10:42 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Кичкинтойларидан “Президент совғаси” нега тортиб олинмоқда?

01.04.2013 10:05 msk

Фарғона

Ўзбекистонда биринчи синфни битирган ўқувчиларни мажбурий тартибда фойдаланилган дарсликларни топширишга ундаяптилар. Биринчи синф дастурига кирган барча дарсликлар (бундан кейин ҳам фойдаланиш кўзда тутилган дарсликлар, мисол учун, тўртинчи синфгача ўқитиладиган йўл хавфсизлиги бўйича қўлланма бундан мустасно) “мактаб фондига” бепул топширилиши шарт. Гап Ўзбекистонда кичкинтойларга мактабга чиқиши билан бериладиган “Президент совғаси” дея аталувчи тўпламга кирувчи дарсликлар тўғрисида кетаяпти.

Бермасанг – жаримага тортиласан?

“Педагоглар дарсликларнинг ҳаммаси топширилиши устидан қатъий назорат қилаяптилар, бош тортаётганларни бир неча минг сўмлик жаримага тортилиши билан қўрқитаяптилар, - дейди аччиқланган ота-оналардан бири. – Уларнинг қандай ҳақи бор, аввали-бошдан бепул берилган китоблар учун жаримага тортишга?!”

Кўпчилик ота-оналар президент совғасини ўзлари учун ёдгорлик, сувенир сифатида қолдиришни истайдилар, ҳолбуки бу дарсликлар сотувга чиқарилмайди, уларнинг муқоваларига ҳам “сотувга чиқариш тақиқланади”, деб ёзиб қўйилган. Деярли ҳар бир оилада бошқа кичкинтойлар ҳам бор, уларга китоблар ортиқчалик қилмайди.

Ўз навбатида ўқитувчилар мактаб директорлари шуни талаб қилаётганини баҳона қилаяптилар (мактаб директорлари учун юқори инстанциялар баҳона бўлса керак?). Ота-оналарнинг аксарияти мактаб раҳбариятининг тутуриқсиз талабларига бўйсунишга мажбур. Кўпчилик бу мавзуни фақат ўз яқинлари билан муҳокама қилишга ботина оладилар, холос. Ўз норозилигини баррала айтаётганлар бармоқ билан санайдиган миқдорда.

“Мен учун бу принципиал масала: нима учун сентябрь бошида дарсликлар баландпарвоз оҳангда “Президент совғаси” дея бепул берилади-ю, аммо йил охирида кичкинтойлардан тортиб олинади? – дейди Тошкет шаҳар Миробод тумани №147 мактабида биринчи синфни тамомлаётган қизалоқнинг онаси. – Демак, мактабларимизда педагоглар эмас, тижоратчилар ишлаётган эканда?!”

Бозор иқтисодиёти педагогикаси

Яна бошқа онабу борада ўзгача фикрга эга. Сирғали туманидаги №268-мактабга 6-ёшли ўғилчасини пуллик тўлов машғулотларига мунтазам олиб бораётган таниш аёлга таяниб таъкидлашича, дам олиш кунлари у ерда кам деганда 4-5 та “нулевой гуруҳлар” шуғулланар экан. Ундаги кичкинтойларнинг ҳар бирида ўз “Алифбе”си бор. Савол туғилади: агар китоблар сотувда бўлмаса, дарсликларни қаердан олишаяпти?

Ҳудди шундай манзарани №110, 64,277 ва қатор бошқа мактабларда ҳам кузатиш мумкин.

Агар ўқитувчилар чиндан ҳам биринчи синф ўқувчиларининг дарсликларини “тайёрланувчи”ларга сотаётган бўлсалар, унда бу бизнеснинг кўлами қандайлигини тасаввур қилишдан бошқа чора йўқ.


Биринчи синф ўқувчиларига аталган ҳар бир дарсликда “Сотувга чиқариш тақиқланади” деган ёзув бор

Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармасининг ходими Бахтиёр Сафаров аввалига “Ёзма мурожаат қилинг, бир ой ичида жавобини оласиз”, -дея гапни кесиб қўя қолганди, кейинига марҳамат қилгандек: “Бизда бунақа ишлар бўлиши принципиал равишда мумкин эмас. Президент совғалари сотиш тақиқланган, улардан бошқа тижорат операцияларида фойдаланиш ҳам мумкин эмас. Бу ҳақда ўқитувчиларимиз жуда яхши биладилар”, - деб жавоб берди.

Таълим соҳасининг мутасаддисига ишонгинг келади, аммо болаларнинг китоблари тортиб олинаётгани ҳақидаги гаплар етарли даражада кўп. Китоблари тортиб олинаётган кичкинтойларга раҳминг келади. Яна ким тортиб олаяпти? Умридаги биринчи дарсида Президентнинг совғасига чуқур эҳтиром билан муносабатда бўлишни, кўп йиллар давомида авайлаб-асрашни таъкидлаган устозлар...

Ёппасига дефецит

Ўзбекистонда янги мактаб дарсликлари етишмаётгани ҳақида 2009 йилда ҳам ёзгандик. Мактаб кутубхоналари дарсликларни чекланган миқдорда оладилар, шунинг учун дарсликлар тўплами ҳамма ўқувчиларга ҳам етавермайди. Шу билан бирга, республика мактабларида дарсликларни ўқувчиларга ижарага бериш тизими ҳам йўлга қўйилган. Бироқ бу ишларнинг биринчи синф ўқувчиларига алоқаси йўқ, чунки уларга “Президент совғаси” берилади. Ёки, энди совғага маблағ етишмай қолдими?

Одатдагидек, биз ўқувчиларимиздан шу соҳадаги “тажриба”лари билан ўртоқлашишларини сўраб қоламиз. Сиз кичкинтой фарзандингиз учун “Президент совғаси” олганмисиз? Китобларни мактабга топширганмисиз ёки ўзингизда эсдалик сифатида қолдирдингизми?

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги