21:29 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Етти миллион бенифициарийлар” ёки Швейцариялик журналистлар Гулнора Каримовадан нималар ҳақида сўрамадилар?

12.03.2013 23:14 msk

Фарғона.Ру

Дипломат, дизайнер ва қўшиқчи Гулнора Каримова яна битта сиймо – қўй оғзидан чўп олмаган ювош ролини яратишга уринмоқда

Ўтган ҳафтанинг охирида Швейцариянинг Bilan.Ch иқтисодий ҳафталик нашрида пайдо бўлган Гулнора Каримова билан интервьюни Ўзбекистон Республикаси деярли барча “норасмий” интернет нашрлари қайта чоп этдилар. Бир неча хорижий сайтлар ҳам шундай йўл тутди. Наҳотки “ўзбек маликаси” ниҳоят ўқувчиларга қандайдир сирларни ошкор этган бўлса? Ёки у самимийлик мўъжизасини намоён этдими? Афсуски, бундай бўлгани йўқ. Гулнора илк бор МТС ва Telia Sonera мавзусини эслаб ўтганига қарамай, унинг сўзларида ҳеч қандай янгилик янграгани йўқ. Боз устига, унинг ўз-ўзини оқлашга уриниши кишини лол қолдирадиган даражада сунъий ва инкор этадиган қарама-қаршиликларга ўхшаб кетади. Ёш бола шоколадга беланган лабларини чўччайтириб, “мен ҳеч қанақа конфетга текканим йўқ...”, деб тургандек...

Ушбу интервьюни чоп этган нашрларнинг бари ўз-ўзини оқлашни аломатини кучайтирувчи сарлавҳалар берганларини билмай қолганга ўхшайдилар: “Рақиблар вазиятдан фойдаландилар” ("Оппоненты воспользовались ситуацией”), “Машҳурлик юки” (“Издержки публичности”), “Каримова турли миш-мишларга ўз муносабатини билдирди” (“Каримова выразила свое отношение к скандальным слухам”)... Шу билан бирга, интервью матнида иқрорлик аломатлари йўқ. Аммо ноаниқликлар, ғирромликлар ва очиқдан-очиқ ёлғон ахборотлар етарлича. Келинг, бирга интервьюни синчковлик билан ўқиб таҳлил қилиб кўрайлик.

Маълум бўлишича, Гулнора Каримова “узоқ вақт давомида ушбу мавзуда гапиришни хоҳламаган”, аммо у бугун шу фурсатдан фойдаланиб, “вазиятга ойдинлик киритиш вақти етиб келди шекилли” , деб ўйламоқда. Хўш, у вазиятга қай йўсинда “ойдинлик” киритмоқда? Монолог МТС компаниясига қарши мужмал айбловлар билан бошланади, гўё у бу нарсаларга мутлақо алоқаси йўқдек.


Bilan.Ch журналидаги мақоланинг скриншоти. Гулнора Каримованинг сўзлари қора шрифтда берилган

“МТС, бу – катта компания бўлиб, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар бозорида тижорий урушлар ва можаролар “тажриба”сини орттириб бўлганди”. Урушлар ва можаролар тажрибаси борасида баҳслашиб ўтирмаймиз, фақат битта нарсани қайд этамиз: МТС компанияси Қирғизистонда ҳеч қачон бўлмаган ва умуман ишламаган. Бу мамлакатда унинг активлари бугун ҳам йўқ.

МТСнинг Москвадаги матбуот хизмати Гулнора Каримованинг Bilan.Ch газетасига интервьюда янграган баёнотини шарҳлашдан бош тортди.

“Компания Ўзбекистонда ҳам ушбу стратегиясини давом эттиргани коммуникация ва сиёсат олами мутахассисларини хайрон қодирмади” МТСнинг қандай “жангаворлиги” ҳақида гап кетмоқда? Жавоб йўқ. Бироқ журналистлар негадир Гулнорадан бу иборани шарҳлаб беришни сўрамаяптилар.

“Ўзбекистондаги МТС компанияси бош директори Беҳзод Аҳмедовни мен кўпдан бери, Тошкентда университетда ўқиб юрган вақтларимдан биламан. Кўпчилик фикримга қўшилса керак, шаҳар қанчалик катта бўлмасин, танишларинг даврасида у доим тор. Беҳзод Аҳмедов ҳам кўпчилик сингари унинг опаси, онаси ва отасини ҳам яқиндан танишимдан фойдаланиб қолишни истади, Тошкентда ўзига “яқинлашиб бўлмайдиган” имиж яратиб олди. Мамлакатдаги таниқли уруғ-аймоқларидан фойдаланган ҳолда, у ўзининг ички сиёсий ўйинини бошлади (Ўзбекистонда уруғ-аймоғчилик доим алоҳида таъсирга эга бўлган). Абонентларнинг ҳисобларидан маблағларни ечиб оладиган махсус биллинг дастурларини ишлаб чиққани, ноқонуний халқаро қўнғироқларни йўлга қўйгани, телефон карточкаларини олиб-сотишни ва солиқлар билан боғлиқ йирик фирибгарликларни амалга оширганлиги ва шу тариқа катта маблағларни кўлга киритгани бизга кейинроқ маълум бўлди. МТС компаниясининг муаммоларини ҳал қилиш бўйича мурожаатлар, дўқ-пўписалар ва талабларга жавобан мен шуни таъкидладимки, номардлик ҳеч кимга обрў келтирмайди, тахминимча, Беҳзод Аҳмедовнинг Ўзбекистондан қочиб кетиши оддий телекоммуникация масалаларидан кўра чуқурроқ илдизларга эга”, - дейди Гулнора, швейцария газетаси журналисти эса мум тишлаб олган. Нега у Беҳзод Аҳмедов Каримованинг яқинлари орасида қандай ўрин эгаллагани ҳақида сўрамади? “Ўздунробита” МТС компаниясига сотилганидан кейин нега айнан у компания раҳбарлигида қолди? МТСнинг асосий хўжайини Владимир Евтушенкога Беҳзод Аҳмедовни тавсия қилган Гулнора Каримованинг ўзи эмасми? Аҳмедов компанияни деярли ўн йил давомида бошқарган бўлса-ю, унинг “фирибгарликлари” Каримовага энди ошкор бўлдими?

Иннакейин. Ўзбекистон Бош прокуратураси материалларида “биллинг дастурлари” ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Аҳмедов ва “Ўздунробита”нинг бошқа раҳбарлари солиқ тўлашдан бўйин товлашда, оширилган нарҳларда жиҳозлар сотиб олишда ва яна қанчадан-қанча нарсаларда айбланган, аммо мижозларни алдашда айбланмаганди. Савол туғилади: Гулнора Каримова Аҳмедовнинг “биллинг” жиноятлари тўғрисида шунчалик хабардор экан, нега у бу ҳақда олдинроқ гапирмади? Умуман олганда, уларни бир юзма-юз учраштирилса бўлмасмикан?

“Бу иш тафсилотлари кейинчалик Москвада, Швейцария ва Швецияда маълум бўли бошлади. Душманлар ва мухолифлар вазиятдан фойдаланиб, бу ишларни менинг номим билан боғламоқчи бўлдилар. Иш кенг тус ола бошлади, ТeliaSonera собиқ менежерлари электрон ёзишмаларидан маълум бўлишича, Ўзбекистон бозорига кириш масаласи мен ва синглим билан алоқадор шахслар ҳамда гўё менинг ишончли вакилим сифатида ҳаракат қилган Беҳзод Аҳмедов орқали ҳал қилингандек бўлиб чиқди…”

Шошмай туринг. Қанақа “душманлар ва мухолифлар”? Уларнининг номини бирма-бир санаб ўтингчи! Синглингиз ҳақида батафсилроқ гапириб бера олмайсизми? Икки сингил ўртасидаги рақобат ёки бошқача қилиб айтганда, “уруш ҳолати” ҳақидаги миш-мишлар бекорга тарқалмаётгандир? Турган гап, Гулнора “ўғрини ушла”, дея ҳайқириш уучун қулай вазиятдан фойдаланмай қолмайди...

“Аввал ҳам мен бу каби вазиятлардан сабоқ чиқариб улгурганман. 2011 йилда NY Fashion Week ҳафталигида иккинчи маротаба иштирок этганимда, 2010 йилнинг май ойида Канн шаҳрида ўтказилган “Кино ОИТСга қарши” Amfar оқшоми тадбирининг вице-президенти этиб сайланганимда, Базелда ўз тақинчоқлар тўпламим билан дунё саҳнасига чиқишга ҳаракат қилганимда ва бошқа кўплаб шундай ҳолатларда мўжизакор тарзда, йўқ жойдан катта пул эвазига салбий маълумотлар пайдо бўла бошлаган”.

Албатта Гулнорага доим ҳужум қилиб келадилар. Нега у бу ҳужумларнинг ортида ким турганига аниқлик киритмаяпти? Нью-Йоркдаги Модалар ҳафталигида халқар ҳуқуқ ҳимоячиларнинг чиқишларидан ташвишга тушган шоу ташкилотчиларининг ўзлари Guliни подиумга қўймасликка қарор қилдилар. “Кино ОИТСга қарши” хайрия оқшомида унинг иштирок этишига “Чегара билмас репортерлар” қарши чиққан. Базелдаги кўргазма тўғрисида эса Гулнора тақинчоқларни сотишдан тушган даромадларнинг бир қисми ЮНИСЕФ ташкилоти кўмагида ўтказиладиган ёш ўзбек истеъдодлари фестивалига сарфланади, дея ёлғон гапирган. Кейинчалик маълум бўлишича, ЮНИСЕФ Гулнора Каримова билан ҳеч қачон ҳамкорлик қилмаган экан...

“Бу тўлқин менинг яқин дўстларимга ҳам тегиб ўтди. Айни пайтда таниқли шахслар томонидан Женевадаги банклардан бирининг ходимларига нисбатан ёлғон гувоҳлик ва камситиш ҳолати бўйича даъво аризалари берилди”. Яна бир карра савол туғилади: уларни номма-ном санаб бера оласизми? “Таниқли шахслар” ва “дўстлар” Женевада ҳибсга олинган ва кейинчалик гаров эвазига қўйиб юборилиб, Тошкентга етказилган кимсалар эмасми?

Иннакейин, “Швециянинг Mannheimer Swartling адвокатлар ҳайъати томонидан ўтказилган мустақил суриштирув бу каби маълумотларни топгани йўқ”. Шу ерда швейцариялик журналист: “Ҳурматли Гулнора, Mannheimer Swartling аудиторлик фирмасига TeliaSonera Ўзбекистонда лицензия, частота ва телефон рақамлари сериясини сотиб олиш жараёнида коррупция аломатлари бор-йўқлигини аниқлаш топширилган. Mannheimer Swartling сизнинг шахсиятингиз билан шуғулланмаган. Коррупция аломатлари топилмади, аммо аудиторлар TeliaSonera Тошкентда шерик танлашда бир оз парҳезкор бўлиши керак эди, дея таъкидладилар. Бу ерда офшордаги Takilant фирмасининг эгаси, қандайдир Гаяне Авакян назарда тутилган. Ахир у сизнинг энг яқин дугоналарингиздан бири эмасми?” деб сўраши керак эди.

Шундан сўнг Гулнора Каримова икки бор “бизнес билан шуғулланишига йўл қўймайдиган” ҳамда судга мурожаат қилишга тўсқинлик қилувчи ўзининг дипломатик мақомини эслади. Швейцариялик журналист нега ундан “Ўзбекистоннинг қайси қонуни унга ўз обрўсини ҳимоя қилишни тақиқлайди” деб сўрамади? Ўзбекистон дипломатик миссияси нега ҳуқуқ ҳимоячилар билан учрашувлардан панада бўлиш учун Женева полициясига мурожаат этишдан қўрқмайди? Ахир унинг синглиси Лоланинг Франциядаги судга мурожаат қилишига ҳеч нарча ҳалақит бермадику? Ёки Лоланинг ўз дадасини “диктатор” деб атамаслик тўғрисидаги талаблари рад этилганидек, Гулнора ҳам даъво аризалари рад этилишидан қўрқаяптими?

“Президентнинг тўнғич қизи швейцария матбуотида чиқишга қарор қилганига қараб, уни жиғига роса тегиб қўйишганга ўхшайди. Машҳурлик ва эл назарида юришликнинг юки шунақа. Аммо у ўзини оқламаяпти, интервьюда унинг одамлардан кўнгли анча қолгани сезилаяпти. У ишонган одамлар қовун тушириб қўйдилар. Бу кўламдаги ва бу мақомдаги одамларнинг атрофида ватанпарварлик ҳиссидан йироқ, мамлакатини бундан-да бой ва фаравон қилишга интилмайдиган одамлар ўралашиб юриши, иложи борича, назарга тушишга ҳаракат қилишлари сир эмас. Кўп ҳолларда бундай шахслар ўз олдига тор манфаатларини ҳал қилиш мақсадини қўйишган. Гулнора Каримованинг атрофида ҳам бундай “ҳамроҳлар” етарли, дея тахмин қилиш мумкин. У бундай дўстларини йўқ қилаяптими? Албатта. У олға қараб шаҳдам қадам ташлаб кетаяпти ва турли миш-мишларга эътибор бермаяпти. Тўғридан-тўғри...” ( Uzmetronom.Com веб-сайтининг муҳарирлик шарҳи).

Гулнора ўзининг бандлигини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Аммо дипломатик соҳасида эмас. “Ушбу мақсадга йўналтирилган ҳужумларга қарши туриш учун штатдаги ходимларнинг улкан куч сарфлаши талаб қилинади. Буларнинг бари асосий фаолиятдан чалғитади. Мен қўллаётган Фонд Форумнинг 7 миллион бенифициарлари бор”. “Бенифициарлар” фойда кўрувчиларни англатадиган иқтисодий атама” бўлиб, Гулнора Каримова бу гапи билан “Фонд Форум” етти миллион кишига, яъни республика аҳолисининг тўртдан бир қисмига меҳрибонлик қилаяпти, деб айтмоқчими? Қандай қилиб?

Гўё мустақиллигини иддао қилаётган Тошкентдаги Uzmetronom сайтидан фарқли ўлароқ Британиянинг Financial Times газетаси Гулнора Каримованинг ўзини оқлашга нўноқларча уринишлари самарасиз кечади, деб ҳисобламоқда. “Гулнора Каримовани билганлар МТС ва TeliaSonera билан боғлиқ жанжаллар унинг бизнесига ва отасига ворис бўлиш умидларини зарар етказади, деб ҳисоблаяптилар”, - дея ёзади газета. “У бирор кишига қарши курашни бошласа, мунтазам равишда хато қилиб ўзини берк кўчага олиб кира бошлайди, натижада ўзбек расмийлари уни ҳимоя қилишга қийналиб қоладилар”, - дейди Гулнора Каримованинг номи келтирилмаган собиқ ходими британия нашри келтирган иқтибосда.

Bilan.Ch газетасида чоп этилган интервью ҳам Гулнора Каримованинг шундай хатоларидан бири бўлиб қолаяпти. Тасаввур қилинг: барча саволлар Гулнорага ёзма равишда берилган (уларнинг орасида газета матнига кирмаганлари ҳам бўлиши мумкин). Яъни, бу жонли мулоқот эмас, тайёрланган матнлар алмашуви бўлиб қолган. Гулнора ҳатто шу ҳолатда, журналистларга электрон почта орқали жавоб бера туриб ҳам ўзини рўйи-рост тутишни эплай олмаган.

Ушбу интервью аслида ким учун берилди – қизларининг қинғир ишлари матбуотда пайдо бўлавериб жонига теккан жонажон отасигами ёки меҳрибон маликанинг иқтидорга келиши билан қандайдир ислоҳот ва модернизацияларнинг амалга ошишига умид қилаётган Ўзбекистон аҳолисининг илғор қисмигами? Аслида бу материал Гулноранинг доғ тушган обрўсини оқламайди ва унинг самимийлиги борасида шубҳа уйғотади, холос.

* * *

Ушбу мақола сайтга қўйилганидан сўнг Гулнора Каримова швейцария нашрига берган интервьюсининг “тўлиқ” матни чоп этилгани маълум бўлди. Матн Gkarimova.wordpress.com саҳифасида жойлаштирилган бўлиб, аслига мувофиқлиги шубҳа уйғотади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги