08:07 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Clone-Security ҳакерлик гуруҳи: “Бизнинг идеал – Жедай!”

22.02.2013 20:35 msk

М.Яновская тайёрлади

Бир неча расмий қирғиз сайтларини бузиб кирган ҳакерлар ўзларини “Ўзбеклар” деб атаяптилар, Жедайга ихлосмандликларини изҳор этаяптилар ҳамда ахборот хавфсизлигини кучайтирмоқчилар. Тафсилотлар – уларнинг “Фарғона” агентлигига берган интервьюда.

Кеча, 21 февраль куни Clone-Security ҳакерлар гуруҳи бир неча қирғиз сайтларини, шу жумладан, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги, Давлат мулкини бошқариш фонди, “АirBishkek” компанияси сайтларини ҳамда Бишкек пойтахт муниципалитетининг онлайн харитасини бузиб қўйганлар. Бузилган сайтларнинг бош саҳифасида рус тилида, аммо лотин имлосида “биз ирқчиликка қаршимиз!!!” ёзуви ҳамда бу ишлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган Clone-Security ҳакерлик гуруҳининг твиттер аккаунти манзили пайдо бўлган.

Озодлик таҳририяти билан боғланган ҳакерлик гуруҳи аъзоларидан бирининг айтишича, ушбу ҳужум Қирғизистон жанубида 2010 йил июнь ойида содир бўлган қонли фожиага ва ундан кейин ўзбкеларнинг камсита бошланишига жавоб реакциясидир. Ҳакерга кўра, улар ҳукумат сайтларига ҳужум қилишни афзал кўрадилар. Гуруҳ 20 февраль куни Қирғизистоннинг қатор расмий сайтларига ҳужум қилган. 2011 йилда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси, Миллий телерадиокомпания сайтларига ҳужум қилинган.

“Фарғона”: Clone-Security твиттер-аккаунтига хат ёзиб мурожаат қилди, ҳакерлар жавоб бердилар. Биз clonesec@clonesec.com электрон манзилидан ўзини Andrew Bay деб атаган кишидан мактуб олдик. Биз унга бир нечта савол бердик, уларнинг баъзиларига лўнда жавоб олдик. Ҳакерларнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

- Ким сизлар? Неча кишисизлар? Қаерда яшайсизлар?

- Биз - Clone-Security.

- Сайтларни ўз ташаббусингиз билан бузаяпсизларми, ёки биров сизларни пулга ёллаганми?

- Ортимизда ҳеч ким йўқ. Бизни ҳеч ким ёлламаган.

- Гуруҳингиз тузилганига анча бўлдими, шу чоққача нечта сайтни буздингизлар?

- Яқинда тузилган.

- DDOS-ҳужумларни амалга ошириш билан шуғулланасизларми?

- Агар керак бўлса, ҳа.

- Ҳакерлик фаолияти дунёнинг барча мамлакатларида қонунга хилоф деб саналади, эртами ё кечми сизларни жавобгарликка тортишлари мумкинлигини биласизларми?

- Биламиз.

- Мафкурангиз (идеологиянгиз) қандай? Қандай тамойилларга биноан сайтларни бузаяпсизлар?

- CLONES! БИЗНИНГ ИДЕАЛ ДЖЫДААААЙЙЙЙЙ!!!!! =))))))) Биз Ўзбекистонда АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИ билим ва даражасини кўтаришга уринмоқдамиз.

- Нега Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан ирқчилик муносабати мавжуд, деб ҳисоблаяпсизлар?

- Нафақат Ўзбекларга, балки Тожикларга ҳам. Мана мисол учун, Сўхда яқинда содир бўлган воқеаларга қаранг.

-Нега mvd.kg сайтига Ўзбекистон давлат байроғини жойлаштирдингиз?

- Чунки биз Ўзбекмиз.

- Сизлар Ўзбекистон давлатига хизмат қиласизларми?

- Биз ҳеч кимга хизмат қилмаймиз!

-Нега ўз сайтингиз Clonesec.com Россиядаги Timeweb.ru хостингида жойлаштирилган? Қирғизистон ёки Ўзбекистон расмийлари (МДҲнинг бошқа мамлакатлари ҳам) Россия расмийларига мурожаат қилиб, сайт эгалари ҳақида маълумот сўраса, Россия қонунларига мувофиқ сизларнинг номларингиз ошкор этиладику?

Бу хостинг бизга казёллик қилаётганини ЖУДА ЯХШИ биламиз. Айнан шунинг учун биз сайтга кирмаганмиз ҳам. Бизда бу сайтни очиш нияти йўқ эди. Биз бир одамга ёрдам бергандик, у бизга миннатдорчилик юзасидан сайтни очиб берди. Биз кейинчалик бу домендан ҳеч бўлмаса ГУГЛ Почтасига уланиш учун фойдаландик. Биз фақат Твиттер Микроблогидан фойдаланамиз, бизга твиттер кифоя қилади!

Бундан ташқари, агар биз Анонимлик ҳақида гапирадиган бўлсак, Анонимлик 100%! Бизда “Бот”лар миқдори етарли, оддий УзНет фойдаланувчиларидан прокси сифатида фойдаланамиз.

(Sorry for bad RUSSIAN)

* * *

Ушбу интервьюдан биз ҳакерлар “Юлдузли урушлар”ни ёқтиришини (Жедай уларнинг идеали бўлганидан кейин шунақа хулосага келасиз), улар бутун дунёда тинчликни исташларини, УзНет фойдаланувчиларининг компьютер саводхонлигини ошираётганларини ҳамда Ўзбекистонда ахборот хавфсизлиги борасида қайғураётганларини тушундик. Бу билан Ўзбекистонни табриклаймиз ҳам. Айтгандек, ҳакерлар ўзларини оқлаш учун доим шу нарсани сабаб қилиб кўрсатадилар: улар хавфсизлик тизимида заифликларни топадилар ва шу билан системани созлашга ёрдам берадилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги