23:20 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда “велосипед” муаммолари: Каримовнинг “хавфсизлиги” ёки даромадли бизнесни тортиб олиш бўйича навбатдаги уринишлар

06.05.2013 17:39 msk

Д.Кислов

Сўнгги пайтларда оғизга тушган Ўзбекистондаги “велосипед” муаммолари бир неча сабабларга кўра пайдо бўлди. Бир томондан олиб қараганда, бу - дунё бўйлаб велосипеднинг қайта оммалашиб бораётганида бўлса, бошқа тарафдан фойда кетидан қувиб қонунларни ҳар қанақасига бузаётган велосипед ижараси бизнесининг жадал суратларда ривожланаётгани ҳамдир. Бунга яна расмийларнинг барча нарсаларни тақиқлашга мойиллигини ҳамда велосипедни транспорт воситаси эмас, кўпроқ ўйинчоқ сифатида кўрадиган “маҳаллий менталитет”ни ҳам қўшиш мумкин. Буларнинг барчаси ҳақида бизга вазиятни яхши билган кишилар сўзлаб бердилар.

Суҳбатдошларимизнинг биринчиси Алишер (исми ўзгартирилган), велосипедчи, Ўзбекистондаги велосипедчилар ҳаракатининг фаоли.

- Умуман олганда, тошкентлик велосипедчиларда бу муаммолар нега пайдо бўлди?

“Қатағон”нинг биринчи ва асосий сабаби – “давлат раҳбарининг хавфсизлиги” дея аталувчи сийқаси чиқиб кетган баҳона. “Президент трассаси” дея аталувчи йўл шаҳардаги энг яхшиси саналади ва у пойтахтдаги ягона бинойидек йўл бўлса керак. Президент бу йўлдан ўтаётган пайтда хавфсизлик чоралари энг юқори даражага кўтарилади. Велосипедчилар эса ҳар хил: уларнинг орасида интизомлилари ҳам бор, безорилар ҳам учраб туради. Безорилар дея аталадиганлари оламон бўлиб тўпланиб оладиларда, чорва подасига ўхшаб юрадилар.

- Велосипедчи президент учун қандай хавф туғдириши мумкин?

- Велосипедчини назорат қилиш осон эмас, улар қўққисдан муюлишдан чиқиб қолишлари мумкин. Йўл участкаси кичкина эмас. Билишимча, чорва ҳайвонлари - сигирлар, эшаклар, қўйлар ҳукумат кортежи учун хавф туғдириш бўйича бириничи ўринда туради. Трассада пайдо бўлиши билан уларни зудлик билан йўқотадилар. Иккинчи ўринда – велосипедчилар.

- Президент қўриқчилари велосипедчи бомба ташлашидан қўрқадими?

- Шунга ўхшаш. Умуман олганда, уларнинг қандайдир ўз инструкциялари бўлса керак. Мисол учун, Тошкентдаги Ҳиёбонда Амир Темур ҳайкали ёнида ҳам велосипедда юриш тақиқланган.

bomond.uz

Велосипедчилар Амир Темур ҳайкали ёнида. Bomond.uz веб-сайтидан олинган фотосурат

- Милициянинг айтишича, велосипедчилар иштирокида йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб кетган эмиш, бу ростми?

- Бунақа бўлмаса керак. Бироқ сўнгги пайтларда велосипед ижара берувчи идоралар кўпайиб, қонун-қоидаларга амал қилмай фаолият юритаётгани ҳамда 18-га тўлмаган ўсмирларга ёки ичиб олганларга ҳам велосипедларни бераётганлари учун шундай аҳволни юзага келган бўлиши мумкин. Бошқа прокатчилардан мижозларни тортиб олиш учун кўпчилик велосипедларни 10-12 ёшли ўспиринларга ҳам бера бошладилар.

- Ўзбекистонда бу бизнес нақадар ривожланган? Наҳотик жамиятда велосипедга қизиқиш шунчалик кучайган бўлса?

- Ҳатто автомойкаларнинг эгалари ҳам ижарага икки-учта велосипед олиб қўйганлар. Мижознинг машинаси ювилгунича, қиладиган ишлари йўқ, “мана, велосипедни миниб туринг” деб берадилар. Умуман олганда, Ўзбекистонда бу бизнес яхши ривожланмоқда. Яхши велосипед жуда қиммат туради, одамлар хитойнинг арзон велосипедларини олгиси келмайди. Прокатдан эса бор-йўғи 10 доллар эвазига яхши велосипедни бир кеча-кундузга олиш мумкин. Ёки соатига бир ярим-икки долларга.

bomond.uz

Яқиндан бери Ўзбекистонда велосипедлар оммалашиб кетди. “В Контакте” ижтимоий тармоғидан олинган фотосурат

Ўтган йили велосипед ижараси бизнеси республикада энг яхши, жадал суратларда ривожланаётган кичик бизнес дея тан олинганди. Ҳатто катта-катта мулозимлар ҳам велосипедга ўтира бошладилар, кўпчилик соғлиғи ҳақида қайғура бошлади: эрталаб ош емай, велосипед мина бошладилар.

- Расмийлар билан бошланган муаммоларнинг сабаби шаҳар йўлларида велосипедчилар учун махсус йўлакчаларнинг йўқлигидадир балки?

- Афсуски, бу ҳам аҳволни ўзгартириб қўймайди. Қоидабузарликлар давом этаверади, велосипедчилар қоидага риоя қилишни бошламагунларича. Милиция эса ҳаммани қаторасига ушлайверади, чунки улар қоидабузарларга қарши бошқача ишлашни билмайдилар. Оқибатда эса қоидага риоя қилувчи велосипедчилар ҳам жабрланмоқда.

