22:12 msk, 17 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Олтин” уйларга талабгорлар йўқ

22.04.2013 18:13 msk

Фарғона.Ру

Тошкентда “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзусидаги халқаро конференция ўтаётгани ҳақида кўр билан кар билмади, холос: бу ҳақда бутун пойтахт бўйлаб осиб қўйилган реклама билбордлари билдириб турганидан ташқари, телевидение тўхтамай роликларни намойиш қилди, расмий янгилик агентликлари эса янги қишлоқ уйларининг фотосуратларини ҳамда хориждан келган меҳмонларнинг ҳайратомуз таассуротларини чоп этдилар.

Ўзбекистонликлар ҳаётининг бундай яхшиланиб бораётганига бағишланган конференция Интерконтинент меҳмонхонасида, бўлиб ўтди.

Конференцияда деярли 50 та мамлакатлардан 300 га яқин иштирокчилар қатнашдилар, уларни Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйлар билан таништирдилар.

Конференцияда маълум қилинишича, давлат дастури иш бошлаган 2009 йилдан бери 24 мингта типовой қишлоқ уйлари қурилди. Расмий статистикани ўқишга қулай бўлиши учун биз рақамларни жадвалга киритдик ҳамда битта уй қанчага тушганини ҳисоблаб кўрдик.


БЮДЖЕТ, ТРАНШ, КРЕДИТЛАР…

Деярли 3 триллион сўмга тенг давлат харажатларининг умумий қийматини гиперинфляция сабабидан бирор-бир барқарор валютага нисбатан қиёслаб баҳолаш мураккаб масала. Жадвалдан кўриниб турибдики, 2009 йилда битта уй 60 миллион сўмга битган бўлса, бор-йўғи уч йил ўтиб уйнинг қиймати 46,5 миллион сўмга оғирлашди. Ёки бошқача қилиб айтганда, битта уй қурилиши учун ўзбек солиқ тўловчиларининг 50 минг доллар пули сарфланмоқда (МБ курси бўйича).

Давлат раҳбарининг январь ойида имзолаган № ПП-1902 қарорига мувофиқ, 2013 йилда қиймати 1 триллион 400 миллиард сўмга 10 мингта уй қурилиши режалаштирилган. Энди битта уйнинг баҳоси 140 миллион сўм бўлади (ҳозирги расмий курс бўйича 70 минг доллар).

Уйлар фақат “Қишлоққурилишлойиҳа” лойиҳа-тадқиқот институтининг лойиҳалари бўйича қурилмоқда. Мазкур монополист 22 та қурилиш типларини лойиҳалаб бўлди. Булар 3-4-5 хонали бир қаватли уйлардир. Улар қишлоқ хўжалиги оборотидан ташқаридаги ерларда даҳа-даҳа қилиб қурилмоқда.

Ушбу қурилишларни молиялаштириш билан фақат “Қишлоққурилишбанки” ОАТБ шуғулланади (2009 йилгача Ғаллабанк деб аталган). Халқаро молиявий институтлар ҳам ёддан чиқарилмаган. 2011 йилда Осиё Тараққиёт банки билан узоқ муддатга 500 миллион долларлик кредитни жалб этишни кўзда тутувчи “Қишлоқ жойларида турар-жой қурилишини ривожлантириш” кўп траншли дастурини молиялаштириш тўғрисида битим имзоланди. Кредит линиясининг биринчи транши доирасида шу чоққача 160 миллион доллар ўзлаштирилди, 2013 йилда эса 200 миллион долларга тенг иккинчи траншни олиш режалаштирилмоқда.

Давлат раҳбари қарорида кўрсатилишича, қурилишда пудратчи ташкилотлардан ташқари маҳаллий ҳокимият идоралари, корхоналар ва ташкилотлар, маҳалла фуқаролари йиғинлари, ҳомийлар, шу жумладан, тадбиркорлар ва фермерлар иштирок этишлари лозим. “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” компаниялари, давлат ва маҳаллий бюджетлар маблағи эвазига газ, сув таъминоти тармоқлари, электр линиялар ва йўллар қуририлиши керак.

Дома на селе

Ўзбекистонга бунақа катта пул эвазига кўз-кўз қилишнинг нима кераги бор эди?

Бироқ ҳарчанд молиявий маблағлар ва ишлаб чиқариш кучлари сафарбар этилмасин, дастур равон ишлаб кета олмаяпти. Вазирлар маҳкамасининг 2012 йил 12 октябрь кунги қарори билан “Дастурни амалга оширишда йўл қўйилган камчиликлари” учун ўттизта вилоят ва туман ҳокимларига ҳамда турли давлат корхоналари ва маҳкамалари раҳбарларига ҳайфсан эълон қилинди.

Қарорда қайд этилишича, “амалий иш тажрибасига эга бўлган профил ишчи кучлари ва мутахассисларнинг етишмовчилиги боис қурилиш белгиланган графикдан ортда қолаяпти”. Бу гап эркаклари ўз юртида иш топа олмай, миллион-миллионлаб Россия ва Қозоғистонга ишлагани чиқиб кетаётган ишчи кучлари ошиб-тошиб кетган қишлоқ жойларига нисбатан айтилмоқда!

Ишчи кучи етишмовчилигини маҳаллий ҳокимият идоралари жуда жўн ва ўзлари учуни оғриқсиз тарзда ҳал қилдилар. Ўтган кузда бутун мамлакат бўйлаб ҳашарлар эълон қилинди ва “аср қурилишига” ўқитувчилар, врачлар ва бошқа бюджет ташкилотларининг ходимлари ёппасига чиқарила бошланди. Бу ҳақда ўтган йили “Озодлик” радиоси ҳам гапирди, бу ҳақда мамлакатдаги бизнинг манбаларимиз ҳам маълум қилдилар.

ЧЎНТАК КЎТАРМАДИ

Шунча текин ишчи кучлари жалб этилгани билан қишлоқдаги кўчмас мулк анча қимматга тушди. Қишлоқ аҳолиси янги уйларни сотиб олишга шошмаяпти. “Молхонасиз, оғилхонасиз, ери экин экишга яраб-ярамаган янги уйнинг ҳозирги нархи 108 миллион сўм, - дейди Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида истиқомат қилувчи суҳбатдошимиз. – Ахир Ғазалкент ва Чирчиқда бундан зиёд уйларни арзонроқ нархда сотиб олиш мумкин”.

“Бунча пулим йўқ менинг, бўлганда ҳам бу пулга мен иккита-учта уй қуриб оламан”, - дейди оҳангаронлик суҳбатдошимиз.

Ҳукумат асосий қарзни узиш учун олти ойлик имтиёзли муддатни бир йилга чўзиб бергани ҳамда ипотека кредити узилгунига қадар жисмоний шахсни мулк солиғидан озод этилиши ҳам ёрдам бермаяпти.

Аҳолини Қишлоқ Қурилиш Банки фақатт қишлоқ оддамларига бераётган ипотека кредитлари билан жалб қилишга уринишмоқда. Аммо ушбу кредитнинг шартлари жуда оғир. Кредит дастлабки тўлов 25% ёки 28 миллион сўмни ташкил этган тақдирда бир йиллик имтиёзли давр билан 15 йил муддатга йиллик 7 фоиз устамаси билан берилмоқда. Дастлабки тўлов миллий ёки хорижий валютада омонат банкидаги ҳисоб рақамига ўтказилиш керак.

Кредит олувчи ипотека тўғрисидаги шартномани тасдиқлаш учун нотариал божини тўлаши, гаровга қўйилган мулкни суғурта қилиши ҳамда ипотека тўғрисидаги шартномани қайд этиш учун тўлов киритиши шарт.

Банкнинг шартларига кўнган одамнинг кредит олишига кафолат йўқ. Кредит олувчи сўнгги 12 ой давомида доимий иш ўрнига эга бўлганини ёки солиқ декларацияси билан тасдиқланган бошқа доимий даромадга эга бўлганини исботлаши зарур. Даромад эса асосий қарз ва процентларни тўлаш учун етарли бўлиши керак.

Ишсизлик даражаси юқори бўлган Ўзбекистон қишлоқларида бунақа одамлар кўпми?


«Мир» телекомпанияси тақдим этган сюжет ҳам расмий ташвиқотга ишлаяпти: ҳаммаси қулай, манфаатли ва муаммосиз

ҚАНДАЙДИР БОШҚАЧА «МЕНТАЛИТЕТ»…

Бўлиб ўтган конференциянинг секция мажлисларидан бири «халқ менталитети яхшиланишига» намунавий уйларнинг таъсирига бағишланди.

«Қишлоқда уй-жойлар аҳоли пунктларини барпо этишда қўлланиши зарур бўлган бош режаларсиз қурилар, ҳудудларнинг ўзига хос табиий ва иқлим хусусиятлари, ўзбек оиласининг миллий анъаналарини ҳисобга олиб, пухта ишлаб чиқилган намунавий уй-жой лойиҳалари йўқ эди. Ўзи ҳам буюртмачи, ҳам қурувчи бўлган қишлоқ аҳолисининг имкониятлари чеклангани, шунингдек, қурилиш материалларининг доимий танқислиги ҳамда қишлоқда ривожланган қурилиш саноати бўлмагани учун бу борадаги ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Бошқача айтганда, уй-жойлар қўлбола қурилиш материаллари – хом ғиштдан қурилар, хоналарига ёғочдан пол қилинмас, том ёпиш материали сифатида асосан асбест шиферлардан фойдаланилар эди», - дея сўзлаб берди Ислом Каримов конференция меҳмонларига.

Чиндан ҳам, шу чоққача ўзбек қишлоқларида кўп асрли анъаналарга амал қилган ҳолда паса ва гувалалардан уйлар қурилади, сейсмик хавотирли ҳудудларда уй деворлари синчлар билан мустаҳкамланади.

Бунақа уйларни қуриш осон, зилзилаларга чидамли. Ҳар йилги таъмир ишлари ҳам арзон: лойни тайёрлаб сувайвер.

Лой экологик жиҳатдан тоза ва иссиқликни ўтказмайдиган материал саналади: бундай уйларда қишда иссиқ, ёзда салқин. Устун ва тўсинлар Ўзбекистонда сероб саналган теракдан. Бунақа уйларнингн қурилиши ҳам тез кечади.

Намунавий уйлар эса табиат зонаси қанақалигига қарамай, пишиқ ғиштдан, бетон пол ва металл томлар билан шаҳар типида қурилади. Ҳукумат томни ёпишга ишлатиладиган металлнинг, ёғоч ва композит материалларининг импортига бож тўловларини бекор қилди.

«Чет эллик меҳмонлар янги уйларни келиб кўрганларида табиий газнинг ёнаётганини намойиш этиш мақсадида, Тошкент вилоятининг бир неча қўшни қишлоқларида газ таъминотини тўрт кунга тўхтатиб қўйдилар…» (Uzmetronom)

Бундай уйларда шаҳардаги уйларга ўхшаш санузеллар кўзда тутилган. Аммо ҳукумат ҳужжатларининг бирортасида ҳамда кўрик натижасига кўра, канализацияни қандай барпо этилиши тўғрисида ҳеч нарсани тушуниб бўлмайди. Ёки бу ҳақда унутиб қўйдиларми? Ушбу масала айниқса ичимлик суви таъминоти ёнида жойлашган ҳудудлар учун айниқса долзарб бўлиб қолаяпти.

Янги қишлоқ уйлари қурилиши технологиясини тартибга солувчи ҳукумат қарорлари кўрсатишича, сувлар артезиан қудуқларидан олинади. Тоғли ҳудудларда сой ва булоқлардан су қувурлари тортиб келиш режалаштирилган. Сув танқислигини бошидан кечираётган Ўзбекистоннинг экологиясига келгусида бу ҳолат қандай таъсир кўрсатиши тўғрисида ҳеч қандай маълумотлар йўқ.

УЙ КЕРАКМИ – ДАВЛАТГА ТЎЛА

Қишлоқ аҳолиси бу уйлар улар учун қурилаётганига ишонмаяптилар. «Бу уйларни тошкентликлар ўзларига дала ҳовли учун сотиб олиб бўлганлар» , - дея ишонтирмоқчи бўлди бизни суҳбатдошларимиздан бири.

Бироқ расмийлар қандай бўлмасин уйларни сотиш йўлини излаяптилар. Шундай чоралардан бири шуки, шу кунларда қишлоқларда уй қурилиши учун участка бериш тўхтатиб қўйилган. Ҳукумат ҳужжатида қайд этилган қарорга кўра, «участка олмоқчи бўлган жисмоний шахс Қишлоқ Қурилиш Банкнинг махсус инжиниринг ширкати билан уйни тўла-тўкис қуриб бериш тўғрисида шартнома тузиши шарт».

Дома на селе

Конференция иштирокчилари ҳақиқатни биладиларми? Телевизор экранидан олинган фотосурат

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама