23:57 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Гулнора Каримова президентлик амбициясига ишора қилди

15.03.2013 11:09 msk

Би-би-си

Лас-Вегасда жойлашган Celebrity Scene News кўнгилҳушлик ва пиар ахборот воситасига берган интервьюсида Каримова хоним, президент лавозимида ўзини синаб кўришига ишора қилди.

«Буни синаб кўрмагунимча, бу саволга жавоб бера олмасам керак (кулади). Ҳозирги ҳолатимдан мамнунман. Мен бирон лойиҳани бажара олишига ишонч ҳосил қилмагунча, қадам ташламайдиган одамман. Масалан, мендан сўрашади, бирор бир фикрга қандай келдингиз, деб. Мен шундай жавоб бераман: «Бу фикрим икки йил аввал туғилганди ва шу вақт давомида мен бор маълумотни «чайнаб», шу фикрни туғдиришга муваффақ бўлдим». Айтмоқчиманки, мен босқичма-босқич ҳаракат қилишни афзал кўраман», - деб айтган Каримова хоним.

Суҳбат Тошкентда сентябрь-октябрь ойларида бўлиб ўтган Art week фестивали доирасида ёзилган, бироқ интернетда шу кунларда чоп этилган.

Бошловчи Пит Алман Каримова хонимни «Малика» дея атаб, унинг президентлик амбициялари ҳақида сўраган.

Гулнора Каримова эса ўзининг ҳайрия ишларига батафсил тўхталган ва бу ҳаракатлари қандайдир пиар мақсадини кўзламаслигини айтган.

«Танқидчиларим мени «Малика» деган номдан фойдаланаяпти дея танқид қилишади. Лекин қилаётган эзгу ишларимизни кўраётганлар ҳам ҳудди шу сўзни, «Малика» сўзини ишлатишади. Мен буни эшитганимда, куламан... Бу ишларимни қандайдир карьера ё пиар учун қилаётганим йўқ. Сир эмас, кўп мамлакатларда одамлар ўзлари атрофида қандайдир пиар ёки база яратишга уринадилар», - деб айтган у.

Гулнора Каримова дипломатик фаолиятидан ташқари, қўшиқчилик, заргарлик, модельерлик ва шоирлик каби фаолиятлари билан омма тилига тушган.

Бошловчи ундан энди актёрликни ҳам синаб кўриши эҳтимоли ҳақида сўраганди, Каримова хоним буни ҳам истисно қилмади.

«Менга бир неча таклифлар келиб тушди. Art week фестивалида таклифлар бўлди. Бу менинг ҳаётимда жуда бир қизиқ, кутилмаган бурилиш ясаган бўларди. Лекин менинг ишим кўплиги туфайли бунинг имкони бўлмаса керак. Лекин, ҳеч қачон «ҳеч қачон» деманг. Менимча, бу қандай ғоя, жамоа, ё лаҳзага боғлиқ бўлади. Мен шундоқ ҳам санъат билан кўп шуғулланаман, шундай экан жон деб бир қизиқ ҳикоянинг бир қисми бўлишни хоҳлардим», - деб айтган у.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчилар Гулнора Каримова ўзининг Фонд Форум ноҳукумат ташкилоти ва қатор ҳайрия тадбирлари орқали ўзини отасининг давлат тепасидаги меъросхўри ролига тайёрлаётганларига ишонадилар.

Би-би-си