Бошқа суҳбатдошимиз тадбиркор, Ўзбекистонга велосипед етказиб бериш билан шуғулланади. Маратнинг айтишича (исми ўзгартирилган), мамлакатга олиб кирилаётган велосипедларнинг нархи анча паст кўрсатилади ва натижада давлат бож тўловларидан зиён кўради (аслида божхона хизматчилари катта пора эвазига ўтказадилар).

- Велосипедлар ва уларга эҳтиёт қисмлар импортида ҳамда савдосида фойдани “юқоридагилар” билан алоқаси бор олғир тижоратчилар кўраяпти. Тошкентда битта велопрокатчини ёпиб қўйган бўлсалар, бошқаларининг иши олдингидан ҳам яхшироқ гуркираб яшнаяпти. Ўзингиз ўйлаб кўринг, заводдан чиқаётган велосипеднинг нархи 200 доллар, “растаможка”даги ҳужжатлар бўйича 30 доллар қилиб кўрсатилади. Шунда коммерсант ўн доллар атрофида бож тўлайди, божхоначига эса 50-100 доллар пора беради. Шундан кейин велосипедни 500-700 долларга пуллайди. Фойдани кўраяпсизми? Ўша фойдаси ҳисобига солиқчиларга ҳам пора бериб келади, улар эса ҳар қандай қоидабузарликларга кўз юмиб кетадилар.

- Демак, “юқори”дагилар билан келишиб олганларнинг “ошиғи олчи” эканда?

- Мен ушбу процесс ортида қандайдир “катталарга” яқин бўлган нуфузли кишининг турганини истисно эта олмайман. Балки, улар қандайдир “УзВелоПрокат. Ltd” дея аталувчи идорани яратиб бизнеснинг ҳаммасини ўзлаштириб олмоқчидир. Қандайдир қорни каттани ўтқазиб қўядиларда, давлат дастурини амалга ошираяпмиз дея бойлик ортиришлари ҳам мумкин.

Чиндан ҳам, балки Ўзбекистонда даромадли бизнесни тортиб олиш жараёни бошлангандир? Авваллари яхши ишлаб келган кўплаб спорт дўконлари ва велопрокат ташкилотлари ёпилиб, Тошкентни тарк этдилар. Мисол учун, Ўзбекистонда велопрокат бизнесини бошлаб берган “Limpopo” компаниясининг сайтида ( Velosiped.Uz ) бир неча ойдан бери “Биз таътилдамиз” деган ёзув осиғлиқ турибди.

Бу компания бутунлайига вайрон этилди, аммо бошқалари аста-аста очилаяпти. Шу чоққача ҳеч ким бу борада фармон ёки қарорни кўрмаган бўлса ҳам, велопрокат фирмалари давлат автоинспекцияларидан ижарадан ўтаяптилар. Манбаларимизнинг маълумотига кўра, улардан катта пора сўрашаяпти, экан.

Қозоғистонда эса Ўзбекистондан фарқли ўлароқ бунақа муаммолар йўқ. Боз устига, Олма-Ота ҳокими Ахметжан Есимов икки ғилдиракли транспортнинг оммалашуви йўлида қўлидан келган ёрдамини аямаяпти ҳамда ҳар баҳор ва куз мавсумида велосипед пойгаларини шахсан ўзи очиб бераяпти.

Велопробег в Алматы

Олма-Отада велопойга, 2012 йилнинг кузи. Astanafans.com веб-сайтидан олинган фотосурат

Қозоғистон расмийлари ўзбекистонлик ҳамкасбларидан фарқли равишда бўш вақтни велосипед билан ўтказиш бугунги кунда дунё бўйлаб қайта туғилиш жараёнини бошидан кечираётганини тушунаяптилар. Бу ҳам жиддий спорт, ҳам кўнгилхушлик ҳам тежамкор транспорт бўлиб, боз устига, соғлиқ учун фойдали машғулот ва атроф-муҳит учун жиддий кўмак ҳам.

Аммо Ўзбекистонда шу вақтнинг ўзида фақат тақиқловчи чоралар гуркираб яшнаяпти, холос. “Тошкентда фақат бир нечта йўлларда мотоциклда юриш мумкин. Шаҳардаги магистрал трассаларининг бир қисми автомобил ҳаракати учун ёпиб қўйилган, йўлларни тўсиб қўйиш учун дарахтлар экиб қўйилган. Марказий кўчаларнинг алоҳида участкалари чўян панжаралар билан ўраб қўйилган. Шаҳар қасабаларини марказ билан боғловчи магистрал йўллар кесиб ташланган. Автомобил ҳайдовчилари ортиқча ёнилғи ишлатиб айланма йўллар билан юришга мажбурлар. Автомобилларнинг тўхташини тақиқловчи минглаб йўл белгилари исталган жойларда ўрнатиб қўйилган. Йигирма йил муқаддам ваъда қилинган кузатув камералари ўрнида ҳамон сон-саноғи йўқ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ходимлари ҳаракани назорат қилиб юришибди, - дея ёзади Тошкентнинг Uzmetronom веб-сайти. - Тошкентда ҳаракатланишга уринаётган велосипедчилар дуч келаётган тўсиқлар ҳақида ўқий туриб, тез орада Ўзбекистон пойтахти аҳолисини саф тортиб ва фақат милиция кузатуви остида юришга мажбур қиладиган махсус қоидалар ишлаб чиқарилади, деган хулосага келиш мумкин”.

Д.Кислов тайёрлади

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги