12:22 msk, 29 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ривожланган иқтисодиётининг парадокслари: мамлакат яшнамоқда, халқ қашшоқлашмоқда

07.05.2013 17:45 msk

Фарғона.Ру

Галина Саидова, Uzreport.Uz веб-сайтидан олинган фотосурат

Ўзбекистон иқтисодиёт вазири Галина Саидова Тошкентда 24-28 апрель кунлари ўтган VI халқаро инвестициявий форумда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиши тўғрисида қизиқарли маълумотларни очиқлади. Маҳаллий нашрлар ўша заҳотиёқ “келажаги буюк” давлатнинг кўз кўриб-қулоқ эшитмаган муваффақиятлари ҳақида ҳисобот бера бошладилар.

“Ўзбекистон сўнгги беш йил давомида иқтисодий ривожланишнинг юқори суратларини намойиш этаётган етакчи бешта мамлакатлар қаторидан жой олган. 2005 йилдан бери бу кўрсаткич 7 фоиздан кам бўлмади. Шу билан бирга, саноат ишлаб чиқаришининг юқори ўсиш суратлари иқтисодий ислоҳотлар ват барқарор ўсиш суратларининг негизини ташкил этмоқда”, - дея ғурур ила билдирди Саидова.

Бироқ оддий ўзбек деҳқони ўзининг муносиб ҳаёт кечириш учун эмас, балки жон сақлаш учун меҳнат қилаётганини аллақачон тушуниб етган.

Ўз соҳасининг етук мутахассислари биз билан суҳбатда таъкидлашича, расмийларнинг назорати остидаги статистик ташкилотлар ва жамоатчилик фикрини ўрганувчи монополиячи “Ижтимоий фикр” маркази фақат мамлакат раҳбарларининг қулоғига ёқиш ҳамда хорижий инвесторларни адаштириш учунгина сохта ҳисоботларни тақдим этиб келадилар. Шу билан бирга, мамлакат фуқаролари борган сари қашшоқлашиб бораётгани билан уларнинг мутлақо иши йўқ.

Статистиканинг “пуфак” рақамлари

Саидова хонимга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида, фақат серобчиликлар мавжуд: иқтисодий ўсишнинг юқори сурати макроиқтисодий барқарорлик билан ҳамоҳанг; инфляция йилига 7-8 фоиздан ошмайди (инфляция назорат остига олингани етмаганидек, у тағин “иқтисодий ўсиш ва ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатини рағбатлантирар” экан).

Ўзбекистонда “сўнгги йилларда ташқи қарз 11% дан 16% ўртасида тебранмоқда, бу дунё бўйича энг паст кўрсаткичлардан саналади”. “Ўзбекистон мисоли шу билан диққатга сазаворки, унинг ички қарзи ноль фоизга тен. Яъни, бюджет мутлақо соғлом негизда ривожланаяпти, бу пул-кредит ва бюджет-солиқ сиёсатининг яхши гаровидир”, - дея таъкидлайди иқтисодиёт вазири

Мамлакат бош иқтисодчисининг статистиклари ҳисоб-китобига кўра, “2015 йилга келиб саноат тузилмасидаги ниҳоий маҳсулот ишлаб чиқарадиган соҳалар улуши 41% дан 49% гача, саноат ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги маҳсулот экспорти улуши эса 42,3% дан 63% гача ўсади. Шундай қилиб, иқтисоддаги барча тузилмавий ўзгаришлар юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда ўзбек иқтисодиётининг экспортга йўналтирилиш билан боғланган”.

Муваффақиятлар кўриб турганимиздек фантастик.

Буюк келажакга етиб келай дебмиз-у, билмай қолибмиз

“Саидованинг баландпарвоз нутқларини тинглар эканмиз, оммавий ахборот воситаларида мамлакат бюджетининг чорак қисми 12 миллиард долларни ўз қўли остига жамлаган 80 нафар ўзбек олигархлари ҳақидаги хабарларни эслаб қоламиз, - дейди Иқтисодий изланишлар марказининг номи ошкор бўлишини истамаган ходими. – Кўринишидан, бу ерда сўз юриталаётган яшнаётган иқтисодиёт айнан улар учун ва уларнинг иштирокида барпо этилаётганга ўхшаяпти. Мана бу сатрлар ҳақида ўйлаб кўринг: “...мамлакатимиз иқтисодиётида содир бўлаётган барча ўзгаришлар давлатнинг фаол кўмагисиз амалга ошмас эди. Биринчи навбатда, булар қулай солиқ имтиёзлари ва шароитларининг яратилиши билан боғлиқ. Мисол учун, 1993 йилдан бери солиқ юки икки баробарига, яъни Ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 45 фоиздан 22 фоизгача камайтирилди”. Унда ватандошимиз бўлган тадбиркорлар нега иқтисодиётнинг яширин секторининг ерости лабиринтларини танлаяпти?! Ўзбекистон даромад солиқларининг юқорилиги бўйича МДҲ майдонида биринчи ўринни эгаллаётгани учун эмасми?”

Бош иқтисодчининг комил ишончига кўра, мамлакатдаги умумтанолинган ишбилармонлик муҳити шунчалик яхшиланганки, буни ҳатто Бутун жаҳон банки ҳам тан олган бўлиб, унинг “Doing business-2013” хулосалариданга кўра, Ўзбекистон бизнесни енгиллаштиришда сезиларли кўрсаткичларга эришган энг яхши 10 мамлакатлар қаторидан ўрин олган. (Шу ерда “енгиллаштирилган шароитлар”нинг бизнесни тортиб олишлар ва мамлакатдан ўнлаб хорижий инвесторларнинг қочиб кетишлари билан “битта қозонда қандай қайнаяпти”, дея сўрагинг келади).

Вазир нутқидан ўзбек иқтисодиётининг ноёблиги ва жозибадорлигини таъкидловчи иқтибослар оз эмас: “Британиянинг Maplecroft консталтинг компанияси тадқиқотларига кўра, 2013 йилда бизнес учун энг истиқболли 20 та давлат қаторидан Маракзий Осиё мамлакатлари орасида биргина Ўзбекистон ўрин олган.

Ўзбекистон дунёдаги энг ривожланаётган 26 та давлат орасида 11 ўринни эгаллаган – HSBC банкининг “Дунё 2050 йилда” дея аталувчи тадқиқоти.

Ўзбекистон Республикаси туризм соҳаси бўйича энг тез ривожланаётган бешта мамлакатлар қаторидан ўрин олди – Туризм ва саёҳатлар бўйича бутунжаҳон кенгашининг тадқиқоти”.

Қоғоздаги рақамлар...

Иқтисодий изланишлар маркази мутахассига кўра, форум-ярмарка минбаридан туриб баён этилган рақамлар Ўзбекистон воқелигини яхши тушунмайдиган, бехабар аудитория учун мўлжалланган. Боз устига, бизнинг статистика келтирган рақамларда чигалликлар етарлигидан

эътибор беришлари бўлди. Ким-кимни лақиллатишга уринаяпти, ҳамон номаълумлигича қолаяпти...

Икки йил илгари бизга телевизор орқали ўртача ойлик маошларимиз қўшниларимиздан кам эмас – нақ 500 долларга тенг дея қулоқларимизга лағмонларни осиб ташлашганди. Узоқ вақт давомида мамлакатда фоҳишабозлик деярли йўқ, СПИД касалига йўллиқанлар “оз”, ишсизлик ҳам арзимаган даражада дея ишонтириб келишганди (ўзбекларимиз Россияда фаррошлик қилаётганларини “ота” тасодифан билиб қолди, яхшиямки телевизор бор экан).

Реал даромад ва харажатлар

Ўзбек меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар қатор йиллардан бери мамлакат бюджетига далда бўлиб турибди. Қатор ОАВ РФ Марказий банкига таяниб хабар беришича, биргина 2012 йилда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари томонидан ватанга 6,241 миллиард доллар пул жўнатмалари ўтказилган (шу йили республика бюджетида давлат даромадлари 16.746,8 миллиард сўм ёки “қора бозор” курси бўйича 6.024 миллион доллар даражасида режалаштирилганди). Бундан келиб чиқадики, Россиядан жўнатилган пуллар Ўзбекистон бюджетининг даромад қисмига қараганда 217 миллон долларга кўпроқ экан.

Оддий фуқаролар учун ўзбек иқтисодиёти корчалонларининг, шу жумладан, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги раҳбари Элёр Ғаниевнинг “12 йил ичида Ўзбекистон иқтисодиётининг кўлами икки баробарига ўсган” деган сўзлари қўпол қилиб гапирганда бир тийинга қиммат. “Ушбу ҳисоботдаги ёлғонга қандай қилиб ишониш мумкин? – дея аччиқланади Қўйлиқ деҳқон бозоридаги тижоратчи Шуҳрат. – Балки вазирлар ва уларнинг кўплаб қариндошлари учун мамлакатимиз 2000 йилда ёки ундан аввалроқ “иқтисодий ўсиш даврига кирган бўлиши мумкин...”

Аҳоли даромадлари йилига 22-24 фоизга ўсаётгани тўғрисидаги иддаолар, экспертларга кўра асоссиз: Ўзбекистонда инфляция ишлаб чиқариш ва ойлик маошлари ўсишидан кўп маротаба ўзиб кетаяпти. Бу эса статистикларнинг хулосасига эътироз билдириш учун кўпчилик томонидан тақдим этиладиган асосий дастакдир.

Мустақил Uzmetronom интернет нашри ёзишича, сўнгги 7 йил давомида озиқ-овқат маҳсулотларига ва кундалик эҳтиёж молларига нарх-наво бир неча баробарига ўсган. Мисол учун, Тошкентда 1 кило гўштнинг нархи 5,5 баробарга, 1 кило сариёғнинг нархи 6 баробарга, картошка – 4 баробарга ва нон уч баробарга ўсган; сут 8 баробарига қимматлаган; кир ювиш воситалари -4-5; йўлкира ҳақи 3 баробарга кўтарилган. Шу билан бирга, монополиячиларнинг коммунал хизмат учун ундирадиган ҳақи ҳам шунчага ўсган. Ўртача ойлик иш ҳақи эса доллар билан қиёсланадиган бўлса, $180 га тенг (2006 йилда $125 эди).

“Мен иқтисодчи эмасман, аммо ўз чўнтагимга қараб баҳо бера оламан, - дейди Собир исмли мусиқа мактабининг ўқитувчиси. – Тирикчиликни ўтказиш учун мен, учта балоғатга етмаган боланинг отаси, асосий ишимдан ташқари қўшимча дарс бериб келаман. Хотиним билан бирга 1 миллион 200-300 минг сўм топамиз. Аммо ҳар ой етишмовчилик боис қарзга кириб кетаяпмиз”.

“Ўзбекистонда ким ҳам раҳбарларнинг фаравон турмуш тўғрисидаги қуруқ гапларига ишонади, - дейди Самарқанддан Тошкентга келиб такси ҳайдаётган Аҳрор. – Мен яқинда Россиядан келдим – асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нархлар ўша ердаги билан тенглашган. Иш ҳақичи? .. Бозордаги нархлар бир неча ой ичида 500-1000 сўмга кўтарилди. Коммунал хизматга, бензин ва транспортнинг тарифлари ҳам ҳаддан зиёд ошиб кетган. Болаларни қандай қилиб олий маълумотли қилиш мумкин? Ахир бир йиллик контракт пули 5-6 миллион долларга чиқиб кетганку!”

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси мамлакатдаги бой фуқароларнинг сонини қатъий сир тутиб келмоқда. Қашшоқларнинг сони ҳам очиқланмайди. Мамлакатда “ҳаёт кечириш учун минимал миқдор”, “истеъмол саватчаси” деган иборалар ҳақида тушунча йўқ. Шунинг учун қашшоқлар сонини ҳам аниқлашнинг иложи йўқ.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама