23:10 msk, 19 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Машҳур Қува анорларига касаллик тегди

24.10.2005 15:57 msk

ўз.ахб.

Ботиржоннинг бу йилги ҳосилдан умидлари катта эди. Бироқ анорларга теккан қандайдир касаллик сабаб ўтган йилги ҳосилнинг ярмини ҳам ололмади. Боғбонлар бу касалликнинг нима эканлигини ҳам тушунолмаяптилар.

- Авваллари 3-4 гектар ердан 8-10 тонна ҳосил олардик. Бу йил 1-2 тонна зўрға олдик, сасиб кетди анорлар. Мана қаранг, касаллик бурнига кириб, ичидан ирияпти, - дейди Ботиржон Холматов.

Маълумотларга қараганда, Қува туманида жами 1000 гектардан зиёд майдонда анор етиштирилади. Ўтган йили хўжаликларда анордан 2 000 тоннага яқин ҳосил олинган бўлса, бу йилги кўрсаткич кескин пасайган. Мутахассисларнинг айтишларича, бу касалликнинг кириб келганига ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ. Аммо тез тарқалиб бораяпти.

- Бу замбуруғли касаллик. Ундан ҳозир мана, қоракуя касаллиги шулар жумласига киради, - дейди қишлоқ хўжалик кимё ашёлари бирлашмаси Қувасой шаҳар бўлими мудири Солижон Қўзиев. - Бу касаллик нафақат анор, бошқа меваларни ҳам зарарлаяпти.

Аҳолининг айтишига қараганда, 2-3 йилдан бери хонадонларда узум, нок, олхўри, анор каби мевалар касаллик текканлиги сабаб яхши ҳосил бермаяпти. Мутахассислар касалликнинг тарқалишига асосан экология сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблайдилар.

- Асосан кузда, ҳосилни йиғиб-териб олгандан сўнг, касалланган барча меваларни олиб, четроқ жойга обориб йўқотиш, қолаверса, ўша анорни ўзини кузда агар кўмиладиган бўлса, фунгецидлар топиб ҳар битта анорга кимёвий ишлов бериш керак, - дейди Солижон Қўзиев. - Эрта баҳорда ҳам ўша анорни ковлаб чиқаргандан кейин яна ўша фунгецидлардан бир қатор ишланса, мана шу касалликнинг олди олинади.

Боғбонларнинг таъкидлашларича, бу соҳада мутахассисларнинг роли етарлича бўлмаяпти. Агар ҳушёрликни ошириб касалликни олдини олиш учун ҳаракат қилинмаса, келгуси йилларда Қува туманида анордан олинадиган ҳосилга умид қилмаса ҳам бўлади. Ботиржон Холматов ва унинг қишлоқдошлари эса қирмизи анорлари билан энди аввалгидек фахрлана олмаяптилар.