11:15 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

«Давлат – бу мен», ёки Гулнора Каримова билан учрашишга уриниш самарасиз кечгани тўғрисида

07.03.2013 09:36 msk

Фарғона

Гулнора Каримованинг Женевадаги данғиллама ҳовлисини спорт костюми кийиб олган қўприқчи пойлар экан

Гулнора Каримованинг Женевадаги данғиллама ҳовлисини спорт костюми кийиб олган қўприқчи пойлар экан.

Аввал хабар берганимиздек, таниқли ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси, “Ўтюраклар” клубининг асосчиси ва раҳбари Мўътабар Тожибоева Андижондаги 2005 йил фожиасига бағишланган фильм муҳокамасида иштирок этиш учун ўзи яшаб турган Париждан Женевага етиб келди. Ҳужжатли фильм намойиши ва муҳокама ҳеч қандай кутилмаган ҳодисаларсиз ўтди, аммо кейин ғалати нарсалар содир бўлди. Швейцариянинг Le Temps газетаси кеча мана бундай хабар тарқатди:

“Тошкент турмасида қийноқларга солинган ва айни пайтда Парижда қувғинликда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик журналист Мўътабар Тожибоева жума куни Женевадаги кинофестивалга Ислом Каримов режимининг шавқатсизлиги ҳақида сўзлаб бериш учун таклиф этилганди. Якшанба куни Швейцарияни тарк этмоқчи бўлиб турганида, уни Женева аэропортидаги полиция участкасига таклиф этдилар. Маълум бўлишича, БМТнинг Женевадаги бўлими қошидаги Ўзбекистон доимий миссияси полицияга даъво аризаси билан мурожаат қилган экан. Эслатиб ўтамиз, ушбу миссияни Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова бошқаради. Француз тилини билмайдиган Мўътабар Тожибоева қўйилган даъвонинг мазмунини тушунмади ва шу билан Швейцарияни тарк этишга қарор қилди”.

Хўш, Мўътабарга эътирозларнинг сабаби нималардан иборат? “Бир кун аввал Мўътабар Тожибоева кинематографист Майкл Андерсен, Буюк Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крег Мюррей билан бирга Колонига (Женева четидаги Cologny даҳаси. – таҳр.изоҳи.) бориб Гулнора Каримованинг уйи олдида туриб келдилар, - дея ёзади Le Temps. – “Мен Каримов режими ўзбек халқидан ўғирлаган пуллар қаёққа кетаёганини кўрмоқчи бўлдим”, - дейди мухолифатчи аёл телефон орқали. У уйни фотосуратга тушириб, “ўзбек маликасини” кўришга ижозат сўради. Рад жавобини олишгач, зиёратчилар почта қутисига ўзларининг ташриф карточкаларини қолдирдилар. Оқибатда эса, Ўзбекистон миссияси полицияга шикоят қилди ҳамда қандайдир кимсалар дипломатик мақомга эга бўлган шахслар истиқомат қилаётган уйга қонунга хилоф равишда бостириб кирмоқчи бўлдилар ва шу билан хусусий майдон ва мулкга дахл қилдилар, деб билдирди”.


“Фарғона” АА Женева кантони кўчмас мулк реестридан олган маълумотга кўра, 7 Chemin de la Prévôté, Cologny, Geneva манзилида жойлашган ҳамда иккита уй, гараж, теплица, ва яна бир кичик бинони ўз таркибига олган 2473 квадрат метрга тенг ер участкасига 08.07.1972 туғилган Goulnora Karimova, эгалик қилади. Швейцария матбуоти маълумотига кўра, Ўзбекистон президентининг қизи бу данғиллама ҳовлини 2009 йил январида 18,2 миллион долларга сотиб олган. Ge.ch реестри веб-сайти аэрофотосурати

Ҳуқуқ ҳимоячи аёл чиндан ҳам Женевадаги БМТ қошидаги Ўзбекистон Республикаси ваколатхонаси раҳбарининг уйига бостириб кириш нияти борми-йўқлиги тўғрисида маълумот олиш учун Тожибоевага ҳамроҳ бўлган таниқли швейцариялик журналист Андре Лоршга мурожаат қилдик. У бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

- Биз режиссёр Майкл Андерсен, профессор Катрин Пужоль, ҳуқуқ ҳимоячи Игорь Воронцов, собиқ элчи Крег Мюррей ва Мўътабар Тожибоева билан бирга кўрсатилган уйга қараб йўл олдик. Бинода ҳеч қандай ёзув кўрмадик, бир оз турдик ва кетмоқчи ҳам бўлдик. Шу пайт биз девор ортидан кимнингдир овозини эшитиб қолдик, у инглиз тилида “Don't shoot, don't shoot!” деб гапирди. “Adidas” спорт костюмини кийган киши қўриқчи бўлиб чиқди. У рус тилида яхшигина сўзлашар экан. Мўътабар Тожибоева ундан “Гулнора Каримова шу ерда яшайдии?”, деб сўраганди, у “ҳеч нимани билмайман”, деб жавоб берди. Кейин у эшикни очиб, бу уй “давлат ҳудуди” деди, аммо бошқа бирор нарса айтишдан бош тортди. Бир оз ўтиб Женевага қайтдик. Шу, холос.

“Фарғона.Ру” – Сизнингча, агар бу уй хусусий бўлса, унинг эгаси полицияга дипломатик миссия номидан мурожаат қилишга ҳақи борми?

- Афсуски, даъво аризаси ҳақида шу чоққача фақат оммавий ахборот воситалари ёзганидан бошқа ҳеч нарса маълум эмас. Ўзбек миссияси уй эгасининг ишончли вакили сифатида даъво қилган бўлиши ҳам мумкин. Мўътабар Тожибоеванинг вакили шикоятни қўлига олганидагина тафсилотларни билишимиз мумкин бўлади. Мен даъво аризасини кўрганим йўқ ва унда нималар ёзилганини билмайман.

- Бу ишлар сизга ғалати бўлиб туюлмаяптими? Уйга ҳеч ким ҳужум қилмаган бўлса, ҳеч ким қонунга хилоф тарзда бостириб кирмоқчи бўлгани ҳам йўқ...

- Мен Ўзбекистон вакилларининг бу ишини, яъни ҳеч қандай юридик асосларсиз даъво аризаси билан шикоят қилишини ўта кетган аҳмоқлик, дея баҳолаган бўлардим. Бунақа ишлар биринчи бор содир бўлаётгани йўқ. Лола Каримова ҳам ўз вақтида “диктаторнинг қизи” деган иборадан норози бўлиб француз нашрига қарши даъво аризаси билан шикоят қилганида, шунақа аҳмоқона иш қилиб қўйганди. Менимча, полиция етарли даражада асос топа олмагани важидан бу ишни ёпиб қўйса керак. Бордию, полиция мени ҳам чақириб сўроққа тутатиган бўлса, мен албатта кўрганларимни, яъни ҳеч ким уйга бостириб киришга уринмаганини, ҳеч қонунга қарши ҳаракат қилмаганини сўзлаб бераман.

* * *

Кўринишидан, Каримов режимига мухолифатда турган Мўътабар Тожибоева ҳамда Ўзбекистон расмийларининг ашаддий танқидчиси Крег Мюррей бир неча журналистлар билан уйининг ёнига келиб тургани Гулнора Каримова ва унинг қўл остида ишловчи дипломатларни ғазаблантиргани очиқ-ойдин. Эҳтимол, президентнинг тўнғич қизи қирол Людовик XIV каби ўзини давлат деб ҳисобласа керак.

Ўзбекистонга умрбод ҳукмронлик қилишдан воз кечмаган президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг ҳам Женевада ўз уйи бор, фақат эрининг номига расмийлаштирилган, холос. Мўътабар Тожибоева бу ҳақда ҳеч нарса билмаганга ўхшайди, акс ҳолда у “кенжатой малика”нинг олдига ҳам меҳмонга борган бўларди ҳамда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО қошидаги ваколатхонаси номидан яна битта даъвога учраган бўларди.


Манзил: Chemin Vert 14, Vandoeuvres (canton : Genève), владелец - Timur Tillyaev. Майдони: 5812 квадрат метр. 2010 йилда 45 миллион долларга сотиб олинган ( L'Hebdo газетаси маълумоти). Ge.ch реестри веб-сайти аэрофотосурати

Швейцариядаги ушбу ҳашаматли кўчмас уйларнинг эгалари тўғрисида расмий маълумотга эга эканмиз, энди бу ўта кетган қимматбаҳо ҳаридларга сарфланган пулларнинг келиб чиқиши тўғрисида саволлар туғилиши табиий. Келгуси мақолаларимизда айнан шу мавзуларни кўтарамиз, деб ўйлаймиз.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама