16:52 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Beeline ва Ucell Uzdunrobita йўқлиги боис абонентларга яхши хизмат кўрсата олмаяпти

16.05.2013 06:31 msk

Фарғона

Ўзбекистон уяли алоқа бозори МТС тугатилганидан бери кимсасиз майдонга айлангандек бўлиб қолди...

Ўзбекистон расмийлари МТСнинг шўъба компанияси “Ўздунробита”ни бирёқлама қилганидан сўнг мамлакатда қолган икки уяли алоқа оператори - Beeline ва Ucell ўз тармоқларида юзага келган жуда катта юкламани (нагрузка) кўтара олмай қолди ва шу муносабат билан мамлакатда уяли алоқа сифати анча пасайди. Аммо шунга қарамай, абонентларнинг харажатлари кўтарилиб бораяпти. Бироқ Ўзбекистон уяли алоқа бозорида жиддий рақобатчилик йўқолиб бораётгани туфайли, мижозларнинг борадиган жойи қолмаяпти.

Шу кунларда Ўзбекистон Хусусийлаштириш, демонополизация ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Beeline ва Ucell томонидан қонун бузилаётгани ҳақида эълон қилди: бу икки компания тил бириктириб, абонент тўловлари ва хизмат тарифларига нархни кўтаришда айбланмоқда, бу эса “Рақобатчилик тўғрисида”ги мамлакат қонунига зид келади.

Бу ҳақдаги хабарлар Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ҳамда Давлат қўмитаси сайтида 1 май куни пайдо бўлган, аммо номаълум сабабларга кўра ўша куни кечқурун сайтдаен олиб ташланганди. Бироқ бу ҳақда шу чоққача Mezon.uz сайтида “Рақобат давлат қўмитаси нархни кўтариш йўлида тил бириктирганлари учун Beeline ва Ucell компанияларини жаримага тортди” (“Госкомконкуренции оштрафовал Beeline и Ucell за ценовой сговор”) деган хабарни ўқиш мумкин.

Хабар матнида айтилишича, қўмита иккала оператор ҳам 2012 йилнинг апрелида бир вақтнинг ўзида кунлик абонент тўловларини кўтаргани ($0,01 дан $0,02 гача) ва бу ҳолат 2013 йилнинг январида ҳам қайтарилганини аниқлади (икки компаниянинг асосий тарифларида абонент тўловлари деярли синхрон тарзда $0,02 дан $0,03 гача кўтарилган).

“Beeline ва Ucell томонидан абонент тўловларининг асоссиз равишда ҳамда бир вақтнинг ўзида ва синхрон тарзда кўтарилиши номи юқорида номи келтирилган икки уяли алоқа операторининг қисқа муддат давомида келишиб ҳаракат қилганларига далил бўлади, бу эса Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида” қонунининг 11 моддасини тўғрима-тўғри бузилишидир”, - дейилган эди Ўзбекистон Хусусийлаштириш, демонополизация ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабарномасида.

Шундай қилиб, дея қайд этади Давлат қўмитаси, мазкур Қонуннинг 11 моддаси бузилди ҳамда рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва реклама бўйича махсус комиссия текширув ўтказиб, унинг натижасига кўра компанияларни жаримага тортди (миқдори кўрсатилмаган).

Ҳаводан пул қилишми? Шунга ўхшаяпти

3 сентябрь кунидан бошлаб Ucell компаниясига раҳбарлик қилишни бошлаган янги бош директор Али Аған 2012 йилнинг ноябрида журналистлар билан учрашув ўтказиб, “Ucell компанияси бирорта ҳам абонент бир кун ҳам алоқасиз қолмаслиги учун қўлидан келадиган барча ишларни амалга оширади”, дея ишонтирганди.

“Ташқаридан олиб қараганда, бизни ҳаводан пул ясаяпти, деб ўйлашлари мумкин, аммо аслида, уяли алоқа тармоғининг нормал ишлаб туриши учун юзлаб миллион ва ҳатто миллиард-миллиард доллар пул сарфлаш керак бўлади. Табиийки, тармоққа инвестиция кирита туриб абонентлар сонининг кўпайиши ва уларнинг муҳтамал хулқи ҳам кўзда тутилади. Аммо барча вазиятларни аввалдан билиб бўлмайди. Мисол учун, 1999 йилда Туркияда кучли зилзила содир бўлганди ва оқибатда, телефон тармоғи ёппасига қулади. Негаки, тармоқ мамлакатдаги барча аҳолининг бирваракайига бир-бирига телефон қилишларини кўтара олмайди. Тармоқни тўхтовсиз ишлайдиган қилишнинг ҳам иложи бор, аммо бунинг учун бир миллиард мас, ўн миллиард доллар сарф қилишга тўғри келади. Аммо бундай ҳолатда компания на фойда кўра олади ва на солиқларни тўлайди”, - деб тушунтирганди Али Аған.

Жавоб комил, бошқа савол йўқ, тўғрими?

Компания раҳбари алоқа сифатидаги муаммоларни инкор этмай, тез орада, яқин ойлар ичида “оператор сўнгги ойларда амалга оширган ишлар натижасида алоқа сифати жиддий тарзда яхшиланади”, деб ваъда берди. Ўшанда у “декабрнинг биринчи ҳафтасида абонентлар алоқа сифатининг жуда яхши бўлиб қолганини сезадилар, фақат бир-оз кутиш керак”, деганди.

Мазкур учрашувдан бери деярли ярим йил ўтди, аммо аҳвол ҳамон ўша – эски ҳаммом – эски тос. Директорлар келиб кетаверадилар, муаммолар қолаверади.

Компания раҳбарларидан бирортаси Ўзбекистонда уяли алоқанинг оқсаб қолишининг асосий сабаби республикада ва асосан вилоятларда электр энергияси таъминотидан мунтазам узилишлар бўлиб қолганини тан олишга ботина олмаяпти.


Мана бу Beeline рекламасига : назар ташланг: уяли алоқа оператори “Zo'r-zo'r” тарифининг рекламасида кунига 5 мегабайт фойдалангандан сўнг бепул интернет ваъда қилмоқда. Бироқ қуйироқда майда кулранг ҳарфлар билан “технологик чеклов – кунига 25 бепул МБ” деб ёзилган. Бундан ортиғига Интернет учун хизмат ҳақи тариф режасига мувофиқ тарификация қилинади. Шундай қилиб, бепул интернет 25 мегабайт билан чекланиб қолган. Абонентга 5 мегабайтдан кейин бепул интернет улаб берамиз, дея қулоғига лағмон осиб, очиқдан-очиқчасига алдаяптилар: аслида 25 мегабайт бепул интернет берилади ва ундан ошиқ ҳар бир мегабайтига 7 центдан тўлашга тўғри келади.

“Кўринишидан, Ўздунробитанинг қайғул ниҳояси “тирик” қолган уяли алоқа операторларига кўп нарсаларни ўргатганга ўхшаяпти, - дейди номи ошкор бўлишини истамаган Ucell ходими. – Компания электр таъминотидан тез-тез узилиб туриш оқибатида жиҳозлар ишдан чиқаётгани ортидан катта моддий зарар кўраяпти, аммо раҳбарият бу нозик масалани расмийлар олдига кўндаланг қўйишга ботина олмаяпти. Натижада эса, компаниянинг барча техник носозликлари ва харажатлари ҳуқуқи йўқ абонентларнинг зиммасига тушаяпти”.

Ниҳоят Ucell компанияси жамоатчилик босими остида тармоқ узлуксиз ишлаши учун янги жиҳозларни, хусусан, стационар таянч базаларини ўрната бошлади. Мобил алоқа муаммолари кўпроқ билинаётган аҳолиси зич Фарғона водийсида (Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида) қурилиш-монтаж ишлари бошланди. Бу ерда Германияда ишлаб чиқарилган қиймати бир неча юз минг долларлик 20 та стационар генераторларини ўрнатиш бўйича лойиҳа амалга оширилади. Мутахссисларга кўра, компаниянинг мамлакатда нормал фаолияти учун беш юзга яқин шунақа таянч қурилмалари зарур бўлади (айтгандек, дунё бўйича кенг тарқалган 3G трендини Ўзбекистонда 10 фоиз қурилмалари қўллай оладилар, холос, 4G эса саноқли зоналарда тарқалади). Буларнинг барини амалга ошириш учун компания анча қийинчиликларни енгиб ўтиши керак.

Ucell ходимига кўра, замонавий таянч станциялари ўрнатилганидан сўнг жиҳозларни кечаю-кундуз давомида назорат қилиш зарурати йўқолади – ақлли электроника электр токи узилишлари билан боғлиқ хавфли вазиятларга автоматик тарзда чора кўради. Албатта буларнинг бари йўқотишларни минималлаштиради, аммо муаммо узил-кесил ҳал бўлиб қолмайди: алоқа сифатига кўпгина омиллар, шу жумладан, инсон омилининг таъсири муҳим.

“Ucellнинг битта фазилати бор – унга ҳеч ким қўнғироқ қила олмайди”

Ўзбекистон уяли алоқа операторларининг абонентларга хизмат кўрсатиш сифатининг жуда ёмонлиги аллақачон тилларда достон бўлиб кетган. Ucell раҳбари Али Аған билан интервьюни чоп этган Ўзбекистон веб-сайтларидан бирининг саҳифасидаги муҳокамаларида иштирок этган абонентлар ўз шарҳларида компания раҳбариятига аччиқ гапларни айтиб, уларга ишончсизлик изҳор этаяптилар ҳамда қуруқ ваъдалар устидан кулаяптилар. Фойдаланувчилардан бири эса оператор хизмати сифатини таърифлай туриб, “Юселнинг ягона фазилати – керакли одамга қўнғироқ қила олмасликда, чунки одатда телефон қўнғироқлари ишлашга ҳалақит беради”, дея нишонга аниқ урди.

“Мижозни алдаш осон, аммо оқибатда бу қимматга тушади”, - дея тан олади Юселни Ўзбекистон телекоммункация бозорида №1 рақамга айлантиришга интилаётгани ҳақида таъкидлаётган Аған. Аммо бош директорнинг барча шиорлари ва ваъдалари қуруқ бўлиб қолаяпти, тарифлар ва абонент тўловлари эса фойдаланувчиларнинг сони кўпайиб бориши билан пропорционал равишда ўсаяпти, холос.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама