16:54 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ўзимизники йўқ, бошқаники керак эмасми?

15.02.2013 17:59 msk

Фарғона

Ўзбекистон дўконлари пештахталарида қандай моллар қўйилган? Фото © Gazeta.Uz

Газета.Uz 14 феврал куни тарқатган хабарида айтилишича, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2013 йил 29 январь куни “Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатбардошлигини тобора ошириш ҳамда товарларни ноқонуний олиб кирилишига қарши курашни кучайтириш чоралари тўғрисида” қарорини имзолади.

Ҳужжатда айтилишича, хориждан импорт қилинаётган истеъмол молларининг ҳажми Ўзбекистон корхоналарида уларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига кескин равишда қисқартирилади. Жараён ноқонуний олиб кирилган ҳамда конрафакт товарларнинг сотилишига қарши кураш шиори остида ҳамда “мамлакатимиздаги корхоналарда юқори сифатли, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош товарларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун қулай шароитларни яратиш мақсадида”амалга оширилади.

Иқтисодиёт вазирлигига, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига ҳамда Давлат божхона қўмитасига февралнинг охиригача “импорт бўйича олиб кирилаётган истеъмол молларининг рўйхатини ва номенклатурасини танқидий кўриб чиқиш” ҳамда Вазирлар Маҳкамасига “уларни олиб кириш рўйхатини ва ҳажмини кескин равишда қисқартириш”, шунингдек, Ўзбекистон корхоналарида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат молларининг кўламини ва ассортиментини кенгайтириш бўйича таклифларни киритиш вазфаси топширилган.

Ўзбекистон божхона чегараси орқали товарларни олиб кириш ёки транзити билан шуғулланувчилар 1 апрелдан бошлаб божхона органларига олиб кирилаётган товарларнинг, яъни юкларнинг номи, сони, вазни ва қиймати ҳамда уларнинг кодлари тўғрисида маълумотларни тақдим этишлари лозим бўлади. Импортчилар, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилаётган бож тўловлари бўйича имтиёзли товарларнинг қийматини тасдиқлаш учун экспорт юк декларациясини тақдим этишлари керак.

1 апрелдан бошлаб товарлар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ўзбек тилида маркировка қилинган бўлишлари шарт.

Божхона хизматчиларига автомобиль ва темир йўл юкларини синчковлик билан текшириш ҳамда Ўзбекистонга контрафакт маҳсулотларнинг олиб кирилишига тўсиқ қўйиш мажбурияти юкланади. Солиқчилар чакана савдода сохталаштирилган ва қонунга хилоф тарзда олиб кирилган товарларнинг сотилишига йўл қўймасликлари лозим.

Ҳукуматга ва “Ўзстандарт” агентлигига 1 мартгача истеъмол ишлаб чиқарувчи маҳалилий корхоналарда ISO-9001 стандартларига мувофиқ сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш графикларини тайёрлаш топширилди. Маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган товарларни оммалаштириш ва илгари суриш учун, шу жумладан, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида саноат ярмаркалари ташкиллаштирилади.

Биз тошкентлик тадбиркор ва сиёсатчидан ушбу қарор нега қабул қилинди, уни қандай амалга оширилади ва оқибати нималарга олиб келиши тўғрисида фикр билдиришини сўрадик. Уларнинг фикралари жуда ўхшаш чиқди, ишонтириб айтамизки, улар бу ҳақда аввалдан келишиб олганлари йўқ эди.

БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

“Биз Ўзбекистонда ҳукумат қарорларининг сатрлари орасидаги мазмунини англаб ўқишни аллақачон ўрганиб олганмиз ва уни одам тушунадиган тилга таржима қилиш қўлимиздан келади. Ҳукуматнинг ҳар қандай қарори чиққанида, бозор нархларни кўтариш билан жавоб беради, - дейди тошкентлик тадбиркор номи ошкор этилмаслик шарти билан. - Президентнинг “турмуш фаравонлигини кўтариш мақсадида минимал ойлик иш ҳақини кўтариш тўғрисидаги” фармонларни “солиқ ва божхона пошлиналарини кўтариш мақсадида таянч ставкаларини кўтариш”, деб ўқилади. Чунки ҳар қандай бож, солиқ тўловлари ва жарималар минимал иш ҳақи миқдорига таянади.

Ўзбекистон Марказий банкининг валютани нақд пулсиз алмашуви тўғрисида чиқарган янги қарори доллар сотилишига, унинг мамлакатда муомалада юришига тақиқ сифатида тушунилди ҳамда валюта нархиниг кескин ўйнашига ва ижтимоий тарангликнинг кўтарилишига олиб келди.

Мамлакатда импорт бўйича асосий монополист саналган Тошкентдаги “Абу Сахий” бозорида 8 февралдан бошлаб текширувлар бошланди. Ўзбекистонга Бирлашган Араб Амирлигидан, Туркиядан ва Хитойдан товар олиб келиш вақтинча тўхтатиб қўйилди, дея хабар беради “Озодлик” . Айни пайтда барча омборлар муҳрлаб қўйилган. Тадбиркорлар ҳозирча қўлларида қолган товарларни сотаяптилар. Ушбу марказнинг барча ходимлари телефонларини ўчириб қўйдилар, омборларга ҳеч ким қўйилмаяпти. Йўлда келаётган молларнинг эгалари ҳеч нимани била олмаяптилар. Норасмий маълумотларга кўра, “Абу Саҳий” омборларида қолаётган товарларнинг умумий қиймати бир неча миллард АҚШ долларига тенг.

Долларга қарши кампания билан бир вақтнинг ўзида президент ташаббуси билан бошланаётган “товарларнинг ноқонуний олиб кирилишига қарши кураш” барча бозорларда бир зумда кучайиб кетди. Отчопар бозорида ёнғин, “Абу Саҳий” бозорида савдо тўхтаган, бошқа майда-чуйда бозорларда сув сепгандай жимжитлик ҳукм сура бошлади. Олиб кирилган товарлар мусодараси авжига чиқмоқда. Айтгандек, “импортга” қарши кураш республикада биринчи бор кечаётгани йўқ: икки мингинчи йиллар бошланишида ҳам “паст сифатли товарларнинг импортига” тақиқ киритилган бўлиб, кейин солиқчиларнинг ўзлари мусодара қилинган молларни тижоратчиларга сотиб бериш учун топширгандилар.

Тошкентликлар бугун нарх-навонинг муқаррар кўтарилишига тайёрлана бошладилар. Нархлар одатда молнинг ҳарид баҳоси, транспорт харажатлари, божхона тўловлари ва бериладиган пора миқдоридан келиб чиқиб шаклланади...”

“Ушбу қарор, - дея тахмин қилади “Фарғона” манбаси , - Тошкент дўконлари пештахталаридаги товарлар ассортиментининг қисқаришига олиб келади (биздаги ассортимент Россиянинг чекка ҳудудларида жойлашган дўконларга қараганда ҳам анча ночор), биз яна тақчиллик даврига қайтамиз.

Бозорларимизда молларни сероб деб бўлмайди, сифати паст, нархи баланд. Тошкент дўконларидаги кўплаб молларга бой-бадавлат Европага қараганда қимматроқ нарх қўйилган. Мисол учун, бир литр писта ёғи бизда 2 доллар атрофида, 250 граммли сариёғ пачкаси – 3 доллар, ўрта сифатдаги туфли чармдан тикилмаган бўлса ҳам (аёлларники ва эркакларники) – 100 доллар.

Биз шакар, ун, ўсимлик мойи, сариёғ каби зарур озиқ-овқатларнинг импортига қарам бўлиб қолганмиз. Ўзбекистонда экин майдони ва яйловлар етишмовчилиги боис бу нарсалар етарли миқдорда ишлаб чиқарилмайди.

Корхоналарнинг ўзи йўқку, қандай қилиб ишлаб чиқаришнинг ўсиши бўлади? Тошкент ТАПОиЧ, Ўзбексельмаш каби “оғир индустрия байроқдорларини” ҳамда енгил саноат корхоналарини бўғиб ўлдирганига анча бўлди.

Авваллари “Малика” тикувчилик фабрикаси маиший техника бозорига айлантирилгани (Навоий кўчасидаги ярмарка шу ерга кўчиб ўтган) импорт нақадар кучайиб кетганига яққол мисол бўлиб қолаяпти.

Президент қарорида мамлакатда ишлаб чиқариш қай йўсинда ривожланитирилиши, юртимиз ишлаб чиқарувчиларига қандай имтиёзлар беришни режалаштирилаётгани ҳақида бирор оғиз сўз айтилмаган. Қарор матнида импортга нисбатан репрессив чоралар кўзда тутилган бўлиб, бундан фойда кўрадиган органлар ҳам ойдек равшан: божхона ва солиқ органлари, прокуратура.

Истеъмолчилар озиқ-овқатдан ташқари мамлакатда ишлаб чиқарилаётган товарларнинг номини санаб бера олишларига ишонмайман. Дўконлардаги кенг истеъмол молларининг бари: совундан телевизоргача хорижда ишлаб чиқарилган.

Йилига бир миллион тонна пахта толаси ишлаб чиқараётган Ўзбекистон кийим-кечакларнинг деярли ҳаммасини импорт қилади, негаки пахтанинг деярли ҳаммаси тола ёки эшилган ип сифатида хорижга экспорт қилинади. Мамлакатда фаолият юритаётган тўқимачилик фабрикалари асосан синтетик матолардан унчалик сифатли бўлмаган трикотаж ишлаб чиқараяптилар. Ўзбекистон чорвачилиги етарли миқдорда чарм-тери етказиб бера олиш салоҳиятига эга бўлганига қарамай, пойафзал фабрикалари ҳам йўқ бўлиб кетди.

Мен жуда ҳам истардимки, ҳукуматимизга бу каби қарорларни чиқаришга мораторий эълон қилсин. Юзага келган вазиятни бузмай, халққа тинч яшаб ишлашига имконият беришсин, ахир!”

КИМГА ФОЙДА, КИМГА ЗИЁН?

“Бу каби қарорлар аввал ҳам бир неча бор чиқарилган, - дейди тадбиркор, сиёсатчи ва диссидент Нигора Ҳидоятова. – Мисол учун, 2002 йил май ойида қабул қилинган Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг №154- “Ўзбекистон ҳудудига жисмоний шахслар томонидан халқ истеъмол молларини олиб кириш тўғрисида” қарори... Ўшанда америкаликлар эндигина Хонобод аэродромига ўзларининг ҳарбий базасини жойлаштирган бўлиб, мамлакатда валюта етишмовчилиги кузатилганди. Ҳозир ҳам кўринишидан, улар ҳисоблаб кўрсалар тижоратчилар валютани мамлакатдан олиб чиқаяпти, деган хулосага келганга ўхшаяпти. Ўзбекистон иқтисодиётининг 99 фоизи яширин, агар у бўлмаганида, мамлакат вайрон бўлиб кетарди. Савдогарлар эса валютани олиб чиқиб кетаяпти, аммо банклар воситасида эмас, махсус одамлар орқали, чунки конвертация йўқ. Бу қандай қилиб амалга оширилади?

Мисол учун, сиз Тошкентда бир одамга 30 минг доллар бериб қўясиз, Истанбулда эса бошқа одам шунча пулга товар сотиб олади. Биринчидан, ўзингиз шунча пулни мамлакатдан барибир олиб чиқиб кета олмайсиз. Иккинчидан эса, ҳеч ким шунча пул билан очиқ муомала қилишни истамайди, ҳамма иш “яширинча” бажарилади. Буларнинг бари Ўзбекистонга “Абу Саҳий” компанияси орқали бажарилади.

Ўтган йили баъзи сабабларга кўра валюта тақчиллиги юзага келди: пахта етарли миқдорда териб олинмади ва кўп бошқа ишлар бўлиб ўтди. Савдогарлар эса валютани олиб чиқиб кетишда давом этаяпти. Шунинг учун ҳам улар шунақа қарор чиқардилар. Аммо бундан ижобий натижа бўлмайди, олиб келинаётган нарсаларга нарх-наво кўтарилади, холос”.

Ўзбекистоннинг импортга қарами жуда катта, - дейди Нигора Ҳидоятова. “Ўзбекистон ҳамма нарсани олиб киради. Мамлакатда солиқлар жуда юқори бўлганидан, бу ерда ҳатто тиш пастаси ёки хожатхона қоғозини ҳам чиқариб бўлмайди. Буларнинг барини Хитойдан олиб келиш арзонроқ тушади.

Мен Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бирор нарсани сотиб олганимни билмайман. Балки сут ва гўшт маҳсулотлари ўзимизникидир. Аммо уй-рўзғор буюмларидан бирор нарсани эслай олмаяпман. Тўқимачилик саноатига Худонинг ўзи шароит яратиб қўйганди, аммо катта солиқлар ҳамма корхоналарни эзиб ташлади ва уларнинг деярли бари хонавайрон бўлдилар”.

Нигора Ҳидоятовага кўра, бу каби қарорлар реал ичтисодий мантиқдан жуда ҳам йироқ. “Вақти келиб мутасаддилар бу каби қарорларни бажариб бўлмаслигини тушуниб етадилар ва шундан кейин ўзлари яширин йўлларни топиб берадилар – пулларни чет элга чиқариб берадилар, товар сотиб оладилар. Бундан ташқари, 2002 йилда ҳам ёппасига товарларни мусодара қилишлар ўтказилганди, ҳозир ҳам шундай бўлади, демак, бюджетга қандайдир пуллар туширилади. Шу билан улар ўзларининг фаолликларини намойиш этмоқчи бўладилар – қараб қўйинг, биз халиям тирикмиз, деб. Аммо уларнинг ишларда ҳеч қандай мантиқ ва маъно йўқ”.

* * *

Одатдагидек, ўқувчиларимиздан Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу қарорини шарҳлашларини сўраб қоламиз.

“Фарғона” халқар о ахборот агентлиги



 

Реклама