00:36 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Германиянинг Термиздаги базаси немис товарлари бозорига айланган

08.05.2013 17:15 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистоннинг Термиз шаҳри ҳудудида жойлашган Германия Федератив РЕспубликасининг ҳарбий-транспорт базаси ҳар йили расмий Бундесвер бюджетининг бир-неча ўнлаб миллион доллар пулини ўзлаштириб келади.

Немислар 2001 йилдан бери ўзбекларнинг ноҳарбий аэропортидан Афғонистонга ўтиш учун фойдаланиб келадилар. Бу ерда бир неча юз нафар ҳарбий хизматчилар ўрнашиб олган, улар вақти-вақти билан бир-бирларини алмаштириб, юк ва жонли кучлар юкланган самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш билан шуғулланиб келадилар.

ГФР ҳукумати базадан фойдаланаётгани учун Ўзбекистонга қанча пул тўлаши тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Бошқа тарафдан олиб қараганда, ушбу база германияни нафақат катта харажатларга қўймоқда. Жорий йил бошланганидан бери бу база Афғонистон йўлида тўхтаб ўтаётган немис солдат ва офицерлари учун қўшимча даромад манбаига айланди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2013 йил 29 январь куни “Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рақобатбардошлигини янада ошириш ва товарларнинг мамлакатга ноқонуний олиб қирилишига қарши курашни кучайтиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1913-сонли қарорни имзолагани ҳақида бир неча бор ёзгандик (мисол учун, “Ўзбекистон: Ўзимизники йўқ, бошқаники керак эмасми?” uzbek.fergananews.com/article.php?id=1574‎).

Мазкур қарор хориждан импорт қилинаётган маиший техника, қурилиш материаллари ҳамда шахсий гигиена маҳсулотлари ассортиментини анча камайтириб қўйди. Қайд этамиз, мамлакатда маиший техника маҳсулотларини териш билан шуғулланадиган ягона қорхона – Тошкентдаги “Ройсон” бўлиб, бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг сифати чет элникига қараганда анча паст.

Ушбу қарор Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилган товар ва маҳсулотларининг сифатидан қониқмаган маҳаллий аҳолига, турган гап, ёқмади.

Қайд этиш жоизки, Россия ва Қозоғистонда ишлаб уйларига қайтаётган ўзбек меҳнат муҳожирлари чегара ва божхона постларидаги таъма ва бож тўловларидан зерикиб, бунақа товарларни олиб келишга қизиқмай қўйдилар. Негаки, бундай товар уйга етиб келгунига қадар қимматлашиб кетади.

Мазкур аэродромда ўрнашиб олган ГФР Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбий хизматчилари Ўзбекистонда юзага келган вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишга қарор қилдилар. Шундай қилиб, немис ҳарбий хизматчилари божхона ва чегара кўригидан ўтишдан озод қилинган ҳарбий самолётларда Германияда сотиб олинган маиший техникани Ўзбекистонга олиб кираяптилар. Немис ҳарбийларининг кўпи маҳаллий аҳоли вакиллари билан дўстона алоқа ўрнатиб олган, шунинг учун немис товарларини маҳаллий аҳоли ёрдамида сотиш муваффақиятли кечмоқда.


Термизда ҳарбий хизматчи томонидан олинган ушбу видеоклип уларнинг оғир хизмати ва онда-сонда кечадиган кўнгилхушликлари ҳақида ҳикоя қилади.

“Бугунги кунда ўзига тўқ ўзбекистонликлар учун сифатли немис товарларини сотиб олишнинг ягона йўли шу бўлиб қолди, - дейди термизлик Н. – Немислар учун эса бу яхшигина пул ишлаб олиш учун қулай имконият. Германияда техника қанчалик арзонлиги ҳаммага маълум, у ердан плазма экранли телевизор панеллари, микротўлқинли печлар ва кондиционерларни олиб келаяптилар. Немис товарларига ўзига ҳос навбат тўпланган. У ёки бу товарни сотиб олувчилар навбатдаги борт қачон келишини олдиндан биладилар ва олдиндан буюртма берадилар”.

Шу йўл билан Германиядан Ўзбекистонга олиб келинаётган товар импортининг ҳажми ҳеч қандай статистик ҳисоботларга киритилмайди.

“Фарғона” агентлигига маълум бўлишича, Термиз расмийлари ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ноқонуний савдо ҳақида яхши билади. Аммо немис ҳарбий хизматчиларига қарши расмийлар ва милиция ҳеч қандай чора кўрмай, бу каби фактларга кўз юмиб келади.

“Расмийлар немислар билан жанжаллашиб, бу муаммони халқаро миқёсга олиб чиқиб ўтирмайдилар, албатта. Боз устига, бизнинг милиция ва мутасаддиларимиз ҳам давлатманд одамлар. Уларнинг ўзлари ҳам яхши хорижий товар сотиб олиш имкониятини қўлдан чиқариб ўтирмайдилар”, - дейди шаҳар аэропортида ишлайдиган бошқа термизлик суҳбатдошимиз.

Аэропорт эса ўзбек ҳаридорлари учун жуда қулай жойда, деярли Термиз шаҳар ҳудудида жойлашган.


Аэропорт расположен очень удобно для узбекских потребителей — практически в черте города Термеза

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги