14:37 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда велосипедлар тақиқланмоқда?

24.04.2013 10:08 msk

Фарғона.Ру

“Велосипедли ўзбек колхозчилари”. Фото © Макс Захарович Пенсон (Maxpenson.com), 1930-йиллар

Ўзбекистон пойтахтида бундан буён велосипедлар тақиқ остида. Апрель ўрталаридан бошлаб Тошкентда велосипед минганларга “облава” уюштираяптилар, уларни тўхтатиб баъзида жарима тортаяптилар ва икки ғилдиракли “тулпор”ларини тортиб олаяптилар. Бу ҳақда Тошкентдаги “Фарғона” манбалари маълум қилганларидан ташқари, баъзи ўзбек оммавий воситалари ҳам ёзаяпти.

Альберт (барча исмлар ўзгартирилган. – таҳр. изоҳи.) ўн йилдан бери деярли ҳар куни шаҳар бўйлаб велосипедда юради. У қаторасига ҳамманинг велосипедларини тортиб олаётган милиционерларнинг қилмишидан ҳайрон бўлиб аччиқланмоқда. “Бу ғирт ўғирликку, велосипедни фақат суд орқали қайтариб олиш мумкин, бўлмаса айрилдинг. Аммо бу велосипед сенга қарашли эканини исботлай олармикансан? Ахир унинг техпаспорти йўқ, сенинг эгалик ҳуқуқингни тасдиқлайдиган ҳужжатинг йўқ”, - дейди Альберт.

Унга кўра, велосипедчиларга нафақат милиционерлар, балки оддий қўриқчилар ҳам эътироз билдирмоқчи бўлаяптилар, ҳолбуки, бунга фақат ГАИ нозирининг ҳақи бор, холос.

Чилонзор даҳасида жойлашган велосипед ижараси пунктининг эгаси “Новый Век” газетасига маълум қилишича, унинг бир неча мижозлари “Хамза” метроси ёнида суҳбатлашиб турганларида, милиционерлар велосипедларини тортиб олдилар.

“Учта машинада милиционерлар келиб, индамай уларнинг велосипедларини тортиб олдиларда “Дамас”га юкладилар. Йигитларнинг ўзларини эса райотделга олиб кетдилар. Ҳар бирини негадир 26,5 минг сўмга жаримага тортдилар (расмий курс билан 10 доллардан зиёд)”, - дейди тадбиркор.

“Якшанба куни икки танишимни “обезянникка” тиқиб қўйдилар. Кайфи йўқ эди, қоидани бузмай йўлда велосипедда кетаётгандилар, холос. Уларни патрул машинаси тўхтатди. Машинадан чиққан милиционерлар индамай уларнинг велосипедларини тортиб олишга бошладилар. Йигитлар нега тўхтатганларини тушунтириб беришларини сўраганларида, текширив ўтказилгунга қадар қўлга олиндинглар, деб жавоб бердилар. Гўё, ушбу велосипедларга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи қандайдир ҳужжат бўлиши керак эмиш. Аммо бундай бедодликка йўл қўйувчи ҳеч қандай қонун йўқ!”, - дея ғазабланади Беҳзод.

Велосипедчилар транспорт воситаларини нимага асосан тортиб олаётганларини тушунтириб берилишини талаб қилганларида, милиционерлар қандайдир “оғзаки буйруқ бор” дея жавоб бераяптилар.

“Буйруқни ўқиб беринг, деса индамай қолаяптилар. Бу тўғрида ҳеч қандай қонун чиқарилмагани табиий. Тортишадиган бўлсанг, “Барибир мен айтганим бўлади, бу ерда мен қонунман!” деб оғзингизни очирмайди. Бу ғирт хизмат ваколатини оширишнинг ўзгинаси, ахир бунга статья борку”, - дея гапга қўшилади Гога.

Денисга дуч келган ТИИБ ходимлари велосипедлар йўл ҳаракати қоидаси бузилаётгани учун тортиб олинаяпти, деб билдирдилар. “Қонун бўйича, уларнинг бунга ҳақи йўқ. Фақат ГАИ ходимлари қоидабузарлик учун жавобгарликка тортишлари мумкин. Агар ҳайдовчи маст бўлса, велосипедни жарима майдончасига тортиб қўйишга йўл қўйилади. Милициянинг ўзи йўл қоидасини билмайди-ю, одамларни “лох” қилмоқчи бўлади: гўё йўлда юриб бўлмайди, фақат тротуардан юриш керак, велосипедчилар авария вазиятини юзага келтирадилар, деб. Аммо қоида бўйича тротуарда велосипедчиларнинг юриши тақиқланган. Одамларга бундай қўпол муомалада бўлаётганлари кишини жиғибийронини чиқариб юборади”, - дея ғазабланади Денис.

Баъзи ўз ҳуқуқини яхши тушунганлар, қонунлардан хабардорлар велосипедларини олдирмай, жаримага тортилишдан ўзларини мосуво қила олаяптилар.

“Якшанба куни эрталаб дўстимни ушлаб 30 минг сўмга жаримага тортдилар. Кечқурун Ҳамид Олимжон метросида менга ҳам зуғум ўтказмоқчи бўлдилар. “Лось” (Лацетти русумидаги машина) шундоқ йўлимни кесиб тўхтатди, мен эса ичмаганман, қоидани бузмай қўлларим билан ҳаракаларим ҳақида вақтида огоҳлантириб кетаётганим боис, қочиб ўтирмадим, чунки мен яхши велосипедчиман, - дея кулади Воланд. – Сержант чиқиб велосипедимни мусодара қилмоқчи бўлди,. Машинада эса лейтенант ўтирибди. Нимага асосан велосипедимни мусодара қилмоқчисиз, деган саволимга йўл қоидасини бузаяпсан, дея пўписа қилди. Мен доим рюкзак билан юраман, унинг ичида насос, ремкомплектдан ташқари доим права билан йўл ҳаракати қоидасининг китобчаси юради. Мен сержантга хушмуомалалик билан ўзингиз хизмат ваколатини ошириб юбордингиз, дея тушунтириб, бошлиғини чақиришни талаб қила бошладим. Ўн беш дақиқа тортишиб, қоида китобини тақайвердим. Шундан кейин мени жаримасиз қўйиб юбордилар”.

Қайд этиш жоизки, Тошкентда велосипед миниш осон иш эмас. Дунёнинг бошқа пойтахтларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон пойтахтида велосипедчиларни деярли кўрмайсиз. Фарғона водийсида эса велосипедчилар кўп. Бу ерда ёшу-қари ишга, бозорга, масжидга велосипедларда бориши одатий ҳол.

Умуман олганда, Тошкентнинг ўйдим-чуқур йўллари велосипедда юришга мослашмаган. Йўлларда велосипедлар учун махсус йўлакчалар ажратилмаган, дўкон ва корхоналар ёнида “темир от”ни занжирлаб йўядиган бекатлар йўқ. Велосипедлар ҳаракатланишини тақиқловчи йўл белгилари президент трассасига олиб кирувчи жойларга қўйилган, холос.

Сўнгги пайтларда Тошкентда велосипед ижараси пунктларининг тармоқлари ривожланиб кетди. Унчалик катта бўлмаган фирмалар 20-30 та велосипедларни соатига 4-5 минг сўмдан ижарага бераяптилар. Гаров эвазига паспорт ёки қўл телефони қолдирилиши керак. Ёшлар учун бу жуда қулай, чунки ҳамманинг ҳам велосипед сотиб олишга қурбати етмайди: Тошкентда велосипедларнинг нархи 750 минг сўмдан юқорига қараб кетади. Шаҳар шароитида, ҳозирги кунларда гаражлар ёппасига бузилаётганини ҳисобга олиб, велосипед сақлаш учун ҳам шароитлар унча яхши эмас.

Аммо ўтган ҳафтада вело-ижарачиларга бизнесни ёпиш тавсия этилди, дея хабар беради “Новый Век”. Тошкент шаҳар ЙҲХБ (ГАИ) ходимлари қандайдир номаълум маҳкаманинг оғзаки буйруғига асосланиб, ўз ҳаракатларини велосипедчилар иштирокида йўл-транспорт ҳодисалари сони кўпайиб кетгани билан изоҳлаяптилар.

Уларнинг сўзларида ҳақиқат учқунлари бор. Жўравойга кўра, “велосипедчилар оддий йўл қоидаларини билмайдилар, уларнинг баъзилари ўзларини автомобил ҳайдовчиларига тенглаштирадилар ҳамда йўлнинг ўртасига чиқиб олиб, ҳаракатга ҳалақит бера бошлайдилар. Бунақа велосипедчиларнинг ҳаракати баъзида тартибдан йироқ бўлиб қолади. Улар тротуар бўйлаб ёки қарама-қарши тарафдан, баъзида пиёдалар ўтиш жойидан юрадилар, светофорнинг қизил чироғига ўтиб кетадилар ва шу билан бирга қийқириб бақирадилар ҳам”.

Зариф эса бошқача фикрда: “Тошкентда ҳайдовчилар йўлда ўзларидан ташқари велосипедчилар ҳам юриши мумкинлигини ҳечам ҳазм эта олмайдилар. Ҳеч қаерда, ҳатто энг чекка шаҳарларда ҳам мен велосипедда юриб муаммоларга дуч келмаганман, аммо Тошкентда қоидага амал қилиб юрган ҳолда ҳам муаммоларга дуч келиб юрасан”.

Баъзи велосипедчиларга кўра, йўл-транспорт ҳодисалари айнан автомобил ҳайдовчиларининг айби билан содир бўлади.

“Барча қоидаларга амал қилган ҳолда юрсанг ҳам ҳайдовчилар юришингга ҳалақит берадилар, агар йўл тор бўлса, ўтказмайдилар. Шунинг учун ҳайдовчиларга ишонмайман, уларнинг ўзлари ЙҲҚни бузадилар, - дейди Илҳом. – Афсуски, одамларимиз агар ГАИ нозири бўлмаса, пиёдалар йўлакчасидан ўтаётганда ҳам иккиланиб қоладилар, чунки ҳайдовчилар ҳамма вақт ҳам йўл бермайдилар. Светофорларда ҳам аҳвол шу, ҳайдовчилар тўхташ чизиғини тан олмайдилар, пиёдалар йўлакчасида тўхтаб оладилар. Афсуски, бутун жамиятимизнинг ривожланиши даражаси шу аҳволда. Вазиятга қараб яшашга ўрганмаганмиз. Мисол учун, Европада агар велосипедчиларда имтиёз бўлса, йўл ҳаракати қоидасида ҳеч қанақа муаммо бўлмайди. Бизда имтиёз йўқ, ўзинг учун ўл етим“.

Бироқ тошкентлик велосипедчилар таслим бўлаётганлари йўқ. Улар йўл ҳаракати қоидасини ўрганиб олиб, ўз ҳуқуқларини талаб қилишга бошлаяптилар. Улар соғлом турмуш тарзини ташвиқот қилаяптилар, бирлашаяптилар, ўз сафларига янги тарафдорларни жалб қилаяптилар ҳамда жуда мураккаб шаритларда жон сақлашга уринаяптилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги