қўйилди.


Жамшид Мухторов. Чапдаги фотосурат Ўзбекистонла олинган, ўнгдагиси ҳибсга олинганидан сўнг ОАВ томонидан тарқатилган.

Ўзбекистонда яшаган чоғида ҳуқуқ ҳимоячилик билан шуғулланган, АҚШга келиб “Ислом жиҳоди иттиҳоди”нинг мужоҳидига айланиб қолган бу одамнинг суди ўтган йилнинг ёзида бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ суд бўлмади ёки яширин тарзда ўтди. Аммо суднинг ўтгани ҳақида ҳатто журналистлар ҳам эшитмадилар. Бунақаси АҚШда деярли содир бўлмайди. Эҳтимол, тергов гумонланувчнинг теракт тайёрлаш бўйича айбларини исботлай оладиган етарли далиллар тўплай олмагандир. Ёки АҚШ махсус хизматлари ҳам қандайдир ўз “ўйин”ини олиб бораяптими?

Жамшид Мухторовнинг ишида Фазлиддин Қурбоновнинг ишига ўхшаб жуда кўп ғалатликлар мавжуд. Мухторов ўзининг мужоҳид бўлиш режаларини нега бунчалик очиқ-ойдин ошкор этиб келган. Нега Жамшид Мухторовнинг укаси Хуршидни Қозоғистондан Ўзбекистонга эмас, балки Туркияга депортация қилдилар? (У ҳозир ҳам ўша ерда яшаб, ўзининг ўта диндорлигини намойиш қилиб келмоқда). Мухторов турмада эълон қилган очлик акцияси нима билан тугади?..

Ҳар қандай ҳолатда ҳам АҚШ давлат органлари текширув натижаларини кенг жамоатчиликка эълон қилиши керак. Ўшанда мазкур ишларга қараб “мусулмонлар диний сабабларга кўра таъқиб этилаяпти”, дея ҳисоблаётган ўзбеклар ҳам, собиқ Совет Иттифоқи майдонидан келаётган қочоқларнинг сони тобора кўпайиб бораётганидан ташвишга тушган америкаликлар ҳам хотиржам бўлардилар.

СОҒЛОМ НУҚТАИ-НАЗАР

Ушбу шарҳни Hernando Today газетаси куни-кеча чоп этган мақоладан олинган лавҳа билан тугатаман. Нашрнинг шарҳловчиси, таниқли журналист ва ёзувчи Тед Ролл (Ted Rall) Фазлиддин Қурбоновнинг ҳибс этилишига бағишланган “Федерал текширув бюроси нега мудҳиш диктаторга ёрдам бераяпти?” дея аталувчи мақоласида шундай деб ёзади:

“Оқ Уй Каримовнинг илтифотига эришмоқчи бўлиб Ўзбекистон Исломий ҳаракатини нишонга олмоқда. Бу ташкилот эса американинг авиазарбаларидан ЎИҲнинг асосчилари ҳалок бўлганига қарамай, ҳеч қачон АҚШга ҳужум қилмаган. Бу гуруҳ ҳеч қачон АҚШга ҳужум қилмоқчи бўлганини эълон қилмаган. Унинг мақсади – Ислом Каримовга қарши кураш ва Ўзбекистонда Исломий давлат барпо этиш.

ЎИҲнинг иши келишмаган ери - “дўстимнинг душмани – бизнинг душман” тенгламасидан келиб чиқади. Биз Каримов ва унинг Марказий Осиёдаги ҳамкасб-диктаторлари билан битта кўрпадамиз. Ўз тутқунларини қайноқ сув билан қийнайдиган бадбуруш дўстларимиз эса Ўзбекистон Исломий ҳаракатини жуда ёмон кўрадилар.

ЎИҲ шубҳасиз исёнчи зўравон гуруҳ саналади. Ташкилот ўзининг чиқишларидан бирида тўрт америкалик альпинистни асирга олганди. Ўшанда Буш маъмурияти гуруҳни террорчи дея тан олишга шошилганди. Аммо альпинистлар миллий мансублик бўйича асирга олинмаганга ўхшаганди. Ўшанда ЎИҲ тожикистонлик ва қирғизистонлик аскарларга ва маҳаллий аҳолига ҳамда тўрт нафар япон геологларига ҳужум қилганди. (Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари таъкидлашича, 2003 йилда ЎИҲнинг Бишкекда АҚШ элчихонасини портлатишга уринишининг олди олинган, бироқ АҚШдан ёрдам пули олиш илинжида бу каби ёлғон тез-тез ишлатиб турилишини кўпчилик билади).

ЎИҲ АҚШга қарши кураш олиб бораётгани тўғрисида ҳеч қандай аломат кўрсатмаган. ЎИҲ идеологияси – маҳаллий ва регионал, биринчи навбатда Ўзбекистонда шариатга асосланган давлат барпо этиш. Ҳеч ким, ҳатто ФБР (Федерал текширув бюроси) ҳам ЎИҲ АҚШга ҳужум қилишни режалаштирмоқда, дея таъкидлай олмайди.

АҚШ ҳукумати радикал исломга қарши уруш ҳолатида. Америкаликлар учун савол: мудҳиш диктатор билан унчалик катта бўлмаган инқилобчилар ўртасида кечаётган можарода биз кимнингдир, айниқса диктаторнинг тарафини олишимиз керакми?..”

Иқтибос тамом.

Даниил Кислов тайёрлади

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги