16:51 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Солиқлар фуқароларни ажратиш учун ибтидоий бир восита

18.03.2013 17:35 msk

А.Дрейфус

Ўзбекистон фуқаролари, жисмоний шахслар 2012 йилда давлат бюджетига тўғридан-тўғри даромад солиғи сифатида 2370 миллиард сўм киритдилар, бу юридик шахсларнинг фойда солиғига қараганда (917 миллиард сўм) кўпдир. Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи Ўзбекистондаги тўғридан-тўғри солиқларининг ярмидан кўпини ташкил этади (5196,4 млрд сўм). Маълумотлар Mezon.uz сайтининг прогноз жадвалида келтирилган. Прогнознинг бажарилиши тўғрисида президент И. Каримов ҳукуматнинг февраль сессиясида гапирган.

Солиқларни ҳамма тўлайдими, улар қандай харажат қилинади?

Солиқ тўловчилар: қанча ва нима учун?

Азимжон (исми ўзгартирилган) Тошкентда яшайди, хорижий ширкатлардан бирининг пойтахт офисида ишлайди. “2012 йилда давлат бюджетидан бир тийин олмай, ҳалол меҳнатим билан 45 миллион сўм ишладим (МБ курси бўйича 22 минг доллар). Давлат бюджетидан бир тийин олмасам ҳам 9 миллион сўмга яқин солиқ сифатида тўладим ($4500), яна 2,4 миллион сўмни ҳозирги пенсионерларга пенсия берувчи Пенсия жамғармасига ушлаб қолдилар.

Менинг фирмам мен учун давлатга мен ишлаган иш ҳақининг 25% миқдорида, яъни 11 миллион сўм ($5500) пулни қўшимча равишда ўтказиб берди.

Бундан ташқари, шахсий мулким ва ер солиғи учун 170 минг сўм тўладим. Давлат мендан тўғридан-тўғри солиқ сифатида жами 22 миллион 400 минг сўм (($11,0 минг) пул олди.

Бунга тағин такси ёки автобусга ўтирганимда кира ҳақимдан ундириладиган йўл солиғини қўшиш керак. Яёв юрсак ҳам бу солиқни тўлаймиз, чунки бирор нарса сотиб олсак, сотиб олинган молнинг қийматига транспорт, бензиннинг нархи киритилган ва ҳоказо...

Хўш, тўлаётган солиқларим эвазига давлатдан нима фойда кўраяпман?

Йўлларнинг дабдаласи чиқиб кетган, медицина хизмати пуллик, болаларимнинг мактабдан ташқари ўқиши пуллик. Пенсия жамғармасига қанча пул ўтказмайин, 60 ёшга кирганимда унчалик катта бўлмаган пенсия оламан, негаки давлат пенсия миқдорини ҳисоблашга 8 минимал иш ҳақи билан чеклов ўрнатган”.

Л. Тошкент вилоятининг шаҳар типидаги поселкаларидан бирида истиқомат қилади. Бир неча йил аввал Россияда маълум миқдорда пул ишлаб келиб битта эски “Дамас” сотиб олди ва ўз поселкасидан Тошкентгача кира қила бошлади.

“Йил бошида лицензия учун 350 минг сўм тўлайман, кейин ҳар ой 250 минг сўмдан белгиланган солиқ тўлайман, бир йилда 3 миллион 350 минг сўм бўлади (($1570). Мен ишладимми ёки ишламадимми, қанча ишладим, фарқи йўқ, тўлашга мажбурман. Бизнинг маршрутда 30 та машина бор. Демак, давлатга ойига 7,5 миллион сўм тўлаймиз, лицензия билан қўшиб ҳисоблаганда бир йилда 40 миллион 200 минг сўм бўлади. Биз қатнаётган йўлларни кўринг, Чеченистонда бомбардимон бўлган йўлларидан фарқи йўқку! Чуқурга тушиб қолсанг, машинани ремонтга қўйиш керак, тўхтаб турсанг ҳам солиқни тўлашга мажбурсан!”


Ўзбекистон. Солиқ тўлаш учун навбат

Солиқдан ким озод?

Шу билан бирга, Ўзбекистонда қонун билан солиқдан озод қилинган шахсларнинг каттагина лашкари мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 180 моддасига мувофиқ “қуйидаги жисмоний шахслар солиқдан тўла озод қилинади: Ўзбекистон Республикаси мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари, ички ишлар органлари ҳамда божхона органларининг оддий хизматчилари ва бошлиқлари таркибига кирувчи шахслар, шунингдек ўқув ёки синов йиғинларига чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар — хизматни ўташ (хизмат вазифаларини бажариш) муносабати билан олган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар суммалари бўйича;”

Президент Ислом Каримов2012 йил 2 август куни “Суд тизими ходимларининг ижтимоий муҳофазасини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида” фармонини имзолади. Фармонга кўра, “Конституциявий суд, умумий юрисдикция судлари ва хўжалик судларининг судьялари хизмат вазифаларини бажаришлари муносабати билан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ тўловидан озод қилинсин”.

Шу муносабат билан суд процесси томонларининг тенглик масаласини кўтармаса ҳам бўлаверади: адвокат (ҳимоя тарафи) солиққа тортилади, аммо судя ва прокурорлар тортилмайди.

Давлатнинг тўлиқ таъминотида бўлиб, унга бир тийин ҳам солиқ тўламайдиган кучишлатар тузилмаларнинг кўп сонли лашкарига (аниқ статистик маълумотлар йўқ, аммо экспертларнинг таъкидлашича, бир миллиондан кам эмас) қанчадан-қанча имтиёз ва меҳрибонликлар тақдим этилган?

Уларнинг яхши поликлиникалари ва госпиталлари бўлиб, унда нафақат ҳарбий хизматчилар ва эсенбечилар, балки уларнинг оила аъзолари ҳам бепул даволанадилар.

Улар 37 ёшдан бошлаб пенсияга чиқишлари мумкин (20 йиллик садоқатли хизматдан сўнг), агар тоғ ёки дала шароитида хизмат қилган бўлса, ундан-да эртароқ чиқиши мумкин. Мисол учун, Соли Чорвоқда оддий участкавой бўлиб ишлаган. Бу жойлар тоғли саналади, кўринишидан тоғда юриш осон эмасга ўхшайди, шунинг учун Соли 33 ёшида 350 минг сўм билан пенсияга чиқди.

Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари бюджетчилар бўлгани учун ҳам солиқдан озод қилинган, деган гапларни эшитишга тўғри келади. Яъни, давлат уларга пул тўлар экан, демак солиқлар аввал-бошида ушлаб қолинган эмиш. Бироқ мактаб ўқитувчилари, болалар боғчалари тарбиячилари ва энагалар, давлат поликлиникаларининг врачлари ва ҳамширалари ва бошқалар ҳам бюджетдан ойлик оладилар, аммо шунга қарамай солиқларни тўлаб келадиларку.

Г. вилоят марказларидан бирида гимназияда олий тоифадаги ўқитувчи, 30 йиллик меҳнат стажига эга. “Мендаги нагрузка – ҳафтасига 30 соатдан ошади. Бу бир ярим ставка дегани. Синф раҳбарлиги ва бошқа қўшимчалар билан менга ойига 900 минг сўм ёзишади, 20 фоизини ушлаб қолишади. Ушбу солиқларни тўлаб нималарга эга бўлаяман? Пахтага бормаслигим учун ўтган кузда 150 минг сўм бердим, бунга қўшимча қилиб кўча супураман, коммунал тўловлар бўйича уйма-уй юраман, сайлов пайтида сайлов участкаларида ишлаб бераман. Тез орада ўқитувчиларни терроризмга қарши курашга ҳам жалб этишса керак”, - дея маҳзун ҳазил қилади Г.

Солиқлар қандай сарфланади

Давлат солиқларимизни қандай тасаруф қилаётганини билишга ҳеч қандай имконият йўқ. Молия вазирлигининг сайтида давлат бюджети тўғрисида сўнгги маълумот 2006 йилда берилган. Давлат статистикаси сайтида ҳам бу каби ахборот йўқ.

Ислом Каримов ҳукуматнинг февралда бўлиб ўтган мажлисида “давлат харажатларининг 59,2 фоизига яқини ижтимоий соҳани ҳамда аҳоли ижтимоий муҳофазаси чораларини молиялаштиришга, шу жумладан, 34 фоизи – таълим соҳасига ва 14,5 фоизи – соғлиқни сақлашга йўналтирилди”, деб билдирганди.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида” қарорида Давлат бюджетининг “даромадлари 21093,4 миллирад сўмни, харажатлар 21190,0 миллиард сўм бўлишини” кўзда тутади. Ушбу рақамлардан келиб чиқиб, 59,2% хушсурат рақами 12 544,48 миллиард сўм ёки 6 миллиард долларни англатади. Бир йил давомида барча мактаблар, болалар боғчалари, касалхоналар, поликлиникалар, театрлар, кутубхоналар, олий ўқув юртлари, фан, спорт ва ҳоказоларни таъминлашга шунча пул сарфланар экан.

Давлатнинг кучишлатар тузилмаларини қўллаш учун қанча пул сарфлаши Ўзбекистон халқи ўта маҳфий сир бўлиб қолаяпти.

Айни пайтда Ўзбекистонда солиққа тортиш соҳасида мужмал вазият юзага келган: солиқ соҳасида жиноятларга қарши курашаётганларнинг ўзлари солиқ тўламайдилар. Бундай аҳвол Франция қироли Людовик XVI даврида бўлган эди. Ўша даврда солиқларни мамлакат аҳолисининг учинчи табақаси, яъни фақат оддий фуқаро тўлаган, холос. Оқибати эса маълум: Франция инқилоби давомида қирол ва унинг оиласи бошлари кундага қўйиб чопилган.

А.Дрейфус

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама